4. Монополиядан чиқариш ва ихчам қурилиш тузилмаларини ташкил қилиш. Сўнгги пайтларгача саноат, қишлоқ хўжалиги, йўл, фуқаро ва уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи қурилиш вазирликлари монопол мавқега эга эдилар. Амалиётдан маълум бўлишича, монополизм бозор муносабатлари ривожланишининг дастлабки босқичлари учун мақбул бўлиши мумкин, аммо кейинчалик унинг ҳукмронлиги турғунликни вужудга келтириб, рақобатга тўсқинлик қила бошлайди. Шунинг учун монополизм билан бозор иқтисодиётининг муҳим белгиси бўлган рақобат бир жойда мавжуд бўла олмайди. 5. Ички ва ташқи бозорларнинг очиқлиги Бу тамойил саноат корхоналари, савдо соҳаси, қишлоқ хўжалигига кўпроқ хос бўлиб, афсуски, қурилиш ишлаб чиқаришига камроқ даражада тааллуқлидир. Аммо бу қурилиш фақат ички эҳтиёжлар доирасида қолиб кетиб, ташқи бозор учун ёпиқдир, деган фикрни билдирмайди. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг пудрат ташкилотлари чет эллардаги инвестиция-қурилиш жараёнида камроқ иштирок этадилар, хорижий ташкилотлар эса бизнинг қурилиш жараёнимизда фаол қатнашмоқдалар. Шунинг учун дунёнинг кўпгина мамлакатларига хос бўлган бозорнинг очиқлиги мамлакатимиздаги қурилиш корхона ва ташкилотларини фақат ички бозорда эмас, балки чет элларда ҳам муносиб ўрин эгаллашга мажбур қилиши керак. Тўғри, бу анчагина мураккаб, фақат етарли миқдордаги ресурсларни эмас, балки маълум даражада ташаббускорлик ва ҳатто ватанпарварликни, фидойиликни талаб қилувчи вазифа, аммо уни бажариш мумкин. 6. Инвестиция-қурилиш фаолияти қатнашчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шартномавий шаклларини ривожлантириш ва объектларни асосан “қулф-калит” қилиб топшириш шартларига ўтиш. - Бу тамойил - қурилиш мажмуасининг бозор муносабатларига ўтишининг ҳақиқий асосидир. Афсуски, бугунги кунда шундай вазият юзага келдики, маъмурий-буйруқбозлик тизими ўтмишда қолди, аммо ўзаро муносабатларнинг бозор шакли ҳали тўлиқ рўёбга чиқмади.
- Аммо бу вазият бирор ўзгариш юз беришини кутиб ўтиришга сабаб бўла олмайди. қурилиш ташкилотлари “юқоридан” буйруқ кутиб ўтирмай, бозор иқтисодиёти тамойилларини, шартномавий муносабатларни ривожлантиришлари, объектларни “қулф-калит” қилиб топширишга ўтишлари лозим, бу эса қурилиш маҳсулоти учун “сотувчи” ва “ҳаридор” тушунчаларини вужудга келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |