Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат шарқшунослик университети


Download 1.32 Mb.
Pdf ko'rish
bet16/66
Sana19.01.2023
Hajmi1.32 Mb.
#1100725
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   ...   66
Bog'liq
Конференция тўплами Огаҳий 16 12 2021 cover (2)

Хизр умрин тиларлар аҳли хирад, 
Ёр васлидурур ҳаёти абад [1,8,558]. 
 
Огаҳий ҳам устозига эргашиб, “Абадий умр тиласанг, ёр васлини изла, 
чунки боқий ҳаёт деганда аслида ёрнинг васлини кўзда тутадилар”, – деб ёзади: 
 
Топ истасанг ҳаёти абад ёр васлини – 
Ким, васли ёрдур, буки дерлар бақойи руҳ [2,113]. 
 
Навоийнинг “Муножот” куйи билан ижро этиладиган машҳур ғазали 
мақтасида шундай фикрга дуч келамиз: 
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин, 
Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади [1.3,613]. 
“Эй Навоий, кўнглинг уйини май билан шод айла, чунки май кирган 
уйга қайғу кирмайди”. 
Агарда биз айни байтни сўзма-сўз ўз маъносида тушунсак, буюк шоир, 
комил мусулмон бўлган зот ҳаммани май ичишга даъват этаётган бўлиб 
чиқади. Ҳолбуки, бу ерда май муҳаббат шавқи маъносида келиб, “кўнгил 
уйини хуррам этувчи восита” деганда шоир аслида кўнгилда ёр ишқини 
ғолиб этишу ёр ёди билан яшашга ундамоқда. Кўнгил уйини ёр ёди билан 
обод этишу ёр ёдини бир лаҳза унутмаслик Навоий мансуб бўлган 
нақшбандия тариқатида ҳам асосий ўрин тутади.
Огаҳийнинг қуйидаги мисралари айни қарашнинг мантиқий 
давомидай жаранглайди: 
Амн истасанг андуҳдин ол қўлға соғар, Огаҳий – 
Ким, ғуссау ғам дафъиға бўлмоқ қадаҳошом шарт [2,210]. 
“Эй Огаҳий, ғаму ғуссадан бир нафас нажот топишни истасанг
қўлингдан сира қадаҳни қўйма, чунки ғаму ғуссадан қутулай деган киши 
май ичишдан асло тўхтамаслиги керак”. 
Шарқ мумтоз сўз санъатида ҳар бир сўз ниманингдир рамзу тимсоли 
бўлиб келади ва энг камида икки ёки уч маънони англатади. Бинобарин, 
ўтмиш адабиётининг образлар олами ва тасаввуф адабиётининг истилоҳ-
ларидан бехабар ўқувчи уларни ўқиб тушуниши мушкул. 
Навоийнинг: 
Ҳусни ортар юзда зулфин анбарафшон айлагач, 
Шамъ равшанроқ бўлур торин паришон айлагач [1,1,98]
байти ниҳоятда машҳур.


28 
Шам шундай ҳам ёниб, ёруғлик таратади, лекин пилиги толаларини 
ёзиб юборса, унинг ёниш доираси кенгайиб, ёруғлиги кучаяди ва кенгроқ 
сатҳни ёритади. Шунга ўхшаб, маҳбубанинг сочи шундай ҳам ҳуснига ҳусн 
қўшади, шундай ҳам ундан муаттар ҳид таралади, лекин уни ёзиб юборса, 
ҳам ҳиди гуркираб кетади, ҳам чиройини янада очади ва ошиқлари сафи 
янада кўпаяди. 
Огаҳийнинг қуйидаги мисралари унга ҳамоҳанг жаранглайди: 
Ортса ул ой юзи тоби мутарро зулфидин, 
Тонг эмас, равшан бўлур бўлса паришонтор шамъ [2,216] 
“Тароватли зулфи туфайли ул ой юзли гўзалнинг ҳусни янада порласа, 
бунинг сира ажабланадиган жойи йўқ, чунки шамнинг толаларини қанча 
ёзиб юборса, у шунча равшан ёнади”. 
Бу икки байт аслида айни бир ташбеҳнинг икки хил ифодаси: шамнинг 
толаларини қанча ёзиб юборса, у шунча ёруғ ёниб, узоқроққа шуъла 
сочгани каби сочилган сочлари маҳбубанинг ҳам ҳуснига ҳусн қўшиб, уни 
янада жозибадор қилади ва кўрганнинг нигоҳини ўзига тортади. 
Маълумки, Шарқ шеъриятида янги фикр айтиш, мазмунан теран 
мулоҳазаларни ифодалашнинг ўзигина ҳеч қачон шоирлик ҳисобланмаган, 
балки ана шу янги фикр ва теран мулоҳазаларни гўзал шаклда – муносиб 
вазн ва шеърий санъатлар воситасида бадиий сувратлантириш ҳамиша 
биринчи ўринда турган. Бу шеъриятда ҳатто муайян олинган фикрнинг бир 
неча санъат ёрдамида ифодаланиши айб саналмаган. 
Ҳар икки шоирнинг “арзимас” радифли ғазаллари қиёсида ҳам 
шундай ўзаро муштаракликларни кўрамиз. Жумладан, Навоий бир байтида 
“Кишининг лолаюзли ёр билан билан қилган юз йиллик айшу ишрати унинг 
бир нафаслик айрилиғи аламига етмайди”, – дея: 
Лоларухлар васлида юз йил киши қилса нишот, 
Бир замонлиғ, билки, доғи фурқатиға арзимас [1,4,228], – 
тарзида ҳасратли мисралар тизса, Огаҳий унга жўр бўлароқ, “Юз йил ёр 
васли ҳузури билан тонг орттирганинг унинг бир лаҳзалик қоронғи шомига 
етмайди”, – деб ёзади: 
Юз йил ўлсанг ёр васлининг сафолиғ субҳида, 
Бир замонлиғ ҳажри шоми музламиға арзимас [2.183]. 
Алишер Навоий машҳур байтларидан бирида: “Бу дунёда бир 
манфаат кўзлаб, ўзингни савдо денгизига отмаки, кўнгилга бойлик ҳаваси 
тушса, умр ўз мазмун-моҳиятини йўқотади”, – деб ёзган эди: 
Кирма савдо баҳриға оламдин истаб судким, 
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғалур [1,1,190]. 


29 
Бу ерда “сийм нақди”дан мақсад – бойлик ва давлат, “умр нақди”дан 
мақсад – ҳаёт ва жон. Яъни мутафаккир шоир образли йўсинда “Бойлик – 
жонингнинг балоси, умрингнинг кушандаси” деган фикрни илгари суради. 
Бошқача айтганда, бойлик ҳавоси умр гулини совуради.
Фойданинг балосига қолган киши умрининг уволига қолаётганини 
билмайди. 
Бир томондан фойда қилаётган киши иккинчи томондан зиён кўраёт-
ганидан бехабар бўлади. 
Ҳаётда наф зиёндан, зиён нафдан холи эмас. 
Навоий байти ҳаётий ҳикмат янглинг янграса, Огаҳийнинг қуйидаги 
мисраларида айни фикр ҳукм даражасига кўтарилганлигини кўрамиз: 
Жаҳон савдосидин, эйким, тиларсен суд топқойсан,
Бу савдо суди, билгилким, зиён ўлди, зиён ўлди [2,371]. 
“Эй бу дунё савдосидан фойда топишни кўзлаган киши, шуни сира 
унутмаки, бу савдонинг фойдаси азалдан зиён бўлиб келган, зиён”. 
Бу билан Огаҳий бу дунёдан манфаат ахтарганнинг топгани оқибат 
зиён бўлганлиги ҳақидаги азалий ва абадий ҳақиқатни илгари суради. 
Чунки бу кўпни кўрган мўйсафид ва ғаддор дунё ўзи билан ўйин ўйнаганни 
ҳамиша ютиб келган.
Шеъриятда муайян мақомга эришган шоир ўзининг сўз санъатидаги 
мавқе-мартабаси, эришган муваффақиятлари, малака ва маҳорати, 
қаламининг қудратию асарларининг шуҳратидан сўз очиши табиий. У ёки 
бу муаллифнинг ана шундай ўзининг ижодий салоҳияти, манзумаларининг 
бадиий юксаклиги ҳамда қўлга киритган ютуқлари ва қозонган довруғидан 
фахрланиб битган шеъру байтлари илми бадеъда фахрия санъати деб 
юритилади. Фахрия деярли барча Шарқ шоирлари ижодида учрайди. 
Жумладан, Алишер Навоий ҳам байтларидан бирида шоҳ билан шоирни 
қиёслаб, шоҳ қилич билан мамлакатларни забт этса, шоир қалами билан 
уларни қўлга киритади дейди: 
Назм мулкин тил чекиб олмиш Навоий, ўйлаким, 
Чекса оламни олур шоҳи фалакмиқдор тиғ [1,1,323]. 
“Овозаси оламни тутган шоҳ дунёни тиғ кучи билан олса, Навоий 
шеърият мулкини тил қудрати билан олмиш”. 
Огаҳий ҳам буюк салафига ҳамоҳанг тарзда ўзининг қалами қудратига 
юксак баҳо бериб: “Доно шоҳ қилич тортиб жаҳонни забт этганидек, 
Огаҳий ҳам тил тиғи билан маънолар мулкини ўз тасарруфига киритади”, – 
деб ёзади: 
Огаҳий. тил тиғи тортиб ол маоний мулкини, 
Ўйлаким олғай жаҳон тортиб шаҳи доно қилич [2,112]. 


30 
Навоийдек ўзбек адабий тилига асос солган, ўзбек адабиётини бир-
биридан гўзал дурдона асарлар билан бойитиб, унинг жаҳон сўз 
санъатидаги мавқе-мақомини тайин этган забардаст ва сермаҳсул қалам 
устаси ҳам: “Эй Навоий, сендек ёшлик даврини зое этган киши қарилик 
айёмида юлдуз каби кўзларидан ёш тўкса-да, сира фойдаси йўқ”, – деб 
ёзган эди ўзидан қониқмай: 
Эй Навоий, сендек эткан зоеъ айёми шабоб, 
Суди йўқ анжум киби ашки надомат шоми шайб [1,1,51]. 
Адабий, тарихий, таржима асарлари асосида муаззам маънавий хазина 
яратган сермаҳсул ва серқирра адиб, кенг қамровли донишманд муаррих ва 
моҳир мутаржим бўлмиш Огаҳий ҳам устози каби амалга оширган шунча 
оламшумул ишларидан кўнгли тўлмай касри нафс усулида: “Эй Огаҳий, 
син солиб қара, бу дунёда сен каби умрини ғафлатда ўтказган яна бир киши 
топиладими?” – деб ёзғиради: 
Фикр этки, ҳама умрин ғафлат била ўткарган
Оламда киши борму, эй Огаҳий, сан янглиғ?[2,220] 
Касри нафс изҳорига асосланган бадиий санъат тақсир (арабча: айбу 
қусур кўрсатиш) деб юритилади. Бу фахриянинг акси бўлиб, фахрияда 
шоир ўзининг истеъдод кучи, асарларининг бадиий юксаклиги ва халқ 
орасидаги шуҳратидан ифтихор қилиб, кўтаринки руҳдаги муболағадор 
мисралар битса, тақсирда камтарлик билан ўзини паст олади, ерга уради
илмсиз, уқувсиз, истеъдодсиз, хор, ҳақир, телба, девона, бечора қилиб 
кўрсатади. 
Ўзини ҳаммадан кам деб билиш, ниҳоят даражадаги камтарлик, 
андиша, хоксорлик аслида Шарқ кишисига хос бўлиб, тақсир, касри нафс 
каби бадиий санъат ва услубий усуллар унинг адабиётдаги ифодасидир. 
Навоий ва Огаҳий ижодида бундай адабий таъсир қирралари, ўзаро 
муштаракликлар, издошлик маҳсуллари ва ижодий мусобақа намуналари 
ниҳоятда кўп бўлиб, улар устида алоҳида илмий тадқиқот олиб боришни 
тақозо қилади. Биз бу мўъжаз мақоламизда айни ниҳоятда кенг ва серқирра 
мавзунинг баъзи қирраларига тўхталиб ўтдик, холос. 

Download 1.32 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   12   13   14   15   16   17   18   19   ...   66




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling