Adabiyotshunoslik kafedrasi


-мавзу: Дурбек ижоди. “Юсуф ва Зулайҳо” достони


Download 1.4 Mb.
bet22/24
Sana30.03.2023
Hajmi1.4 Mb.
#1309193
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   24
Bog'liq
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)

13-мавзу: Дурбек ижоди. “Юсуф ва Зулайҳо” достони
Режа:

  1. Дурбек ва унинг ижоди ҳақида маълумот.

  2. “Юсуф ва Зулайҳо” достонининг яратилиш тарихи.

  3. Достоннин мавзу ва образлари.

  4. Достоннинг бадиий хусусиятлари.

Адабиётлар:

  1. Ўзбек шеърияти антологияси. Беш томлик. Иккинчи том. – Тошкент: Ўзбекистон, 1961.

  2. Ўзбек адабиёти. Тўрт томлик. Биринчи том. Ўздавнашр, 1959.

Назорат саволлари:

  1. Дурбек ва унинг ижоди ҳақида нималар биласиз?

  2. “Юсуф ва Зулайҳо” достонининг яратилиш тарихи ҳақида сўзланг.

  3. “Юсуф ва Зулайҳо” достонидаги Юсуф образини тавсифланг.

  4. “Юсуф ва Зулайҳо” достонидаги Зулайҳо образи ҳақида маълумот беринг.

  5. “Юсуф ва Зулайҳо” достонидаги бошқа персонажлар ҳақида сўзланг.

  6. “Юсуф ва Зулайҳо” достонининг ўзбек адабиётидаги ўрни ҳақида маълумот беринг.

  7. “Юсуф ва Зулайҳо” достонидан муаллифнинг мақсади нима эди?

  8. “Юсуф ва Зулайҳо” достонининг бадиий хусусиятларини ёритинг.

Дурбек ўзбек дунёвий адабиётининг йирик намояндаларидан биридир. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида деярли маълумот йўқ. Фаразан XIV асрнинг охири ва XV аср бошларида яшаб ижод этган шоир Дурбекдан бизга қадар ёлғиз “Юсуф ва Зулайхо” достони етиб келган холос. Лекин шунга қарамай, “Юсуф ва Зулайхо” достонининг ўзига ҳам Дурбекнинг истеъдодли шоир бўлганини ва ўзбек дунёвий адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшганини кўрсатади.
Дурбек номи ХХ асрнинг 20-йилларигача илмий адабиётда маълум эмас эди. Унинг “Юсуф ва Зулайхо” достонининг дастлабки қўлёзмаси топилгач, шоир адабиётшунослар диққатини ўзига жалб этади. Шундай қилиб, Дурбек ХХ асрнинг 30-40-йилларда ўрта ва олий ўқув юртлари учун тузилган программа ва қўлланмаларда маълум даражада ўрин ола бошлади.
Кейинги йилларда илмий жамоатчилик орасида “Юсуф ва Зулайхо” достонининг муаллифи Дурбек эмас Улуғбек, Ҳомидий Балхий деган фикрлар майдонга кела бошлади. Ҳолбуки, ўзбек мумтоз адабиётининг кўзга кўринган аллома тадқиқотчилари Е.Э.Бертельс, Ҳ.Зарифов, П.Шамсиев, Ойбек, М.Шайхзода, О.Шарафиддинов, В.Зоҳидов, И.Султон, Ҳ.Ёқубов, Ғ.Каримов, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, Н.Маллаевлар “Юсуф ва Зулайхо” муаллифини Дурбек деб таъкидлайдилар. Улар достон қўлёзмасида муаллиф номига ишора (Дурбек номига) асосланиб тадқиқотлар олиб борганлар.
Дурбекнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолиятига оид маълумотлар унинг ягона достони “Юсуф ва Зулайхо” орқали етиб келган. Достоннинг ёзилиши ҳақида шоир қуйидагича маълумот беради:
“Зод” эди таърих таҳи “ҳе”ю “дол”,
Муддати ҳижратдин ўтиб меҳу сол.
Араб ҳарфлари орқали ифодаланган абжад ҳисобига кўра “зод” (ض) ҳарфи – 800, “ҳе” (ح) – 8, “дол” (د) – 4 га тенгдир. Ҳар уч сондан 812 ҳижрий йил келиб чиқади ва у милодий 1409 йилга тўғри келади.
Достон Балх шаҳрида ёзилган.
1409 йилги Балх шаҳри қамалининг гувоҳи бўлган Дурбек шу шаҳарда яшаб ижод этган. Унинг исми, ижтимоий келиб чиқиши ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ. Шоир асарнинг бош қисмида китобнинг ёзилиш сабабини айтиш билан бирга ўзининг ҳаётига оид маълумотларни ҳам келтиради:
Банда алар бирла гирифтор эдим,
Барчасидин воқифи асрор эдим.
Кулбаи ахзон қилиб эрдим ватан,
Кўнгул эди дар ғаму жон мумтаҳан.
Гоҳи эдим жон била машғули зикр,
Гоҳи эдим ғорҳам андуҳу фикр.
Дурбек достонни ёзишга киришишдан олдин Балх шаҳрининг халқи билан бирга қамалда қолган ва юз бераётган воқеаларни синчиклаб кузатиб борган. Унинг кўнгли ҳам халқ кўнгли каби оромсиз эди. Дурбекнинг шаҳар халқи билан тортган изтиробли дамлари 1409 йилнинг пишиқчилик пайтига тўғри келади. Шоҳруҳ Ҳиротдан Балхга томон 1409 йилнинг 22 июлида жўнаган ва 10 сентябридагина Балхдан чиқиб, амударё орқали кечиб ўтган. Дурбек қамални уч ой давом этганлигини ҳикоя қилади.
Қалъа Балх ўлди чу дарвоза банд,
Пояи зулм ўлди бағоят баланд.
Ушбу қабил халқ уч ойи томон,
Ер эдилар ғуссау ғам субҳу шом.
Дурбекнинг бу кўрсатган фактига суянган ҳолда Балх шаҳри қамали 1409 йилнинг июль-сентябрь ойларида, ёхуд июль ойининг охири ва сентябрнинг бошларига тўғри келади, деб айта оламиз. Мана шу қамал шароитида шоир кўп вақт китоб мутолааси билан шуғулланади.
Адиб “Юсуф ва Зулайхо” достонини ёзишга киришар экан, ўқиган китоблари орасида форс тилидаги насрий Юсуф қиссасини ҳам қайд этади. Шунинг учун ҳам Дурбекда бу қиссани туркий (эски ўзбек тили)да ёзиш иштиёқи туғилди:
Бандам бечорага шому саҳар,
Қиссаи Юсуф эди андар назар.
Наср эди бу қисса доғи порси,
Эрди анга жон кўзи наззораси.
Шарқ мамлакатларида жуда машҳур бўлган Юсуф ва Зулайхо ҳақидаги қиссаларнинг юзага келиши ва такомили узоқ тарихга эга. Афтидан, Юсуф қадимги яҳудий қабилаларидан бирининг худоси бўлган, кейинчалик у бир тарихий шахс-пайғамбарзода сифатида тасвир этилган. Эрамиздан кўп асрлар муқаддам Юсуф ҳақида турли афсона ва ривоятлар пайдо бўлади. Бу афсона ва ривоятлар қайта ишланиб “Таврот”га киритилган. Шу билан бирга, Юсуф ҳақидаги афсона ва ривоятлар бошқа Шарқ халқари ўртасида ҳам кенг тарқала бошлади, янги афсона ва ривоятлар пайдо бўлади. Юсуф ҳақидаги афсона ва ривоятлар қайта ишланиб ислом дининг муқаддас китоби бўлган “Қуръон”га ҳам киритилган.
Бироқ “Юсуф ва Зулайхо” қиссаси диний китобларда қолиб кетмайди, у бадиий адабиётдан ҳам кенг ўрин олади, ривожланиб, такомиллашиб боради. Юсуф ва унинг севгилиси Зулайҳо ҳақидаги афсона ва ривоятлар жуда кўп ёзувчиларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этади. Юсуф ва Зулайхо ҳақида кўп асрлар давомида ўнлаб хилма-хил асарлар вужудга келди. Бу темада яратилган энг қадимги бадиий асарлардан бири Фирдавсий номига нисбат берилган. “Юсуф ва Зулайхо” достонидир. Маълумотларга кўра Фирдавсийгача Абулмуайяд Балхий ва Бахтиёрий ҳам шу мавзуда достон ёзганлар. Бу достондан бир оз кейин, “Юсуф ва Зулайхо” достонини шоир Шаҳобиддин Амъак ҳам яратган. Афсуски, бу достон бизга қадар сақланиб қолмаган. 1233 йилда эса шоир Али Туркий – ўғуз тилида “Қиссаи Юсуф” достонини яратади. “Юсуф ва Зулайхо” Рабғузийни ҳам қизиқтирди ва 1309-1310 йилларда ёзган “Қиссаси Рабғузий” (“Қиссасул анбиё”) асарига “Юсуф ва Зулайхо”ни махсус бир қисса қилиб киритади. XIV аср ўрталарида машҳур яҳудий Шоҳин Шерозий “Ардашер ва Эстер” достони ҳамда бошқа асарлари билан бирга форс-тожик тилида “Юсуф ва Зулайхо” достонини яратади.
Булардан ташқари, Дурбек достонига қадар Юсуф ва Зулайхо ҳақида яна бир неча асарлар ҳам вужудга келади. Дурбекка қадар етишган ўзбек шоирларининг лирик асарларида ҳам Юсуф ва Зулайхо номи тилга олинади, уларнинг таърифи берилади. Жумладан, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”сида:
Эшитинг эрса Юсуфнинг жамолин,
Сени ҳусн ичра сад чандон яратти.
Ўғон Юсуф жамолин сизга берди,
Муҳаббат кимёсин бизга берди, -
дейилади. Бироқ Дурбекнинг бу асарлардан қайси бири билан таниш бўлгани бизга маълум эмас. У “Юсуф ва Зулайхо” достонининг муқаддимасида фақат форс-тожик тилидаги насрий бир қиссани тилга олади ҳамда ўз достони учун шу қисса асос бўлганини таъкидлайди. Афсуски, Дурбек форс-тожик тилидаги “Қиссаи Юсуф” ҳақида тўлароқ маълумот бермайди. Бинобарин, Дурбекнинг қайси “Қиссаи Юсуф”дан фойдаланганини аниқлаш ниғҳоятда қийин. Форс-тожик тилида яратилган Юсуф ва Зулайхо мавзусидаги қадимги насрий қиссалардан ҳозиргача фақат битта қисса маълум бўлиб, профессор Е.Э.Бертельснинг таъкидлашича, у Абдуллоҳ Ансорий (1006-1088) номига нотўғри нисбат берилган; бу қиссанинг ягона қўлёзмаси Лондонда сақланмоқда. Шубҳасиз, Дурбек форс-тожик тилидаги насрий қиссадан ташқари, “Юсуф ва Зулайхо”нинг бошқа варинатлари билан ҳам танишган бўлиши мумкин. Бироқ шунга қарамай, Дурбекнинг “Юсуф ва Зулайхо” достони ўзбек мумтоз адабиётининг ўзига хос бир асари сифатида вужудга келди ҳамда ўзбек дунёвий адабиёти ва адабий тили тараққиётга катта ҳисса бўлиб қўшилди. Буни достонда қўйилган масалаларнинг XV асрдаги маълум ҳаётий шароит аспектида ёритилишидан, достоннинг шоир яшаган даврдаги жуда муҳим масалаларни қамраб олиши ва бадиий савиясида яққол кўриш мумкин.
“Юсуф ва Зулайхо”нинг Тошкентда беш нусхаси (Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида – тўрт нусха, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида – бир нусха), Самарқандда икки нусхаси (Навоий номидаги СамДУ кутубхонаси ва Абдулҳамид Пўладий қўлида) бор. Булар XVII-ХIХ асрларга мансуб. Туркиянинг Тўпқопи саройи кутубхонасида сақланаётган Ҳирот қўлёзмаси 1516 йилда (ҳижрий 922), Париж Миллий кутубхонасидаги нусхаси эса 1563 йилда (ҳижрий - 971) кўчирилган.
Достонда XIV аср охири XV аср бошларида юз берган тарихий ҳодисалар Юсуф ва Зулайхонинг романтик саргузаштлари орқали тасвирланади. Лекин ўқувчи ана шу романтик тасвирлар замирида ўша давр ҳаёти руҳини ҳам сезади. Достондги учрайдиган бу каби деталлар дунёвий ҳаётни тасвирлашга қаратилгандир. Асарда тасвирланаётган воқеаларнинг яна бир характерли хусусияти шундаки, достонда илгари сурилган ғоя, асар қаҳрамонлари фаолиятига берилган характеристика Ўрта Осиё шаҳар ва қишлоқларга хос табиат манзаралари, халқ урф-одатлари турмуш ҳодисалари билан боғланиб кетади. Юсуфнинг акалари томондан бегуноҳ эчки боласини сўйиб, унинг қонига кўйлагининг беланиши, савдогар Маликнинг Юсуф ётган чоҳ тепасига етиб келиши каби боблар тасвирида ҳам реал ҳаётни эслатувчи деталлар учрайди. Асарда ҳозирги ўзбек халқи этнографиясига хос бўлган жиҳатлар ҳам бор. Достонда инсоний муҳаббат масалалари билан бир қаторда ижтимоий ҳаётда рўй бераётган муҳим тарихий ҳодисалар ҳам шоирлар диққатини ўзига жалб эта борганини кўрсатади. Натижада Дурбек каби ўзбек дунёвий адабиёти вакиллари ижодида кўзга ташланадиган реализм кўринишлари ёхуд оддий реализм Навоий даври ўзбек адабиёти тараққиёти учун ҳам муҳим замин ҳозирлади.
Халқ оғзаки ижоди намуналари ва ёзма адабиёт асарларида бўлгани каби Дурбек қатор ижобий образлар яратди. Дурбекдан кейин яратилган Лутфийнинг “Гул ва Наврўз” достонида ҳам ижобий образлар учрайди. Навоийгача ўз даврига нисбатан мукаммал ишланган ижобий қаҳрамонлар галереясини Дурбек ва Лутфийдагина учратиш мумкин. Ҳар икки шоир ижодида ишланган образлар ўзига хос индивидуал хусусиятларга эгадир. Улар ўзбек адабиёти тарихида яратилган ижобий образлар масаласини ёритишда, улар тарихини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади.
Дурбекнинг “Юсуф ва Зулайхо” достонидаги ижобий қаҳрамонлар ўзининг характери, психологияси, индивидуал хусусиятлари жиҳатидан бир-биридан ажралиб туради. Шоир ўз қаҳрамонларини оғир қийинчиликлардан қутқаришда тангрининг ердаги вакили Жаброил образидан бир восита сифатида фойдаланган. Умуман, достонда дунёвий ҳаёт билан бирга диний мотивлар тез-тез такрорланиб туради. Достондаги ижобий қаҳрамонларни Юсуф, Ибн Ямин, Зулайҳо, Яъқуб, Бошир кабилар ташкил этади. Юсуфнинг қулликдан қутулишида кўмаклашган Жаброил образида ҳам қисман ижобий фазилатлар мавжуд.
Зулайхо Дурбек ижоди орқали берилган ўзбек адабиёти тарихидаги биринчи ижобий аёл образидир (фольклор ва бадиий таржима асарлари бундан мустасно). Дурбек аёл образини ўзбек дунёвий адабиётга биринчилардан бўлиб олиб кирган шоирлардандир.
Дурбек ўзаро ихтилофларни, мамлакатни хароб ва халқни ҳонавайрон қилувчи ўзаро феодал урушларни қаттиқ қоралайди. Юсуф билан унинг акалари ўртасидаги ҳукумат мол-давлат ва мансаб талашиш натижасида пайдо бўлган эди. Юсуф ҳуснда ҳам, ақл-фаросатда ҳам акаларидан устун эди. У отасининг хизматини садоқат билан ўтар эди. Яъқуб ҳам бошқа фарзандларига нисбатан Юсуфга кўпроқ меҳр-муҳаббат қўйган эди. Мансабпараст акалар Юсуф тож-тахт вориси бўлади деб ташвишга тушадилар ва унга адоват қила бошлайдилар. Акалари Юсуфни ҳалок қилиш пайига тушадилар. Улар мунофиқлик, макр-ҳийла ва розилик йўлига ўтиб, Юсуфнинг бошига оғир кулфатлар соладилар.
Дурбек феодаллар ўртасидаги ихтилофларни Яман шоҳининг мунофиқона хатти-ҳаракатлари орқали қоралайди. Яман шоҳи Миср тахтини қўлга киритиш учун макр-ҳийла йўлиб ўтиб, Миср шоҳининг касагули Соқийни ва дастурхончиси Хаббозни сотиб олади. Бироқ, Юсуф акаларининг мунофиқона хатти-ҳаракатлари уларнинг ўзларини шармандаю шармисор қилгани каби, Яман шоҳининг макр-ҳийла тузоғи ҳам барбод бўлади, яхшилик ёмонлик устидан ғалаба қозонади.
Дурбек мамлакат ва халқ тақдирини давлат бошлиқларининг хатти-ҳаракатига боғлайди. Дурбекнинг ўйлашича, золим ва жоҳил подшо мамлакатни хароб ва халқни хонавайрон қилади, адолатпарвар ва маърифатпарвар подшо эса мамлакатни ибодатга ва элнинг осойишталигини таъминлайди. Дурбек Миср шоҳи Райённи ана шундай киши деб тасвирлайди. Достонда баён қилинишига, мамлакат даҳшатли қирғоқчилик хавфи остида қолганда кекса подшо Райён давлат ишларини бошқаришни ўзидан кўра тадбиркорроқ ва донишмандроқ бўлган Юсуфни тахтга кўтаради. Юсуф зиндондаги бандиларни озод эттиради, эл-юрт Юсуфнинг адолат ва ҳимматидан ғоят шод бўлади, қирғоқчиликдан қутулади.
“Юсуф ва Зулайхо” достонидаги яна бир марказий масала дунёвий севги, инсоннинг инсонга бўлган севгиси масаласидир. Инсон ҳамма нарсадан азиз ва мўтабардир. Севги эса ана шундай азиз ва мўътабар инсоннинг энг олижаноб фазилатларидан биридир.
Юсуф ва Зулайхо бир-бирини самимий севади. Бироқ турли ихтилоф ва монеликлар натижасида бу ошиқ ва маъшуқа узоқ йиллар давомида мурод-мақсадига эриша олмайди. Юсуф ҳам, Зулайхо ҳам қарийди, аммо уларнинг севгиси қаримайди, бу севги уларга куч-қувват, ёшлик ва гўзаллик бағишлайди. Севишганлар сабр-матонат билан курашиб, ҳар қандай монеликни енгадилар; бу курашда улар чиниқадилар ва ниҳоят, орзу-умидларига эришадилар:
Оҳ, не хушдурки чекиб интизор,
Етса ўз уммидина уммидвор.
Кимгаки бор ҳиммат ила эътимод,
Оқибатул-амр топар ул мурод...
“Юсуф ва Зулайхо” некбин достондир. Достондаги воқеалар тугуни, конфликтлар ижобий образларнинг ғалабаси билан, яхшиликнинг тантанаси билан ечилади. Воқеаларнинг ривожи ҳам, уларнинг ҳал этилиши ҳам инсонпарварлик ва халқпарварлик ғоялари билан узвий боғлиқдир. Бу жиҳатдан, айниқса, қул хотин ва унинг ўғли Башир воқеаси жуда характерлидир. Бу воқеа Яъқуб ва Юсуф саргузаштларига параллел саргузашт, ҳатто Яъқуб ва Юсуф саргузаштларининг тугуни ҳамда ечими манбаидир.
Яъқуб Юсуф туғилган вақтда болалик бир қул хотинни сотиб олган эди. У қул хотинни Юсуфга энага қилиб қолдириб, унинг ўғли Баширни Мисрга сотиб юборади. Ўғлидан жудо бўлган она ғам-ҳасрат ва аламлар билан кўзи ожиз бўлиб қолади. “Тақдир” қул хотин ва унинг ўғли бошига қандай кулфатлар солган бўлса, Яъқуб ва унинг ўғли Юсуфнинг бошига ҳам шундай кулфатлар солади. Юсуф қул қилиниб Мисрга сотиб юборилади. Ўғлининг ҳижрон алами Яъқубнинг кўзларини кўр қилган эди. Энди Башир ва унинг муштипар онаси нажот топган тақдирдагина Яъқуб ва Юсуф ҳам нажот топади. Юсуф Баширни қулликдан озод қилади. У Башир орқали Конъонга, Яъқубга ўз кўйлагини бериб юборади. Бу кўйлак Яъқубнинг кўзини мунаввар қилиши керак эди. Бироқ Башир аввал онасини излаб топади, висол подшолиги онасининг кўзларини шамдай чарағон қилади. Сўнгра Башир Юсуфнинг кўйлагини Яъқубга элтиб беради. Яъқуб бу кўйлакни кўзларига суртади, унинг кўзлари мунаввар бўлади.
Шоир Яъқубнинг қул хотин ва унинг ўғлига қилган жабр-ситамини қоралайди. Бу билан мазлумларга зулм қилган кишини ўзи ҳам зулмга гирифтор бўлади, мазлумларни шод қилган киши бахтиёр бўлади деган ғоя илгари сурилади. Асарда Юсуф баъзан ислом динини тарғиб қилган “кофир”ларни (жумладан Зулайхони ҳам) мусулмонлаштирган киши сифатида гавдаланади, айрим воқеалар “илоҳий мўъжизалар” ва “жаброил” ҳамда “руҳул амин”лар иштирокида содир бўлади. Шоир киши ўз тақдири олдида ожиздир, “рўзи азал”да кишининг пешонасига нима ёзишган бўлса, ўша бўлади, киши фақат сабр билангина ўз муродига етади, дейди.
Юсуф – достоннинг бош қаҳрамони. Унинг фаолияти ва саргузаштлари достонда тасвирланган воқеаларнинг асосини ташкил этади. Юсуф гўзал ва беозор йигит даражасидан тадбирли ва донишманд давлат арбоби даражасида кўтарилади. У жуда машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтади.
Юсуф зиндон маҳбусларини озод қилади, подшолик тахтига одиллик билан иш олиб боради. Миср халқининг жонига аро кириб, уни даҳшатли қирғоқчилик офатдан қутқариб қолади, конъонликларга ҳам саховат кўрсатади. Бироқ Юсуф подшолик тахтига чиққандан сўнг ҳам акаларидан қасос олмайди, балки ўз марҳамати билан шарманда қилмоқчи бўлади. Лекин акалари Ибн Ямин воқеаси муносабати билан янги хуруж бошлаб, уруш очмоқчи бўлганларида, Юсуфнинг ғазаби қайнайди ва истар-истамас акаларини жазолашга, бирмунча муддат уларни зиндонга солишга мажбур бўлади.
Юсуф садоқатли ошиқдир. У Зулайхони самимий саводи, хижрон азобида ўрганади, ёрининг висолига ошиқади. Бироқ у хиёнат ва мунофиқлик қилмайди, ақл-идрокни, хиёнат ва мунофиқлик йўлига сарфламайди. Юсуфни Зулайхони тушида кўриб, уни севиб қолади. Бироқ у ёри билан кечикиб дийдор кўринади, чунки Зулайхо Миср Азизига турмушга чиққан эди. Юсуф Зулайхонинг фожиасини тушуниб, унга ачинади, унинг севгисини билади ва қадрлайди, уни унутмайди. Ҳатто унинг маломатига гирифтор бўлганда ҳам, ундан ғазабланмайди. Юсуф Зулайхо висолига эришиш вақти келажагига ишонар эди. Орадан йиллар, мусибатли саргузаштлар ўтади. Зулайхонинг эри ўлиб кетади. Зулайхо кексайган чоғида ҳам унинг қалбида Юсуфнинг ишқи жўш уради, севги дардида бағри ўртанади. Ниҳоят у Зулайхонингвисолига эришади, унга уйланиб, ошиқ ва маъшуқ мурод-мақсадига эришадилар.
Юсуф достонда ўзининг тақдирнинг ихтиёрига ташлаб қўйган шахс сифатида гавдаланади. Бу “пайғамбарзода” Юсуфга хос хусусиятдир.
Зулайхо садоқатли ёр ва эрксиз аёл образидир. Зулайхо латофатли, билимдон, жасоратли шахс сифатида гавдаланади:
Юзи қуёш эрди, вале безавол,
Барча фунун бобида соҳил камол.
Зулайхо ўз тақдири учун курашади. Тушида мафтун бўлган йигитга – Юсуфга бўлган севги сирини онасига ошкор этади. Ота-онаси унинг раъйини қайтармайди. Зулайхо Мисрга йўл олади. Аммо орзуси ушалмайди. Чунки у Юсуфга эмас, Миср Азизига дуч келади. Ноилож қолган Зулайхо қонли кўз ёши билан Миср Азизига турмушга чиқишга рози бўлади:
Тузди ўшал навҳасини зор-зор,
Деди: - умидим гулидин туғди хор.
Миср Азизи жмас, ул Юсуфим,
Ўт ичига солдим ўзимни-ўзим.
Буздим ото-оно уйини бори
Эмди нетойин, борейин қай сори?
Бироқ Зулайхо Миср Азизининг шон-шавкати ҳам, мол-давлатига маҳлиё бўлмайди. Юсуфга бўлган меҳр-муҳаббати кундан-кун зиёда бўлиб боради. Юсуфдан эса “Сабр қилмоқ керак” деган тасалли сўзлардан бошқани кўрмайди. Энди Юсуф унга шафқатсиз ва бағритош киши бўлиб кўринади. Зулайхо Юсуфдан қасос олишга қарор қилади. Юсуф зиндонга солинади. Бироқ, Зулайхо тезда қилмишидан пушаймон бўлиб, Юсуфнинг ҳажрида ўрганади.
Орадан қирқ йил ўтади. Бу орада Зулайхо ёшариб кетади. Энди у Юсуфдан ўзини четга торта бошлайди. Бу Юсуфнинг қилмишларига жавоб эди. Зулайхо қирқ йил сабр қилди, Юсуф ҳам энди сбр синовдан ўтиши керак.
Оғир ва узоқ синовларни бошидан кечирган икки ёр охири висолга эришадилар. Зулайхо саргузашти севги ва садоқат ғалабаси билан якунланади.
“Юсуф ва Зулайхо” достонида бош қаҳрамонлардан ташқари яна бир қатор ижобий ва салбий образлар ҳам бор. Булар Яъқуб, ўн бир ака-ука, Мағриб шоҳи Таймус ва унинг хотини, Миср шоҳи Райён, Миср Азизи, Яман шоҳи, Хаббоз ва бошқалардир. Уларнинг ҳар бири достонда қўйилган масалаларни ёритиш, воқеалар ҳалқаси ва конфликтларни вужудга келтириш ҳамда ҳал этишда муҳим ўрин тутади.
Яъқуб достонда пайғамбар ва шоҳ сифатида тасвирланса ҳам, лейин у воқеалар ривожида, асосан, ота сифатида гавдаланади. Яъқуб меҳрибон ва мушфиқ ота сифатида фарзандларининг бахт-саодатини, аҳиллиги ва иноқлигини истайди. Ака-укалар ўртасида низо-адоват бўлмаслиги учун интилади, уларга насиҳат ва ўгит беради. Юсуфнинг бошига акалари кулфат солганини сезади. Бироқ уларга қарши шафқатсиз бўлолмайди, оталик меҳри ғолиб чиқади. Юсуфнинг ҳажри Яъқуб кўзини ожиз қилади, Ибн Яминнинг фироқи алам-муҳаббатини оширади. Юсуфнинг дарагини топиб шодланган отанинг кўзлари мунаввар бўлади, у ака-укаларни яраштириб, гина-адоватни тугатади.
Достондаги воқеаларнинг асосий ва етакчи йўналишини Юсуф билан унин акалари ўртасидаги зиддият ва кураш ташкил этади. Бу зиддият ва кураш достоннинг бош конфликтидир. Воқеалар тугуни шу конфликт билан бирга туғилади, бирга ривожланади ва ечилади. Мансабпараст акалар мунофиқлик, туҳмат ва хиёнатдан заррача хазар қилмайдилар. Улар Юсуфни Молики Тожирга сотар эканлар, унга бундай дейдилар:
Дедилар: - Э ҳожам нек эътиқод,
Бандамиз эрур, ўзидур хоназод.
Уч кеча-кундуз қочиб эрди тамом,
Қилғон экандур бу чоқ ичра мақом.
Эмдики топтуқ қилоли они банд,
Турфа гурезанда қул эрур мованд.
Бизга керакмайур анинг ҳеч иши,
Барча сотармиз агар олса киши.
Илми эгри, ўзи қочқоқ эрур,
Барча ёмонлик ичида тоқ эрур...
Ҳусумат ва адоват Юсуфни қуллик азобларига гирифтор, Яъқубни эса ногирон қилади.
“Юсуф ва Зулайхо”да бир неча шоҳ образи яратилган. Дурбек мамлакат ва халқнинг тақдирини подшоларнинг инсоф ва адолатига боғлар эди. Шоир “инсофли ва адолатли плдшо” ҳақидаги орзуларини Мағриб шоҳи Таймус, Миср шоҳи Райён ва хусусан, Юсуф образида мужассамлаштиради.
Яман шоҳи мунофиқ, ҳийлакор ва шуҳратпараст. Райённинг дастурхончиси Хаббоз эса таъмагир, мансабпараст ва мол-давлат учун ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган мунофиқ сарой амалдоридир.
Миср Азизи образи достондаги воқеаларнинг бир-бирига уланиш ва ривожланишида маълум роль ўйнаса ҳам, лекин у ижобий ёки салбий хислатлари билан мукаммал гавдаланмайди. У қўшимча, воситачи бир образ бўлиб қолади.
Дурбек достонда хотин-қизларга ўрта асрнинг пешқадам инсонпарвари сифатида ёндошади. У она ва энага образи орқали Зулайхо орзу-армонини ҳам олам-ҳасратини ҳам ўзига ўхшаш муштипар онаси ва эгачасига айтади.
“Юсуф ва Зулайхо” ғоявий мазмуни ва бадиий қиммати билан ўзбек дунёвий адабиётининг муҳим ёдгорликлардан биридир. Достон муаллифи сюжет ва композицияда, образ ва характерлар яратишда, пейзаж ва портретда, бадиий усул ва тил воситаларида катта муваффақиятларга эришди, халқ оғзаки ижоди тажрибаларидан моҳирлик билан фойдаланди, ўзбек адабий тилининг ривожига муносиб ҳиссасини қўйди.



Download 1.4 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling