15.4. Меҳнат нормаларининг қўлланиш муддатларига қараб турларга бўлиниши
Ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш амалиётида меҳнат нормалари қўлланиш муддатларига қараб бир марта қўлланиладиган, вақтинчалик, доимий (шартли доимий) ва мавсумий нормаларга бўлинади.
Бир марта қўлланиладиган меҳнат нормалари ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналари учун хос бўлмаган, йил мобайнида жуда кам – бор-йўғи бир ёки икки марта қайтариладиган, масалан, табиий офатлар, фалокатлар (авариялар) натижасида кутилмаганда юзага келадиган ишларни, вазифаларни ёки хизматларни бажариш учун ишлатилади.
Вақтинчалик меҳнат нормалари янги техалогияларни, техникаларни, усул ва услубларни амалиётга жорий қилишда, янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки янги хизмат турларини ўзлаштириш давомида ишлаб чиқилади, режалаштирилади ва қўлланилади. Одатда, янги техналогияни, техникани ёки янги ишлаб чиқариш ва ишни бажариш усулларини ўзлаштириш, уларга мослашиш ижрочилар томонидан нафақат қўшимча сабир-тоқатни, балки бундай янгиликларни кўрсатилган муддат мобайнида тўла ўзлаштириш учун қўшимча ўқишни, ўрганишни, ҳатто махсус тайёрлов ва малака ошириш курсларида ўқишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам вақтинчалик меҳнат нормалари маълум бир муддатга қўйилади. Одатда, бу муддат 3 ойдан 6 ойгача бўлади. Шундай экан, ишлаб чиариш ёки хизмат кўрсатиш соҳаларида жорий этиладиган янгиликлар (янги техника, технология ёки иш услуби) қанча оддий бўлса, вақтинчалик меҳнат нормаларининг амалиётда қўлланиш муддати шунча қисқа бўлади ва аксинча, янги техникалар, технологиялар ва ҳ.к.лар қанча мураккаб бўлса, вақтинчалик меҳнат нормаларининг қўлланиш муддати ҳам шунча узоқ бўлади.
Доимий меҳнат нормалари етарли даражада ўзлаштирилган ва ўрганилган операциялар, ишлар ва хизмат кўрсатиш турлари учун мўлжалланади. Вақтинчалик меҳнат нормаларининг қўлланиш муддатлари тугагандан кейин улар доимий меҳнат нормалари, деб аталади. Улар меҳнат нормаларини тузиб чиққанда кўзда тутилган ташкилий ва техникавий шароитлар ўзгаргунига қадар қўлланилади, яъни уларнинг қўлланиши анча муддатга мўлжалланади. Одатда, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнларида, айниқса, бозор иқтисодиёти шароитида, тез-тез ўзгаришлар бўлиб туради. Доимий меҳнат нормаларини шартли доимий нормалар деб юритиш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |