Ярим ўзгарувчан харажатлар – бир вақтнинг ўзида ўзгарувчан ва ўзгармас таркибларга эга. Бу харажатларнинг бир қисми ишлаб чиқариш ҳажми ўзгарганда ўзгаради, бир қисми эса фаолият ҳажмига боғлиқ бўлмайди, давр мобайнида қўзғалмас бўлиб қолаверади.
Масалан, телефон учун ойлик тўлов доимий абонент тўлови суммасини ва шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувларининг миқдори ва давомийлигига боғлиқ бўлган ўзгарувчан қисмлардан иборат. Ярим ўзгарувчан харажатлар аралаш харажатлар деб ҳам аталади.
Ярим ўзгармас харажатлар – ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ, лекин унга тўғри пропорционал ўзгармайди. Бу харажатлар поғонага ўхшаб ўсади, яъни маълум бир даражадаги ҳажмигача ўзгармайди, кейин ҳажм ўзгариши билан ўсиб кетади ва ишлаб чиқаришнинг маълум бир ҳажмигача ўзгармас бўлиб туради.
Релевант ва норелевант харажатлар ва даромадлар қарор қабул қилиш пайтида ўзгаради, лекин айни дамда бирон-бир қарорнинг қабул қилиниши норелевант чиқимлар ва даромадларга таъсир қилмайди.
Релевант ва норелевант харажатлар атамаси ўрнига “бартараф этилувчи” ва “бартараф этилмайдиган” харажатлар атамасини ишлатиш мумкин.
Бартараф этилувчи харажатлар – агар қандайдир муқобил вариант қўлланмаса, тежаб қолиш, йўл қўймаслик мумкин бўлган харажатлардир, бартараф этиб бўлмайдиган харажатлар эса ҳар қандай вазиятда ҳам юзага келаверади.
Қайтмас харажатлар – бу амалга ошириб бўлинган ва кейинги бирон-бир қарор билан ўзгартириб бўлмайдиган харажатлардир. Ҳаракатларнинг кейинги босқичларини таҳлил қилишда мазкур харажатларни рад этиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |