1-Мавзу: Кириш
Боб. БИОЛОГИЯНИ ЎҚИТИШНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИ
Download 1.79 Mb.
|
66422 БУМ матн
- Bu sahifa navigatsiya:
- 10.1. МАКТАБДА БИОЛОГИЯ ХОНАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ Режа
10 Боб. БИОЛОГИЯНИ ЎҚИТИШНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИ
Биологик таълим самарадорлигини ошириш учун муайян шарт-шароитлар яратиш, яъни биология ўқитишнинг моддий-техника базасини яратиш зарур. Ўқитишнинг моддий базаси таълим тизими олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга хизмат қиладиган, бир-бири билан узвий боғланган, шунингдек, бир-бирини тўлдирадиган биология ўкув хонаси, тирик табиат бурчаги, мактаб тажриба ер майдончасидан ташкил топади. Ўқувчиларнинг билимларни ўзлаштириш, ўқув фаолияти вақтининг катта қисми биология ўқув хонасида ўтганлиги сабабли, мазкур жараённинг самарадорлиги биология ўқув хонасининг мақсадга мувофиқ ташкил этилиши ва унинг жиҳозланганлигига боғлиқ. Тирик табиат бурчагининг асосий вазифаси дарс, дарсдан ташқари ишлар, синфдан ташқари машғулотларни тирик табиий кўргазма воситалар билан таъминлаш саналади. Мактаб тажриба ер майдончаси ўқувчилар томонидан дарсда ўзлаштирилган назарий билимларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш, ўсимликларни парвариш қилиш, кузатиш ўтказиш, тажриба қўйиш, табиатга нисбатан онгли муносабатни таркиб топтириш кўникмаларини эгаллашларига хизмат қилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларининг биологиясини ўрганиш, муайян шароитда ўсимликларнинг ривожланиши ва улардаги биологик қонуниятларни ўрганишга замин тайёрлайди. Ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакларни ўзлаштириш, биология ўқув фанига бўлган қизиқишини орттириш жараёни кўп жиҳатдан биология ўқув моддий-техника базасининг ташкил этилиши, шунингдек, улардаги машғулот ва ишларнинг самарадорлигига боғлиқ. Бўлғуси биология ўқитувчилари биология ўқув моддий-техника базаси, мактаб биология ўқув хонасини жиҳозлаш, тирик табиат бурчаги, тажриба ер майдончасини ташкил этиш ва уларда ўқув машғулотларини ташкил этиш йўлларини билиши зарур. 10.1. МАКТАБДА БИОЛОГИЯ ХОНАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ Режа: Биология хонасини умумий кўриниши. Биология хонасига қўйиладиган талаблар. Биология хонасида мавжуд жиҳозларни сақлаш юзасидан тавсиялар. Биология хонасининг функциялари. Ўқувчиларни биология ўқув дастури асосида билим, кўникма ва малакларни ўзлаштириш жараёни, яъни ўқувчиларнинг ўқув фаолиятининг асосий қисми биология ўқув хонаси ва унинг жиҳозланиш даражасига боғлиқ. Мактаб биология ўқув хонаси – мактабнинг алоҳида ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган бўлими бўлиб, у биология дарслари, дарсдан ташқари ишлар, синфдан ташқари машғулотларда ўқувчиларнинг билиш фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва фаоллаштиришга ижобий таъсир кўрсатади. Биология ўқув хонаси махсус жиҳозланган, биологияни ўқитиш жараёнини ташкил этишга мўлжалланган хона саналади. Биология ўқув хонаси ҳам муайян тарихга эга. Дастлабки табиатшуносликни ўқитиш учун мўлжалланган хоналар ўсимлик гербарийлари ва ҳайвон чучелаларини ойнали шкафларда сақлайдиган музейга ўхшаш бўлган. Кейинчалик ўқитиш жараёнига тадқиқот методининг жорий этилиши билан таълим-тарбия жараёнида лаборатория ва амалий машғулотларни ўтказиш назарда тутилган лаборатория хоналари ташкил этилган. Биология ўқув хонаси лаборатория ва амалий машғулотларни ўтказиш учун зарур бўлган ёрдамчи жиҳозлар билан бойитилган. Таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг техник воситаларининг кириб келиши ва қўлланилиши муносабати билан биология ўқув хонаси диапроектор ва кинопроекторлар билан таъминланган. Ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб мактабларда барча ўқув фанлари, шу жумладан, биология ўқув хонасини ташкил этиш йўлга қўйилган. Юқорида келтирилган фикрлардан кўриниб турибдики, фан ва техниканинг ривожланиши, мактаблар олдига қўйилган давлат ва ижтимоий буюртмаларга мувофиқ, биология ўқув моддий-техника базаси ривожланиб боради, ўқитиш мақсадлари ва вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади. Мамлакатимиз мустаққиллиги йилларида таълим-тарбия жараёнини тубдан ислоҳ қилиш, ўқитишнинг моддий-техника базасини ривожлантириш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2004-2008 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш дастурини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармойишда мактабларни ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув услубий материаллар билан таъминлаш зарурлиги кўрсатилган. Умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали ўқувчиларда ДТС талабларига монанд ҳолда билимларни шакллантириш, кўникма ва малакаларни таркиб топтириш жараёнига амалий ёрдам кўрсатиш учун биология хонасини замон талаблари асосида ташкил этиш зарур. Биология хонаси бошқа ўқув хоналаридан фарқли томонлари бўлгани учун йўлакка яқин жойлашган коридордаги охирги хонани танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу жойларда тирик табиат бурчаги, кўргазмалар ташкил этиш мумкин. Биология хонаси 2 та: дарс олиб бориладиган ўқув хонаси, лаборатория ҳамда тирик табиат бурчаги хоналаридан иборат бўлиши керак. Биология хонасининг талаб даражасида жиҳозланиши биология ўқитувчиси зиммасига юклатилади. Биология хонаси қўйидаги асосий вазифаларни бажаришга йўналтирилган: таълимнинг самарадорлиги ошириш мақсадида ўқув жараёнини ташкил этишда керак бўладиган жиҳозлар билан таъминлаш; дарс ва ўқув жараёнининг бошқа шаклларида ўқитишнинг техник воситаларидан фойдаланиш; лаборатория ва факультатив машғулотларни ўқув, лаборатория жиҳозлари, кўргазма воситаларидан фойдаланиш; ўқувчилар билимини аниқлаш, назорат қилиш ва баҳолашда ЭХМнинг назорат дастурларидан фойдаланиш; биология бўйича синф ва мактабдан ташқари машғулотларни олиб боришда керак бўладиган жиҳозлар билан таъминлаш; Ўқув хонасининг юзаси ўртача 70 м2 атрофида, лаборатория хонаси эса 35-40 м2 бўлиши тавсия этилади. Биология ўқув хонаси қуйидаги зарур бўлган мебель ва махсус жиҳозлар билан жиҳозланади: доска, ўқитувчи столи ва стули, намойиш столи, ўқувчилар учун парта ва стул, препарат ва муляж сақланадиган алоҳида шкафлар, биология хонасини безатишда эстетик талабларга аҳамият бериш керак. Хонанинг деворларига ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг эволюцион ривожланиш тарихи, кўзга кўринган биологларнинг портретлари қўйилиши мақсадга мувофиқ. Биология хонасининг барча жиҳозлари дарс давомида тажриба, амалий иш ва кузатишлар ўтказиш, жадваллар, видеофильм диапозитивларни ўз вақтида намойиш қилиш, амалий ишларда дидактик ва тарқатма материал, ҳамда асбобларни тарқатиш ҳамда йиғиб олишга мослашган бўлиши керак. Бу ўз навбатида ўқув қуролларини муайян тизимда сақлашга, уларни дарсда фойдаланиш учун тез топиш ва тайёрлашга имкон беради. Мазкур ишларга ўқувчиларнинг жалб этилиши уларда ўқув меҳнатини ташкил қииш маданиятини тарбиялайди. Лаборатория хонаси биология хонасининг ажралмас таркибий қисми саналиб, унда асосан ўқув-кўргазма қуроллар, асбоблар, идишлар, яъни ўқитиш жараёнини ташкил этишга керак бўлган барча қўлланмалар сақланади. Аудио ва видеокассеталар, видеодисклар, дидактик материаллар, лаборатория ва амалий машғулотлар олиб бориш учун йўриқнома бериш ҳамда кўрсатмаларни ҳаммаси маълум бир мавзу юзасидан тузилган библиографик картотека тизимига киритилади. Лаборатория хонасидаги столда тажрибалар ўтказиш учун зарур материаллар тайёрланади, кўргазмалар таъмирланади. Столда жўмракли сув крани бўлади. Ундан идишларни ювишда фойдаланилади. Биология ўқитиш хонаси, лаборатория хонасидан ташқари, тирик табиат бурчагини ташкил қилиш лозим. Тирик табиат бурчагида фақат ўқув дастурига киритилган хона ўсимликлари ва тирик ҳайвонларни сақлаш, улар устида кузатиш ва тажрибалар ўтказиш, натижаларини дарсларда намойиш қилиш мақсадга мувофиқ. Ўқувчилар томонидан олиб борилган қисман тадқиқот характерига эга бўлган кузатиш ва тажриба ишлари дарсдан ва синфдан ташқари ишларда фойдаланилади. Тирик табиат бурчагини имкон даражасида биология хонасининг яқинидаги фойеда ташкил қилиш мумкин. Махсус жойни танлашда тирик организмларни сақлаш ва жойлаштириш, биологик талабларга мос келишини эътиборга олиш керак. Сақланаётган ҳар бир ўсимлик ва ҳайвон олдига улар ҳақидаги маълумотларни акс эттирган паспорт қўйилади. Бу маълумотлар ўқувчилар томонидан тирик табиат бурчаги объектлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Тажриба ва назорат объектлари устида кузатиш ва тажрибалар ўтказишдан олинган натижаларни умумлаштиришда ўсимлик ва ҳайвонлар ҳақидаги маълумотлар ёрдам беради. Тирик табиат бурчаги ўқувчиларда ўсимликлар парваришлаш, кўпайтириш, ҳайвонларни боқиш ва парваришлаш кўникмаларини таркиб топтириш орқали меҳнат тарбиясини амалга ошириш, ижтимоий-ташкилий кўникмалар, мактаб мулкига эгалик ва уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини вужудга келтиради. Умумтаълим мактабларида биологик таълимнинг самарадорлиги таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш шакллари бўлган дарс, дарсдан ва синфдан ташқари ишлар, экскурсияларни талаб даражасида ўтказишга боғлиқ. Мазкур машғулотларни талаб даражасида ташкил этилиши, аввало биология ўқув хонаси, лаборатория, тирик табиат бурчакларини тўлиқ жиҳозланишига боғлиқдир. Биология ўқув хонасининг асосий вазифаларидан бири, уни жиҳозлаш ва йил давомида бойитиб бориш, ўқув жиҳозларини ҳисобга олиш, ундан фойдаланиш учун ҳар доим тайёр ҳолда туришини таъминлаш саналади. Биология ўқув фани асосан тирик организмлар тўғрисида билим берувчи фан. Биология ўқув фанини ДТС талаблари асосида ўқитиш, тирик организмлар устида кузатиш ва тажрибалар ўтказиш, мустақил ишларни қўллаш асосида машғулотлар ўтказишга имкон берадиган моддий базани ташкил этишни талаб этади. Ўқув хонаси жиҳозланганда фаннинг мазмунини тўлиқ қамраб олган бўлиши, унинг олд томонида доска, ўнг томонида телевизор, чап томонига компьютер қўйилади. Досканинг чап томонига ўсимлик ва ҳайвон хужайраси стенд ёки модели, ўнг томонида органик олам ривожланиш эволюцияси, ойна томонига хона ўсимликлари, манзарали гуллар, орқа томонига биологиянинг бўлимлари бўйича шкафлар ва бу шкафларга ҳар бир бўлимга тегишли бўлган жиҳозлар қўйиш керак. Шкафнинг тепасига биология фанига катта хисса қўшган олимлар жумладан, Е.П.Коровин, И.А.Райкова, Т.З.Зоҳидов, А.А.Музаффаров, Ё.Х.Тўрақулов, Б.О.Тошмуҳаммедов, Ж.А.Мусаев, А.Абдуллаев кабиларнинг портретлари қўйилади. Фан хонаси жиҳозлари алоҳида ҳар бир биология фани талабларига жавоб берадиган муаян тизимда жойлаштирилиши лозим. Тажриба ўтказиш учун мўлжалланган асбоблар фан-техника ютуқлари даражасида бўлиши, техник-хавфсизлик қоидалари, меҳнат гигиенаси талабларига жавоб бериши лозим. Шу сабабли ўқув ва лаборатория хоналари ўқув асбоб ускуналаридан фойдаланишда зарур бўлган умумий талаблар мавжуд. Жумладан, педагогик талаблар сифатида: Ўқув ва лаборатория хоналари, ундаги жиҳозлар ҳамда воситалар дарсда ўрганиладиган мавзу мазмунини ёритиши; Ўқувчиларнинг объектларни таниши, уларнинг тузилишини тўлиқ тасаввур этишларига йўналтирилиши; Ўқувчиларнинг билимларни ўзлаштириши, ёдда сақлаш ва амалиётда қўллашга ёрдам бериши; Биологик таълим жараёнида кўргазмалилик принципини амалга оширишга замин яратиши; Ўқитишда илғор педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш орқали ўқувчиларнинг биология фани асосларини пухта ўзалштиришлари, биологик, ўқув ва амалий кўникмаларни таркиб топтириш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ва касб танлашларига ёрдам бериши лозим. Биология хонасида ишлаш вақтида қўйиладиган хавфсизлик ва гигиена талаблари: Хонадаги ўқув жиҳозларининг барчаси таълимнинг техникавий воситалари ва меҳнат гигиенаси ҳамда хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бериши; Ўқув хонасида техник воситалар (асбоблар)ни ишлатиш ва сақлаш қоидаларини эслатиб турувчи (эслатмалар) бўлиши; Хавфсизлик техникаси ва гигиена талабларига тўлиқ риоя қилиш бахтсиз ходисаларни ҳамда турли касалликларни олдини олишнинг ишончли гарови эканлигини ёдда тутиш лозим. Download 1.79 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling