Ахлоқий меъёрлар. Улар гурух аъзолари хамда фаолият йўналишлари (корхона мақсадларига эришиш, гурух учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар) учун жуда катта ахамиятга эгадир. Ахлоқий меъёрлар аслида инсонларнинг гурухга мансублигининг асосий шартидир. Бу меъёрлар гурух аъзоларига „Нима маъқул-у, нима номаъқул?" эканлигини аниқ-равшан белгилаб қўйиши шарт. Гурухий ахлоқий меъёрларга ўз корхоналаридан фахрланиш туйғуси, корхона мақсадларини ўз мақсадлари сифатида қабул қилиш, энг юксак мехнат самарадорлигига эришиш, янгиликка интилиш, хамкасбларига ёрдам кўрсатиш, гурухда соғлом мухитни сақлашга интилиш, халоллик, ташаббускорлик, мижозлар билан самимий муносабатлар ўрнатиш ва бошқаларни келтириш мумкин.
Ижтимоий назорат. Норасмий гурух аъзоларининг ахлоқий меъёрларга риоя этишларини назорат қилиш бу — гурухнинг мухим хусусияти хисобланади. Бу назорат етакчининг ўзи томонидан ёки бунинг учун махсус сайлаб қўйилган гурух аъзолари („назоратчилар") томонидан амалга оширилиши мумкин. Гурух ахлоқий меъёрларига мунтазам равишда риоя этмаган ходимларни норасмий гурух аъзолигидан чиқаришгача бўлган жазо чоралари қўлланиши мумкин. Расмий гурухда ижтимоий назорат одатда амалдаги қонунчилик ва ички тартиб қоидалари доирасида амалга оширилади.
Норасмий гурух; самарадорлиги қуйидаги омилларга боғлиқдир:
Гурух миқдорлари. Тадқиқотлар норасмий гурух аъзолари миқдори 3—12 киши атрофида бўлгани энг мақбул эканлигидан далолат беради. Гурух аъзолари 3—5 киши бўлса, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш осон кечади. Бироқ, бу холда қарор қабул қилиш учун шахсий масъулият кучаяди. Бу холда гурух аъзолари одатда бир неча вазифаларни бажаришга мажбур бўладилар. 8—12 кишилик гурухда нуқтаи назарлар кўп бўлиши хисобига оқилона қарор қабул қилиш имкониятлари ортади. Муаммони хал этиш учун „ақлий хужум" уюштириш холларида эса норасмий гурух 4—6 киши бўлиши энг мақбулдир.
Гурух таркиби. Кўпгина ишлаб чиқариш ва ижтимоий вазифаларни хал этиш учун гурух таркибида жинси, ёши, касби турлича бўлган аъзолар бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бу муаммони турли нуқтаи назарларни таққослаш орқали мухокама қилиш ва муқобил қарорлар қабул қилишда қўл келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |