15.7. Меҳнат нормаларининг иқтисодий, техникавий психо-физиологик ва ижтимоий томондан асосланиши
Меҳнат сарфи миқдорини аниқлашнинг асосий муаммоларидан бири – меҳнат нормаларини оптималлигини ва мақсадга мувофиқлигини аниқлашдир. Чунки бунда маълум бир иш ва хизмат турини бажариш учун зарур иш вақти сарфинигина эмас, шу билан бирга, энг кам ва етарли меҳнат сарфи миқдорини белгилаш тўғрисида сўз юритилади. Фақат шу муаммони ижобий ечиш туфайлигина ишлаб чиқилган меҳнат нормаларини ҳар томонлама асослашга эришилади. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарининг режалаштирилган аксарият техникавий-иқтисодий кўрсаткичлари сифатлилигини асослайди.
Меҳнат нормаларини техникавий асослаш деганда, аниқ бир иш ёки хизмат турини бажараётганда иш ёки хизмат жойида мавжуд бўлган техникалар (жиҳозлар) ишлаб чиқариш қувватидан, имкониятидан, ишлаш вақтидан ва муддатидан тўла фойдаланиш, уларнинг иш тартиби ва услублари ҳар томонлама мақсадга мувофиқ асосланиб, етарлича ҳисобга олинишига айтилади.
Меҳнат нормаларини иқтисодий асослашда иш ёки хизмат кўрсатишнинг шундай вариантлари ва ижро услублари танланадики, улар ўз навбатида, бир дона тайёр маҳсулот ёки хизмат турини бажариш учун зарур бўлган меҳнат сарфи миқдорини камайтиришга, ишлаб чиқариш циклини ва физиологик нагрузкани қисқартиришга кенг имкониятлар яратсин. Бошқача қилиб айтганда, меҳнат нормаларини иқтисодий асослаш деганда, мавжуд ишлаб чиқариш қувватидан, ижрочиларнинг мутахассислигидан, қобилиятидан, иш вақти фондидан етарли даражада, керакли асбоб-ускуналардан самарали, хом ашёлардан чиқинди чиқармасдан фойдаланиш, маълум бир иш ёки хизмат турининг режалаштирилган муддатда, сифатли бажарилиши ва бозор иқтисодиёти шароитида уларнинг рақобатбардошлиги тушунилади.
Меҳнат нормаларини психофизиологик асослаш. Физиолог олимлар томонидан исботланганки, ишлаш ёки хизмат кўрсатиш жараёнида ҳаётий энергиянинг сарфланиши натижасида инсоннинг меҳнат қобилияти иш куни давомида бир текисда кечмайди, вақти-вақти билан ўзгариб туради. Меҳнат қобилиятининг негизи ва асоси ҳисобланган энергия миқдорининг камайишига нафақат объектив сабаблар, балки ижрочиларга ёқмайдиган ва қизиқарли бўлмаган иш ёки хизмат турларини бажариш давомида ўз вақтида кўникма ҳосил қилиш ҳам сабаб бўлади. Инсоннинг меҳнат қобилиятига меҳнат шароитлари, яъни шовқин, вибрация, иш ёки хизмат кўрсатиш суръати, унинг тиғизлиги, ёруғлик, ҳавонинг иссиқлиги ва босим ҳам сезиларлик даражада салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг ҳаммаси иш шароитига баҳо бериш учун асосий кўрсаткичлар ҳисобланади. Шундай экан, меҳнат нормаларини режалиштираётганда нафақат буларни, балки меҳнат жараёнлари лойиҳалаштирилаётганда уларнинг яхшиланишини ҳар томонлама ҳисобга олиш билан бирга оқилона ишлаш ва дам олишнинг шундай тартибларини кўзда тутиш керакки, улар ишчиларда чарчаш жараёнининг олдини олиш, юқори меҳнат қобилиятини узоқ муддатга сақлаш имкониятларини бекаму кўст таъминласин.
Do'stlaringiz bilan baham: |