Сурункали ичак касалликларидаги артропатиялар
Носпецефик ярали колит, Крон ва Уиппл касалликларида асосий клиник белгилар билан бирга бўғим синдроми ҳам кузатилади.
Кўпинча оёқнинг йирик бўғимлари зарарланади, артритнинг қўзиши асосий касаллик билан боғлиқ.
Носпецефик ярали колитда ичак ва бўғим синдромидан ташқари перианал яллиғланиши, псевдополиплар, тугунчали эритема, гангреноз пиодермия, иридоциклит кузатилади.
Крон касаллигига қориндаги оғриқ, қон аралаш нажас, оёқ бўғимлари артрити, миопатиялар, тугунчали эритема, стоматит, ирит, ўнг ёнбош суяги остеомиелити, бармоқларнинг «барабан таёқчаси» шаклини олиши хос.
Носпецефик ярали колит ва Крон касаллигида рентгенологик текширишда сакроилеит белгилари аниқланади.
Уиппл касаллиги (интестинал липодистрофия) – кўчиб юрувчи артритлар ва ингичка ичак зарарланиши билан кечади. Бундан ташқари бу касалликга иситмалаш, лимфааденопатия, тери гиперпигментацияси, хотира бузилиши, анемия, плеврит, эндокардит хос. Ингичка ичак зарарланиши сурилишнинг бузилишига ҳамда оқсилнинг кўп йўқотилишига олиб келади ва натижада гипопротеинемик шишлар пайдо бўлади.
Аллергик артропатиялар
Аллергик артропатиялар – ўтиб кетувчи артритлар ёки полиартралгия кўринишида кечади. Улар алиментар аллергияларда, дориларни кўтара олмаслик ва зардоб касаллигида учрайди. Бўғим синдроми теридаги ўзгаришлар, иситмалаш, бронхоспастик синдром билан бирга кузатилади. Қонда лейкоцитоз ва эозенофилия аниқланади. Аллерген бартараф қилингандан сўнг ва десенсибилизациядан кейин артрит изсиз йўқолади.
Нейропотик артропатиялар
Нейропотик артропатиялар сирингомиелия, гемиплегия, орқа мия жароҳатларидан сўнг ривожланади. Клиникада асосий касаллик белгилари устунлик қилади. Бунда бўғимларда оғриқ, шиш, харакатда қисирлаш аниқланади. Елка бўғими ва умуртқа поғонаси бўйин қисми дегенератив ўзгаришлари натижасида «елка панжа» синдроми кузатилади. Бу синдромда елка бўғими шикастланиши оғриқ ва функциянинг бузилиши кўринишида номоён бўлиб, қўл панжаси шикастланиши – қўл панжаси усти шиши, гиперемияси цианозга алмашиши ҳамда, панжа бўғимлари харакатининг чекланиши билан бирга кечади. Бир неча ой ичида бармоқларда “тирноқли панжа” (“когтистая лапа”) кўринишидаги букувчи контрактуралар, панжа – қўл ва фалангалараро бўғимларда фиброзли анкилоз ривожланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |