15-Мавзу. Диний мутаасибилик ва диндорлик
Ислом ниқобидаги экстремизмнинг ғоявий илдизлари
Download 56.44 Kb.
|
Дин. мутаносиблик Word (3)
Ислом ниқобидаги экстремизмнинг ғоявий илдизлари. Ислом
ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатлар тарихига эътибор берадиган бўлсак, уларнинг илдизлари узоқ ўтмишга, ҳатто ислом тарихининг биринчи асрига бориб тақалишини кўриш мумкин. Унинг илк вакилларидан бири сифатида 657 йили халифа Али (р.а.) аскарларидан ажралиб чиққан, ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган» деб эълон қилиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган «хорижийлар» (арабча–ажралиб чиққанлар, исёнчилар) диний-сиёсий оқими фаолияти мисол бўла олади. Хорижийлик йўналиши ва таълимоти. Халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) (644-656) даврига келиб ислом жамоаси ичида фитналар пайдо бўлди. Усмон (р.а.)га уюштирилган суиқасд (656 й.) ҳам ана шу сиёсий курашларнинг натижаси эди. Халифа ўлдирилгач, унинг ўрнига Али ибн Абу Толиб (р.а.) (656-661) сайланди. 657 йил (37 ҳижрий)да Шомнинг (Сурия) шимоли-шарқида жойлашган Сиффин мавзесида халифа Али (р.а.) қўшини билан у ернинг ҳокими Муовия (р.а.) қўшини ўртасида «Жамал воқеаси»дан бир ой ўтиб, тўқнашув содир бўлган. Ушбу тўқнашув 656 йил учинчи халифа Усмоннинг (р.а.) ўлдирилиши муносабати билан Али (р.а.) ва Муовия (р.а.) тарафдорлари ўртасидаги кескин қарама-қаршиликлар сабаб бўлди. Марҳум халифанинг яқин қариндоши бўлган Муовия (р.а.) халифалик тахтини эгаллаган Али (р.а.)дан айбдор жиноятчиларни жазолашни талаб қилиб, шундан сўнггина Али (р.а.)га байъат қилишни маълум қилди. Жанг тўққиз кун давом этди. Али (р.а.)нинг қўли баланд келиб турганда, Муовия (р.а.) тарафдорлари ҳийла ишлатдилар. Улар Амр ибн Осс (р.а.) кўрсатмаси билан катта найзалар учига янги кўчирилган Мусҳаф варақларини илиб, Қуръон билан ҳукм чиқаришни талаб қилдилар. Муовия (р.а.)нинг жанжални сулҳ орқали ҳал қилиш ҳақидаги таклифини Али (р.а.) қабул қилгач, жанг тўхтатилди. Али ва Муовия (р.а.)лар ўртасида ҳижрий 37 йил сафар ойининг 15 куни (мил. 657 йил 8 сентябрь)да сулҳ тузилди. Мазкур «Сиффин» жанги мусулмонлар учун жуда катта йўқотиш бўлди. Унда ҳаммаси бўлиб тўқсон минг мусулмон ҳалок бўлди. Айнан «Жамал» ва «Сиффин» жанглари мусулмонлар ўртасида дастлабки бўлинишлар ва турли фирқалар келиб чиқишига сабаб бўлди. Аҳли сунна ва-л-жамоа эътиқодига кўра, саҳобийлар орасида юз берган бу вазиятларда улар айбланмай, уларнинг бари ҳақни излаган мужтаҳидлар ҳисобланадилар. Умумий қоидага асосланиб, улардан қайси бирлари тўғри ижтиҳод қилган бўлсалар, икки ажр, хато ижтиҳод қилган тарафга эса бир ажр берилди. Халифа Али (р.а.) билан Муовия (р.а.) ўртасидаги тузилган битимдан Куфа яқинида турган 12 минг кишидан иборат қўшиннинг бир қисми норози бўлди. Улар «ҳукм чиқариш фақат Аллоҳнинг изнидадир», деган шиор билан қўшинни тарк этиб, Куфа яқинидаги Ҳарура қишлоғига кетдилар. Бу фирқанинг Куфадаги «хypyж» (бўйсунмаслик) воқеаси уларнинг «хавориж» (қарши чиқувчилар) номини олишларига сабаб бўлди. Бу воқеа Ҳарура қишлоғида юз берганлиги боис аввалига уларни «ҳарурийлар» деб ҳам атаганлар. Улар ўзларини «Шурот» (Жонларини Аллоҳ йўлида тиккан кишилар) деб номлаганлар. Яна уларнинг «Муҳаккима» («ҳукм Аллоҳнинг изнида» дегувчилар) деган номлари ҳам бўлган. Хорижийлар ўзларига Абдуллоҳ ибн Ваҳб ар-Росибийни амир этиб сайлаб, Али (р.а.) ва Муовия (р.а.)ни йўқ қилиш пайига тушдилар. Халифа Али (р.а.)ни 661 йилда хорижий Абдурраҳмон ибн Мулжам ўлдиргач, хорижийлар икки фирқага бўлиниб, бири Ироқда қолди, иккинчиси Арабистон ярим оролига кетди. Умавийлар даврида хорижийларга қарши кескин кураш олиб борилди. Чунки улар Умавийлар давлатига катта хавф солардилар. Бу даврда хорижийлар кучайиб, Кирмон, Форс, Ямома, Ҳадрамавт, Тоиф ва Яман каби шаҳар ва ўлкаларни эгалладилар. Ҳокимият Умавийлардан Аббосийлар сулоласи (749-1258) қўлига ўтганидан кейин ҳам бу тоифа бир муддат ўз кучини йўқотмади. Бироқ Аббосийлар узоқ вақт уларга қарши узлуксиз олиб борган курашларидан сўнггина хорижийлар инқирозга юз тутди. Демак, исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа «хорижийлар»дир. «Хорижийлар» ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Айнан улар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни имонсизга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Бундай ғоялар келиб чиқишига кўра ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усулларидан бўлиб, минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келган. Ўз даврида улар билан баҳс мунозара қилиш, уларнинг фикрларига раддия бериш, тўғри йўл кўрсатиш мақсадида машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) уларнинг ҳузурига жўнатилган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос асосан уларнинг «Аллоҳнинг ҳукми» борасидаги хато қарашларига раддия берган. Натижада жами олти минглик хорижийлардан икки минг нафари нотўғри йўлда эканликларини англаган ҳолда ундан қайтганлар. VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ (в.685й.) бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар. IX аср охирида Жанубий Ироқда юзага келган қарматийлар намоз, рўза, закот, ҳаж каби амаллар фарз қилинмагани, Қуръон оятларида масжид қуриш ёки у ерда йиғилиш ҳақида ҳукмлар йўқ, деган даъво билан масжидларга боришни ман қилиш даражасигача борган эди. Ҳаракат ўз номини унинг асосчиси Ҳамдон ибн Ашъаснинг лақаби Қармат сўзидан олган бўлиб, унинг маъноси манбаларда турлича «калта оёқ» ёки «қизил кўз» каби маъноларда ифодаланган. Исломдаги мавжуд қоида ва тартибларнинг моҳиятини бузиб талқин қилиш оқибатида улар ҳаттоки, ҳажга келувчилар Каъбага сиғиниб, Аллоҳга ширк келтиришмоқда, деган даъволар остида 930 йилда Маккага ҳужум қилиб, уни талон-тарож қилиб, ҳожиларнинг бир қисмини қул қилишган, бир қисмини эса ўлдиришган. Каъбани вайрон қилиб, қора тошни иккига бўлиб, Баҳрайнга олиб кетишган, фақат 20 йилдан кейин катта тўлов эвазига у Маккага қайтариб берилган. Қарматийлар ислом тарихида ўчмас доғ қолдирган жиноятларни содир этган. XI аср охирида Эронда юзага келиб, махфий равишда иш кўрган «ҳашшошийлар» (арабча - ҳашиш (наша) чекувчилар, гиёҳвандлар) террорчилик оқими эса ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уларга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорларга суиқасд уюштириш амалиётини олдинга сурган эди. Узоқ вақт ҳашшошийлар кўплаб ҳукмдорларга таҳдид солиб турган, ҳаттоки, айрим Европа мамлакатлари раҳбарлари ўз хавфсизликларини таъминлаш учун уларга тўлов тўлашга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «ҳашшошийлар» замонавий террорчилар томонидан ҳам кенг қўлланилаётган, оддий кишилар ва ёшларга гиёҳванд моддаларни истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирган. Диний мутаассибликка асосланган ихтилофлар оқибатида чексиз низолар, келишмовчиликлар, ҳатто қонли урушлар келиб чиқиб, катта талофатларга ва жамиятнинг инқироз томон юз тутишига сабаб бўлган. Бузғунчилик ва зўравонликка асосланган, эътиқодий бирликка таҳдид солган бундай оқимлар фаолияти ўз даври уламолари томонидан қаттиқ қораланган ва таъқиб қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Вақт ўтиши билан, мазкур ғоялардан янада кенг фойдаланган ҳолда, шунингдек, ўзгача талқин ва моҳият касб этган янгидан янги мутаассиб оқимлар фаолияти пайдо бўлди. Замонавий воқелик диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг салоҳияти сифат ва миқдор жиҳатидан жиддий ўсганини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида диний экстремизм ва терроризмнинг глобал хавфсизликка йўналтирилган жиддий таҳдидга айланишига замин яратмоқда. Диний-экстремистик ва террорчи гуруҳлар глобаллашув жараёнлари ва йирик давлатлар орасидаги геосиёсий манфаатлар тўқнашувидан ҳамда фан-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда экстремизм ва терроризмга қарши кенг кўламли кураш олиб борилаётган муҳитга мослашишга харакат қилмоқда. Диний экстремизм ва терроризмнинг жамият барқарорлигига салбий таъсири халқаро террорчилик тизимида етакчи ўринларни эгаллаб турган қуйидаги диний-сиёсий ташкилотларнинг моҳияти таҳлил қилинганда янада яққол намоён бўлади. Download 56.44 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling