Збекистон Республикаси
Download 1.14 Mb.
|
Жами Пленум қарорлари 25.12.2022 йил2 дил
(Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда).
Ота ёки онадан бири ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва болалар улардан иккинчисининг, васийнинг ёки ҳомийнинг тарбиясига берилганда, алиментлар шу шахсларнинг фойдасига ундирилади. Болалар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала ҳал этилгунга қадарли болалар муассасаларига жойлаштирилган бўлсалар, алиментлар шу муассасаларнинг фойдасига ундирилиши керак. Болалар васийлик ва ҳомийлик органларининг қарамоғига топширилаётганларида алимент болалар топшириладиган шахсларнинг ёки болалар муассасаларининг фойдасига ундирилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки онадан алимент, қоидага кўра, даъво қўзғатилган вақтдан бошлаб ундирилиши лозим. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан алимент ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ижро этиш жараёнида вужудга келадиган, жумладан, муайян алимент ундирувчини кўрсатиш ҳақидаги, агар бола ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиққанидан сўнг то уни олиб қўйилгунга қадар шу ота ёки онаси билан яшаб келаётган бўлса, ундириш муддати тўғрисидаги масалалар ФПК 454-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилиши керак. (Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда). 19. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсга болалари учун тайинланган пенсия, пул ёрдами ва бошқа тўловларни, шунингдек унинг фойдасига ундирилган алиментларни тўлаш тўхтатилади. Шу сабабли судлар томонидан ишларни кўришда бу масалаларни аниқлаш лозим ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг унинг нусхасини кўрсатилган тўловларни амалга оширадиган тегишли органларга ёки тўловлар тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган жойдаги судга, бу тўловларни болалар муассасасига ёки бола тарбиясига берилган шахсга ўтказиш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш учун юбориш керак. 20. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармаганлигини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текширишлари лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклашга агар бу болаларнинг манфаатларига мос келса, йўл қўйилади. Болалар бошқа шахслар томонидан фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди. 21. Суд ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги масалани ота ёки она ота-оналик ҳуқуқидан суднинг фуқаролик ёки жиноят иши бўйича чиқарган қарорига биноан маҳрум қилинганлигига қарамасдан, фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади. Бундай ишлар судлар томонидан васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг ва прокурорнинг иштирокида кўрилиши лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво билан биргаликда шу шахснинг болани унга бериш тўғрисидаги даъвоси ҳам кўрилиши мумкин. Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир. Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорининг нусхаси судлар томонидан васийлик ва ҳомийлик органларига ва боланинг туғилганлиги қайд қилинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилиши керак. 22. Бир қатор объектив сабабларга ота-онанинг (улардан бирининг) руҳияти бузилиши ёки бошқа сурункали касаллиги, оғир шароитнинг вужудга келиши, оғир ҳолатларни бошдан кечириш ва бошқаларга кўра болаларни ота-онасининг ихтиёрида қолдириш хавфли деб топилса, суд Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 83-моддасига мувофиқ, шу моддада кўрсатилган шахс ва органларнинг даъвосига биноан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмасдан туриб ота-онадан (улардан биридан) болани олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши (ота-оналик ҳуқуқини чеклаш) ва васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига топшириши мумкин. Ота-оналик ҳуқуқининг чекланишига, болани ота-онаси (улардан бири) билан қолдириш уларнинг хулқ-атвори оқибатида бола учун хавфли бўлганда, бироқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асослар аниқланмаган ҳолларда ҳам, йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд томонидан ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин олти ой ўтгач, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этиши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб, ота-онани (улардан бирини) бу муддат ўтмасдан туриб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво тақдим этишга ҳақли. Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар ҳам прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади. Фарзандликка олганлардан болаларни олиш тўғрисидаги масала ҳам, фарзандликка олишни бекор қилиш учун қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлмаса, шундай тартибда ҳал этилиши мумкин. Фарзандликка олувчи мажбуриятларини бажаришдан бош тортган ёки ўзининг ҳуқуқларини суиистеъмол қилган ҳолатда, унга нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 169-моддасига мувофиқ фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисида даъво қўзғатилиши мумкин, чунки фарзандликка олувчиларда ота-оналик ҳуқуқи ва мажбуриятлари насл-насаби туфайли эмас, балки фарзандликка олганликлари муносабати билан вужудга келади. Суд болаларни ота-онасидан ёки фарзандликка олувчилардан олишда (ота-оналик ҳуқуқини чеклашда) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилиши лозим. Суд томонидан ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-онанинг боласи билан кўришиши унга салбий таъсир кўрсатмаса, бола билан кўришишга рухсат берилиши мумкин. Бундай кўришишга васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан, агар васий (ҳомий) тайинланган бўлса, унинг, ёхуд боланинг тутинган ота-онаси ёинки бола турган муассаса маъмуриятининг розилиги билан йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири)нинг ота-оналик ҳуқуқлари чекланишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топса, суд ота-она (улардан бири)нинг даъвосига биноан болани ота-онасига (улардан бирига) қайтариш ва Оила кодексининг 83-моддасида назарда тутилган чеклашларни бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Болани ота-онасига (улардан бирига) қайтариш унинг манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олиб, даъвони қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир. Download 1.14 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling