АВЛОДЛАР ТАРБИЯЧИСИ
Айримлар қиз фарзанд ҳақида: “Ишламаса, эртага турмушга чиқиб уйда ўтирса, ўқиб нима
қилади?” дейди. Бу – жуда нотўғри гап. Чунки аёл кўчага чиқиб ишламагани билан уйда бола тарбияси
билан шуғулланади. Фарзанд тарбиялаш – оғир ва масъулиятли юмуш. Аёл фақат диплом ёки ишлаш
учун эмас, аввало ўзи, қолаверса, бўлажак оиласи учун ўқиши керак. Зеро, маърифатли аёл эрини бахтли
қилади, салоҳиятли авлодни вояга етказади.
НИМА ЭКСАНГ, ШУНИ ЎРАСАН
Ота-онасига бемеҳр бўлиб, фарзандидан меҳр
кутиш далага тикан экиб, буғдой кутиш билан
баробар.
ОТА-ОНА ВА ФАРЗАНДЛАР
Ота-она фарзандини неча бор қўлига олиб кўтаради, елкасига миндиради, ўйнатади.
Лекин
фарзанд ота-онасини, кўп ҳолларда бир марта ва охирги марта елкасида кўтариб мозорга олиб боради.
Кейин қабрга қўяди. Аммо ушбу бурч ҳам барча фарзандларга насиб этавермайди.
РАҲМАТ ВА ЛАЪНАТ
Болага биров: “Отангга раҳмат!” дейиши қаердаю, “Падарингга лаънат!” дейиши қаерда?! Кўп
нарса тарбияга боғлиқ. Айнан оиладаги тарбияга.
ОТА-ОНА ДУОСИ
Фарзандларингиз яхши инсон бўлишини истасангиз, улар ҳақига кўпроқ дуо қилинг, тилингизни
қарғишдан сақланг. Зеро, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажобдир.
МИЛЛИЙ МЕНТАЛИТЕТ
Бизда ота-онани рози қилиш улуғ иш, ота-онага оқ бўлиш эса улкан гуноҳ саналади.
Оила муқаддас деб билинади. Эр-хотин ўртасидаги ажрим катта фожеа ҳисобланади.
Катталарни ҳурмат қилиш юксак вазифадир. Кексаларга ҳурматсизлик ўта
хунук иш деб
қаралади.
Тансиқроқ таом пиширсак, қўшниларга илинамиз. Ўзи тўқ бўлиб, қўшнисини оч-наҳор,
қаровсиз ташлаб қўйиш қораланади.
Биз шундай халқмиз. Динимиз кўрсатмалари қон-қонимизга сингиб кетган. Бу хислатларсиз
миллат сифатида қадримизни йўқотамиз.