1991-йили буюк аллома, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий юбилейини ўтказиш катта воқеа бўлди. Бу тантанага бағишланиб республикада шоирнинг асарлари нашрдан чиқарилди. Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан ҳайкалнинг очилиш маросимида (1991-йил 1-октабр) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов: “Ўз тарихи ва аждодларини сийлаган халқнинг келажаги, албатта, порлоқ бўлади. Ишонамизки, Ўзбекистонимиз тез орада дунё ҳамдўстлиги ўртасида ўзига муносиб ўринни эгаллайди, иншооллоҳ. Ана ўшанда ҳам Алишер Навоийнинг қутлуғ номи бизга мададкор бўлади” – дея ният билдирган эди.
Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши натижасида бадиий ижод, тасвирий санʼатга эʼтибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шарқнинг буюк мусаввири Камолиддин Беҳзод таваллудининг 540 ва 550 йиллиги кенг нишонланди, 545 йиллиги ЮНЕСКО қарорига биноан халқаро миқёсда Тошкентда ўтказилди. Камолиддин Беҳзод номидаги музейга асос солинди. 1994-йил Мирзо Улуғбек таваллуд топган кунининг 600 йиллиги кенг кўламда, жаҳон миқёсида нишонланди. ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида юбилейга бағишланган ҳафталик ўтказилди.
ЮНЕСКО томонидан 1996-йил “Амир Темур йили” деб эʼлон қилинди. Шу йили ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида “Темурийлар даври, фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” мавзусида анжуман ўтказилди ва унга бағишланган кўргазма очилди. Мамлакатимизда “Темур ва темурийлар” музейи, Амир Темур номи берилган боғлар, кўчалар барпо этилди. 1999-йили мамлакатимизда Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллик таваллудига, “Алпомиш” достони яратилишининг 1000 йиллигига бағишланган турли кечалар, маʼнавий-маʼрифий тадбирлар ташкил этилди. Ўзбекистонда унга атаб бир нечта ҳайкаллар ўрнатилди, Хоразм вилоятида Жалолиддин Мангубердига бағишланган мемориал мажмуа қурилди.
Буюк аждодларимизнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси беқиёс бўлиб, жумладан, Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Рудакий, Улуғбек, Жомий, Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа юзлаб бобокалонларни дунё эʼтироф этган. Истиқлол йилларида уларнинг номлари қайта тикланиб, маʼнавий мероси халқимизга қайтариб берилди, уларнинг юбилей тантаналари мамлакатимизда ва жаҳон миқёсда кенг нишонланди. 1998-йили Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги, Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги, ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги, калом илмининг асосчиси Абу Мансур ал-Мотурудий таваллудининг 1130 йиллиги, Исо ат-Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Бахоуддин Нақшбандийнинг 675 йиллиги ўтказилди ва алломалар ҳаётига бағишланган илмий анжуманлар, бадиий кўргазмалар очилди.
Ўзбек халқи тарихий хотирасини тиклаш йўлида жуда муҳим меʼморий тадбирлар амалга оширилди. Айниқса, Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилояти Хартанг қишлоғида улкан меʼморий мажмуот (мақбара, масжид, меʼморий идора, кутубхона ва ошхона) янги лойиҳа асосида тикланиши (1998) мусулмон дунёсида ғоят миннатдорлик ва катта олқиш билан кутиб олинди. Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги муносабати билан Қува ва Фарғона шаҳарларида ҳайкал ва сайлгоҳ боғлар барпо этилди. Самарқандда Имом Мотурудий қабри устига меʼморий ёдгорлик тикланди, Бурҳониддин Марғиноний хотирасига бағишланган меʼморий мажмуот Марғилон шаҳрида бунёд этилди. Бухорода Имом Бухорий мажмуаси қурилди. Шунингдек, Бухорода Хўжа Бахоуддин ансамбли янгидан реконструксия қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |