7.Банкларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли тўғрисида маълумот беринг?
Банклар акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.
Банклар Марказий банкда давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомини олади.
8.Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия нима?
Банклар Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини Марказий банк томонидан бериладиган, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) асосида амалга оширади.
Лицензия унинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
Лицензияни ёки унга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.
Лицензиясиз амалга ошириладиган банк фаолияти ғайриқонуний деб ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай фаолият натижасида олинган даромад Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилади.
Банкларни лицензиялаш тартиб-таомили қуйидаги икки босқичдан иборат:
Марказий банк томонидан банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш;
бир вақтнинг ўзида лицензия берган ҳолда банкни давлат рўйхатидан ўтказиш.
9.Банкларнинг мустақиллиги деганда нимани тушунасиз?
Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
10. Банклар қандай фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас?
Банклар бевосита ишлаб чиқариш, савдо, суғурта фаолияти ҳамда банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |