Солиқ қарзини тўлаш муддатларининг узайтирилиши ва солиқ қарзини бўлиб тўлашнинг тўхтатилиши. Мазкур имтиёз муддати тугаши билан солиқ қарзини бўлиб тўлаш ва солиқ қарзини тўлаш муддатларини узайтириш жараёни тўхтатилади.
Солиқ тўловчи муддати узайтирилган ёки бўлиб тўланаётган солиқ суммасининг ҳаммасини берилган имтиёзли давр тугашидан аввал, яъни белгиланган муддатдан илгари тўласа, солиқ қарзини тўлаш муддатларининг узайтирилиши ва солиқ қарзини бўлиб тўлаш имтиёзининг амал қилиши ҳам тўхтатилади.
Ортиқча тўланган солиқ суммасининг ҳисобга қабул қилиниши. Тўланган ва бюджетга тўлаш учун ҳисоблаб ёзилган солиқ суммаси ўртасида юзага келиб, топширилган солиқ ҳисоботи асосида аниқланган ижобий фарқ ортиқча тўланган солиқ деб эътироф этилади.
Ортиқча тўланган солиқ суммаси қуйидаги навбатда солиқ қарздорлигини қоплаш ҳисобига қабул қилинади:
1) ушбу солиқ турига доир пеня ва жарималарни тўлаш ҳисобига;
2) бошқа солиқ турлари бўйича қарздорликни узиш ҳисобига;
3) бошқа солиқ турлари бўйича пеня ва жарималарни тўлаш ҳисобига;
4) ушбу солиқ бўйича бўлғуси тўловлар ҳисобига;
5) бошқа солиқ турларига доир бўлғуси тўловлар ҳисобига.
Ушбу солиқ турига доир пеня ва жарималарни тўлаш ҳисобига қабул қилиш давлат солиқ органи томонидан мустақил равишда, солиқ тўловчининг сўровисиз амалга оширилади ва солиқ тўловчи бу ҳақда сумма ҳисобга қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда ёзма равишда хабардор қилинади.
Давлат солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида ортиқча тўланган солиқ суммасининг тегишли тўлов ҳисобига қабул қилиш ҳақида хулоса жўнатилгач, тегишли молия органлари ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга қабул қилади. Давлат солиқ органи солиқ тўловчи ариза топширган кундан бошлаб уч кун муддат ичида молиявий органларга ҳисобга қабул қилиш ҳақида хулоса жўнатишга мажбур.
Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи топширилган кундан бошлаб ўн кун ичида ёзма ариза топширмаса, давлат солиқ органи мустақил равишда тегишли молия органларига ортиқча солиқ суммасининг тегишли ҳисобга ўтказилгани ҳақида хулоса жўнатиши мумкин.
Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ қарздорлигини қоплаш ҳисобига ўтказиш ҳақида хулоса қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ҳисобга қабул қилинади.
Ортиқча тўланган солиқ суммаси бошқа солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ўтказилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |