2.1.5. Вазифани бажариш учун зарур бўлган ходимлар ва ресурслар даражасини белгилаш
Ички аудит дастурини бажариш учун зарур бўлган ресурсларни аниқлашда ички аудит дастурини бошқараётган шахс қуйидагиларни инобатга олиши лозим:
ички аудит ўтказишга оид фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, бу фаолиятни бошқариш ва уни яхшилаш учун зарур молиявий ресурслар;
ички аудитни ўтказиш усуллари;
ички аудит дастурининг аниқ мақсадларига эришиш учун зарур бўлган билим ва кўникмага эга ички аудиторлар ва техник экспертларнинг мавжудлиги;
ички аудит дастури ва унга тегишли хатарлар ҳажми;
ички аудит пайтида юзага келувчи вақт ва молиявий чиқимлар;
мавжуд ахборот технологиялари ва коммуникация воситалари.
ИАХ раҳбари ички аудит гуруҳи аъзоларини, шу жумладан, гуруҳ раҳбари ва аниқ бир ички аудитни ўтказиш учун зарур бўлган ҳамма техник экспертларни тайинлаши лозим.
Ички аудит гуруҳини белгиланган аудит соҳаси доирасида аниқ бир ички аудит мақсадларига эришиш учун зарур бўлган ваколат ва билимларни инобатга олган ҳолда шакллантириш лозим. Агар гуруҳ таркибига фақат битта аудитор кирса, у гуруҳ раҳбари зиммасига юклатиладиган барча мажбуриятларни бажаради.
Аудит гуруҳининг миқдорий ва сифат таркиби масаласи ҳал этилаётганда аниқ бир ички аудитни ўтказиш учун қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:
- аудит гуруҳи аъзоларининг билим ва тажрибалари ички аудит мақсадларига эришиш учун зарур бўлган аудит соҳаси ва мезонларини таъминлай оладими;
- ички аудитнинг мураккаблиги;
- ички аудитни ўтказиш учун танлаб олиниши керак бўлган усуллар;
- ҳуқуқий (қонунчилик ва норматив) талаблар, шунингдек, корхона бажариш мажбуриятини олган бошқа талаблар;
- аудит гуруҳи аъзоларининг мустақиллигини таъминлаш, шунингдек, ҳар қандай зиддиятли манфаатларни чиқариб ташлаш зарурияти;
- ички аудит гуруҳи аъзоларининг корхона ходимлари билан биргаликда ҳаракат қилиш ва ҳамкорликда ишлай олиш қобилияти;
- ички аудит вақтида мулоқотнинг қайси тилда бўлиши, шунингдек, корхонанинг ижтимоий ва маданий ўзига хосликлари. Бу муаммолар ички аудиторларнинг ўзларида тегишли кўникмаларнинг бўлиши ёки кўникмаларнинг ҳосил қилиниши, ё техник экспертларга мурожаат қилиш йўли билан ҳал этилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |