ЎҚУВЧИ ҚАЛБИДАН ЖОЙ ОЛАДИГАН КИТОБ
Ўқувчи китобда ўзини кўра олса, ўзини қизиқтирган саволларга жавоб топса, шундагина китоб
унинг қалбидан жой олади.
ЖУМЛА ТУЗИШДАГИ МУКАММАЛЛИК
“Ҳамма ёзяпти. Мен ҳам нимадир ёзай” қабилида ёзилган китоб муваффақиятли чиқмайди.
Жумла ростмана таъсирли бўлиши учун фикр аввал мияда обдан пишитиб олинади. Инсон у ҳақида
ўйлайди. Кейин қоғозга туширилади. Ҳар бир сўз юракдан чиқади. Ёзмаслик иложи қолмаганидагина
битилган китоб қалбга етиб боради.
ЎСИШ БЕЛГИСИ
Муаллифда аввал ёзган китобини тўлдириш истаги туғилдими, демак, унда ўсиш бор. Агар
малака ошмаса, китобни қайта ишлаш режаси ҳам бўлмайди.
МУАЛЛИФ ТАЛАБЧАНЛИГИ
Ўзини билган муаллиф китоби ҳақида айтилган мақтовларга учмайди, балки асосий эътиборни
айтилган жўяли фикр-мулоҳазаларга қаратади, ўз устида кўпроқ ишлаб, малакасини оширади.
КИТОБ ЎҚУВЧИЛАРГА МАНЗУР БЎЛИШИ УЧУН...
Ҳозир пештахталарда турли-туман китоблар кўп. Бундай пайтда муаллифларга, ҳамкасбларимга
тавсиям: китобнинг сонига эмас, сифатига аҳамият берилса, яхши бўлади. Икки-учта эмас, битта китоб
ёзинг. Беш-олти ойда эмас, бир-икки йилда ёзинг, аммо пишиқ қилиб ёзинг. Шунда китобингиз
ўқувчиларга манзур бўлади.
КЎП ЙИЛЛИК МЕҲНАТ САМАРАСИ
Содда, лўнда, мағзи пишиқ жумла тузиш малакасини эгаллаш ёзувчининг катта ютуғидир. Бу
муваффақият тагида кўп йиллик меҳнат: иштиёқ билан ўқиб-ўрганиш, тинимсиз машқ қилиш, доим ўз
устида ишлаш ётади.
ЁЗМА ВА ОҒЗАКИ НУТҚ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ
Оғзаки нутқда айрим камчиликлар ўтиб кетади. Ёзмада эса ҳаммаси тартибли, аниқ, маълумотлар
текширилган бўлади. Оғзаки ва ёзма нутқ ўртасидаги фарқни билиш учун бирон маърузани қоғозга
тушириб кўринг. Шунда иккиси орасида катта тафовут борлигига амин бўласиз.
ОНА ТИЛИНИ БИЛИШ ЗАРУРИЯТИ
Таржимон фақат чет тилини эмас, биринчи галда ўз она тилини яхши билиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |