1-мавзу. Диншунослик фанига кириш Режа


Download 135.61 Kb.
bet13/22
Sana09.06.2023
Hajmi135.61 Kb.
#1474463
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   22
Bog'liq
1-ЖН Диншунослик

4.Исломнинг Мадина даври. Мадиналик “Ансор” (ёрдамчи)лар маккалик (муҳожир)ларни самимий кутиб олдилар. Муҳаммад пайғамбарнинг Мадинага кўчиб ўтиши рабиъ ул-аввалнинг 8-куни, милодий 622 йил 20 сентябрда юз берди.
Исломнинг Мадинадан кейинги даври унинг тарихида жуда катта аҳамиятга эга. Мусулмонлар биринчи марта алоҳида диний жамоа (Умма) бўлиб яшай бошладилар. Бу эса ўз навбатида диний қоидаларнинг шаклланишини тезлаштириб юборди. Аста-секин намоз, азон ва бошқа амаллар тартибга солинди. Пайғамбар бу шаҳарга учинчи тараф вакили сифатида таклиф этилган эди. Аввал, муросасиз Авс ва Хазраж араб қабилалари ҳамда Бану Қурайза, Бану Қайнуқоъ, Бану Назир яҳудий қабилалари билан ўзаро сулҳ тузилди.
Ҳижратнинг иккинчи йили рамазон ойида (милодий 624 йили) мусулмонлар уммаси қўшинлари ва маккаликлар ўртасида Бадр жанги бўлди. Бу жанг Мадинадан 80 мил (тахминан 150 км.) узоқда Сурия карвон йўлида жойлашган Бадр қудуғи яқинида бўлиб ўтди. Муросасиз кечган жанг мусулмонлар ғалабаси билан тугади. Бу жангдан сўнг Умма мавқеи Мадина аҳли орасида беқиёс ўсди. Шу даврдан бошлаб Муҳаммад пайғамбар етакчилигидаги ислом жамоаси кучли бир давлатнинг вазифаларини бажара бошлади. Мадина ичидаги Пайғамбар мухолифлари мунофиқун номини олди. Барча араб қабилалари мушрик деб эълон қилинди. Улар ёки ислом динини қабул қилишлари ёки очиқ майдонга жангга чиқишлари шарт эди. Бу жамоа-давлат қисқа ва узоқ муддатли сулҳ шартномаларини тузиш орқали турли араб қабилалари ва қабилалар иттифоқларини ўз ҳукмига бўйсиндира бошлади. Бўйсинган қабилалар ҳар йили жониворлари ҳисобидан Мадина давлатига Умма-давлат харажатлари учун садақа (мол тўлови) бермоқлари лозим эди. Садақа бермаганларга қарши ҳарбий юришлар ташкил этиларди. Ўлжадан тўловга ўтиш (Макканинг фатҳидан сўнгги даврда) давлатнинг шаклланиши ҳақида далолат беради.
Яҳудий ва христиан диний жамоалари аҳл ал-китоб мавқеига эга бўлишди. Улар Мадина давлати хазинасига ҳар бир вояга етган эркак бошидан тўлов (жизйа) йиғиб бериб, ўз ижтимоий-диний автономияларини сақлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Аммо Мадина давлатининг асосий мухолифи Макка жамоаси бўлиб қолаверди. Ҳижратнинг олтинчи йилида Макка қурайшийлари билан тузилган Ҳудайбия шартномаси энг муҳим ғалабалардан биридир.
Макка фатҳидан (630 йил) сўнг ислом давлати Арабистон ярим оролида тўла ғалабага эришди. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Макканинг олиниши мусулмонлар учун ғоят катта аҳамиятга эга бўлди, чунки шундан сўнг мусулмонлар жамоаси Арабистон муҳитида етакчи давлат ва сиёсий кучга айланди.
Шу билан бир қаторда Мадина диний қоида ва тартиблар бир текис шакллана бошладилар. Диний масалаларга ойдинлик киритишга яҳудий қабилалари билан бўлган можаролар албатта ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Қибланинг Қуддусдан Маккадаги Каъбага ўзгартирилиши, аҳл ал-китобга (яҳудийлар, христианлар) аҳл аз-зимма (мусулмон давлати ҳимояси остидаги диний жамоа) мавқеи берилиши ва исломда арабий унсурларнинг кучайиши шу воқеалар билан боғлиқдир. Пайғамбар Умма ҳаётини кўп ҳолларда атрофдаги одамлар учун одатий бўлган қоидалар асосида бошқарди. Муҳим ҳолларда янги диний ва ижтимоий қоидалар ваҳй орқали киритилди. Бу масалаларда биз Мадина давлатини теократик давлат деб аташимиз мумкин.
11 ҳижрий йил 12 рабиъ-ул-аввал, 632 милодий йил 8 июнь куни Пайғамбар вафот этди. Бу билан ислом тарихида илк давр – Қуръоний давр ёки теократия даври тугади. Бундан буён мусулмон-араб давлати тарихида подшоҳлар – халифалар, ислом дини нормаларини шакллантириш ва ривожлантиришда диний илмлар билимдонлари – уламоларнинг роли тобора ошиб бораверди.
Муҳаммад пайғамбар вафоти ҳақидаги хабар Мадина аҳли орасида ёйилгач, ансорлар Умма бошчиси – халифаликка номзод масаласини ҳал қилиш мақсадида Бану Саъида қабиласининг Сақифа номли гузарига ошиқдилар. Бир қанча муҳожирлар ва ансорлар ўртасида бўлиб ўтган қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг халифаликка Абу Бакр ас-Сиддиқни (632-634) сайлаб, барча унга байъат қилдилар. Абу Бакр диний ва дунёвий ҳокимиятни ўз шахсида бирлаштирди. Лекин унинг ҳокимиятини теократик деб атаб бўлмайди. Чунки у Аллоҳ билан мулоқотда эмас эди, унга халифалик ҳам Пайғамбар тарафидан васият этилмаган эди.
Пайғамбар вафотидан сўнг анча бўйсундирилган қабилалар Мадина шаҳар-давлати янги йўлбошчиси Абу Бакрга тўлов (садақа) бермасликка қарор қилди. Баъзи бир қабилалар ўз сиёсий мустақилликларини қайтариб олишни ўз ораларидан пайғамбарлар чиқариш орқали ифода этдилар. Араб давлати тарихида ушбу воқеалар “Ридда” номи билан аталади. Абу Бакр бундай хатти-ҳаракатларни қатъийлик билан бостирди. Мадина шаҳар-давлатининг араб қабилаларини ўз тасарруфига қайтариш йўлидаги олиб борган урушлари Арабистон ташқарисига чиқиб, аста-секин араб истилоларига айланиб кетди. Бу эса ўз навбатида исломнинг араб миллий динидан жаҳон динига айланишига замин яратиб берди.
Абу Бакр халифаликка сайлангач, уни мусулмонлар “Халифатар росулуллоҳ” дедилар, яъни росулуллоҳнинг ўринбосари деб атадилар. Абу Бакр вафотидан сўнг халифаликка Абу Бакр васиятига кўра, Умар ибн Хаттоб ўтирди. Энди Умар пайғамбарнинг эмас Абу Бакрнинг халифаси эди. Шунинг учун мусулмонлар Умар ибн Хаттобни “Халифата халифатар росулуллоҳ”, яъни пайғамбар ўринбосарининг ўринбосари деб аташлари лозим эди. Бундай қийин талаффуздан қочиш мақсадида Умар ибн Хаттоб ўзини “Амирул мўминийн”, яъни мўминларнинг амири деб атади.
Умар ибн Хаттобдан сўнг халифаликка Усмон ибн Аффон ўтирди ва ундан сўнг эса, Али ибн Абу Толиб бошқарди. Халифалик Али ибн Абу Толибга етиб келгач эса, унинг тарафдорлари алини “Имом” деб атай бошладилар. Шундай қилиб юқоридаги тўрт халифа ислом тарихида “Хулафаи рошидийн”, яъни тўғри йўлдаги халифалар номи билан ислом тарихида қолишди.


Download 135.61 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   22




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling