Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд давлат университети
Download 300.38 Kb.
|
РАШИДОВА УМИДА
Қўл компонентли ФБларда синонимлик муносабати анча кенг тарқалган. Икки иборани ўзаро синоним дейиш учун улар бир маънони англатиши керак. Масалан, «кимнингдир ҳукмидан, ихтиёридан чиқиб кетмоқ» маъносини англатувчи қўлдан кетмоқ ибораси қўлдан чиқмоқ ибораси билан синоним муносабат ҳосил қилади: Бу ерда тўсатдан уйғонган айрим навкарлар кутилмаган босқиндан эс-ҳушларини йўқотиб, қаршилик кўрсатиш, ўзларини мудофаа этиш эмас, иш қўлдан кетганига тан бериб, ҳатто «чурқ» этиб овоз ҳам чиқармадилар. (Ойбек, Навоий); Насия бир манфаат учун нақд фойдани қўлдан чиқариш ақлли одамнинг иши эмас (С.Айний. Қуллар).
Вариантдошлик ҳодисаси қўл компонентли ФБлар ўртасида анча кенг тарқалган. Вариантланиш туфайли бир ибора иккинчисига айланмайди, балки унинг шакли ўзгаради, холос. Иборанинг луғавий маъноси эса айнан сақланади. Қўл компонентли ФБлар ўртасидаги грамматик вариантлашиш қуйидагича юзага чиқади: Қўл соматизмининг тушум келишиги қўшимчаси олиш ёки олмаслиги орқали: қўл урмоқ-қўлни урмоқ, қўл силтамоқ - қўлни силтамоқ - қўлини силтамоқ каби. Тўда фақат…бақириб-чақириб туради, шиорлар силкиб туради, байроқлар ҳилпиратиб туради, қўл пахса қилиб туради, мушт дўлайтиб туради (Т.Мурод. Отамдан қолган далалар); Одамлар қўлни пахса қилиб, ғазаб билан дейишди: «Шикоят қилмоқ керак подшоҳга, шикоят!» (Ойбек. Навоий). Қўл соматизмининг эгалик қўшимчасини олиш ёки олмаслиги орқали: қўлга тушмоқ-қўлига тушмоқ, қўлдан чиқмоқ-қўлидан чиқмоқ; қўлдан кетмоқ-қўлидан кетмоқ каби. Не кутасан қовуштириб қўлингни Мўминларга ахир ҳаёт бегона . Англагилки, Ким истайди ўлимни Кутмоқликка мажбур бўлади яна (Муҳаммад Али, Юрагим); Неъматулла ака умрининг сўнгги йилларида ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. (Зарафшон газетаси, 2006). Қўл соматизми боғланиб келган феълнинг қайси нисбатда келиши орқали: қўлга олмоқ-қўлга олинди, қўлга тушмоқ-қўлга туширилди, қўлга кирмоқ-қўлга киритмоқ каби. ФБлар таркибида бир компонент алмаштирилса, қўшилса ёки олиб ташланса, лексик вариантланиш ҳодисаси рўй беради. Мисол, қўли калта бўлди - қўли калталик қилди; қўли калта - қўли қисқа, қўлга олмоқ - ўз қўлига олмоқ; қўли баланд бўлди- қўли юқори келди; қўли баланд - қўли юқори, беш қўлдай аён - беш бармоқдай аён - беш панжадай аён каби. Масалан, Бу ишларнинг барчаси каминага беш бармоқдай аён (Ойбек. Навоий); Ўша кун беш қўлдай бўлади аён Четга қочолмагай ҳеч ким талпиниб- Кимлар эл-юртига бахш этгандир жон, Кимлар ўлдирганлар она халқини. (У.Азим. Янгиланиш) Антонимия - тил бирликлари орасидаги семантик муносабат асосида белгиланадиган ҳодисалардан биридир. Қўл компонентли ФБлар ҳам ўзаро зидланиши натижасида антонимия (қарама-қаршилик)ни юзага келтиради. Буни қуйидагича кўрсатиш мумкин: Аффикс орқали зидланувчи соматик ФБлар: қўлдан кетмоқ - қўлга кирмоқ, қўлдан бермоқ- қўлга киритмоқ. -Ҳиммат ва ғайратни асло қўлдан берманг, -деди Навоий суюниб (Ойбек. Навоий); Қизғин кечган баҳслар якунига кўра, вилоят молия бошқармаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди (Зарафшон, 2006). Лексик компоненти билан фарқланувчи соматик ФБлар: қўли эгри - қўли тўғри, қўли калта- қўли узун каби. Демак, бунда ФБлар таркибидаги биринчи компонентлар айни бир сўз бўлиб, ўзи, иккинчи компоненти эса ўзаро антоним лексемалардан ташкил топган. Дўконлар куп-қуруқ , Пештахталар таги – осмон. Мастуранинг қўли калта, Осмонга етмайди (Усмон Азим. Турмуш суратлари). Тилда мавжуд зид маъноли қўли калта- қўли узун фраземалари икки компонентли бўлиб, ички синтактик тузилиши гапга тенг сифат соматик ФБни ташкил қилади. Ойбекнинг “Навоий” романида шу фраземаларга яқин бўлган “қўли узун қилган” иборасини учратиш мумкин. Ёзувчи тилдаги “қўли узун” фраземаси таркибига олмош ва феъл лексема киритиб, ибор компонентини кенгайтиради: Мирзо Ёдгор бизнинг қўлимизни шундай узун қилган эдики, юртнинг бир қизини эмас, осмондан худонинг ойи, юлдузини узиб олишга ҳам етар эди (Ойбек, Навоий). Бу мисоллар таркибидаги қўлдан бермоқ - қўлга киритмоқ ҳамда қўли калта - қўли узун сингари ўзаро қарама-қарши маъноли иборалар келтирилган. Кейинги мисол таркибида қўлланган биринчи ибора қўли калта ибораси икки компонентли бўлиб, унга антоним иборани муаллиф сифатловчи ва тўлиқсиз феъллар ёрдамида беш компонентга кенгайтирган. Натижада муаллиф персонаж нутқининг кучайтирилиши ҳамда таъкидланишини таъминлаган. Сўзлашув нутқида кенг қўлланадиган, ички синтактик қурилиши гапга тенг бўлган, инсоннинг бир неча сифатларини акс эттирувчи қўли синиқ ва қўли ширин сифат ФБлари луғатларда ўз аксини топмаган. Қўли синиқ ибораси оғзаки нутқда ҳеч бир ишни эплолмайдиган шахсларга нисбатан қўлланилиб, метофоризация асосида шаклланган. Мазкур ибора ўз навбатида қўли гул, қўли олтин фраземаларига зид маъноли ҳисобланади: -Эсиз...эсизгина шундай уй! Раҳматли эшон бува бўлганда... Тавба, қош-кўзини бўяшдан бошқасига ярамайдиган бу ипирисқи хотиннинг нимасига учди эшон бува? ...Ҳатто пиёваниям эплаб пишира олмайдиган қўли синиқ-ку бу! (Н.Норқобилов. Пахмоқ); Жуда бўлади-да! Шундай қўли гул усталаримиз бор, боплаб ташлайди (Т.Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди); —Бизнинг Камолиддин Беҳзод ҳиротлик етим бола....Зеҳни беҳад баланд, қўли олтин экан. Санъатда жуда тез илгарилаб кетди (Ойбек. Навоий). Тил бирликларининг шаклан тенг келиш ҳодисаси ҳисобланган фразеологик омонимия, одатда, икки ибора орасида содир бўлади: қўл кўтармоқ I - қўл кўтармоқ II. Қўл кўтармоқ иборасининг биринчи маъноси «урмоқчи бўлмоқ» бўлса, иккинчи маъноси «тарафдорлигини, хайрихоҳлигини билдирмоқ»дир1. Ангора ёнида лашкаргоҳ тузиб, Ер билан бир бўлди Боязид жўмард. Наҳот ўз инимга қўл кўтардим деб, Юрак-юрагинглиз ўйиб олди дард (Муҳаммад Али). Сайлашса, сайлашар-да, Одам каму, раис мўл. Майли, яраб қолади… Хотинлар кўтарди қўл (Усмон Азим). Шундай қилиб, қўл компонентли фрaзеологизмлар тилимизда кенг қўлланиладиган соматизмлар таркибида бўлиб, уларнинг шаклланиши мураккаб семантик-структур жараёндир. Улар матн таркибида ўзига хос парадигматик ва синтагматик хусусиятларни намоён қилади. Download 300.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling