Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
Рақобатчилар тўғрисида ахборот олиш услублари ва уларнинг корхоналар иқтисодий хавфсизлигига таъсири
Download 1.32 Mb.
|
ЎҚ ИХ ва монопол
9.3. Рақобатчилар тўғрисида ахборот олиш услублари ва уларнинг корхоналар иқтисодий хавфсизлигига таъсири
Бозор муносабатлари шароитида бизнес тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш бу муваффақиятнинг ярми. Бозор шароитида бозор ҳақидаги ахборотлар ўта қимматли товар ҳисобланади. Рақобатчилар ичидан муваффақиятли чиқиш, бизнесга жиддий тус бериш, тадбиркор ўз тактикаси ва стратегиясини белгилаши учун энг қимматли ва зарур нарса бозор ҳақидаги, бозор субъектлари, яъни рақобатчилар ҳақидаги ахборотлардир. Аммо ахборот ўз-ўзидан қўлга киритилиб қолинмайди. У маълум миқдорда харажатни, вақтни талаб қилади. Лекин ахборотга сарф қилинган харажат ўн маротаба кўп фойда келтириши мумкин. Товарга қилинган харажат 1,5-2,0 баробар фойда келтирса ахборотга қилинган харажатнинг қанчалик самарали эканлигини баҳолаш қийин эмас. Шу туфайли ахборотдан тежалган маблағ ўзига нисбатан қимматга тушади дейди тадбиркорлар. Замонавий тадбиркор ўз ишини ахборот тўплашдан бошлаши лозим. Агар унда аниқ ахборот бўлмаса кўр-кўрона иш бошлаш билан бизнесда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Тадбиркор, энг аввало, ўзи ишлаб чиқармоқчи бўлган товарининг шу ҳудудда бир қанча харидори борлигини аниқлаши, шу товарга бозорнинг тўйинганлик даражасини, мазкур товарни кимлар ишлаб чиқаётганлигини, ўзи қанча ишлаб чиқариш мумкинлигини, рақобатчилар қанчадан сотаётганлиги, бу эса ундан арзонроқ сотиб қанча фойда қилиш мумкинлиги кабиларни обдон ўрганиб, аниқ ҳисоб-китобларга эга бўлиши лозим. Ахборотлар қўлга киритилиши нуқтаи назаридан уч гуруҳга бўлинади: * эркин оладиган ахборотлар; * сотиб олинадиган ахборотлар; * ўта зарур аммо олши қийин бўлган тижорат сирига мансуб махфий ахборотлар. Режали иқтисодиёт шароитида махфий ахборотлар фақат давлатники бўлган. Уни фош қилмаслиги учун айрим ахборотлар махфий ҳисобланган. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлар эркинлиги принциплари ва ҳолатлари тўғрисида”ги 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган қонунда ахборот эркинлиги, унинг принциплари, очиқлиги, ошкоралиги, олиш ва беришни рад этиш тартиблари, муҳофаза этиш кабиларнинг ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топган. Ушбу қонуннинг 6 моддасига биноан қуйидаги ахборотлар махфий ҳисобланади: - фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун ҳужжатлари; - экологик, метеорологик, демографик, санитария-эпидемиологик, фавқулотда вазиятлар тўғрисида маълумотлар ҳамда аҳолининг, аҳоли пунктларининг, ишлаб чиқариш объектлари ва коммуникацияларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ахборотлар; - кутубхоналарнинг, архивларнинг ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган юридик шахсларга тегишли ахборот тизимларининг очиқ фондларидаги мавжуд маълумотлар. Махфий ахборотларни беришни рад этиш қонуннинг 10 моддасида белгилаб қўйилган. Эркин бозор муносабатлари шароитида махфий ахборотлар нафақат давлатга, балки барча тадбиркорларга, корхоналарга, бирлашма каби хўжалик юритувчи субъектларга ҳам дахлдордир. Олдин махфий ахборотларни фақат давлат ҳимоя қилган бўлса, энди ахборотларни ҳимоя қилиш ҳам қуйидаги субъектлар ўртасида тақсимланади: * давлат ҳимоя қиладиган ахборотлар; * тижорат тизими ҳимоя қиладган ахборотлар; * иккаласи биргаликда ҳимоя қиладиган ахборотлар. Ҳозирги пайтда давлат сирини сақлаш бўйича махсус “Давлат сири тўғрисида”ги қонун мавжуд. Мазкур қонунда давлат сири, уни сақлаш, ошкор қилмаслик, ошкор қилинганда жавобгарлик каби тартиблари аниқ ўрнатилган. Аммо корхона, ташкилот тадбиркорлар каби хўжалик юритувчи тижорат субъектлари сирларига нималарнинг кириши, уларни ҳимоя қилиш йўллари бўйича аниқ қонуний нормалар етарли эмас. Бу бўйича махсус қонун қабул қилинмаган. Юқорида кўрганимиздек фақат мамлакатимизда амал қилиб турган Фуқаролик Кодекси (ФК)да унинг айрим нормалари ёзилган. Тараққий этган мамлакатларда уларни тажрибасидан келиб чиқиб бизда ҳам, тадбиркорлар, бозор субъектлари тўғрисидаги ахборотларни тўплаб сотадиган махсус компаниялар, фирмалар бор. Улар ўзлари тўплаган ахборотларни сотадлар. Буларга қуйидаги ахборотларни киритиш мумкин: * корхонанинг молиявий аҳволи; * бошқа ҳамкорлари билан ҳисоб-китоб олиб боришдаги интизоми; * дебитор ва кредитор қарзлари; * қандай бизнес билан шуғулланиши; * шериклари билан судланиш даражаси; * раҳбарнинг нуфузи; * жамоадаги ахлоқий-руҳий муҳит кабилар. Шуни унутмаслик керакки, ҳаётда майда-чуйда бўлганидек, бизнесда бу ўта муҳим. Баъзан бизнинг тасаввуримизда ҳеч нарсага арзимайдиган, майда-чуйдадек туюлган нарса бизнесда жуда катта муваффақият олиб келиши мумкин, ёки бизнесменни синдириб, инқирозга юз тутишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шу туфайли рақобатчилар тўғрисидаги барча катта-кичик ахборотлар мазкур корхона учун ўта муҳим ва қимматли ҳисобланади. Корхона ўз рақобатчилари тўғрисида ахборот тўплаши учун қандай ишларни амалга оширади? Энг аввало, у рақобатчилари тўғрисида умумий маълумотларни олади. Бу ахборотлар умумий хулоса қилиш учун асос бўлади. Иккинчидан, корхонага керак бўлган тўлиқроқ ахборотларни ахтара бошлайди. Буларга: * корхона фаолиятининг самарадорлиги; * уларнинг истиқболи; * молиявий аҳволи; * таваккал қилиш қобилияти кабилар киради. Учинчидан, мазкур корхона қайси бири билан алоқа қилиш мумкинлигини аниқлаб олгандан сўнг, ўша корхона, унинг раҳбари ҳақида батафсил маълумотларни тўплашга киришади. Чунки корхонанинг раҳбаридаги инсоний ва тадбиркорлик сифатлари бизнес борасида алоқа қилиш учун жуда муҳим. Тўпланган маълумотлар экспертлар томонидан ўрганиб чиқилади ва улар яна қандай ахборотларни олиш мумкин ёки қандай ҳаракат қилиш лозимлиги хусусида ўз хулосаларини беради. Корхоналар ўз шериклари тўғрисида, уларнинг бозордаги мавқеи ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиши лозим. Корхоналар бозордаги мавқеига қараб 3 гуруҳга бўлинади: 1. Рақобатчи корхоналар. Уларнинг мазкур бозордаги улуши 25%гача бўлиши мумкин. 2. Ҳукумрон корхоналар. уларнинг бозордаги улуши 25 дан 70 фоизгача бўлиши мумкин. 3. Монопол корхоналар. Уларнинг мазкур бозордаги улуши 70% дан ортиқ бўлади. Агар мазкур корхонанинг бозордаги улуши жуда кам бўлса эркин рақобатга чиқишда жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Ҳамиша “китлар” “майда балиқлар”ни ютиб келганлар. Корхоналар тўғрисида ахборот тўплаб, уларнинг рақобатбардошлиги ва рақобат майдонидаги ўрнига қараб тўрт гуруҳга бўлинишини ҳам инобатга олиш лозим: 1. Халқаро бозорда рақобат қиладиган корхоналар. Бу корхоналарнинг бозори нафақат мамлакатда, балки узоқ ва яқин хорижий мамлакатларда бўлиши мумкин. Булар ҳамиша ўз маҳсулотини халқаро андозалар даражасида ишлаб чиқаришга эришиши лозим. Оддий корхоналар бундай корхона билан рақобатга киришмайди. Демак, “ким ким билан ўйнаши мумкинлигини” тўғрисида ҳар бир корхона раҳбарияти аниқ хулосага эга бўлиши лозим. 2. Халқаро бозорда рақобат қилиш қоблиятига эга бўлмаган корхоналар. Булар ҳам юқоридаги корхоналар сингари маҳсулот ишлаб чиқиши мумкин. Аммо у халқаро стандартлар талабига тўлиқ жавоб бермайди. Бу юқори босқичга ўтиши учун ҳам анча ишларни бажаришлари лозим. Яъни илғор технологияларни, фан ва техника ютуқларини жорий қилиши каби. 3. Табиий монополияга эга бўлган корхоналар. Бундай корхоналар фақат ўзларига ўхшаш корхоналар билан рақобат қилиши мумкин. Бу турдаги корхоналар учун алоҳида “Табиий монополиялар тўғрисида” қонун қабул қилинган. 4. Хорижий рақобатчиларга боғлиқ бўлмаган корхоналар. Буларга мамлакат хом ашёсига таяниб, мамлакат бозори учун маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар киради. Масалан, нон, сут, гўшт саноати заводлари кабилар. Улар ўртасидаги рақобат ички рақобат бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам хулоса қилиш учун ўта муҳимдир. Бозор муносабатлари шароитида рақобат муҳити ҳам, бозор коньюктураси ҳам, рақобатчиларнинг сони, мавқеи ҳам тез ўзгариб туради. Бундай ўзгаришларга ҳар қандай корхона тайёр туриши лозим. Шу туфайли, ҳар бир корхона бир қанча вазифаларни бажариши лозим. 1. Ҳар бир корхона ўзининг ишлаб чиқариш қувватидан тўлиқ фойдаланган ҳолда бозорбоп, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариб бозордаги мавқеини доимий равишда мустаҳкамлаб боришга ҳаракат қилмоғи лозим. 2. Маҳсулотнинг ҳажмини кўпайтириш блан бирга, сифатини ошириш, нархини пасайтириш чораларини кўриш доимий равишда диққат эътиборидан четда бўлмаслиги керак. 3. Рақобатчиларига нисбатан фойдани кўпроқ олиш чораларини кўриш лозим, чунки эркин рақобат корхонани модернизация ва реконструкция қилиш учун ҳамиша имконият бўлишини таъминлашни талаб қилади. 4. Корхона ижтимоий ячейка сифатида ходимларни рағбатлантиришнинг ноанъанавий усулларидан фойдаланиш устида тинимсиз ишлаши лозим. Чунки корхонага юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкони туғулади. Ишлаётган кишилар ўз касбий маҳоратини оширишга ички туйғу ҳосил бўлади. Бу ҳам жуда катта муваффақиятларнинг калити ҳисобланади. Бозор муносабатлари шароитида корхоналар эркинлиги босқичма-босқич таъминланиб борилади. Аммо эркинликни ҳеч маҳал ўзбошимчалик деб тушунмаслик керак. Ҳар қандай корхонанинг фаолиятини давлат ўзининг қонунлари, қонуности ҳужжатлари каби иқтисодий ва ҳуқуқий дастаклари билан тартибга солиб туради. Буларга қуйидагиларни киритиш мумкин: * солиқлар, уларнинг турлари ва табақаланган ставкалари; * амортизациянинг намунавий нормалари; * валюта курси; * давлат бюджетига солиқсиз турли мажбурий тўловлар; * божхона тарифи; * экологик меъёрлар, ташқи муҳитни ифлослантирилганлик бўйича тўловлар; * банк кредити фоизлари; * стандартлар, техник шартлар ва ҳ.к. Корхоналар тўғрисида ахборот олганда унинг давлат билан бўлган муносабатини албатта текшириб кўриш керак. Чунки ҳар қандай корхона давлатга хиёнат қилса ҳамкорини алдамасликнинг иложи йўқ. Шу туфайли корхонанинг хавфсизлигини таъминлаш учун шерикларга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошиши лозим. Бозор муносабатлари шароитида етти ўлчаб эмас етмиш ўлчаб кейин эса экспертлар хулосасига асосланган ҳолда “кесиш” керак. Шундагина у ўзининг яшовчанлигини сақлаб қолади ва маълум маънода умумий хавфсизлигини, айниқса иқтисодий хавфсизлигини таъминлайди. Download 1.32 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling