Халқ педагогикасида тарбия методлари. Халқ педагогикаси ўзбекона ахлоқ, одоб ва тарбиянинг барча қирраларини ўзида мужассамлаштирган. Халқ педагогикасида турлича тарбия методлари ҳамда воситаларидан фойдаланилади. Бу метод ва воситалар ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, кўп жиҳатлари билан илмий педагогикадан устунлик қилади. Бинобарин, ушбу методлар илмий педагогиканинг шаклланишига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Халқ педагогикасида қўлланилган хилма-хил тарбия методларини қуйидаги тарзда умумлаштириш мумкин.
1.Тушунтириш (ҳикоя қилиш, ўргатиш).
2.Машқ орқали одатлантириш (одатлантириш, машқ қилдириш).
3.Намуна (маслаҳат бериш, узр сўраш, яхшиликлар ҳақида сўраш, ўрнак бўлиш).
4.Насиҳат қилиш, ўгит (ундаш, кўндириш, илтимос қилиш, ёлвориш, тилак-истак билдириш, маъқуллаш, раҳмат айтиш, дуо қилиш, оқ йўл тилаш ва ҳоказолар).
5.Қоралаш ва жазо (таъкидлаш, таъна, гина, танбеҳ бериш, мажбур қилиш, койиш, айблаш, уялтириш ва ҳоказолар).
Агар эътибор берилса, юқоридаги бешта метод умумий яхлитликни ифодалайди. Олдин болага умумий жараённинг моҳияти тушунтирилади. Болалар нарса, ҳодиса ва жараёнларнинг моҳиятига тушунмаганларида тарбиячи намуна воситасидан фойдаланади, яъни, ёшларнинг мустақил кузатувчанлигига эътибор берилади. Бу ҳолатда ҳам тушунмаганлар катталарнинг насиҳати, ўгити асосида нарса, ҳодиса ёки жараёнларнинг моҳиятини англайдилар.
Халқ педагогикаси намуналари, тарбия методлари ва тарбиявий таъсирлар муайян воситалар ёрдамида қўлланилган. Меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, турли меҳнат жараёнлари, ҳашарлар, турли гурунглар (чойхона, тўй маросимлари), сайиллар, оилавий анъаналар (туғилган кун, фуқаролик паспорти, умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий маълумотга эгалик тўғрисидаги аттестат ва диплом, шунингдек, давлат мукофотларини олиш каби ҳолатларни нишонлаш) ва мусобақалар ўзига хос тарбия воситаси саналади.
Ижтимоий онгни шакллантирувчи методлар. Бу метод ўқувчиларда маънавий-ахлоқий сифатлар, эътиқод ҳамда дунёқарашни шакллантириш мақсадида уларнинг онги, ҳис-туғйуси ва иродасига таъсир кўрсатиш усуллари саналади. Бу гуруҳ усулларининг моҳияти шундаки, улар орқали ўқувчилар онгига жамиятда устувор ўрин тутувчи ижтимоий ғоя ва мақсадлар сингдирилади. Ёшлар дунёқарашини шакллантириш, уларнинг ҳаёт мазмунини тушуниб олишларига кўмаклашиш учун ижтимоий онгни шакллантирувчи усуллар қўлланилади.
Ўқувчиларда ғоявий онглилик ва ижтимоий фаоллик, яъни, давлатнинг ички ва халқаро сиёсати мазмунини тушуниш ва идрок қилиш кўникмаларини тарбиялаш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |