Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд давлат университети


Download 300.38 Kb.
bet18/44
Sana13.05.2023
Hajmi300.38 Kb.
#1456897
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   44
Bog'liq
РАШИДОВА УМИДА

Қўлини совуқ сувга урмаслик иборасига зид маънода тилимизда оёқ-қўли чаққон ибораси шаклланган. Бу ибора ментал характерга эга бўлиб, ижобий маъно касб этади. Мазкур сифат ибора гендерлик хусусиятига ҳам эга бўлиб, ўзбек оиласидаги чаққон, уддабурон, ҳар ишни эплайдиган янги тушган келинларга сифат берилганда ишлатилади: Ҳаёт ҳақида менинг ҳам ўз ўйим, ўз фикрим бор эди. Лекин у онамга ёқмади. «У бизга тўғри келмайди, дерди онам ҳар доим. –Бизга оёқ-қўли чаққон, ҳар қандай меҳнатдан тап тортмайдиган келин керак» (А.Қаҳҳор).
Шунингдек, «ФБ ифода плани билан мазмун планининг ўзига хос қарама-қаршилиги ва бирлиги асосида юзага келади, шунга кўра ФБлар алоҳида ёндашишни, ўрганишни талаб қилади» (ЎТФЛ, 4). Бу ҳол, айниқса, фразеологизмларнинг шаклланиш жиҳатларида очиқ-ойдин намоён бўлади.
Қўл соматизми турли сўзлар билан бирикиб ФБларни ҳосил қилишда иштирок этади. Қўл компонентли ФБларнинг аксарияти икки компонентли от+феъл тузилишига эга бўлган феъл иборалардир: қўл бермоқ, қўлга олинмоқ, қўлга кирмоқ, қўлга олмоқ, қўлга тегмоқ, қўлга тушмоқ, қўлдан бермоқ, қўлдан кетмоқ, қўлдан чиқмоқ, қўлдан ўтказмоқ, қўлига қарамоқ, қўлига қўнмоқ, қўлидан келмоқ, қўлини боғламоқ, қўлини кўтамоқ, қўлини тортмоқ, қўлини қайтармоқ, қўлини ҳалолламоқ, қўл олишмоқ, қўл қўймоқ. Бу ФБлар таркибида келган феъл грамматик таянч компонент вазифасини ўтаса, қўл сўзи эса семантик таянч компонент бўлиб, ибораларнинг мантиқий асосини белгилайди.
Масалан, қўлга олмоқ ибораси икки компонентли бўлиб, Ш.Раҳматуллаев луғатида омоним ибора сифатида изоҳланган. 1. Ўз ихтиёрига ўтказмоқ. 2. Қўққисдан ҳужум қилиб босиб олмоқ (расмий). 3. Ҳибс қилмоқ. Қамаш мақсадида тутмоқ (расмий). 4. Ўз хоҳишига бўйсунадиган қилмоқ (ЎТФЛ, 206). ЎТИЛда эса қўлга олмоқ иборасининг фақат икки маъноси изоҳланган: Қўлга олмоқ 1) пора бериш, алдаш ва ш.к. йўллар билан ўзига мойил қилмоқ.; 2) ушлаб, тутиб олмоқ, асир олмоқ, банди қилмоқ, қамамоқ. (ЎТИЛ, 5-том, 303). Қўлга олмоқ ибораси гапларда бирикма ҳолида қўлланиб, воситасиз тўлдирувчини бошқариб келади: То Навоийнинг ўзи келиб, ишни қўлга олмаса, ҳозирги ҳокимларнниг дастидан халқнинг на нони бутун, на жони саломат……(Ойбек, Навоий); Ёшларни қўлга олиш – адабиёт намуналарини, тузиш ҳам, шу нуқтаи назардан ёмон иш бўлмас (А.Қаҳҳор). Мазкур ибора ўзлик олмошини бошқариб келганда ўзини қўлга олмоқ иборасини шакллантиради ва бутунлай бошқа ўзини тутиб олмоқ маъноли ФБ ҳосил бўлади: Мунисхон ҳозир яна ўша никоҳ кечасидагидай куюниб йиғлашга тайёр эди, аммо ўзини қўлга олди ва кулги баҳонаси билан юзини беркитди (А.Қаҳҳор).
Фраземаларнинг грамматик шаклланиши эркин бирикмалардан фарқ қилмаса-да, улар эркин боғланмалардан грамматик қурилишнинг моҳияти билан фарқланади. Фраземаларнинг феъл компоненти ўтимли ёки ўтимсиз семемасида қатнашишига кўра, турли келишик қўшимчаларини олиб шаклланади. Қўлини тортмоқ, қўлини ҳалолламоқ, қўлини қайтармоқ, қўлини узатмоқ фраземаларининг феъл компоненти ўтимли семемасида қатнашиб, ўзидан олдин воситасиз тўлдирувчи олиб шаклланади. Феъл компонентдан олдинги қўл соматизми тушум келишиги аффиксини олади.
Қўлга олмоқ, қўлга тушмоқ, қўлдан ўтказмоқ, қўлдан бермоқ, қўлида ўйнатмоқ каби фраземаларнинг феъл компонент ўтимсиз семемасида қатнашиб, қўл соматизми чиқиш, жўналиш, ўрин-пайт аффикси қўшимчалари билан шаклланади.
Қўл лексемаси иштирокида қўли бўшади, қўли етади, қўли келади, қўли тегмади, қўли қичияпти, қўли бормади каби икки компонентли фраземалар эга-кесим муносабатига киришиб гапга тенг қурилишли таркибга эга бўлади. Масалан, қўли бормаслик икки компонентли ибораси ЎТФЛда бир маъноли ибора сифатида изоҳланган ҳамда у «ниманидир қилмасликка ундовчи ҳис-туйғунинг таъсирида бирор фаолиятга кириша олмаслик» маъносини билдириши кўрсатилган [ЎТФЛ, 299]. Бу гапга тенг эга+кесим муносабатига эга иборани шакллантиради: Қисқаси энди унга хат ёзишга қўлим бормади (А.Мухтор).
Мисоллардан кўринадики, қўл компонентли иборалар нафақат бирикмали ФБларни, балки гапга тенг ибораларни ҳам шакллантиришга хизмат қилади.
Тилимизда қўли пул кўрмади, қўлига пул кирди каби гапга тенг уч компонентли фраземалар ҳам учрайди: Дўкон ажратиб ўзи иш бошлаб, қўлига пул киргандан кейин қутуриб кетди-да...(А.Қаҳҳор)
Қўл компонентли ибораларнинг маълум қисми сифат иборалар бўлиб, структурал жиҳатдан «от+сифат» ёки «сифат+от» моделига эга. Масалан, қўли баланд, қўли банд, қўли бўш, қўли гул, қўли енгил, қўли калта, қўли очиқ, , қўли эгри, қўли қисқа сингари сифат ФБлар «от+сифат» модели асосида шаклланган. Бу ибораларнинг барчаси шахснинг ички хислатини, характер хусусиятини ифодалаш учун хизмат қилади.
ЎТФЛда қўли узун ибораси «ортиқ даражада имкониятга эга» маъносини билдириши таъкидланган [ЎТФЛ, 302]. Лекин янги ЎТИЛда эса у қўли баланд ибораси билан айнан бир маъно англатиши кўрсатилган ва бу иборалар «ҳар қандай нар­сага етишиш, эришиш имкони бор, шун­дай қудратга эга» маъноларини билдириши таъкидланган. Аслида эса қўли узун ва қўли баланд иборалари бошқа-бошқа маъноларни билдиради. ЎТФЛда қўли баланд ибораси рақобатда, мусоқабада вазияти устун маъносини билдириши ҳамда унинг қўли юқори ибораси билан вариантдош эканлиги таъкидланган. Қуйидаги мисолларга эътибор қилинса, бу икки ибора маънолари бошқа-бошқа бўлиб, бир-бирига ўхшамаслиги кўзга ташланади: -Ҳарқалай, Диманинг қўли узун! Тўғри, ўзидан ҳам ўтди. Дима сўкади... Майли, урса ҳам майли. Бошқа чора йўқ (Ў.Ҳошимов., Тушда кечган умрлар); «… оқ подшоҳ деган хунаса фармон чиқариб, халқдан мардикор сўраб қолди. Урушда қўли баланд эмас шекилли» (Ойбек, Қутлуғ қон).
Тилимизда кам бўлса-да, қўл компонентли қўли-қўлига тегмай, қўлидан келганча, қўл учида каби равиш фраземалар ҳам шаклланган. Ўзбек тилида мавжуд қўл учида ибораси оғзаки нутқда кўп ишлатилади. Бу ибора луғатларда кўп маъноли ибора сифатида изоҳланиб, унинг икки маъноси мавжудлиги кўрсатилган: Қўл учи­­­да ёки қўл учи билан 1) астойдил эмас, истар-истамас; шунчаки, юзаки: Азизхоннинг номи Дўнан Дўсматов билан бирга тилга тушиб турганда Лутфиниса қўл учида иш қилишни эп кўрмасди (С.Аҳмад. Уфқ); 2) қийинчилик билан, зўр­­ға, аранг: Бу янги дўконда омбордаги молларнинг намунасигина турар, билмаган киши тасодифий тушган моллар билан савдо қилиб, қўл учида тирикчилик қиладиган дўкондор гумон қилар эди (А.Қаҳҳор).
Тилимизда қўл компонентли от ФБлар ҳам шаклланганки, уларнинг сони унчалик кўп эмас: қўли эгрилик, қўли калталик, қўли бандлиги, қўли баландлиги. Уларнинг айримлари сифат иборалар охирига от ясовчи -лик грамматик қўшимчасини бириктириш орқали шакллантирилади. Масалан, ўзбек тилида икки компонентли қўли эгри, қўли калта сифат иборалар охирига -лик от ясовчи қўшимчани қўшиш орқали сифат ФБлар от ФБларга айланади: Бунақа бемаврид қўнғироқ қиладиганларнинг сендан кўра бир «қўли баланд»лиги бор, тасодиф уланганларини айтмаганда, улар аксари сени билади, телефон рақамингни ҳам билади (Омон Мухтор, Мовий китоб).
Юқоридагилардан кўринадики, ФБлар таркибида камида иккита сўз қатнашади. Қўл компонентли ФБлар бошқа ФБлар сингари тузилишига кўра ё бирикмага ё гапга тенг бўлади. Масалан, қўл(и)ни силтади ибораси ички синтактик қурилиши жиҳатидан гапга тенг (эга билан кесим муносабатини акс эттиради), айни шу иборанинг қўлни силтамоқ варианти эса бирикмага тенг (воситасиз тўлдирувчи билан тўлдирилмиш муносабатини акс эттиради). Демак, ибора таркибидаги бир сўз-компонент грамматик жиҳатдан ўзгарса, у кейинги иккинчи компонентда ҳам шунга ўзгаришни талаб қилади. Натижада эса бирикма гапга, гап эса бирикма ҳолатига ўтади. Бундай икки хил синтактик қурилиш шаклида бўла оладиган иборалар анчагина: қўл(и) баланд бўлди - қўл(и)ни баланд қилмоқ каби. Бу каби ўзгаришлар ФБларнинг шаклига таъсир этгани билан, уларнинг семантикасида ҳеч қандай ўзгариш юз бермайди.
ФБларнинг парадигматик шакли уларнинг тусланиш ёки турланиш хусусиятига эга ёки эга эмаслиги билан белгиланади. Фраземаларнинг парадигматик шаклини кўрсатишдан олдин уларнинг қайси туркумга мансублиги муҳим саналади.
Маълумки, тилимизда энг кўп ва сермаҳсул қўлланиладиган иборалар феъл ФБлардир. Агар феъл ибора бирикма ҳолида бўлса, у шубҳасиз тусланади, агар уни гап ҳолида учратсак, у тусланмайди. Масалан, қўл кўтармоқ бирикмага тенг ФБни туслаймиз: қўл кўтардим, қўл кўтардинг, қўл кўтарди. Қўл тегди гапга тенг ФБни эса туслай олмаймиз.
Феъл ФБларнинг лексик таркибида айрим ҳолларда феъл сўз-компонентдан ташқари, бошқа туркум сўзи ҳам қатнашади. Бундай сўз-компонент кўпинча от билан ифодаланади, от сўз-компонентнинг таркибида кўпинча эгалик аффикси қатнашади: қўл(и) юқори келди, қўл(и)ни кўтармоқ каби. Ана шу эгалик аффикси воситасида феъл ФБ уч шахсдан бирига нисбат берилади: қўлим юқори келди, қўлинг юқори келди каби.
Кўриниб турибдики, шахс билан боғлиқ ФБларда тусланиш, нисбатланиш ҳодисаси кузатилади, нарса билан боғлиқ ФБлар таркибида эса тусловчи ва нисбатловчининг фақат III шахс шаклигина қатнаша олади.
Қўл компонентли ФБларнинг синтактик қуршови деганда, уларнинг нутқда ҳар хил вазифадаги сўзлар билан бирга боғланиб келиши назарда тутилади. Агар ФБ гапга тенг қурилишда бўлса, унинг таркибида эга мавжудлиги сабабли у нутқдан бошқа эга ололмайди: қўл(и) тегди, қўли қисқа каби.
ФБларнинг семантик хусусиятлари уларнинг синтагматик муносабатлари билан боғлиқ. Ш.Раҳматуллаев фикрича, ФБларнинг семантик табиатини очишга иборалар ўртасидаги омонимия, полисемия, антонимия каби ҳодисалар хизмат қилади.69
Маълумки, полесемантик (кўп маъноли) ФБлар икки, уч ва ундан ортиқ маъноларни англатиши мумкин. Масалан, қўл урмоқ ибораси икки маънони билдиради: 1.Тегмоқ: Тўлқин ҳозиргина дастурхонга қўйилган ва ҳали қўл уриб улгурилмаган паловни Гулруҳ ва онасига қараб улоқтирди (Зарафшон, 2006); 2. Бирор ишни қила бошламоқ: Ана шунда, Ботир фирқа юрак ютиб…бир ишга қўл урди (Т.Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди).
Кўп маъноли ибораларнинг аксарияти икки маъноли бўлса-да, лекин уч, тўрт ва беш маънони англатувчи ФБлар ҳам йўқ эмас. Масалан, қўлга олмоқ иборасининг ЎТФЛда тўрт маъноси изоҳланган: 1) Ўз ихтиёрига ўтказмоқ: Мания величия - жамиятни қўлга олиш учун курашди, жамиятни бошқариш учун курашади, жамиятни кафтида ушлаб туриш учун курашади (Т.Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди); 2. Қўққисдан ҳужум қилиб босиб олмоқ (расмий). 3. Ҳибс қилмоқ. Қамаш мақсадида тутмоқ (расмий): Хоҳласанг, фолбинни қўлга оламиз: гап-сўз улғамайди…(Ойбек. Навоий); 4. Ўз хоҳишига бўйсунадиган қилмоқ: То Навоийнинг ўзи келиб, ишни қўлга олмаса, ҳозирги ҳокимларнниг дастидан халқнинг на нони бутун, на жони салома…(Ойбек, Навоий).
Мисоллардан кўринадики, полисемантик иборалар бири учун бири асос вазифасини бажариб, маънолари бири иккинчисидан ўсиб чиқади.

Download 300.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling