Болалар энурези
Асосий ҳолатлар ва статистик маълумотлар
Кундузги энурез билан оғриган барча болаларни сийдик таҳлили ўтказилгандан сўнг педиатрга юбориш лозим.
Кечаси ўринга сийиб қўйиш – сийдик йўлларида анатомик аномалиялари бўлмаган 5 ёшдан катта болаларнинг уйқу вақтида ўрнига беихтиёр сийиб қўйишидир. Кечаси ўрнига сийиб қўядиган 5 ёшдан катта болаларни умумий амалиёт шифокори даволайди. Кечаси беихтиёр сийиб қўйиш 3 ёшли болаларнинг 50% да, 4 ёшли болаларнинг 30% да, 5 ёшли болаларнинг 15% да ҳамда 14 ёшли ўсмирларнинг 2% да кузатилади. Аксарият ҳолларда қиз болаларга нисбатан ўғил болаларда учрайди, ирсий бўлиши мумкин.
Агар кечаси сийиб қўйиш аввалига анчага йўқолиб, кейин яна пайдо бўлса уни иккиламчи кечаси сийиб қўйиш дейилади.
Этиологияси
Руҳий омиллар: Энурезни ўз-ўзидан руҳий бузилиши деб ҳисоблаб бўлмайди, бироқ ташвишлантирадиган воқеалар ва ҳаёт тарзини ўзгариши, эмоционал кечинмаларни кечириш энурезнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.
Етилиш. Энурезнинг сабабларидан бири – физиологик етилиш даражасининг етарлича эмаслиги.
Ирсият. 70% ҳолларда оиланинг бирор бир аъзосида энурез кузатилган.
Органик сабаблар. Инфекция, сийдик пассажининг бузилиши, умуртқанинг бел-думғаза бўлими патологияси қовуқнинг бузилган иннервацияси билан биргаликда, қандли диабет, қандсиз диабетдаги кўп сийиш ва ўроқсимон ҳужайравий анемия – сийдик тутолмасликнинг эҳтимолий сабаблари бўлиб, энурез ҳолатларининг 1-5% ни ташкил этади холос. Сурункали қабзият ҳам энурез сабабларидан бири ҳисобланади.
Диагностикаси
Анамнез. Энурез, энурез тури (бирламчи ёки иккиламчи, кечаси ёки кундузги)нинг оилавий анамнези. Сийиш хусусиятларини қайд этиш (частотаси, қистовлар, дизурия, томчилаб сийиш). Руҳий стрессор омилларни аниқлаш.
Текшириш. Бўй ва оғирлиги. АБ. Умуртқанинг бел-думғаза бўлими функциясини аниқлаш мақсадида неврологик текширув. Ташқи жинсий аъзоларни текшириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |