Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент педиатрия тиббиёт институти


Download 4.91 Mb.
Pdf ko'rish
bet158/285
Sana19.11.2023
Hajmi4.91 Mb.
#1786427
1   ...   154   155   156   157   158   159   160   161   ...   285
Bog'liq
1-mannanom-darslik-pdf

Захмнинг бирламчи даври 
Касаллик юққандан 3-4 ҳафта ўтгач (инкубацион даврдан сўнг) 
оқиш трепонема тушган жойда захм касаллигининг илк клиник 
белгиси, яъни захм яраси (қаттиқ яра, қаттиқ шанкр, ulcus durum, 
бирламчи сифилома) ҳосил бўлиши билан захмнинг бирламчи даври 
бошланади. Захмнинг бу даври ўртача 6-8 ҳафта давом этади. 
Кўп ҳолларда қаттиқ яралар жинсий аъзоларда ёки унга яқин 
ҳудудларда учраб, касалликнинг жинсий йўл билан юққанлигини 
кўрсатади. Касаллик ножинсий йўл билан юққанда (лабларда, тилда, 
оғиз шиллиқ қаватларида, бодомча безларида, бўйинларда, пешо-
нада, бармоқларда ёки оқиш спирохета тушган ҳар қандай бошқа 
жойдаларда) қаттиқ шанкрлар жинсий аъзолардан ташқарида 
жойлашади ва уларни экстрагенитал қаттиқ шанкрлар, деб аталади. 
Уларнинг сони кўп ҳолларда битта бўлиб, айрим ҳолларда эса 
иккита ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Яралар асосан тўғноғич 
катталигида ёки бир тийинлик танга катталигида бўлиб, улар яра ёки 
эрозиялар кўринишида бўлади. Улар думалоқ ёки овал шаклда, 
чегаралари аниқ, агар тери ёки шиллиқ пардалар бурмаларида 
жойлашган бўлса, тирқишсимон кўринишларда бўлади. Қаттиқ 
шанкр ярасининг четлари текис, тери сатҳидан кўтарилиб турадиган 
бўлиб, тубига томон нишаб кўринишда, коса идишини эслатадиган 
кўринишда бўлади, ранги янги сўйилган мол гўшти рангида тўқ 
қизил рангда бўлиб, юзаси тўқима суюқлиги билан (серум) 
намланиб, худди амиркон терисини эслатадиган кўринишида 
ялтираб туради. Қаттиқ яра таркибидан олинган тўқима суюқлиги 
микроскопнинг қоронғилаштирилган майдонида текширилганда кўп 
миқдорда рангсиз трепонемаларни топиш мумкин бўлади. Бирламчи 
сифилома бармоқлар ёрдамида пайпаслаб кўрилганда, уларнинг 
асосида яра ҳажмидан катта бўлган тоғайсимон қаттиқликдаги 
оғриқсиз инфильтрат ҳолати сезилади, яранинг бундай хусусиятга 
эга эканлиги уни қаттиқ шанкр, деб номланишига асос бўлган. 
Қаттиқ шанкр кўп ҳолларда субъектив ўзгаришлар юзага 
келтирмайди, бунга сабаб захм инфекцияси яра ҳудудидаги нерв 
толаларини зарарламайди. 
Болаларда захм касаллиги клиник белгиларининг кечиши 
(агарда касаллик уларда орттирилган бўлса) катталарникидан унча 
фарқ қилмаган кўринишларда бўлади. Болаларда қаттиқ шанкр 


332 
асосан бош тери соҳасида, лабда, оғизда, бодомча безлари 
соҳаларида жойлашади, кичик ёшдаги болаларда қаттиқ яралар 
жинсий аъзолар атрофида деярли учрамайди. Айрим ҳолларда 
болаларда бодомча безлари соҳаларида қаттиқ яралар турлича 
кўринишларда намоён бўлади. Бундай ҳолларда бодомча безларида 
қаттиқ яралар овал шаклида, тўғри чегарали, қизил тубли, сатҳи 
думба ёғи кўринишида бўлган парда билан қопланган кўринишларда 
бўлади. Бундай ҳолатларда бодомча безлари қаттиқлашган, оғриқсиз 
ва бемор болалар умумий аҳволлари ўзгаришсиз бўлади. 
Қаттиқ шанкрнинг бир нечта хиллари мавжуд бўлиб, улар 
шанкр-амигдалит (қаттиқ яранинг бодомча безларида жойлашиши), 
хасмол-шанкр (қаттиқ шанкрнинг қўл бармоқлари соҳасида 
жойлашиши) ва индуратив шиш (лимфа қон томирларидаги 
кўлмаклик натижасида жинсий аъзоларнинг шишиш ҳолати) 
кўринишларида кечади. 
Шанкр амигдалитнинг кечишида бодомча безларининг бир 
томонлама ассиметрик кўринишда қаттиқлашиши ва катталашиши 
ҳолати кузатилади. Жараённинг кечишида ўткир яллиғланиш 
белгилари кузатилмайди, ўчоқлар кескин чегаралангган кўриниш-
ларда бўлиб, беморларни салбий шикоятлар (юқори ҳарорат, 
оғриқлар) безовта қилмайди, уларда суюқлик ва овқат истеъмоли 
вақтида, ютиш жараёнининг бироз қийинлашиши ҳолати кузатилади 
ҳолос. Бундай вақтда бодомча безлари сатҳидан олинган тўқима 
суюқлиги таркибида кўп миқдорда касаллик қўзғатувчиси рангсиз 
спирохеталар топилади. Шанкр амигдалитнинг кечиши жараёнида 
бодомча безидаги яллиғланиш ҳолати чегараланган бўлиб, 
атрофдаги шиллиқ пардалар ўзгармайди, беморларда жағ ости 
лимфа тугунларининг бир томонлама катталашиши, яъни регионар 
аденит ҳолати кузатилади. Шанкр амигдалитнинг ўзига хос 
кўринишда кўринарсиз белгилар билан кечиши уни катарал ангина 
касаллигидан фарқ қилишга асос бўлади. 
Хасмол-шанкр, яъни қаттиқ захм ярасининг қўл бармоқлари 
соҳаларида жойлашиши ҳолати кўпинча тиббиёт ходимлари орасида 
(лаборантларда, гинекологларда, стоматологларда, жарроҳларда, 
педиатр, ЛОР шифокорларида) учрайди. Бундай ҳолатларда ҳасмол-
шанкр кўпинча беморлар қўл бармоқларининг уч қисмида, тиноқлар 
атрофидаги тери соҳаларида жойлашади. Жараён кечиши 
бармоқларнинг шишиши, уларни кўкиш-қўнғир рангга кириши ва 


333 
оғриқсиз, айрим ҳолатларда эса бир оз оғриқ билан ўтиши 
кўринишида бўлиб, худди стрептококкли оддий ҳасмолни эслатади. 
Хасмол-шанкрнинг кечиш жараёнида қаттиқ оғриқ, ўткир 
яллиғланиш ҳолати, ҳароратнинг кўтарилмаслиги ва ҳаракатнинг 
чегараланиш ҳолатлари кузатилмаслиги ҳамда тирсак лимфа 
тугунларининг катталашиши ҳолати бу касалликнинг аниқ 
табиатини англаб олишга ёрдам беради. Шунга қарамасдан, фақат 
клиник белгилар асосида хасмол-шанкр, деб хулоса чиқариш 
нотўғри бўлиб ҳисобланади ва албатта бундай ҳолатларда 
лаборатория натижаларини инобатга олиш лозим бўлади. 
Индуратив шиш ҳолати бемор аёлларда одатда катта ва кичик 
уятли жинсий лаблар, эркакларда жинсий олат халтачаси 
соҳаларида, баъзан эса лаб соҳаларида кузатилади. Индуратив шиш 
ҳолатининг намоён бўлишига асосий сабаб бу қаттиқ шанкр асосида 
мавжуд бўлган инфильтратнинг лимфа қон томирларини эзиб 
қўйиши оқибатида лимфа қон томирларида қон айланиши 
ҳолатининг бузилиши, яъни кўлмаклик ҳолати кузатилади, натижада 
тарқоқ инфильтрат ҳолати кузатилиб, унинг ҳисобига юқоридаги 
аъзоларни бир неча маротабача катталашиши ҳолати кузатилади. 
Шикастланган жойга қўл бармоғи билан босиб кўрилганда унинг 
ўрнида чуқурча ҳосил бўлмайди, беморларни оғриқ, ҳаракатнинг 
чегараланиши каби салбий шикоятлар безовта қилмайди. Индуратив 
шиш жараёнининг кечишида регионар лимфа тугунларининг 
катталашиши ҳолати кузатилади. 
Юқорида қайд этилган захм қаттиқ ярасининг атипик кўри-
нишлардаги кечишида касаллик тарихини аниқ йиғиш, зарарланган 
жойлардан оқиш трепонемаларни топиш, беморнинг жинсий 
шерикларини текшириш ва мусбат серологик жараёнлар натижалари 
беморларга захм диагнозини қўйишда ҳал қилувчи аҳамият касб 
этади. 
Қаттиқ шанкрнинг кечиши жараёнида унинг юзасига иккиламчи 
инфекциялар тушиши натижасида баланит, постит, баланопостит, 
фимоз, парафимоз, жинсий олат гангренаси ва фегеденизм 
ривожланиши мумкин. Қаттиқ яранинг баланит, баланопостит, 
фимоз, парафимоз каби асоратлари қаттиқ шанкр закар бошчасида 
ёки препуциал халтачанинг ички варағида жойлашганда учрайди. 
Бундай ҳолларда шанкр атрофи қизариб шиш пайдо бўлади, шанкр 


334 
юзасидан ажралаётган сероз суюқлик йиринглайди, бу эса ўз 
навбатида, оқиш трепонемани топишни қийинлаштиради. 
Закар бошчасида жойлашган қаттиқ яра иккиламчи инфекциялар 
билан асоратланиши натижасида баланит ҳолати кузатилади, агар 
бундай ҳолат ўз вақтида даволанмаса, у ҳолда закар бошчасини ёпиб 
турган халтачанинг ички шиллиқ тарафи ҳам яллиғланиш, яъни 
баланопостит ҳолати кузатилади. Баланопоститда яллиғланиш 
жараёни кучли бўлганлиги сабабли закар бошчаси халтачасининг 
тешиги торайиб, закар бошчаси очилмайдиган ҳолга келиб қолади ва 
бундай ҳолат фимоз, деб аталади. Фимоз ҳолатида қаттиқ шанкр 
закар бошчасида ёки закар халтачасининг ички варағида 
жойлашганлиги сабабли уни кўриб бўлмайди. Фимоз ҳолатида закар 
бошчасини куч билан очишга ҳаракат қилиш натижасида парафимоз 
ҳолати юзага кеалади, уни эса кейинчалик асл ҳолига қайтариш 
қийин бўлади. Парафимоз ҳолати қаттиқ шанкрнинг ўзига хос 
асоратларидан бири бўлиб, йиринг закар бошчасини сиқиб қўяди, бу 
эса закар бошчасида қон айланишининг бузилишига олиб келади. Ўз 
вақтида даво чоралари ўтказилмаса закар боши тўқимасининг 
чиришига сабаб бўлиши мумкин. 
Қаттиқ шанкрнинг кечиши жараёнида унга иккиламчи 
фузоспериллёз инфекциялари тушиши натижасида гангрена ва 
фагеденизм каби беморлар ҳаётига хавф соладиган асоратларни 
кузатиш мумкин. Гангрена жараёни бошланганда қаттиқ шанкр туби 
ириб, унда қора рангли чирик чиқинди ҳосил бўлади, усти эса кир 
қора рангли қобиғ билан қопланади. Қобиғ остида катта ярали сатҳ 
кузатилади, жараённинг кечиши ҳароратнинг кўтарилиши, бадан 
қақшаши, бош оғриши ва умумий аҳволнинг оғирлаши каби 
ҳолатлар билан кечади. Фагеденизм ҳолатида ириш жараёни нафақат 
ичкарига, балки атроф тўқима соҳаларига ҳам кенгайиб тарқалиб 
боради, натижада жинсий олатнинг ҳатто узилиб тушиши, 
қисмларга ажралиши ҳолати кузатилиши мумкин. Яралар ўрнида 
кўпинча хунук кўринишларда бўлган чандиқлар қолади. Қаттиқ 
шанкрнинг гангрена ва фагеденизм каби асоратлари асосан катта 
ёшдаги, иммунитети паст, сурункали касалликлар (қандли диабет, 
ревматизм, алкоголизм) билан хасталанган беморларда кузатилади. 
Захм касаллигининг кечишида қаттиқ шанкрни тафовут қилиш 
қийинчилик туғдирмайди, аммо айрим вақтларда (айниқса, 
асоратланган ҳолатларда) қаттиқ шанкрларни тафовут этишнинг 


335 
иложи бўлмайди, шунинг учун ҳам қаттиқ шанкрни бошқа 
касалликлар билан таққослай билиш лозим. Бундай касалликларга 
пуфакчали темиратки, қўтир эктимаси, эрозияли баланопостит, рак 
яралари киради. 
Пуфакчали темиратки тошмалари тўп-тўп мошдек ёки ундан 
кичикроқ бўлган пуфакчалар шаклида пайдо бўлиб, уларнинг 
ёрилиши натижасида четлари аррасимон кўринишда бўлган 
эрозияларга айланади. Бу эрозияларнинг туби тоза бўлиб, 
таркибидан сероз суюқлик ажралиб туради, жараён қичишиш ва 
ачишиш каби салбий шикоятлар билан кечади, чов лимфа 
тугунларининг катталашиши ҳолати кузатилмайди. 
Қўтир касаллиги тошмаларини йирингли ва йирингли яра 
кўринишларидаги асоратлари қўтир эктимаси тарзида намоён 
бўлади. Бундай яралар қора қўтир қобиғ билан қопланган бўлиб, 
атрофидаги тери соҳаси яллиғланган кўринишда бўлади, яралар 
тубида қаттиқлик, яъни инфильтрация ҳолати сезилмайди. Бундан 
ташқари терининг бошқа соҳаларида қўтир касаллигининг клиник 
белгилари кузатилиши, беморларни касалликка хос бўлган тунги 
қичишишлар безовта қилиши, лаборатор текширувлар натижасида 
эса касалликни қўзғатувчиси қўтир каналарининг топилиши захм 
қаттиқ ярасидан тафовут этишга асос бўлади. 
Эрозив баланопостит закар бошчаси ва халтачасида нотўғри 
шаклдаги катта-кичик эрозиялар бўлиши билан таърифланади, 
уларнинг тубида қаттиқлик ва атрофида яллиғланиш бўлмайди. 
Касаллик асосан имммун тизими заиф бўлган ва гигиена 
талабларига риоя қилмайдиган инсонларда кузатилади. Касаллик 
белгиларининг кечиши регионар лимфа тугунлари катталашмаслиги 
билан кечади. 
Захм қаттиқ шанкрини тери раки касаллиги яралари билан 
таққослаш муҳим аҳамият касб этади. Тери раки яралари асосан 
сезиларли даражада, улар туби ва чегараларининг қаттиқлашиши, 
унча кўринарли бўлмаган яллиғланиш кўринишида кечиши, 
юзаларининг қонаб туришга мойиллиги билан ҳамда узоқ вақт даво 
воситаларига берилувчан бўлмаслиги билан ажралиб туради. 
Жараённинг кечишида бир неча ойлардан сўнг лимфа қон 
томирларининг жалб этилиши ҳолати кузатилади. Касалликка 
таққослов ташхиси қўйилишида лаборатор ҳамда гистологик 
текширувлар натижалари муҳим ўрин тутади. 


336 
Шундай қилиб, бирламчи захм даврининг кечишида касалликка 
ташхис қўйилиши нафақат касалликнинг клиник белгиларини 
(бирламчи сифилома, регионар аденит) тафовут этиш, балки 
касалликни улардаги тўқима суюқлиги таркибидан касаллик 
қўзғатувчиси рангсиз трепонемаларининг топилиши муҳим ўрин 
тутади. Касалликка тўғри ташхис қўйилишида серологик жараёнлар 
мусбатлигини (серонегатив, серопозитив) инобатга олиш катта 
аҳамият касб этади. 
Бирламчи захм даврининг энг муҳим клиник белгиларидан яна 
бири бу захм яраси пайдо бўлганидан 7-10 кун ўтгач, унга яқин 
жойлашган тери ости лимфа тугунларининг (чов соҳаси, кубитал, 
қўлтиқ ости, бўйин ва жағ ости лимфа тугунларининг) катталашиши 
ҳолатидир. Бундай ҳолат регионар склераденит, яъни яқин 
жойлашган лимфа тугунларининг катталашиши, деб аталади. Асосан 
лимфа тугунларининг катталиги нўхат катталигидан ўрмон ёнғоғи 
катталигигача бўлиб, улар сатҳидаги тери юзаларининг ранги 
ўзгармаган кўринишда бўлади. Лимфа тугунлари пайпаслаб 
кўрилганда улар қаттиқ консистенцияли, оғриқсиз бўлиб, бир-бири 
билан, ост ҳамда атроф тўқималар билан қўшилмаган кўринишларда 
бўлади. 
Захм касаллигининг бирламчи даври учун яна бир муҳим клиник 
белги бу захм лимфангити, яъни лимфа қон томирларининг 
яллиғланиш ҳолатидир. Касалликнинг бу белгиси қаттиқ шанкр 
билан унга энг яқин жойлашган лимфа тугунлари орасидаги лимфа 
қон томирларининг арқонсимон кўринишида қаттиқлашиши, тери-
дан бўртиб туриши кўринишида намоён бўлади. Шуни таъкидлаш 
лозимки, юқорида қайд этилган лимфаденит ва лимфангит 
ҳолатлари беморларни безовта қилмайди. 

Download 4.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   154   155   156   157   158   159   160   161   ...   285




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling