Бухгалтерия баланси
Бухгалтерия баланси8 – бу корхона активлари ва уларни ташкил топиш манбаларининг маълум бир санадаги ҳолатини пул бирлигида ифодалаш усули.
Бухгалтерия балансининг бош мақсади бўлиб мулкга эгалик қилиш ҳуқуқини ифодаловчи «Актив = Пассив» ёки «Актив = Хусусий капитал+ Мажбуриятлар» математик тенгликни ҳамма вақт таъминлаб бериш ва сақлаш ҳисобланади. Ушбу тенгликни таъминлаш учун бухгалтерия ҳисоби одатда, маълум бир даврнинг бошида актив, хусусий капитал ва мажбуриятларнинг бошланғич ҳолатини билишдан бошланиб, шу даврнинг охирида уларнинг охирги ҳолатини билиш билан якунланади. Айнан шулар бухгалтерия балансининг моҳиятини ташкил этади ва унинг корхоналар бошқарув тизимида ўта муҳим аҳамиятга моликлигидан дарак беради.
Бухгалтерия ҳисоби назарияси ва амалиётида «баланс» сўзи на фақат тенглик мазмунида, балким давлат аҳамиятига молик муҳим бухгалтерия ҳисоби хужжати сифатида ҳам талқин этилади. Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия баланси хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тузиладиган молиявий ҳисоботнинг таркибий қисми ҳисобланади. Унинг шакли, таркиби ва тузиш тартиби Молия Вазирлигининг 2002 йил 27 декабрдаги 140- сон буйруқ билан тасдиқланган «Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш Қоидалари» билан, балансни тақдим этиш тартиби эса Молия Вазирлигининг 2000 йил 15 июндаги 47- сон буйруғи билан тасдиқланган «Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисида Низом» да белгиланган.
Корхоналар томонидан тузиладиган бухгалтерия балансини турли белгилари бўйича таснифлаш мумкин, масалан тузилган санасига, маълумотларни жамлаш ҳажмига, субъектларни молиялаштирилишига, регулировка счетлари қолдиқлари ҳисобга олинганлигига ва бошқа белгиларига қараб.
Тузилган санасига кўра бухгалтерия балансини қуйидаги турларга ажратиш мумкин: кириш (ёки таъсис ) баланси; бошланғич ва ҳисобот баланси; тугатиш баланси; бирлаштириш ва ажратиш баланси.
Кириш ёки таъсис баланси деганда корхонанинг давлат рўйхатидан ўтган санасига, яъни таъсис этилган кунига тузилган баланси тушунилади. Одатда ушбу санага тузилган баланснинг активида фақат таъсисчиларнинг янги ташкил этилган корхона олдидаги қарзи, баланснинг пассивида эса эълон қилинган устав капиталининг миқдори кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |