Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат иқтисодиёт университети самарқанд филиали бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва молия кафедраси
Натижаларни назорат қилиш усулини белгилаш
Download 1.71 Mb.
|
Ички аудит Дарслик узб
- Bu sahifa navigatsiya:
- 2.4.3. Ижроия органининг ички аудит хизмати тавсияларидан кейинги ҳаракатлари ҳақида кузатув кенгашини хабардор қилиш ва кейинги тадбирларни ўтказиш
2.4.2. Натижаларни назорат қилиш усулини белгилаш
Қуйидагилар аудит натижаларини назорат қилиш усуллари сифатида қўлланилиши мумкин: - корхона бўлинмалари (ижроия органлари) раҳбарларининг ички аудиторлик текширувида аниқланган камчиликларга жавобларини олиш ва уларни баҳолаш; - ички аудит объектлари раҳбарларидан вақти-вақти билан жамлама ҳисоботда баён этилган шартлар юзасидан тўғриланган маълумотлар олиб туриш; - корхонанинг натижаларни назорат қилиш тадбирлари учун жавобгарлик юклатилган бўлинмаларидан ҳисоботлар олиш ва уларни баҳолаш; - олий бўғин раҳбарларининг аудиторлик текширувида аниқланган қоида бузилиш фактларига жавоблар юзасидан ишларнинг бориши ҳақида кузатув кенгашига ҳисоботи. Корхонанинг чораклик ва йиллик ҳисоботи якунлари бўйича ўтказилувчи баланслар таҳлили назоратнинг таъсирчан шакли ҳисобланади. Чунки унда бошқа масалалар билан бир қаторда аудиторлик текширувлари якунларига доир қарорларнинг бажарилиши мажбурий тартибда кўриб чиқилади. 2.4.3. Ижроия органининг ички аудит хизмати тавсияларидан кейинги ҳаракатлари ҳақида кузатув кенгашини хабардор қилиш ва кейинги тадбирларни ўтказиш Аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, текширилган бўлинманинг молиявий-хўжалик фаолияти тўла хўжалик ҳисоб-китоби ва моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланишини таъминласа, текшириш тугалланган ҳисобланади. Корхонанинг текширилган бўлинмаси махсус сўровларсиз, белгиланган муддатда ва аудиторлик ҳисоботида шартлашилган санадан кечиктирмай ички аудит хизматига тавсияларнинг бажарилиш мақоми ҳақида ҳисобот ёки тавсияларнинг бажарилмагани юзасидан тушунтириш бериш учун жавобгар ҳисобланади. Текшириш чоғида аниқланган ва бўлинма фаолиятида катта ўзгаришлар қилинишини талаб этмайдиган, шу билан бирга бўлинма раҳбарининг ваколатига кирадиган камчиликлар текшириш пайтида бартараф этилиши лозим. Уларнинг текшириш давомида бартараф этилгани ҳақида ҳисоботда тегишлича қайдлар қилинади. Агар текширувда қонунчилик ва (ёки) норматив актларнинг жиддий бузилиши, камомад, пул маблағлари ёки моддий қийматларнинг ўғирланиши, солиқ қонунчилигининг бузилиши топилса, ва булар корхонанинг бухгалтерия ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилса (яъни айбдор мансабдор шахсларни ишдан четлаштириш ва улардан етказилган зарарни ундириш учун асослар бўлса), ички аудитор корхона раҳбари номига хизмат хати жўнатади. Корхона раҳбари текширув материалларини юридик бўлимга топширади, бу бўлим текширув материалларидаги қайдларга ҳуқуқий баҳо беради ва корхона раҳбариятига ўз фикрини билдиради. Ички аудитор ўз ҳисоботида бажарилган иш ҳақида қайдлар қилади. Етказилган зарар ҳажми бозор нархларида белгиланади. Текширув материалларида инвентаризация ёки бошқа усул билан зарар етказилгани аниқланганда уни қоплашга доир чоралар зудлик билан кўрилиши шарт. Тартиб бузилишлар ва суйиистеъмол фактлари юз берганда тегишли ҳужжатларнинг сақланиши учун чоралар кўриш зарур. Бунинг учун ҳужжатлар текшириш жараёнида ҳам, текшириш тугагандан кейин ҳам олиб қўйилади. Биринчи навбатда ўчириш, рақам ва матнларнинг тузатилиш излари бўлган ва нотўғри ва (ёки) сохта маълумотлар қайд этилган ҳужжатлар олиб қўйилади. Ушбу ҳужжатларга бирон-бир белгилар қўйиш мумкин эмас. Текширилаётган тузилмавий бўлинмаларнинг иш ҳужжатлари тўпламида олиб қўйилган ҳужжатлар ўрнига уларнинг нусхалари қолдирилади. Нусхаларнинг орқа томонига асл нусхалар қачон ва ким томонидан олиб қўйилгани ёзилади. Бу ишлар корхона ижроия органи раҳбарининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия билан биргаликда бажарилиши керак. Моддий зарарни ундириш ҳам бўлинма тўлаган барча жарималар, неустойка ва бошқа санкциялар бўйича амалга оширилади. Бунда корхона раҳбарияти қонунчиликка биноан, аниқ бир айбдор шахслар зиммасига мулкий жавобгарликни юклаши лозим. Текширувлар якунларининг корхона таъсисчилари, раҳбарлари ва масъул ходимлари билан муҳокама этилиши текширувларнинг самарадорлигини оширишга кўмак беради. Зарур бўлганда мулкни бут сақлаш масалалари бўлинма ходимлари билан муҳокама этилади, уларнинг ташкилий-техник тадбирларга оид таклифлари киритилади ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва мазкур бўлинма ишининг самарадорлигини ошириш бўйича режалар тасдиқланади. Аудиторлик текширувларига оид ҳисобот ҳужжатлари, текширув бўйича қарорлар лойиҳаси, илова, текширувга оид бошқа ҳужжатлар ва кўрилган (кўрилаётган) чора-тадбирлар рўйхати корхонанинг кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим қилинади. Аудиторлик текшируви натижалари юзасидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан аниқ назоратнинг йўлга қўйилиши текширувда аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир тадбирларнинг самарадорлигини таъминлайди. Ички аудиторнинг тавсияларини бажариш устидан назорат текширилган бўлинма раҳбарининг ҳисоботларини кўриб чиқиш, ҳисобот маълумотларини таҳлил қилиш ва бўлинманинг ишини жойига чиқиб, ҳужжатлар билан текшириш йўли билан амалга оширилади. Аудиторлик текширувлари бўйича қарорларнинг бажарилишини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун аудиторлик текширувлари ва унга доир қабул қилинган чораларни ҳисобга олиш китобини юритиш тавсия этилади. Китобга қуйидаги графалар киритилади: - текширув ўтказилган бўлинманинг номи; - текширувнинг ташкилий усули; - текширув ҳақидаги ҳисобот ҳужжатининг санаси; - ички аудит натижалари бўйича тавсиялар тақдим қилинган сана; - текширув ҳақидаги ҳисобот юзасидан қабул қилинган қарорнинг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим қилиш муддатлари; - тавсияларнинг бажарилиши ҳақида амалда ҳисобот тақдим этилган сана; - пул маблағлари зарари суммаси; - солиқ қоидалари бузилиши натижасида етказилган зарар суммаси; - моддий қийматларга етказилган зарар суммаси; - қопланган пул маблағлари, моддий қийматлар суммаси; - айбдор шахслардан ихтиёрий равишда ундирилган зарар суммаси; - қўшимча равишда ҳисобланган ва бюджетга тўланган тўловлар суммаси. Аниқланган ва ҳисоботда (жамлама ҳисоботда) акс этган салбий жиҳатлар бартараф қилинса, ижобий жиҳатлар эса кейинчалик корхона ишининг муваффақиятига яхши таъсир кўрсатиши мумкин бўлсагина, ички аудит хизматининг иши таъсирчан ҳисобланади. Ички аудит хизмати аниқланган бузилишларни бартараф қилишга оид чора-тадбирларга риоя қилиш юзасидан мониторинг ўтказиши ҳамда жиддий ва/ёки давом этаётган бузилишлар ҳақида ижроия органи раҳбарияти ёки кузатув кенгашига ахборот етказиши шарт. Натижалар назорати шунингдек, раҳбарларни ҳисобот билан чақириш, аудит ўтказган корхонадан масъул ходимларни қарорларнинг бажарилиши устидан кузатиб бориш учун бириктириб қўйиш, навбатдаги ички аудит жараёнида таклифларнинг бажарилганини текшириш йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Текширувлар натижалари бўйича кузатув кенгаши номига хизмат хати ёки доклад хати тузилади ва унда чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилиши, масалаларни ҳал қилишда содир этилган принципсизлик ва билимсизлик, битта камчилик юзасидан такроран қарорлар қабул қилингани каби ҳолатлар кўрсатилади. Download 1.71 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling