Adabiyotshunoslik kafedrasi
-мавзу: Ҳайдар Хоразмий ҳаёти ва фаолияти
Download 1.4 Mb.
|
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Назорат саволлари
14-мавзу: Ҳайдар Хоразмий ҳаёти ва фаолияти
Режа: 1. Ҳайдар Хоразмий фаолияти ҳақида маълумот. 2. "Махзонул-асрор" достонининг яратилиш тарихи. 3. "Махзонул-асрор" достони мавзу ва образлари. 4. "Махзонул-асрор"нинг тил хусусиятлари. Адабиётлар: 1. Ўзбек адабиёти. Тўрт томлик. Биринчи том. -Тошкент: Ўздавнашр, 1959. 2. Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. -Тошкент: Ўқитувчи, 1976 Назорат саволлари: 1.Ҳайдар Хоразмий таржимаи ҳоли ҳақида сўзланг. 2.Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" асари билан Низомийнинг шу номдаги асари ўртасидаги фарқлар нимадан иборат? 3. Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" асарининг мавзу доираси ҳақида маълумот беринг. 4. Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" достони ҳикоятлари ҳақида нималар биласиз? 5. Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" достони арузнинг қайси вазнида ёзилган? 6. Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" достонида қандай бадиий тасвир воситалари қўлланган? 7. "Махзонул-асрор" достонидаги Ануширавон ҳақидаги ҳикояни сўзлаб беринг. 8. "Махзонул-асрор"даги "Савдогар ва бўз тўқувчи кампир" ҳикояси мазмуни ҳақида нима биласиз? 9. "Махзонул-асрор" достонида қандай форс-тожик ва арабча сўзлар қўлланган? 10. "Махзонул-асрор" достонининг тил хусусиятлари ҳақида сўзланг. Ҳайдар Хоразмий XIV асрнинг охирлари ва XV асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган истеъдодли шоирдир. У лирикаси ва "Махзонул-асрор" достони билан ўзбек адабиёти ва адабий тилининг ривожига ҳисса қўшди, форс-тожик тилидаги шеърлари билан ҳам адабиёт аҳллари томонидан эътироф этилди. Ҳайдар Хоразмийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ниҳоятда оз маълумот сақланиб қолди. Бу шоир ҳақида Навоий "Мажолисун-нафоис" ва "Муҳокаматул луғатайн"да, Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкиратул-шуаро"да баъзи бир маълумотлар берадилар, уни таърифлайдилар. Алишер Навоий "Муҳокаматул луғатайн"да Ҳайдар Хоразмийни "хуш табъ" шоирлардан бири сифатида уни Амирий, Атойи, Яқиний, Саккокий ва бошқалар қаторида зикр этиб ўтади. "Мажолисун-нафоис"да "Султон Искандар Шерозий" фаслида туркигўй шоир сифатида тилга олиб, бир байт маснавийсидан ("Махзонул-асрор"идан) мисол келтиради. "Султон Искандар Шерозий ҳам, - дейди Навоий - (Темурга) набирадур. Салтанат такаммулини, дерларким, салатандин ози онга қилмиш бўлғай. Етти ёки саккиз йиллик салтанатида гўёки уч ганж топибдур. Мавлоно Ҳайдар туркигўй онинг мадиҳи (мадҳчиси) экандурким, бу анинг маснавийсидин дерким: Ҳиммат элидур, эди байзо деган, Эр нафасидур дами Исо деган. Султон Искандарни дерларким, табъи назмға мойил эрди ва бу туюқни андин нақл қиладурларким: "Тўлун ойга нисбат эттим ёруми, Ул ҳижолатдин ким ўлди ёрими. Тори мўюнгнинг закотин мен безай Ё Мисрни ё Халатни ё Руми. Алишер Навоийнинг бу маълумотлари Ҳайдар Хоразмийнинг Султон Искандар Саройи билан алоқада бўлгани, туркигўй шоирлардан "хуш табъ" сифатида танилган ва эътироф қилинганини кўрсатади. Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкиратул-шуаро"да Ҳайдар Хоразмий ҳақида бундай дейди: "Аз фузало ва шуаро Мавлоно Ҳайдар буда, ки дар турки ва форси ашъори мамху писандида дарад ва жавоби "Махзонул-асрор"и Шайх Низомий ба турки ба номи амирзода Искандар пардахта" - "Фузало ва шуародан Мавлоно Ҳайдар эдиким, туркий ва форсийда гўзал ва диққатга сазовор шеърлари бор ва Шайх Низомийнинг "Махзонул-асрор"ига жавоб битиб, уни амирзода Искандар номига атаган". Ҳайдар Хоразмий лирик мероси сақланиб қолмаган ёки номаълум қолиб келмоқда. Ундан бизга қадар Низомий Ганжавийнинг (1141-1209) "Панж-ганж"ига кирган биринчи достони "Махзонул-асрор"идан илҳомланиб ва унга жавобан битган шу номдаги достон етиб келган. Бу достондаги айрим сатрлар шоирнинг биографияси ва ижодий фаолияти ҳақида айрим маълумот ва ишоралар беради. Ҳайдар асли Хоразмдандир. Унинг Ҳайдар Хоразмий деб аталиши ҳам шу боисдир. У қачонлардир Форс вилоятига кетган. Бирмунча вақт, Навоий ва Давлатшоҳ таъкидлаганларидек, Султон Искандар ҳузурига бирмунча маърифатпарвар амирзодалардан бўлган, ўз атрофига илм, санъат ва адабиёт аҳлларини тўплаган, ўзи ҳам шеърият билан шуғулланган Ҳайдар Хоразмий фаразан 1409-1414 йиллар орасида "Махзонул-асрор" достонини яратган. Мусофирлик машаққатларими ёки ҳодисотми "Махзонул-асрор"да, жумладан унинг муқаддимасидаги "Мусаннифнинг ҳасби-ҳоли"да мунгли ва аламли мисраларни вужудга келтирган. Бир неча сатр: Бир кеча ғам бирла эдим ҳамнафас, Мунису дамсозим уд эрдию бас. Кўз ёшидин бода, бағридин кабоб, Дарди дилим нуқлу, фиғоним рубоб... Умр ўтуб, кўрмайин уйқуда туш, Нолаларимдин уюмай қурту қуш. Чархи фалак ташна бўлуб қонима, Дуняйи дун қасд қилиб жонима. Сабр биносини бакулмий бузуб, Ҳосили йўқ умрдин уммид узуб... Хуллас, Ҳайдар Хоразмий темурийлардан Умаршайхнинг ўғли Искандар Мирзо ҳукмронлиги даврида (XV аср бошлари) яшаб ижод этди. Ҳайдар Хоразмий ўз достонини шу даврда туркий тилда яратди. Унинг ўзбек тилида асар ёзиши ўзбек халқи учун, унинг маданияти учун катта сиёсий, ижтимоий воқеа эди. Ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги тарихий алоқа ва маданий муносабатлар Ҳайдар Хоразмийнинг Низомий ижоди билан танишувига "Махзонул-асрор"ни ўзбек тилида ёзишга имкон берган эди. Ҳайдар Хоразмий ўз асарида шоир Низомий Ганжавийни ҳурмат билан қайта-қайта тилга олади, уни сўз ганжининг подшоҳи сифатида юқори баҳолайди. Ҳайдар Хоразмий усталик билан, адабиётда учраб турадиган туш кўриш, хаёлга чўмиш, кўз юмиш каби адабий усулларни қўллаб, Низомий Ганжавийни гапиртиради. Низомий Ҳайдар Хоразмийни "турки зуҳури" ярсасини шоҳсувори, ҳамманинг ихтиёрини қўлга олган киши деб билади, унинг издоши бўлиш шарафига муяссар бўла олганини қайд қилади. Унга оқ фотиҳа бериб, "Махзонул-асрор" асарини ўзбек тилида сақлаб қолишга даъват этади. Низомий "Махзонул-асрор" ("Сирлар хазинаси") достони фалсафий-таълимий достонидир. У 59 бобдан ташкил топган бўлиб, 18 боби муқаддимадир. Достоннинг асосини 20 мақолат, 20 ҳикоя ташкил этади, достон хотима қисми билан тугалланади. Мақолатларда шоир яшаган даврнинг муҳим ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалалар ҳақида фикр юритади, ҳикматли ўгит беради, гуманизм ғояларини илгари суради, феодал-клерикал муҳитнинг бир қатор иллатларини танқид қилади. Бу ҳикоялар мақолатлардаги масалаларни чуқурроқ ёритиш ва хулосалар чиқаришга ёрдам берадиган бир кўргазма вазифасини бажаради ёки навбатдаги мақолатга ўтиш учун бир восита - кўприк бўлиб хизмат қилади. Мақолатларда шоир адолат, мамлакатни бошқариш ва халққа муносабат, золим подшолардан шикоят, меҳнат ва унинг фойдаси, кишиларга яхшилик қилиш ва қийинчиликлардан қўрқмаслик, рашк ва ҳасаднинг зарари, саҳоватнинг фойдаси, баҳилликнинг ёмон оқибати ва бошқалар ҳақида даврнинг улуғ мутафаккири сифатида фикр юритади. Низомий меҳнати ҳаётнинг асоси, ҳалол турмушнинг калити деб ҳисоблайди. Шоир мамлакатнинг ободлиги ва халқ осойишталигини давлат бошлиқларининг фаолияти ва хатти-ҳаракатига боғлайди. Унинг фикрича, давлат бошлиқлари адолатли ва маърифатли кишилар бўлса, мамлакат ободлашади, эл-юрт фаравон ва осойишта яшайди. Шунга кўра, у давлат бошлиқларини адолатга чақиради, одил ва золим подшоҳлар ҳақида ҳикоялар келтиради. Ануширавон ҳақидаги ҳикоя мазмуни қуйидагилардан иборат: "Ануширавон овга чиқади. Вазири билан хароба қишлоққа келади. Подшонинг диққатини сайраётган икки бойқуш жалб қилиб қолади. Подшо вазирдан: "Сен қушларнинг тилини биласан, улар нима деб сайраяпти?" деб сўраб қолади. Шунда вазир: "Бу қушлардан бири ўз қизини иккинчисига бермоқчи бўлиб, бунинг эвазига ундан шу қишлоққа ўхшаш бир неча хароба талаб қиляпти, иккинчи бойқуш унга жавобан: "Сен бу ҳақда асло ўйлаб ўтирма, "Агар подшоҳимиз шу бўладиган бўлса, кўп ўтмай бундай харобалар шунчалик кўпаядики, мен сенга юз минглаб бундай хароба қишлоқларни бераман", - деб жавоб беради. Бу гапдан қаттиқ ҳижолат бўлган Ануширавон зулм қилмасликка, одил бўлишга қарор қилибди ва ниҳоят одил подшо бўлиб шуҳрат қозонибди. Бошқа ҳикоялар ҳам ҳажман кичик, лекин ғоятда мазмунли, мароқли ва ибратлидир. Ижодкор уларни кўпинча халқ оғзаки ижоди материаллари асосида ишлайди. Мақол ва ҳикматли сўзлар, халқ иборалари, достон мазмуни ва бадиий моҳиятини оширади, тилини жилолайди. "Махзонул-асрор" арузнинг сареъ баҳрида (муфтаклун муфтаклун фоилун) ёзилган. Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор"и ҳам Низомий достони каби фалсафий-таълимий асар бўлиб, жанр хусусиятлари, композицияси ва бошқалари билан Низомий достонига яқин туради. Ушбу достон ҳам Низомий достони каби сареъ баҳри(сареъи мусаддаси матвии макшуф)дадир. Ҳайдар Хоразмий достони Низомий достонидан хийла кичик бўлиб, у 615 байтни ўз ичига олади. Достон 23 бобдан ташкил топган. Шундан 7 боби муқаддима бўлиб, у худо, пайғамбар ва ҳалифалар ҳақидаги анъанавий боблар ҳамда Султон Искандар мадҳидан иборат. Қолган 16 боби достоннинг асосий қисми. Бу боблар мавгиза (ўгит-насиҳат), мақолат ва ҳикоятлардир. Низомий достонидан фақрли ўлароқ, киритилган мавъиза ҳажм жиҳатидан жуда мўъжаз бўлиб, ҳикматли сўзлар тарзидадир. Мақолатлар мавзу жиҳатидан хилма-хил бўлиб, мазмуни Низомий мақолатларига яқинлари ҳам, тамомила янгилари ҳам бор. Ҳайдар Хоразмий "Махзонул-асрор" асари кириш, китобнинг ёзилиш сабаби, мусаннафнинг васфи-ҳоли тўғрисидаги шоир фикр-мулоҳазаларини баён этувчи боблар билан бошланади. Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" асари ўзбек эпик поэзияси тарихида муҳим ҳодиса эди. Унда давр талаби билан боғлиқ бўлган марказлашган давлат ва одил ҳукмдор ғоясини илгари суриш асосий масала бўлиб, шу ғояга боғлиқ ҳолда чуқур инсоншунослик ва одоб-ахлоқ ҳақидаги қарашлар ҳам ўз ифодасини топган. Асарнинг яна бир энг муҳим томонларидан бири унинг тил хусусиятларини соддалигида, фикрнинг ихчам ибора ва бадиий санъаткорлик билан баён этилишида кўзга ташланади. Ҳайдар Хоразмий сўз ҳақида баҳсда сўз санъатининг олдида турган вазифаларни ойдинлаштиради. Шоир бадиий сўзнинг қудратини, унинг ижтимоий маъносини юқори баҳолайди. Шоирнинг фикрича, сўз инсонларнинг ҳаётида, жамиятнинг ривожида энг таъсирли омиллардан бири, инсоннинг кўзини очган, ҳаётга таъсир кўрсатмоқ имконини берган. Сўз ҳар қандай хазинадан қимматдир. Оқил агар сўз била сўзни топар, Ориф ўшал сўзда ўзини топар Зоҳиру ботин хабари сўздадур, Ҳар на ки бор ўзгада йўқ, ўздадур. Ул кишиким топмади сўз ганжини, Қилди ҳобову ҳазар ўз ранжини. Кимки назар манзаридин юмди кўз, Қўймади мерос ўзидин ғайри сўз. Умри гаронмоя чу бўлғай талаф, Сўздуру сўз дунёда қилғай халаф. Ҳайдар Хоразмий маъноси билан шаклини узвий бирликда олади ҳамда мазмундор сўзни (бадиий сўзни), унинг қудратини улуғлайди. Сўз санъаткори "гавҳари маънинг" ифода эта олиш учун, биринчидан, "ақл денгизи"га шўнғиши, яъни ақл-идрок чегарасининг денгиздай чуқур билиши керак; иккинчидан "андиша кони"ни "жон тиши бирла" қазий олувчи бўлиши, яъни мазмунили фикр ва ғояни бадиий юксак тарзда ифода эта олиши керак. Шундагина сўз санъаткори мазмунан янги, бадиий гўзал асарлар ярата олади. Бу ҳақда шоир ёзади: Менки бу ният била қўйдум қадам, Жон томури учини қилдим қалам. Хос кўнгул нақлидур ушбу рамуз, Ғавени кўрсатма гуҳарни угуз. Ақл тенгиз эрдиё, андиша кан, Ўртасида гавҳари маъни ниҳон. Жон тиши бирла қозиб ул конни, Қилдим ўзум ғавс бу уммонни. Ул киши қўйғай чу Низомий бу ганж, Қозғона олғай гуҳори дасти ранж. Йўқ эса ҳар муфлиси бедастгоҳ, Ҳеч топа билгайму бу махзанга раҳ. Бу ўринда муаллиф "хос кўнгул нақди" бўлган, дурларга тўла хазина яратиш йўлида "ақл тенгизи"ю, андиша хонларида яширин "гуҳори маъни"ни қўлга киритиш учун ғаввослардек бу уммонларга шўнғиди, "жон тиши бирла" конларни қазиди ва Низомийдек улуғ сўз санъаткорининг хазинасидан "гавҳари маъни"ни топди. Ҳайдар Хоразмий усталик билан сўз ўйини орқали икки нарсага диққатни тортади. Бир томондан, "ҳеч топа билгайму бу махзанга роҳ" дейиш билан "махзан" сўзини хазина маъносида ишлатса, иккинчидан, Низомийнинг машҳур "Хамса"сига кирувчи "Махзонул-асрор"ни назарда тутяпти. Ҳайдар Хоразмий ўзбек адабиётида шеърий ҳикоянинг ривожига ўз ҳиссасини қўшган санъаткорлардан бири ҳамдир. Шоир кичик ҳажмли ҳикояларда катта ва муҳим бўлган бирор темани ёритишга, характерли образ ва портретлар яратишга муваффақ бўлган. "Махзонул-асрор"даги ҳикоятлар дидактик характердаги асарлардир. Муаллиф уларда бирор кичик воқеанинг ҳикояси орқали китобхонларга панд-насиҳат қилади, уларга ўгит беради, фалсафий, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалаларга доир хулосалар чиқаради. Шоир уларда ахлоқ ва одобни, олижаноб инсоний фазилатларни тарғиб қилади, меҳнат ва меҳнат аҳлини улуғлайди. Ҳайдар Хоразмий дунёнинг моддийлиги, материянинг бор шаклдан иккинчи бир шаклга ўтиб боришини эътироф қилади. Туғилмоқ ва ўлмоқни, эскирмоқ ва янгиланмоқни табиат қонуни, деб ҳисоблайди: Гарду ғубореки топар ер юзи, Бир қаросочнинг юзидур ё кўзи. Сунбули тарким сочар ул мушкиноб, Токи не сочар рангидин олди ҳисоб. Кўрди қаро ерда санамлар юзун, Наргиз ўшал сурмадин очди кўзин. Юқоридаги мисраларда моддий предмет йўқдан бор бўлмайди ва йўқолиб ҳам кетмайди, балки шаклини ўзгартиради, деган хайёмона фалсафий қараш мавжуд. Шоирнинг сунбул ҳам, наргиз ҳам қачонлардир ўлган гўзалларнинг тупроққа айланган жисми туфайли пайдо бўлди, дейиши шу маънони ифода этади. Ҳайдар Хоразмийнинг фалсафий қарашларини ифода этувчи "Сулаймон шоҳ" ҳақидаги ҳикояси айниқса характерлидир: Гўё худо бутун дунёнинг ҳукмронлигини Сулаймонга топширган экан. Сулаймон адолат билан ҳукмронлик қилиб, халқни каму кўстсиз, мамлакатни тинч ва обод қилган эмиш. Кунларнинг бирида Сулаймон бир ифрийни чақириб: "Сен денгиз тубига шўнғиб, бир-икки ҳовуч лой олиб чиққан. Кейин уни кулолга бер, токи у бир кўза ясасин. Мен бу кўзадан тоза сув ичмоқчиман, - депти. Ифрий Сулаймоннинг айтганини бажо келтириб, ясалган кўзада тоза сувни Сулаймонга олиб келибди. Сулаймон кўзадаги сув билан рўзасини очибди. Аммо, кўзадаги сув жуда аччиқ экан. Сулаймоннинг ғазаби келиб кўзани улоқтирибди. Шунда кўза зарб билан ерга тушиб синибди ва тилга кириб депти: Мен доғи ер юзида бир жон эдим, Одамилар устида султон эдим. Умр тугадию ажал қилди зўр, Тахт юзи тахтаю эв бўлди гўр. Бўлди тенгиз мавжи менинг мулсатим, Сув тубида қолди менинг турбатим, Бир неча йил гил бўлиб, эй шаҳриёр, Топтим ўшул жафро ичида қарор. Даври фалак сув тубида неча йил, Қилди муҳит ичра вужудимни гил. Ушбу очиқлиғки бу савдо эрур, Андоғи жон берган очиқдан эрур. Афсонавий сюжет асосида яратилган бу кичик шеърий ҳикояда замона билан бевосита алоқадор бўлган масалалар олға сурилган. Шу жиҳатдан қараганда, ҳикоядаги кишининг жисми аралашмаган тупроқ йўқ, тўзон гирдоблар натижада кўтариладиган чанглар оддий чанг ғубор эмас, балки ўлган кишиларнинг ё юзи, ё кўзи ва ёки бошқа бир аъзосидир, деган фикр XV аср шароитида, хусусан Амир Темур ҳукмронлиги даврида Уруш-талашлар натижасида кўпчиликнинг қирилиб кетганига ишора ҳамдир. Шоир XV асрнинг ҳаёт лавҳаларини тасвирлайди, жамиятнинг айрим иллатларни танқид қилади, турли ижтимоий табақаларни таърифлайди, уларни бир-бирига қарама-қарши ёки ёнма-ён қўйиб, бирини қоралайди, иккинчисини мақтайди. Бу жиҳатдан шоирнинг "Савдогар ва бўз тўқувчи кампир" ҳикояси характерлидир. Ушбу ҳикоя ҳажман кичик бўлиб, 43 байтдан иборат. У ўзининг композицияси, образлар системаси ва конкрет идеясига эга бўлган мустақил бадиий асардир. Айни замонда, "Махзонул-асрор"нинг умумий композицияси ва ғоявий йўналиши билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг таркибий бир қисмини ташкил этади. Ҳикоя асосида ўша даврдаги кундалик воқеа ётади: "Бир бева кампир, очликдан зор қақшаб ётган болаларини оғзига бир бурда нон топиб бериш қайғусида икки ҳафта тинимсиз меҳнат сарф этиб, бир кийимлик бўз тўқийди-да растага савдогар дўконига олиб келади. Савдогарга арзи ҳолини айтиб, тегишли ҳақни тўлаб бўзни олишни илтимос қилади. Савдогар кампирнинг бўзини қўпол, дағал, кийимга яроқсиз деб, ерга уради ва арзимаган пулга сотиб олади. Орадан кўп ўтмай шу савдогарнинг дўконига бир харидор яхши бўз сўраб келади. Савдогар кўп бўзларни мақтаб кўрсатса ҳам, олувчининг дидига ёқмайди. Ниҳоят, савдогар кампирдан олган бўзни харидорга жуда қиммат баҳо билан сотади. Савдогарнинг дўкони қаршисида унинг қилмишларини кузатиб турган донишманд чолнинг савдогарни қаттиқ ҳижолат қилиши билан ҳикоя тугайди. Ҳикояда ҳар томонлама эзилган меҳнаткаш бўз тўқувчи кампир ва шафқатсиз, қаллоб савдогар образлари бир-бирлари билан тўқнашуви асосида ўша давр ижтимоий ҳаётидаги иллатлардан бири фош этилган. Савдогар савдо ҳийла-найрангларини ипидан игнасигача биладиган ҳийлакор шахс. Воқеа давомида савдогар ўғри пасткаш, ифлос шахс сифатида ҳам тасвирланади. Ҳайдар Хоразмий савдогарнинг ҳийла-найрангини фош қилиш учун уни икки ҳолатда (ҳам косиб билан, ҳам харидор билан муомалада) кўрсатади, бу унинг фирибгарлигини чуқурроқ очишга, танқид қилишга ёрдам беради. Бўз тўқувчи кампирнинг ҳам очликка, ҳам йўқчиликка гирифторлиги ҳаётий ёритилган. Шоир кампирнинг аянчли турмушига мос равишда унинг ташқи портретини чизади: ... Бўйи ики қат бўлуб, ярқоси кўз. Бўйи боши раъша билак беқарор. Дам уруши, йўл юруши мурдавор. Не кузида нуру не оғзида сўз. Дунёсидин қўйнида бир васла бўз. Ҳикояда донишманд чол образи келтирилган. У одил кузатувчигина эмас, айни замонда, ҳам фош этувчи, ҳам тўғри йўлга солувчи шахси сифатида гавдаланади. Шоир ҳикояни шу донишманднинг бозорга саёҳат қилишидан бошлаб, унинг савдогарни ҳижолатда қолдириши билан тугатади. Шоирнинг бу образни ҳикояга киритишдан мақсади савдогарнинг қиёфасини фош этишдир. Бу ғоя донишманднинг сўзларида яхши очилган. Юқоридагилардан равшан бўладики, Ҳайдар Хоразмий маккор савдогарни камбағал косиб ва харидорни алдагани учун донишманд чол олдида ҳижолатда қолдиради. Муаллифнинг маҳорати шундаки, асосий воқеанинг моҳиятини чуқур англагани ҳолда асар композициясини ҳар бир элементини шунга мослайди. Муаллиф ҳикоя ичида ҳикоя усулидан фойдаланиб тасвир яратади. Шоир ҳикояда тасвирланадиган воқеани бирдан бошламайди. Ҳикоя бир донишманднинг бозорга қилган саёҳатини тасвирлашдан бошланиб, ана шу чолнинг кўрганларини - ҳикоянинг асосий воқеасини баён қилади ва яна шу донишмандни тасвирлаш билан ҳикояни тугатади. "Махзонул-асрор" дидактик достон бўлганлиги учун ахлоқ-одоб масалалари ундаги кўпчилик бобларнинг мавзу асосини ташкил этади. Шоир ҳикматли сўз ва иборалар орқали яхши хулқ-одобни, меҳнатсеварликни, сахийликни, ростгўйлик ва бошқа хислатларни тарғиб этиб, ярамас одатларни қаттиқ танқид қилади. Ҳайдар Хоразмий карам ва саховатни улуғлайди. Ҳиммат ва саховатни инсоннинг энг яхши фазилати сифатида таърифлаган шоир кишиларни муҳтожларга нисбатан карамли бўлишга чақиради: Ёрим оёқ ошки топарсен насиб, Ярмини берки есун бир ғариб. Ёки: Бўлма харидор била сахтрўй, Қилма забунларға қаттиқ гуфтигўй. Шоир турли йўллар билан мол-дунё орттирган бойлигидан на ўзи ва на бошқалар фойда топмаган бахил ва зиқна кишиларни танқид қилади. Ҳайдар Хоразмий пулдор бойдан карам, саховатли фақирни юқори қўяди: Бой дагул гар дирами бор эса, Фақир ғанидур карами бор эса. Шоирнинг карам ва саховат ҳақидаги қарашлари унинг "Ҳотами Тойи" ҳикоясида янада равшан ифода этилган. Мазкур ҳикояда Шарқда саховат, карам, очиқ кўнгилликнинг тимсолига айланган Ҳотами Тойи ҳақида сўз боради, унинг фазилатлари баён қилинади. Ҳайдар Хоразмийнинг тасвир принципи учун шу нарса хоски, шоир ўзининг фалсафий-дидактик қайдларини маълум даражада сўфийлик майллари орқали, сўфийлик атамаларидан фойдаланган ҳолда ифода этади. Масалан, ғафлат ва сабрсизликни танқид қилиш (Яъқуб ва унинг ўғли Юсуф ҳақидаги ҳикоя), ростлик, ҳалоллик ва саховатни улуғлаш (форсда пул йўқотган форс ҳикояти, Ҳотами Той ҳикояти), зўрликка қарши норозилик (Маҳмуд Ғазнавий ҳақидаги ҳикоят), инсонни, ҳаётни эъзозлаш (Сулаймон билан Осаф бинни Бурхит ҳикояти) кабилар диний майллар пардаси орқали баён этилади. Ҳайдар Хоразмий ўз даврининг йирик сўз устаси эди. У адабий асарнинг тили масаласига катта эътибор берди. Шоир гапириладиган, айтиладиган, ёзиладиган гапнинг мўъжизали бўлишини, яъни юксак маънога эга бўлишини талаб этади: Улким, анга мўъжизалик сўз керак, Ё кўриб англағудек кўз керак. Сўз била ҳам бўлса не бўлғай эди, Мендин очун сўз била тўлғай эди. Бунда шоир: "ҳар қандай нарсани ёзиш, сафсата сотиш ҳам бадиий қимматга эга бўладиган бўлса, шеърият ҳисобланса, у вақтда мен аллақачон дунёни сўз билан тўлдириб юборган бўлар эдим", - дейди. Шоир асарда маънавий санъат турлари - таносиб, ташбеҳ, мажоз, таъриз (ёки эътироз), истиора, иғроқ, ғулув кабилардан ўзининг фалсафий-таълимий қарашларига доир ғоявий мақсадларини ифодалашда моҳирона фойдаланган. Масалан, Низомий "Махзонул-асрор"ига жавоб ёзишга киришиш арафасидаги аҳволини баён этаркан (Муаллифнинг васфи холи бобида), юрагини ёниб турган шаъмга, миясидаги турли-туман ўй-хаёл, андишаларни шаъм тутунига, қимирламай фикр суриб ўтириш ҳолатини шаъмдан остидаги лаганга ёки умуман бир бутун руҳий ҳолатини шаъмдон ва ундаги ёниб турган шаъмга ўхшатган: Шаъм сихатлик юрагим шуълазан, Дуд бошимда аёқимда лаган. Ҳайдар Хоразмий, биринчи навбатда, ўз фикрини ихчам ва қисқа равишда баён қилишни, сўзни тежашни тарғиб қилади. Асарда фикр тугаллигига жиддий диққат қилган шоир ҳикматли сўзлардан унумли фойдаланади, байтни бир афаризм даражасига кўтаради: Букл азиз одамини хор этар, Ул кўзида ит каби мундор этар. Халқимиз орасида машҳур бўлган "Эгри озади, тўғри ўзади" мақоли шоир томонидан: "Эгри озар, тўғри ўзар, эй фалак" тарзида айнан берилади. Ҳайдар Хоразмий форс-тожик ва араб тилларидаги айрим ибораларни ҳам усталик билан қўллаб, фикрий қарашларини мантиқан кучайтириб беришга ҳаракат қилади. Масалан: Жазб қилиб топди "муаммо кушой", Урди неким, ҳосилина "пуштипай", - байтида асосан форс-тожикча "муаммо кушой" (муаммо очувчи) ва "пуштижой задан" (оёқни уриб қолавериш) каби бирикмаларни қўллаб, маккор савдогарнинг охуни қаттиқ ҳижолат чекиб, афсусланиб қолаверганини таъкидлайди. Хуллас, Ҳайдар Хоразмийнинг "Махзонул-асрор" асаридан шоирнинг ўз замонасининг катта билимдони, ўз она тили билан бир қаторда араб, форс-тожик тилларини чуқур ўрганган, шунинг билан бирга фалсафий билимларни мукаммал эгаллаган, етук маърифатли шахс экани маълум бўлади. Download 1.4 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling