Adabiyotshunoslik kafedrasi


Download 1.4 Mb.
bet24/24
Sana30.03.2023
Hajmi1.4 Mb.
#1309193
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   24
Bog'liq
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)

15-мавзу: Отойи ижоди
Режа:

  1. Отойи ҳақида маълумот.

  2. Отойи ижодининг мавзу кўлами.

  3. Отойи шеърияти ва халқ оғзаки ижоди.

  4. Отойи шеъриятининг бадиий хусусиятлари.

Адабиётлар:

  1. Ўзбек адабиёти. Тўрт томлик. Биринчи том. – Тошкент: Бадиий адабиёт нашриёти, 1959.

  2. Каримов Н. Ўзбек адабиёти тарихи. – Тошкент: Ўқитувчи, 1976.

Назорат саволлари:

  1. Отойи ҳақида қайси манбаларда маълумот берилган?

  2. Отойи ижодига хос муҳим жиҳатлар ҳақида сўзланг.

  3. Отойи лирикасининг мавзулари ҳақида маълумот беринг.

  4. Отойи лирикасининг образлар тизими ҳақида сўзлаб беринг.

  5. Отойи девонлари ҳақида нималар биласиз?

  6. Отойи лирикасида омоним сўзларнинг ўрни ҳақида нималар дея оласиз?

  7. Отойи шеърларида шеърий санъатларнинг ўрни ва аҳамияти қандай?

  8. Отойининг сўз ўринларидан фойдаланиш маҳорати ҳақида сўзлаб беринг.

Отойи XV асрнинг биринчи ярмида етишган истеъдодли лирик шоирдир. Отойининг асл ва тўла номи, туғилган ва вафот этган йиллари аниқланган эмас. Шоирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида унинг ўз девони ва Алишер Навоийнинг айрим асарларида баъзи маълумотлар бор.
Алишер Навоий “Мажолисун-нафоис”да шундай қайд бор: “Мавлоно Атойи Балхда бўлур эрди. Исмоил ота фарзандларидандир, дарвеш ва хушхулқ, мунбасий (хушчақчақ, очиқ чеҳра) киши эрди. Ўз замонида шеъри ятроқ (туркий тилда сўзловчилар) орасида кўп шуҳрат тутти. Бу матлаъ анингдурким:
Ул санамким сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.
Қофиясида айбғинаси бор. Аммо Мавлоно кўп туркона (содда, равон) айтур эрди. Қофия эҳтиёжиға муқайлу эмас эрди. Қабри Балх навоҳисидадур”.
Юқоридаги номи зикр этилган Исмоил ота ҳақида Навоий “Насойимул муҳаббат”да қуйидагиларни ёзади: “... Исмоил ота... зоҳирон Хўжа Аҳмад Яссавий...нинг Иброҳим ота отлиғ инисининг ўғлидир... Ёши юзга яқин ва авлоди ўн етти ё ўн саккиз бор эрди. Авлоди орасидин Исҳоқ отани ўз қойим мақоми қилиб оламдан ўтубдур...” Ҳусайн Воиз Кошифий “Рашоҳат” асарида Исмоил отанинг Хузиёнда (Тошкент билан Сайрам ўртасидаги қадимги вилоят) туғилгани ва Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф оқимини давом эттирувчилардан бўлганини айтади. Шунингдек, Навоий “Мажолисун-нафоис” асарида берилган маълумотига кўра Отойи Балх шаҳрида яшаган Улуғбек Мирзонинг ўз саройи атрофига тортган олим ва шоирлари қаторида Отойи ҳам бўлган”. Ноиб жиҳатидан Аҳмад Яссавий қариндоши Исмоил ота авлодларидан бўлган. Бу шоир тахаллусининг Отойи бўлиши ҳам унинг Яссавий тариқатини элга ёйувчи сўфийлардан - яна Мансур ота, Занги ота, Сулаймон Ҳаким ота, Акбар ота, Иброҳим ота каби мутасаввуф ота каби оталар (атолар) оиласидан, гуруҳидан чиққанлигини кўрсатади.
Отойи ижодининг характерли жиҳати мураккабликдан холилиги, содда ва равон услубидадир. У дунёвий ишқни, инсон бахтини куйлайди. Ўрта асрлар жаҳолатини шоир қуйидагича қоралайди:
Қўйғил Отойи бошни санамлар аёғина,
Эмди-чи жойи мадрасаву қолу қолдур?
Ҳар кимки, севса сен киби соҳиб жамолни,
Соҳибназарлар олдида соҳиб камолдур!
Отойи лирикасида дунёвий севги етакчи мавзу бўлиб, бошқа масалалар унга узвий боғланиб келади. Севги масаласи уч образ орқали ёритилган. Бу образлар ошиқ, ёр ва рақибдан иборат. Ошиқ юрагини ҳаёт кўрки, завқ-шавқ билан тўлдирган. У ёрнинг ҳусн-жамолига мафтун бўлиб, висолига етиш учун интилади. У фақат ўз севгиси қобиғига ўралиб қолмай, инсонларни ва уларнинг шодлигини ҳам севади. Баҳор, чаманлар қучоғи, гулларнинг муаттар ҳиди, булбулларнинг сайраши – Отойига ҳаёт оромидир:
Кел, эт дилбарки бўстон вақти бўлди,
Гул очилди, гулистон вақти бўлди.
Қилай нола, боқиб гулдек юзунга,
Чу булбулларға афғон вақти бўлди...
Ўқуб гул бахтини мажлисда ҳар дам,
Бўлуб сархуш, гул афшон вақти бўлди...
Муғаннийларға булбуллар бикин зор,
Ҳазорон навъи илҳом вақти бўлди.
Бу дамким, гул қилур булбулға алтоф,
Отойиға ҳам эҳсон вақти бўлди...
Аммо у, табиат қўйнида дўстларсиз оромнинг бўлмаслигини ҳам таъкидлайди:
Васлингиз умрум гулидур, шавқида мен андалиб,
Ёз фаслинда бўлур вақти хазон сизсиз манго.
Мен бу юз муштоқидурман, боғу бўстон ким бўлур,
Бўлмасун насрину лола, арғувон сизсиз манго.
Сенсиз бу жаҳон айши, аламдур манго, эй дўст,
Шодлиғи ҳам меҳнату ғамдур манго, эй дўст.
Лутфу карамингни сен агар мендан аёсанг,
Жавру ситаминг лутфу карамдур манго, эй дўст.
Шуниси характерлики, шоир табиат кўркидан ҳам инсон кўркини юксакка кўтаради:
Хуршиди ховарида юзунгдек жамол йўқ,
Ким бор анга заволу мунга ҳеч завол йўқ.
Наргиз кўзини менгизли Хўтон лолазорида,
Ўқ ё қошингда ўйнағучи бир ғазал йўқ.
Юзинг қошинда ой хабоши энди доғлиқ
Қошинг қошинда тўғри турурға ҳилол йўқ.
Отойи лирикасида кўплаб халқ иборалари, таъбирлари, мақолларини учратиш мумкин. Булар ҳозирга қадар туркий халқлар орасида сақланиб келмоқда. Шоир буларни ўз ғазалларида: “улки дерлар”, “бу масалдур”, “масалдурким”, “айтурлар” каби иборалар ишлатган:
Улки дерлар жумлайи оламда ғолиб ҳусн эрур,
Мунтаҳол восили матлубу толиб ҳусн эрур.
Эмди билдим рост эмиш, балки кўрдим кўз била,
Улкан дерлар сув қизики гоҳ кўзга кўринур.
Ғанимат тут жамолки ҳусн даврин,
Масалдурким: “Яна бу дам топилмас”.
Қилди жонимға мени ширин лабин завқи, бале,
Бу масалдурким: “Киши бол тутса, бармоғин ёлор”.
Отойи ғазалларида “сув яқосида ўлтурган парилар”, “сув қизлари” каби халқ эртаклари сюжетларига оид сўзлар кўп учрайди. Булар шоир томонидан ғоятда санъаткорлик билан ишлатилганлиги туфайли ғазаллар сатрига сингиб кетган ва Отойи лирикасининг жозибали, ёқимлилигига асос бўлган:
Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.
То магарким, салсабил ойина жавлани қило,
Келди жаннат равзасиндин ойи кавсар сари ҳур.
Ул иликким сувдин ориқтур, юмас они суда,
Балки суни пок бўлсун деб илки бирла ювур.
Эмди билдим рост эрмиш, балки кўрдум кўз била.
Улки дерлар сув қизини гоҳ кўзга кўринур.
Қошларин ёсин Отойи кўргали ҳусн ичра тоқ,
Субҳидам меҳробларда сураи ёсин ўқур.
Отойи ғазалнинг халққа кенг ёйилишига восита бўлишини яхши билгани учун ҳам оғзаки ижодига қаришиқ бўлган услубда ижод этди. Шу боис шоирнинг 260 ғазалидан 109 таси "рамали мусаммани мақсур" вазнида ёзилган. Маълумки, бу вазн XV асрда Хуросон ва Мавроуннаҳр аҳолиси орасида кўп тарқалган халқ қўшиғи "турки" вазнида олинган ва арузга киритилган (Бу ҳақда Алишер Навоий "Мезонул-авзон"да маълумот беради).
Отойи ўз ғазалларини туркий халқлар оғзаки адабиётида кенг тарқалган вазнда ёзилганлиги ва мақолалар, иборалардан кўп фойдаланганлиги важидан содда, завқ бахш этар асарларга айланган. Айниқса, улар сўз ўйинлари, қочиримларга бойлиги билан ажралиб туради:
Десангким: "Жон сипар қилғил, Отойим!"
Турубмен уш муноқ ўлтур, от, ойим!
Қулингмен сақласанг жоним бирмунча,
Агар соқламасанг жоним боринча,
Агар соқламасанг, сен бил, сот, ойим!
Отойи ғазалларида куйланмиш ошиқ - ўз ёрига садоқатли, вафодор. Ошиқнинг бор вужуд ва фикр-хаёли севги билан банд. Унинг-ча, севги мол-давлатга қарамайди подшо, гадони фарқ этмайди:
Гадомен васлингға не чора айлай,
Ки султонлар бу иш бечорасидур.
Отойи ҳолидин сўрғонга айтинг,
"Санамлар кўйининг авворасидур".
Ошиқ - шоир вафосизликни қоралайди. Чунки вафосизлик ошиқнинг юрагини эзиб, жонини қийнайди. Азобланган ошиқ бевафолик қилган маҳбубдан зорланади, у баралла овоз билан маҳбубга хитоб этади:
Вафосиз дилрабодин тенгри безор,
Агар ҳусн ичра жаннат ҳури бўлса.
Отойи девонининг ягона қўлёзма нусхаси Россия ФА Шарқшунослик институтининг Санкт-Петербург бўлимида сақланади. Бу қўлёзма нусха тахминан XVI асрда, сафавийлар даврида яшаган озарбайжонлик бирор котиб томонидан кўчирилган. Бу қўлёзма жами 260 ғазални ўз ичига олади.
Отойи ғазалларида дунёвий севгини куйлайди, табиат кўрки ва инсоннинг фазилатларини таъриф ва тавсиф қилади, таркидунёчилик ва бадбинликка қарши курашади, хилма-хил бадиий лавҳалар ва образлар яратади, халқ оғзаки ижоди бойликларидан ва ёзма адабиёт тажрибалардан фойдаланади, содда, равон, жўшқин ва нафис байтлар тузади.
Отойи ҳаёт гўзаллигини улуғлайди. У ҳаётнинг лаззатини - тириклик чоғида деб билади. Унга ҳаёт ва ёр кўрки завқ-шавқ бағишлайди. Ёр ҳуснини кўрган ҳурлар уялиб, "жаннат"га қочиб кетганлар: Беш томлик "Ўзбек адабиёти тарихи" дарслигида Отойининг қуйидаги сатрларини шўро даври талаблари асосида шундай талқин қилади: "Маълумки, мусулмон олами Каъба меҳробига оллоҳ учун сажда қилади. Отойи эса ўз ёрини дилида сақланган ҳолда сажда қилади. Севгилисининг қошу кўзининг нияти бўлмаганда, Каъбага сажда қилишнинг фойдаси йўқ, дейди:
Қилмағай сажда Отойи каъбанинг меҳробина,
Бўлмоғунча кўнглида ул қошу кўзнинг нияти.
Кўриб ўтганимиз ушбу қатор сатрлардаги олға сурилган ғоялар шоирнинг ўз замонаси учун ниҳоятда илғор фикрлар эди. Отойи инсон ҳаёти ва фаолиятининг муҳим бир хосияти ва шарти, ҳаётга нисбатан бўлган муҳаббатнинг ифодаси - севги деб билади. Барча ғазалларда, шунинг учун ҳам севгини куйлаб, севги воситаси билан ўзининг табиатга, ҳаётга бўлган муҳаббатини намойиш қилади. Шоирлик салоҳиятини у дунё деб, "бу дунё"дан кечишга даъват қилувчи зоҳид ва шайхларга қарши қаратди". Аслида Отойи қошу кўз деганда оллоҳ назарда тутилган. Кўнгилда муҳаббат бўлмаган ишқнинг қиммати йўқ демоқчи шоир.
Отойи май образидан ҳам унумли фойдаланади. У майни ҳаёт шодлигининг рамзи деб билади. Отойи баъзан сўфиёна майллар билан йўғрилган шеърларида ҳам дунёвийликни устун қўяди:
Э саҳоват даъви қилғон жарима ному кенг учун,
Кел, даме майхонада кўргил гадолар ҳимматин.
Отойи ғазалларидаги бу хилдаги кайфиятлар динни тамомила инкор этиш заминида эмас, балки ҳаётга муҳаббатни рад қилувчи айрим хурофий тушунчаларга қарши кураш асосида туғилган эди.
Отойи девонида ижтимоий ҳаёт масалаларига қаратилган алоҳида ёзилган шеърлар йўқ. Ғазаллардаги сўз гўё ёр ҳақида бораётгандек туюлади, аммо "бевафо" ва "золим" сўзлари баъзан ҳукмрон табақа (шоҳ ёки султон)га нисбатан қилинади, шафқатсиз, бағри тош ёр - шафқатсиз подшо, султонларга ўхшайди.
Отойи ғазалнависликда устод санъаткорлардан биридир. У ғазалларида кишиларнинг турлича ҳис-туйғулари, ҳаёт завқи, севги шавқи, ҳижрон алами ва висол иштиёқини, таркидунёчиларга қарши ғазаб ва нафрат туйғуларини ғоятда усталик билан ифодалайди. Шоир ғазалларининг кўпи 7 байтли. Бу ғазаллар ўртасида "Ул санамки....", "Жамолинг васфини....", "Бу ҳусну малоҳатни..." каби воқеабанд шеърлар ҳам бор. Ғазалларнинг кўпи рамал, ҳазаж ва бошқа хил баҳрларда ёзилган. Шоир буларнинг қофия ва радифида ҳам яхши натижаларга эришган. У айниқса равон ва мусиқий қофиялар яратишда муваффақият қозонади. Ғазалларида қўлланган радифлар шеърий мисраларнинг мазмунини бойитиши, равонлиги, мусиқийлигини кўтаришга хизмат қилади:
Отойи ғазалларида Навоий таъкидлаганидек, қофияга етарли эътибор бермасликни ҳам кўрамиз. У кўпинча оч қофиялар ишлатади. Масалан, шоир юқоридаги тўртликнинг биринчи сатридаги: "мусаввир" сўзига иккинчи сатрдаги "пайкар" сўзини қофия қилиб келтирадики, бу ҳолат шеърнинг санъат жиҳатини паслатади. Бироқ шоир шеърларида қўплаб оригинал лавҳалар, образлар яратадики, бу билан қофиялардаги ғализлик сезилмай кетади.
Отойи ғазалларида контраст усули орқали ҳазил-мутоиба ҳолатни жиддийлаштиради. Айниқса, маҳбуба тасвирида ошиқнинг ички кечинмалари баёнида ўхшатиш, киноя, муболағалардан усталик билан фойдаланади.
Отойи омоним сўзлар ва турли бирикмалар орқали сўз ўйинлари ижод этади. Бундай сўз ўйинлари билан ёзилган шеърлар туюқларга хос бўлган хусусиятни гавдалантиради:
Юзунгни, эй малоҳат хони, бир оч,
Туя кўрсун сени бу мустаҳиқ оч.
(оч - очмоқ; оч - оч қолмоқ)
Отойи ўз даврининг маърифатпарвари ва пешқадам шоири сифатида баъзан подшоларнинг зулмидан, босқинчилик урушларидан, зодагонларнинг зулми ва кибр-ҳавосидан шикоят қилади ва мазлумларнинг муҳтожлиги ва ночорлигига ачинади. Бундай норозилик мотивлари ишқий лирик шеърнинг мазмунига моҳирлик билан сингдирилади, сўз гўё ёр ҳақида бораётгандек кўринади, лекин "ёрдан шикоят" замирида ижтимоий норозилик кайфиятлари ифодаланиб, "бевафо" ва "золим" сингари сўз шоҳ ёки султонга нисбат берилади.
Шоирнинг айтишича, ёр ошиқнинг кўз ёши ва нола-фарёдига раҳм-шафқат қилмайди, чунки бағри тош ёр шафқатсиз подшога ўхшайди:
Ёр чун фарёдинга етмас, тахаммул қил кўнгул,
Додни кимдин тиларсен, подшо раҳм айламас!
Ёр шафқатсиз. У золим ва босқинчи ҳукмдорларнинг қўшини эл-юртни босиб олиб, кишиларни асир қилиб, мол-мулкларини тортиб олгани каби, кишиларнинг кўнглини бузади:
Ишқ мулкинда асир этган мўғул ўлжасидек,
Хаста кўнглумки Хито-Чин кўзлари яғмасидур.
Шоир ғариб ва мискин кишиларнинг аҳволига ачинади. У ошиқ (ўзи) ва рақиблар ўртасидаги зиддият ҳақида сўзлар экан, муҳтож ва йўқсул кишиларнинг аҳволидин шундай шикоят қилади:
Эшикта итларинг манго миннат қилурлар, оҳ,
Ҳеч кимса бўлмасун кишининг нону ошида,
Таънадин қовмас Отойини эшикдин рақиб,
Ҳеч гадое ит урса эшикни қўюб кетмас, бегим.
Отойи ғазал жанрининг устоз санъаткорларидандир. У ғазалларида кишининг хилма-хил ҳис-туйғуларини, ҳаёт завқи, севги шавқи, ҳижрон алами ва висол иштиёқини, ярамас иллатларга қарши ғазаб ва нафрат туйғуларини моҳирлик билан ифодалайди.
Отойи кўпчилик ғазаллари, бошқа ўзбек классик шоирлариники сингари, 7 байтли ғазаллардир. Отойининг ғазаллари орасида "Ул санамким сув яқосинда паритек ўлтурур", "Жамолинг васфини қилдим чаманда" ва "Бу ҳусну малоҳатки бизнинг ёрда бордур" каби бир неча воқеабанд ғазаллар ҳам бор.
Отойининг ғазаллари рамал, ҳазаж ва бошқа баҳрларда яратилган. Девондаги 260 ғазалдан 109 таси, академик А.Самайлович таъкидлаганидек, рамали мусаммани мақсур (фоилотун фоилотун фоилотун фоилун) вазнида битилган. Бу баҳр ўзбек мумтоз поэзиясида жуда кенг тарқалган бўлиб, "туркий" деб юритилган ўзбек халқ қўшиқлари шу баҳрда ижод қилинган. Бу ҳақда Алишер Навоий "Мезонул - авзон" асарида ҳам тўхталади.
Отойи қофия ва радифда ҳам хийла яхши натижаларга эришади. У айниқса "оч - суймоч - соч - қоч - қиймоч", "кеч-кеч - сеч-сеч" каби янги, равон ва мусиқий қофиялар яратишда муваффақият қозонади. Отойи қўллаган радифлар эса мисраларнинг мазмунини бойитиш ва чуқурлаштиришга ҳамда уларнинг равонлиги ва мусиқийлигига хизмат қилади. Бу жиҳатдан айниқса:
Эй орази шамсу қамарим нетти не бўлди?
В-ей тиллари дурру гуҳраим, нетти не бўлди?
матлаъли ғазал диққатга сазовордир. Бу ғазалдаги "нетти не бўлди?" радифи ички ҳис-туйғуларни тўлароқ ифодалашга ҳамда мисраларнинг бадиий соддалигини ва оҳангдорлигини кучайтиришга ёрдам беради.
Отойи шеърларида турли хил бадиий усулларни, тасвирий воситаларни қўллаб, оригинал бадиий лавҳалар ва образлар яратади. Ҳаёт ва дунёвий севгининг жўшқин куйчиси бўлган Отойи реал ҳаётни "у дунё"га, ёрни ҳурга, ошиқни шайх ва зоҳидларга қарама-қарши қўйиб, булардан бирини эътироф қилади, улуғлайди, иккинчисини рад этади ёки аччиқ танқид қилади.
Отойи ёр портрети тасвирида ва ошиқнинг ички кечинмалари баёнида ўзига хос ўхшатиш, киноя, муболаға, тажоҳули орифона, лоф ва нашр каби турли тасвирий восита ва усуллар яратади.
Отойи омоним сўзлар ва турли бирикмалар воситаси билан чиройли сўз ўйинлари ясайди ва бундай шеърий парчалар ўзбек адабиётининг ўзига хос жанрларидан бири бўлган туюқларга хос хусусиятни намойиш қилади.
Шоир сўз ўйинларидан ташқари, арабча ёзувдаги ҳарфларнинг шаклидан ҳам фойдаланиб, ўзига хос лавҳалар яратади. Чунончи:
Жами зулфунг, нун қошинг қасди жон айлаб эди,
Боқи бўлсун, лутф этиб кирди алиф қаддинг аро.
Бу байтда "жон" сўзи ҳарфларга бўлиниб, зулф "жим" га, қомат "алиф" га, қош "нун" га ўхшатилади ва шоир ёрнинг зулфи, қоши ҳамда қоматидан "жон" сўзини ясайди:
Мим оғзи билан зулфи қадди лом алифдин,
Эй вой, нетай, хаста кўнгул қолди аламға.
Бу бобда шоир "хаста кўнгулнинг аламга қолиши" сабабини ёрнинг "мим"га ўхшаш оғзи (араб ёзувида "м" ҳарфи шаклида ёзилиб, унинг тўгарак қисми жуда кичик бўлгани учун оғиз "мим" га ўхшатилади), "лом"га ўхшаш зулфи (қайирма зулф "л" ҳарфининг арабча шаклига ўхшатилади) ва "алиф"га ўхшаш қомати (араб ёзувида "а" ҳарфи шаклида бўлиб, қадди-қомат алифга ўхшатилади) деб изоҳлайди ва бу ҳарфларнинг шаклидан алам сўзини ясайди.
Ҳарфнинг ёзилиш шакли асосида ўхшатишлар яратиш, шубҳасиз, каллиграфия санъати билан боғлиқ ҳолда вужудга келган. Бироқ Отойи ғазаллари айрим бадиий нуқсонлардан ҳам ҳоли эмас. Шоир бадиий образлар яратишда реал ҳаёт лавҳаларига кам мурожаат қилиб, ҳаётий кечинмаларга берилади.
Отойининг адабий мероси унинг халқ оғзаки ижоди асарларини яхши билганини, уларни севгани ва ғоявий-бадиий бойликлардан самарали фойдаланганини кўрсатади. Отойи айрим ғазалларини бевосита халқ оғзаки ижоди таъсири остида яратди. Бунга жумладан:
Ул санамким сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозиклукидин сув била ютса бўлур
матлаъли ғазали ёрқин далил бўла олади. Бу ғазалда шоир халқ эртакларидаги "сув париси" образини яратади ва халқ оғзаки ижодидаги "сув қизи"га ишора қилиб:
Эмди билдим рост эмиш, балки кўрдим кўз била,
Улки дерлар сув қизи, гоҳи кўзга кўринур, -
дейди.
Отойи айниқса халқ мақоллари ва халқ таъбирларига катта эътибор беради. У халқ донишмандчилигининг ифодаси бўлган мақолларга мурожаат этиши билан ўз ғазалларининг мазмунини ҳам, тили ва бадиийлигини ҳам бойитади. Шоир халқ мақолларини айнан келтиради ёки уларнинг мазмунини сақлагани ҳолда шаклини шеърий мисраларга мувофиқлаштиради, айрим ғазалларида бир эмас, бир неча мақоллар ишлатади:
Сен ўшал султони ҳуснсен, ки бўстонлар аро,
Давлатингдин гул эшигин ел очибон ел ёқар.


Бўлди бағрим сув ғамингдин, яхшилик қил, сол суға,
Охир эй гул, хирмонни, албатта, ҳар эккан ўрар.


Қилди жонимға мени ширин лабинг завқи бале,
Бу масалдурким, киши бол тутса, борлиғин ёлор.


Давлатингдин кўкка етди барча қулларнинг боши,
Ушбу не толеъдур ойим, бизга етсанг тонг отар.


Оғзингизни ҳар неча сўрдум, тиладим, топмадим,
Гўйё бу сўз ғалатдурким, тилаганлар топар.


Зулфингиздин гар Отойи бошқа кўрса не ажаб,
Ким, кўрармен, бир синоғонни яна икки синор.


Ғанимат тут жамолу ҳусн даврин,
Масалдурким, яна бу дам топилмас.


Рақибу зоҳид оҳимдин куярлар,
Бале, ўт куйдирур ҳар хушку тарни.


Севса агар Отойи рақибини ажаб эрмас,
Ким, эгасин оғизлар, итга сўнгак солур.


Лаълидин бағринг қонин ҳар дам Отойи сўрмаким,
Чун аримас ҳар нечаким, ювсалар қон бирла қон.
Отойи халқ қўшиқларининг соддалиги, равонлиги ва мусиқийлигидан ҳам илҳомланди, уни ўрганди. Унинг 260 ғазалидан 109 ғазалининг "туркий" деб номланган халқ қўшиқлари вазнда яратилиши бунга ёрқин далилдир. Отойининг кўпгина ғазаллари халқ қўшиқларига хос бўлган жўшқинлик, соддалик ва равонлик хусусиятлари билан ажралиб туради. Шунга кўра ҳам унинг айрим ғазаллари шу кунга қадар куйга солиб айтилмоқда.
Отойи ўзбек дунёвий адабиётининг Навоийга қадар етишган атоқли намояндаларидан биридир. Шоир севгининг завқ-шавқини, ёрнинг ҳусн-жамолини, ҳижрон аламларини нозик ва ранг-баранг лирик ҳис-туйғулари билан тасвир этади. У янги, ўзига хос образлар яратишга, "назм денгизининг тубига шўнғиб, шеърий дурлар" теришга интилади:
Назм баҳрина чўм, қаърина ет дуртек, Отойи,
Дарё юзина чун ҳасу хошек керактур.
Шоир бадиий маҳоратда яхши натижаларга эришиб, даврнинг пешқадам санъаткорларидан бири бўлиб етишди ва Алишер Навоийнинг эътибори ва ижобий баҳосига мушарраф бўлди. Отойи ғазаллари созанда ва ҳофизлар орасида ҳам шуҳрат қозонди.
Отойи ўзидан олдинги атоқли сўз санъаткорлари билан ҳам ижодий мусобақа қилди ва маълум муваффақиятларга эришди.
Шоирнинг
Гар ўқур хонанда мажлисда Отойи шеърини
Зуҳра чанг қўбсар, қилур шамсу қамар завқу чароҳ
байти бежиз ёзилмаган, албатта. Отойи ижоди ўзбек дунёвий адабиёти тараққиётида ўзига хос ўринга эгадир.
Download 1.4 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling