кўпроқ ишласалар, аниқроғи, ишласак, китоб тили содда, равон бўлишига эътибор берсак, ўзимизга ҳам,
ўқувчиларга ҳам яхши бўлади.
ҚИСҚА, ЛЎНДА ВА СЕРМАЗМУН ЖУМЛА
Баъзилар бир оғиз гап айтади ёки ёзади. Ундан ғиж-ғиж маъно топасиз. Яна айримлар жумлани
аччиқ ичакдай чўзиб юборади.
Ундан маъно топа олмайсиз, нима демоқчилигини тушунмайсиз.
КИТОБ ТАРҒИБОТИДАГИ ХОЛИСЛИК
Айрим кишиларда китоб ёзиш малакасидан кўра ташкилотчилик кучлироқ бўлади.
Китобга
холис баҳони ўқувчи беради. Муаллиф маҳсулотини ўтказишга минг уринмасин, ўқувчи унинг асарини
қизиқиш билан ўқимаса, бу сунъий жараён узоққа бормайди. Чунончи, яхши китобни кўпам
эълон
қилиш шартмас. Ўқувчиларнинг ўзи энг яхши тарғиботчидир. Муаллиф китобни тобига етказсин. У
ёғини ўқувчига қўйиб берсин.
ТАҲРИР ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИГАН КИТОБЛАР
Муаллиф ўта моҳир адиб ёки шоир бўлса-да, ҳар қандай китобни таҳрир қилиш мумкин. Магар
Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадислар бундан мустасно.
ОДАМЛАР ДИЛИДАГИ ГАПНИ ТОПИШ
Дилидагини тилига чиқара олиш, мавзуни одамларга тушунарли қилиб етказиб бериш ҳам бир
истеъдод. Ҳар
кимнинг дилида гапи бор, лекин ҳаммаям уни тилига чиқара олмайди.
Агар муаллиф
жумлани маромига келтириб ёзса, ўқувчи: “Ичимдаги гапни айтибди”, дейди.
ЖОНСИЗ КИТОБ
Ёзувчи ўзи билган, ҳис этган нарсаларни тўлиқ қоғозга тушира олмайди. Бунинг имкони йўқ,
деса ҳам бўлади. Чунончи, муаллиф мавзуни ҳаммадан кўра яхшироқ ўзлаштирган бўлиши, ўша
мавзуга доир нозик жиҳатларни бошқалардан теранроқ англаши керак. Ҳис қилиш туйғуси
кучсиз
ёзувчининг китоби жонсиз бўлиб қолади.
МУАЛЛИФ ХАТОСИ
Китоб ёзаётган ёки таржима қилаётган одамнинг асосий хатоси ўқувчиларни ўзининг савиясида
деб ўйлаб, тушунарсиз, изоҳталаб сўзларни кўп қўллашидир. Натижада яна бир зерикарли китоб олам
юзини кўради.