Аванс бунак. Бирор иш эвазига кейинчалик ҳисоб-китоб қилиш шарти билан олдиндан бериладиган пул, маҳсулот, озиқ-овқат ва ҳ. к. Автаркия
Иқтисодиётга оид атамалар ва тушунчалар изоҳли луғати
Download 89.66 Kb.
|
Иктисодий ЛУГАТ
- Bu sahifa navigatsiya:
- ТОВАРЛАШГАН ХИЗМАТ
- УЛГУРЖИ БАҲО
- УСЛУБИЯТ
- ФЕРМЕР
- ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАҚСИМОТИ
- ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК
Иқтисодиётга оид атамалар ва тушунчалар изоҳли луғати
А АВАНС - бунак. Бирор иш эвазига кейинчалик ҳисоб-китоб қилиш шарти билан олдиндан бериладиган пул, маҳсулот, озиқ-овқат ва ҳ.к. АВТАРКИЯ - (грек.autarkeia- ўз-ўзига етарли)- бу ўзини ўзи маҳсулотлар билан таъминлаб, бошқалар билан камдан кам алоқага киришишдир. Асосан натурал хўжаликка хосдир. АВИЗО - ҳисоб-китоб операцияси хусусидаги расмий билдириш, мижозларга банк томонидан А. орқали амалга оширилган дебет ва кредит операциялари, ёзувлари, ҳисобдаги қолдиқлар, пул ўтказишлар, чек ёзувлари, аккредитив очиш ва бошқа ёзувлар хусусидаги маълумотларнинг берилиши. АГЕНТ - (р <лат) Ташкилот, муассаса ва ш.к.нинг маълум вазифани бажариш учун тайинланган вакили. АГЕНТЛИК ОПЕРАЦИЯЛАРИ - бир томоннинг топшириғи билан келишилган ҳудудда иккинчи (агент) томон амалга оширадиган олди-сотди билан боғлиқ бўлган амалий ва ҳуқуқий ҳаракатлар. АЖИОТАЖ ТАЛАБ - бозордаги шов-шув ва ваҳима таъсири остида сунъий пайдо бўладиган ҳамда шиддат билан ортиб борадиган талаб. АТ одатдаги нормал ҳолатга нисбатан ортиқ талаб ҳисобланади. Бундай талаб бир томондан, аҳоли орасида миш-мишлар тарқатиш ва реклама воситасида муайян товарларга ўта ортиқча баҳо бериш орқали истеъмолчи психологиясига таъсир этиш йўли билан, иккинчи томондан товарларга бўлган ғоят катта қизиқиш, қимматчилик, қахатчилик, ҳар хил шов-шувлар таъсирида пулдан тезроқ қутулиш ва товар заҳирасини кўпайтиришга интилиш оқибатида юзага келади. АККРЕДИТИВ - (лат. аccredo-ишонаман)- банк ёки омонот банкларининг бирор шахс ёки ташкилотга маълум миқдордаги маблағни бериш ҳақида бошқа банк ёки кассага юборган буйруқ қоғози, масалан, жамғармалар банкига қўйилган пулни исталган омонат банкидан олиш учун берилган ҳужжат. АКЦИЗ - кенг истеъмол моллари (қанд, гугурт, туз, тамаки ва ҳ.к.) га солинадиган қўшимча устама солиқ. Маҳсулотга ёки кўрсатилаётган хизмат (коммунал, транспорт ва бошқа турдаги хизматлар) нархи устига қўйилади. АКЦИОНЕРЛИК ЖАМИЯТЛАРИ - масъулияти чекланган фирмаларнинг энг кенг тарқалган шакли бўлиб, одатда кўпроқ фойда олиш мақсадида моддий, меҳнат ва пул ресурсларини бирлаштирган уюшма ҳисобланади. Акционерлик жамиятлари очиқ ва ёпиқ турда бўлади.Очиқ турдаги акционерлик жамиятида акцияларни эркин сотиб олиш ва сотиш мумкин. Ёпиқ турдаги акционерлик жамиятида эса акциялар бир неча кишилар (корхоналар) га тегишли бўлиб, бозорда эркин сотиб олиниши мумкин эмас. АКЦИЯ - акционерлик (ҳиссадорлик) жамияти томонидан шу жамият капиталига ўз ҳиссасини қўшган пайчиларга, яъни ҳиссадорларга бериладиган ва уларга жамият ишида қатнашиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат, қимматбаҳо қоғоз. А.турли кўринишда бўлади : «номли» А.- умумий йиғилишда акционерга овоз бериш ҳуқуқини тасдиқлайди, дивиденд олиш ҳуқуқини (кафолатсиз) беради; «имтиёзли» А.- акционерга фаолият натижасидан қатъий назар муайян миқдордаги дивидент олиш кафолатини берувчи, лекин акционерлик жамияти умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқини бермайдиган акция. АГРАР МУНОСАБАТЛАР - ерга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ бўлган муносабатлардан иборат. АГРОБИЗНЕС - деганда кишлоқ хўжалигидаги бизнес тушунилади. Кенг маънода, бунга қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи бизнес турлари киради. АГРОФИРМА - муайян турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва уни саноат асосида қайта ишлайдиган корхонадан иборат. АГРОСАНОАТ БИРЛАШМАЛАРИ - қишлоқ хўжалиги, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ва тижорат ишлари билан шуғулланувчи корхоналар йиғиндиси. АНТИМОНОПОЛ ҚОНУНЧИЛИК - иқтисодиётда якка ҳукмронлик мақеига эга бўлган бирор бир фаолият турига қарши давлатнинг кураш сиёсатидан иборат. АМОРТИЗАЦИЯ - 1) Машина, асбоб-ускуна, бино ва шу кабиларнинг эскиришига қараб, уларнинг баҳосини камайтириб бориш; уларнинг шу чегирилган қийматини ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархига қўшиб бориш. 2) алоҳида шахсни ёки ташкилотни ўз қарзини аста-секин, даражама-даража тўлаш мажбуриятидан қутулиш; 3) қарз мажбуриятининг йўқотилиши, ўчирилиши оқибатида унинг бекор қилинганлигини тан олиш. АСОСИЙ КАПИТАЛ - ишлаб чиқариш жараёнида бир неча йил давомида иштирок этувчи ва ўз қийматини тайёрланаётган маҳсулотга қисман ўтказиб борувчи меҳнат воситаларидир. АЙЛАНМА КАПИТАЛ - хом ашё материаллар, энергетика ресурсларида моддийлашган ва бир ишлаб чиқариш циклида сарфланувчи, ўз қийматини тайёрланган маҳсулотга тўлиқ кўчирувчи капитал. АРЕНДА - ижара (қ). АРАЛАШ КОРХОНАЛАР - турли мулк шаклларига тааллуқли фирмалар бўлиб, одатда давлат, жамоа ва хусусий мулкнинг аралаш маблағлари асосида ташкил этилади. АРАЛАШ МУЛК - бу турли шаклдаги мулкларнинг ўзаро қўшилиб, ҳамкорликда ўзлаштирилиши асосида ташкил топади. Унинг яққол кўриниши акционерлик жамиятлардир. АУДИТ - 1) йиллик молия ҳисоботини текширувчи ва тасдиқловчи ихтисослашган ташкилот (ташқи А.). 2) акционерлик жамиятининг тафтиш ҳайъати (ички А.) АУДИТОР- ревизор-тафтиш ўтказувчи, идоранинг, ташкилотнинг, акционерлик жамиятининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширувчи, тафтиш ўтказувчи шахс. АУКЦИОН - (лат.auction)- «ким ошди» савдоси, очиқ савдо қилиш. Бу савдо давомида маҳсулотни энг юқори нарх бўйича кўтарган харидор сотиб олади. АҲОЛИ ДАРОМАДЛАРИ - аҳолининг маълум вақт давомида пул ва натура шаклида олган даромадлари миқдоридан иборат. АД га иш хақи, тадбиркор даромади, пенсия, нафақа, стипендия, капиталдан олинадиган фойда, пулдан олинган фоиз, девиденд, рента, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалик маҳсулотини, ҳунармандчилик буюмларини сотиш ва ҳар хил хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлардир. Б
БАНК - юридик ва жисмоний шахсларнинг вақтинча бўш пул маблағларини бир жойга тўпловчи ва узлуксиз айланиб турушини таъминловчи, корхоналарга ва умуман пулга муҳтожларга кредит, ссуда берувчи, томонлар ўртасида тўлов ва бошқа ҳисоб-китоб ишларида воситачилик қилиб турувчи, олтин ва чет эл валютаси билан боғлиқ операцияларни бажарувчи кредит-молия муассаси.Б. пул қўювчиларга маълум фоиз тўлаб, қарз олганлардан юқорироқ фоиз ставкасини ундиради ва ана шу фоизлар ўртасидаги фарқ банк фойдаси ҳисобланади. БАНК КАФИЛЛИГИ - банкнинг ўз мижозига кафолати. Банк ўз маблағи ҳисобидан мижознинг кўрсатилган муддатда тўланмаган мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китоб қилиш кафиллигини олади. Кафил банк мижозининг бунак, авансини қайтариш, савдо-сотиқ шартномасини тузиш ва шунга ўхшаш шартларни бажариши мумкин. БАНК ФОИЗ СТАВКАСИ - банк ссудасидан фойдаланганлик учун белгиланган ҳақ миқдори, қарз суммасига нисбатан фоиз ҳисобида ундирилади. БФС. ўзгарувчан кўрсаткич бўлиб, банк ссудаси қарзга бўлган муҳтожликка қараб ўзгартирилади. БФС миқдори банк ва мижоз ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланиб, қарзнинг қайси тарзда ва қандай шартларда берилишига боғлиқ. БАНКОМАТ - мижознинг банкдаги ҳисоб рақами билан компьютер тизими орқали боғланган нақд пул берувчи электрон мослама. БИЗНЕС- (инглизча business-иш, фаолият, машғулот ) бойлик, фойда орттиришга йўналтирилган иш, фаолият. Бизнес хўжалик юритиш кўламига қараб йирик, ўрта ва майда турларга бўлинади. Ходимларнинг ўртача сони ва маҳсулот ҳажмига қараб ажратилади. БИЗНЕС РЕЖА - бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорликнинг барча соҳаларида қўлланадиган муҳим қурол бўлиб ҳисобланади. Иш жараёни ҳақида маълумот беради. Унинг ёрдамида фирма ўсиб бориши, истиқболни белгилаб бориши, даромадини кўпайтириши мумкин. БР ўта муҳим молиявий ҳужжат сифатида фирма фаолиятини барча қирраларини таҳлил қилишга ёрдам беради. У нафақат ички ҳужжати бўлиб, балки кредит олиши учун зарур бўладиган ҳужжатлардан биридир. БИЗНЕСМЕН - (инглизча business-иш, man-одам)- бизнес билан шуғулланувчи шахс, корчалон. БИРЖА - (голл.beurs, нем. Borse-ҳамён)- 1) маҳсулот, валюта ва қимматбаҳо қоғозларни айирбошлашда, ҳисоб ва маълумот хизматларини амалга оширишда фаол қатнашувчи ташкилот. Хизмат кўрсатгани учун воситачилик йиғимини олади; 2) биржа савдо-сотиғи бўладиган жой. БИРЖА КОТИРОВКАСИ- биржалар орқали сотиладиган маҳсулотлар баҳоси. Ҳар бир биржа уларни маълум тизимга солади ва чоп этади. Одатда, БК эрталабки ва кечки савдо (биржа сессияси) бошланишига ва тугашига мўлжаллаб чоп этилади. БИРЖА САВДОСИ- биржаларнинг воситачилигида амалга ошириладиган савдо. БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ - эркин товар пул муносабатларига асосланган, иқтисодий монополизмни инкор этувчи, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган ва бошқариладиган иқтисодий тизимдир. БОЖ- (араб.-ўлпон, солиқ) - божхона назорати остида давлат томонидан мамлакат чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар, мол-мулк ва қимматбаҳо қоғозлардан ундириладиган пул йиғимлари. БОЖХОНА - чегара орқали ўтадиган жами юкларни, шу жумладан багаж ва почта жўнатмаларини назорат қиладиган давлат муассасаси. У ўтказилаётган юкларни текшириш ва улардан йиғимларни ундириш билан шуғулланади. Божхоналар, одатда, денгиз ва дарё портларида, халқаро аэропортларда, темир йўл станцияларида, чегара ҳудудларида ва мамлакатнинг йирик марказларида жойлашади. БОЗОР - сотувчи ва харидор ўртасида юзага келадиган иқтисодий муносабатлар мажмуи. Бозордаги талаб ва таклиф иқтисодий, демографик, ижтимоий, сиёсий ва маънавий омиллар таъсирида шаклланади. Талаб йўқ, ўтмай қолган нарса, мол ҳақида «Б. касод», талаб юқори бўлган , тез ўтадиган нарса, мол ҳақида эса «Б. чаққон» дейилади. «Б. кўтармайди-»бу товарни ушбу нархга бозорда ҳеч ким олмайди деган маънони англатади. БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИ - халқ иштирокида давлат томонидан ишлаб чиқилган бозор муносабатларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни давлат назорати остида амалга оширишдан иборат. БОЗОРНИНГ ТУЗИЛИШИ - бу бозор элементларининг ички тузулиши, жойлашиши ва тартиби, уларнинг бозор умумий ҳажмидаги улуши демакдир. БОЗОР ТИЗИМИ - турли-туман мезонлар асосида алоҳида унсурларга ажратилган барча бозорлар мажмуидир. БОЗОР МЕХАНИЗМИ - бозор иқтисодиётининг фаолиятини тартибга солиш ва иқтисодий жараёнларни уйғунлаштиришни таъминловчи дастак ва воситалар. М: баҳо, талаб ва таклиф, рақобат, пул-кредит. БОЗОР СЕГМЕНТИ - бу бозорда савдо-сотиқнинг шарт-шароитига қараб кўпгина бўғинларга ажратишидир. БОЗОР ИНФРАТУЗИЛМАСИ - сотувчи ва харидор ўртасида бозор муносабатлари шаклланишини, ривожланишини таъминлайдиган ташкилотлар, муассасалар, идоралар, корхоналар мажмуаси. Унинг таркибига савдо корхоналари, таъминот ташкилотлари, валюта ва қимматбаҳо қоғозлар биржаси, транспорт, алоқа ва бошқа хизмат кўрсатувчи тармоқлар киради. БОЗОР КОНЪЮКТУРАСИ - айрим бозорларда муайян холатларнинг мавжудлиги. Бозор конъюктураси муайян даврдаги бозор ҳолати, бозорда мувозанатнинг мавжудлиги ёки бузилганлиги билан характерланади. БОЗОР МУВОЗАНАТИ - бозордаги талаб ва таклифнинг миқдори ва таркибий жиҳатидан бир-бирига мувофиқ келиши. Агар шундай мувофиқлик бўлмаса, бозор мувозанати издан чиққан ҳисобланади. Талаб таклиф узоқ вақт бир-биридан ажралиб қолса, бозор ўзининг меъёрдаги ҳолати, фаолиятини йўқотади. БОЗОР ФУНКЦИЯЛАРИ - бозор бажарадиган иқтисодий вазифалар. Унга, асосан қуйидагилар киради : 1) Товар айирбошлаш орқали ишлаб чиқариш билан истеъмолни бир-бирига боғлаш ; 2) Истъемол буюмларни ва хизматларни аҳолига етказиб бериш орқали халқ фаровонлигини ошириш; 3) Нархларнинг ўзгариши орқали талаб ва таклифни бир-бирига мослаштириш, пулни товарлар билан таъминлаб, пул муомаласини барқарор бўлишига эришиш ; 4) Давлатлар ўртасидаги тенг ҳуқуқли иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва бошқалар. БОЗОР қОНУНЛАРИ - пул воситасида бозорда товар айирбошлашнинг моҳиятини ифода этувчи, уни бошқариб турувчи объектив иқтисодий қонунлар. Улар жумласига талаб ва таклиф қонуни ҳамда пул муомаласи қонуни киради. БРОКЕР - (ингл.broker)- маҳсулот, қимматбаҳо қоғозлар, валюта сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги расмий даллол. Ўзи ёки мижозлар номидан келишувлар, шартномалар тузиш ҳуқуқига эга шахс. БЮДЖЕТ - (ингл.budget-сумка)- давлат, корхона, муассаса ва шу кабиларниинг маълум муддат учун олдиндан белгилаб қўйиладиган кирим-чиқим , даромад - буромад сметаси. БЮДЖЕТ ТАқЧИЛЛИГИ - бюджет даромадлари билан харажатларининг номувофиқлиги бўлиб, харажатларнинг даромадлардан ортиб кетиши тушунилади. БЮДЖЕТ БАЛАНСИ - харажатлар ва даромадларнинг тенг бўлишидир. В
ВАЛЮТА КУРСИ - мамлакат пул бирлигининг бошқа мамлакат пул бирлигида ифодаланган баҳоси. В.К. қатъий белгиланган ва ўзгариб турадиган турлари мавжуд. ВАЛЮТА КОНВЕРТИРЛАШУВИ - унинг бошқа хорижий валюталарга алмашиш қобилияти тушунилади. ВЕКСЕЛЬ - (нем.Wechsel, айнан-айирбошлаш)- қарз мажбуриятлари хусусида ёзма ҳолда берилган махсус кўринишдаги қимматбаҳо қоғоз. қарз берган томон векселда кўрсатилган муддат тугаши билан қарзни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
ГАРОВ ШАҲОДАТНОМАСИ - савдо ва тижорат операцияларини амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин бўлган мол-мулкни қарздор томонидан гаровга қўйилиши ҳақидаги кредит ҳужжатидир. ГИПЕРИНФЛЯЦИЯ - ҳаддан ташқари инфляция, нарх-навонинг шиддат билан ўсиши, пул қадрининг ғоят тез пасайиши, пул топишга интилишнинг минимал даражага келиши билан ифодаланади. Г. шароитида нарх-навони мутлақо тартибга солиб бўлмайди. Д
ДАВЛАТ МУЛКИ - жамиятдаги мулкчилик шаклларидан бири. Давлат мулки икки йўл билан пайдо бўлади: 1) хусусий мол-мулкни миллийлаштириб давлат қўлига олиш; 2) давлат маблағлари ҳисобидан корхоналар қуриш. ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИқАРИШ - бу давлат мулкини мулкчиликнинг ҳар хил мулк шаклларига айлантириш демакдир. ДАВЛАТ КОРХОНАЛАРИ - давлат мулки бўлган ва унинг назорати остида фаолият кўрсатувчи корхоналар ҳисобланади. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ - давлат томонидан ўз функцияларини амалга ошириш учун сарфланадиган марказлаштирилган пул фондидир. ДАВЛАТ ҚАРЗИ - давлатнинг ўз фуқаролари, корхона ва ташкилотлар, шунингдек хориж мамлакатларидан қарзи. Манбаига қараб ички ва ташқи ДҚ га бўлинади. ДЕБИТОР - (лат.debitor-қарздор)- бирор идора, ташкилот ва шу кабилардан қарздор бўлган шахс ёки ташкилот. ДЕБИТОРЛИК ҚАРЗИ - корхона, ташкилотларнинг жўнатган товари учун олиниши керак бўлган ҳақи ёки ҳали олинмаган товар учун тўланган пул. ДЕВАЛЬВАЦИЯ - (лат.де-олд қўшимча, бу ўринда пасаймоқ маъносида ва лат. Valeo- қиймат)- мамлакат савдо тўлов балансининг кескин ёмонлашуви, валюта резервининг ҳолдан тойиши, халқаро валюта бозорида миллий валюта курсининг пасайиши билан боғлиқ ҳолда миллий пул бирлиги қийматининг расмий равишда пасайтирилиши. ДЕМОНОПОЛИЗАЦИЯ - (лат. De-ажр атиш, бекор қилиш-олд қўшимчаси, юнон. mono- танҳо ва poleo-сотаман)-соғлом иқтисодий беллашувга йўл бериш мақсадида якка ҳоким корхоналар ва бирлашмалар ўрнига ўзаро рақобатлашувчи кўплаб корхоналарни тузиш. Д. икки йўл билан амалга оширилади : 1) йирик монопол мавқедаги бирлашмалар, компаниялар тарқатилиб, улардан мустақил корхоналар ажралиб чиқади ; 2) якка ҳоким корхона, бирлашма ёки компаниялар сақланган ҳолда улар билан рақобат қила оладиган корхона ёки бирлашмалар ташкил этилади. ДЕКЛАРАЦИЯ - 1) ҳукумат, ташкилот, фирма номидан расмий эълон қилинган баёнот; асосий принципларни тантанали эълон қилиш; 2) божхонада Д.- қимматбаҳо буюмларни, маҳсулотларни чегарадан олиб чиқишда ва қимматбаҳо пакетларга, бандеролга қўшиб жўнатиладиган ҳужжат. Ушбу ҳужжатда пакет мазмуни, қиймати кўрсатилади: 4) солиқ Д.-даромаднинг миқдори, манбаи, мулк ҳажми ва бошқалар хусусида солиқ тўлаш учун ёзилган ариза. ДЕМПИНГ - (инг.dumping-ташлаш)-бозорни эгаллаш ва ундан рақобатчиларни сиқиб чиқариш мақсадида маҳсулотларни сотув нархига нисбатан арзонга сотиш. ДЕПОЗИТ - 1) банк ва ташкилотларга жойлаштирилган пул ва қимматбаҳо қоғозлар (акция, облигациялар); 2) қарздорнинг қарз берган ташкилотга суд маҳкамаси орқали ўтказган пул ёки қимматбаҳо қоғозлар миқдори. ДЕФИЦИТ - камёб, ноёб, 1) бирор- бир нарсанинг етишмаслиги ; 2) сарф-харажатларнинг даромаддан ортиши, зарар. ДЕФЛЯЦИЯ - (лат. deflatio-нуфламок)-инфляция даврида чиқарилган муомаладаги қоғоз пул миқдорини камайтириш. Давлат томонидан молия ва пул-кредит тадбирларини қўллаш орқали амалга оширилади. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ - оилавий мулкка асосланувчи, оила аъзолари ёки қариндошларнинг биргаликда меҳнати билан ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишни амалга оширувчи юридик шахс мақомига эга бўлган товар хўжалигидир. ДИВИДЕНД - акционер, акция эгасининг даромади ; акционерлик жамияти фойдасининг бир қисми. ДИЛЕР - (dealer) -ўз ҳисобига биржа ёки савдо воситачилиги билан шуғулланувчи ишбилармон. ДОТАЦИЯ - ташкилот, корхоналарга давлат томонидан бериладиган ёрдам пули, моддий ёрдам, қўшимча тўлов. Асосан зарарни қоплаш ва бошқа мақсадлар учун ишлатилади. Е
ЕРНИНГ БАҲОСИ - ер эгаси ердан олган даромадини бошқа йўл билан топиши учун зарур бўлган пул миқдори. Ернинг баҳоси рентанинг миқдорига тўғри пропорционал, ссуда фоизи даражасига тескари пропорционалдир. Ж
ЖАҲОН БОЗОРИ - халқаро меҳнат тақсимотига асосланувчи иқтисодий ҳамкорликни хилма-хил шакллари билан ўзаро боғланган мамлакатлар ўртасидаги мунтазам олди- сотди муносабатлари. ЖАҲОН ВАЛЮТА ТИЗИМИ - жаҳон бозорининг ривожланиши асосида таркиб топган ва давлатлараро битимлар билан мустаҳкамланган халқаро пул-кредит муносабатлари. ЖАҲОН ПУЛИ - халқаро миқёсида ҳамма учун қўлланиладиган умумий муомила ва тўлов воситаси, байналминал қиймат ифодаси. М: маълум мазмундаги олтин ёки халқаро миқёсда обрў-эътиборга эга бўлган миллий пул бирлиги. И
ИЖАРА ШАРТНОМАСИ - ижарачи билан ижарага олувчи ўртасида томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида тузилган келишув, шартнома. ИШ қуйидагиларни кўзда тутади; 1) ижарага олинаётган мулк тизими ва қийматини; 2) ижара тўлови миқдорини; 3) ижара муддатини; 4) ижарага берилган мулкни таъмирлаш ва тўла тиклаш бўйича томонлар мажбуриятини; 5) мулкни шартномада келишилган ҳолда ижарачига етказишни. ИЖТИМОИЙ ТЎЛОВЛАР - моддий жиҳатдан кам таъминланган мамлакат фуқароларига пул ёки натура шаклида ёрдам кўрсатиш шаклидаги тизим ҳисобланади. ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ - даромадларни тақсимлашда иқтисодиёт қатнашчилари ўртасида тенгсизлик натижасида вужудга келадиган зиддиятларни бартараф этишга қаратилган давлатнинг чора тадбирларидан иборат.
ИМПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИ- маҳсулотни хорижий шериклардан сотиб олиш ва мамлакатга олиб кириш. ИМПОРТ - (лат.importo-киритаман) - 1) мамлакат ичига фойдаланиш ёки сотиш учун четдан олиб келинган хорижий маҳсулотлар; 2) капитал И.- хориждан мамлакатга келаётган капитал (кредит, заём ва бошқа); 3) четдан олиб келинган маҳсулотларнинг умумий сони ва қиймати. ИНВЕСТИЦИЯ - (нем.investitlion, лат. investere- кийинтирмоқ)-инвестор томонидан бирор бир фаолиятни амалга ошириш учун капитал маблағларни, сармояларни жорий қилиш, фойда олиш мақсадида сарф қилиш. И. мамлакат ичида (ички инвестиция) ва хорижий мамлакатларда (ташқи инвестиция) амалга оширилиши мумкин. Молия И.си- қимматбаҳо қоғозларни харид қилиш, пул маблағларини жамғариш ва бошқаларни, реал И.- моддий ишлаб чиқаришга сарфланган сармояларни ўз ичига олади. ИНВЕСТОР - капитал маблағ сарфлаётган давлат, ташкилот, корхона ёки шахс. ИНЖИНИРИНГ - тижорат кўринишида ҳар томонлама маслаҳатларини берувчи мустақил фаолият доираси. Бу фаолият ишлаб чиқаришнинг ўсишини, маҳсулотларни сотишни, объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш жараёнини таъминлайди. Инжиниринг хизмати икки гуруҳга бўлинади : 1) ишлаб чиқариш жараёнини тайёрлаш; 2) ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотиш жараёнини тўла таъминлаш. ИНЖИНИРИНГ ФИРМАЛАРИ - ички ва халқаро бозорларда инжиниринг хизматини кўрсатиш бўйича ихтисослашган корхона, фирмалар. Бу фирмалар бир корхона, компания фаолияти билан чекланмайди. Улар турли тармоқларда хизмат кўрсатишлари, кўп таъминотчилар ва пудрат фирмалари билан алоқа қилишлари мумкин.
ИНТЕГРАЦИЯ - (лат.integer-бутун) мустақил хўжалик фаолиятининг миллий, минтақа ва халқаро миқёсда ўзаро қўшилиб яхлит хўжалик тизимини ташкил этиши. ИНКАССАЦИЯ - турли тўлов хизматлари асосида банкдан нақд пул олиш. ИНКАССАТОР - асосан муассасалардан ташқарида юриб пул йиғиш ва пул тўлашга вакил қилинган мансабдор шахс. ИНКАССО - банк операциясининг бир тури, банкнинг турли ҳужжатлар орқали (вексель, чек ва бошқалар) мижозлар номидан ва улар ҳисобидан оладиган пули. ИННОВАЦИЯ - янгиликни жорий қилиш, фан-техника ютуқларини бошқариш ва ташкил қилиш соҳасидаги янгиликлар мажмуи. ИНФЛЯЦИЯ - 1) муомаладаги қоғоз пуллар миқдорини таклиф қилинган савдога чиқарилган товар нархларнинг йиғиндисидан кўпайиб кетиши; 2) қоғоз пулнинг жуда кўп чиқарилиши натижасида пулнинг қадрсизланиши. Бундай ҳолат хўжалик юритиш борасидаги қийинчиликларни бартараф қилиш даврида, маҳсулот ишлаб чиқариш камайган ҳолларда қўшимча пул чоп этиш натижасида юзага келади. ИНФРАТУЗИЛМА - ишлаб чиқариш ва такрор ишлаб чиқариш шарт-шароитини таъминловчи тармоқлар мажмуи. Ишлаб чиқаришни энергия билан таъминлаш, транспорт, алоқа, информатика ва бошқалар ишлаб чиқариш И. ни ташкил қилади. Аҳолининг турмуш тарзини таъминловчи уй-жой, соғлиқни сақлаш муассасалари, ўқув юртлари, фан ва шу каби соҳалар ижтимоий И. ни ташкил қилади. ИНҚИРОЗ - 1) тараққиётнинг орқага қайтиши, пасайиши, таназзули, регресс, тушкунлик; 2) тугаш, битиш. И. га учрамоқ (ёки юз тутмоқ), орқага кетмоқ, пасаймоқ, тушкунликка учрамоқ. ИСЛОҲОТ - турли равишда ўтказилган ўзгариш: ислоҳ қилиш, реформа. Иқтисодий И.- иқтисодни инқироз ҳолатидан чиқариш борасида ўтказилган чора- тадбирлар. ИСТЕЪМОЛ БОЗОРИ - аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган товарлар ва хизматларнинг айирбошланиши. ИСТЕЪМОЛ САВАТИ - муайян озиқ-овқат, саноат моллари ва хизматларнинг тирикчиликни таъминлаш учун етарли бўлган миқдори. ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КУЧЛАР - ишчи кучи ёки бошқача айтганда, маълум малакага, тажрибага эга бўлган кишилар ҳамда ишлаб чиқариш воситаларидан ташкил топган. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МУНОСАБАТЛАРИ - ҳаётий неъматларнинг ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш жараёнида кишилар ўртасида пайдо бўладиган иқтисодий муносабатлардир. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИ - жамият ихтиёридаги барча ресурслардан фойдаланиб, жамият аъзолари учун зарур бўлган товар ва хизматларни яратиш. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИ - товар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришда қилинадиган барча сарфлардан иборат. ИШ ҲАҚИ - ишчи ва хизматчиларнинг меҳнати миқдори, сифати ва унумдорлигига қараб миллий маҳсулотдан олинадиган улушини пулдаги ифодасидир. ИШ КУЧИНИНГ ХАЛҚАРО МИГРАЦИЯСИ - меҳнат ресурсларининг анча қўлай шароитда иш билан таъминланиши мақсадида бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтишини билдиради. ИШСИЗЛИК - аҳоли меҳнатга яроқли қисмининг ўзига иш топа олмай қолиши, меҳнат заҳира армиясига айланиши. ИПОТЕКА - (юнон.hypotheke-гаров)- қарз, кредит олиш учун бирор-бир муайян кўчмас мулкни (ер, иморат ва ҳоказо) гаровга қўйиш. ИҚТИСОДИЁТ - чекланган иқтисодий ресурслардан унумли фойдаланиб, инсонлар учун зарур бўлган ҳаётий воситаларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қаратилган ва чамбарчас боғлиқликда амал қиладиган фаолиятлар бирлигидир. ИҚТИСОДИЁТ НАЗАРИЯСИ - кишилик жамияти ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш жараёнида вужудга келадиган иқтисодий муносабатларни ва уларга хос бўлган қонунларни ўрганадиган фан. ИҚТИСОДИЙ СИЁСАТ - ҳаётий неъматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш соҳасидаги давлатнинг аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирлари тизимидан иборат. ИҚТИСОДИЙ КАТЕГОРИЯЛАР - жамият иқтисодий ҳаётининг асосий ва энг умумий томонларини акс эттирувчи мантиқий тушунчалардир. ИҚТИСОДИЙ ҚОНУНЛАР - иқтисодий жараёнлар ўртасидаги доимий такрорланиб турадиган, барқарор аниқ сабаб-оқибат алоқаларини, уларнинг боғлиқлигини ифодаловчи воқеа- ҳодисалар.
ИҚТИСОДИЙ САМАРАДОРЛИК - чекланган ресурслардан унумли фойдаланиб, товар ва хизматларга бўлган жамиятнинг чексиз талабини максимал қондиришдир. ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ - ялпи миллий маҳсулот (соф миллий маҳсулот, миллий даромад) йиллик миқдорини мутлоқ ўсишидир. ИҚТИСОДИЁТНИ ТАРТИБЛАШ - бу давлатнинг ундаги турли бўғинлар, соҳа ва тармоқлар фаолиятининг бир-бирига боғланиши ва мос ҳолда ривожланиб бориши масаласида амалга оширадиган маъмурий ва иқтисодий чора-тадбирлари мажмуидан иборат. ИҚТИСОДИЙ МАНФААТЛАР - бу кишиларни ҳаракатга келтирувчи, уларни ҳатти-ҳаракатини, интилишини, хулқ- атворини белгиловчи куч. Шахс, жамоа, давлат ва миллий манфаатлардан иборат. ИЧКИ МИЛЛИЙ МАҲСУЛОТ - бир йил давомида мамлакатда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пировард маҳсулот ва хизматларнинг бозор баҳосидаги қиймати. К
КАЛЬКУЛЯЦИЯ - маҳсулотнинг ўлчов бирлигини ёки бажарилган ишнинг таннархини ҳисоблаш. КАПИТАЛ - (нем. Kapital- асосий мулк. лат.capitalis- энг муҳим, асосий бош)-бирор мақсадга йўналтирилишга мўлжалланган пул маблағи, бошлангич, доимий, ўзгарувчан, асосий ва айланма капитал каби турлари мавжуд. Бозор иқтисодиёти шароитида ташкилот, корхона, фирма ва бошқаларда устав К. заҳира К. акционерлик жамияти К. каби турлари мавжуд. КАМОМАД - мол; пул ва шу кабиларнинг тегишли миқдоридан кам чиққан қисми. КАРТЕЛЬ - (фр.cartel, итал.cartello carta-қоғоз, ҳужжат)- монополистик бирлашманинг бир кўриниши : йирик корхона эгаларининг бозорда танҳо ҳукмдорлик қилиш, кўп фойда олиш мақсадида тузган уюшмаси. Уюшмага кирувчилар маҳсулот ҳажми, нархи, ишчилар ёллаш шарти, патентлар айирбошлаш, бозорларни бўлиш, умумий маҳсулот ишлаб чиқаришдаги ҳар бир қатнашчининг квотаси ва шу кабилар бўйича келишиб олишлари. К.нинг бошқа уюшмалардан (концерн, трест) фарқи унга кирувчилар хўжалик юритиш мустақиллигини сақлаб қоладилар. КАССА - 1) пул, қимматбаҳо қоғозлар сақланадиган пўлат сандиқ, қути, шкаф; 2) муассаса, корхоналарнинг пул қабул қилиш, пул бериш, билет сотиш ва шу кабилар билан иш юритувчи, муомала қилувчи бўлинмаси; 3) муассаса, корхона ва шу кабилардаги бор пул. КВОТА - давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан товарларни ишлаб чиқариш, уларни экспорт ва импорт қилиш юзасидан чекланишларни жорий этилиши. К. шартларини бузган мамлакат ёки корхона иқтисодий жиҳатдан жазоланади. К. ўрнатишдан мақсад бозордаги нарх-навони тартибга солиб туришдир. КИЧИК БИЗНЕС - бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ўзига мустақил майда корхоналарнинг даромад олиш мақсадида амалга оширадиган фаолияти. КЛИРИНГ - (ингл.clearing. clear- тозалаш, равшанлаштириш)-ўзаро талаб ва мажбуриятларни ҳисобга олиб, амалга ошириладиган нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими. Мамлакат ичидаги К. банклар ўртасидаги тўловларни, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ўз ичига олади. Халқаро ҳисоб-китобларда К. келишувлар (клиринг келишувлари, валюта К.) кўринишида амалга оширилади. Давлатлараро ўзаро қарзларини тилла ва валютага ўтказмасдан савдо-сотиқ талабларига кўра амалга оширадилар. Масалан, пахта толаси ўрнига унинг қийматига тенг миқдорда машина, асбоб-ускуна олиш. КОМПАНИОН - бирор мулкка биров билан биргаликда эга бўлган киши ёки ташкилот. КОНВЕРЦИЯ - (лат.conversio-ўзгариш)- ҳарбий ишлаб чиқариш ва бошқа хил ҳарбий фаолият соҳаларининг тинчлик мақсадларига кўчирилиши. КОНТРАКТ - (лат. contractus-битим, келишув) -мамлакатлар, фирма, корхона ва бошқалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки тўхтатиш тўғрисидаги икки томонлама ёзма келишув, шартнома. КОНТРАКТАЦИЯ - 1) бирор нарсани муайян муддатга олиш ва маълум шароитда фойдаланиш учун тузилган шартнома; 2) тайёрлаш ташкилотлари билан ишлаб чиқарувчилар, деҳқончилик маҳсулотларини тайёрлаш юзасидан ҳар йили тузиладиган шартнома. КОНТРАБАНДА - (итал.contrabando)-давлат чегарасидан моллар, қимматбаҳо буюмлар ва бошқа нарсаларни қонунга хилоф (яширинча) олиб ўтиш. КОНСОРЦИУМ - (лат.consortium-ширкат, уюшма)-корхоналарнинг вақтинча ташкил этилган бирлашмалари, улар одатда молиявий ишлар юзасидан ташкил этилади. Унда давлат, банклар, молиявий муассасалар, йирик фирмалар эштирок этади. КОНЦЕРН - (ингл.concern)-ишлаб чиқариш диверсификацияси асосида таркиб топадиган йирик, кўп тармоқли корпорация. Улар аста-секин саноат монополиясининг етакчи шаклига айланади. КРЕДИТ - (лат. creditum-қарз)1) кирим-чиқим дафтарининг чиқимлари; 2) қарзга мол бериш, шунингдек, қарзга бериладиган мол, пул; 3) маълум харажатлар учун чиқариладиган пул, маблағ ; Давлат К.- давлатнинг заём облигациялари чиқариш йўли билан қарз олиши. Банк, суғурта уюшмалари ва аҳолининг барча табақалари кредитор бўлишлари мумкин. Банк К.- пул ссудаси кўринишидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган қарз. Тижорат К.- бир тадбиркорнинг иккинчисига маҳсулотнинг пулини кейин тўлаш шарти билан сотиш. Халқаро К.- давлатлар ўртасида қарз олиш, қарз бериш муносабатлари. КРЕДИТ КАРТОЧКАЛАРИ - кичик ўлчамдаги пластик ёки металл карточка кўринишидаги ҳужжат бўлиб, банкдаги ҳисоб соҳибининг шахсини тасдиқлайди ва унга нақд пуллар ёрдамисиз товар ва хизматларга ҳақ тўлаш ҳуқуқини беради. КРЕДИТОР - қарзга маблағ берувчи томон. КРИЗИС - (юнон. krisis-ҳал этиш, оқибат)- қ. Инқироз. КЎП УКЛАДЛИ ИқТИСОД - турли мулк шакллари ва ҳар хил хўжалик турларининг яхлитлигидан ташкил топган иқтисодиёт. Л
ЛИМИТ - хўжалик фаолияти турли жиҳатлари миқдорининг чекланиши, фаолият доираси, чегарасининг белгиланиши. Л. давлат ёки йирик бирлашма томонидан ўз корхонаси учун ўрнатилади. ЛИЦЕНЗИОН САВДО - халқаро савдода интеллектуал мулкни, технологияни, ихтиро ва патентларни олди-сотди қилишнинг асосий кўриниши. ЛИЦЕНЗИЯ - (лат.licentia-эркинлик, ҳуқуқ)- рухсатнома; 1) чет мамлакатлардан мол келтириш ёки чет элга мол чиқариш учун давлат органлари томонидан бериладиган рухсатнома; 2) бирор нарсадан енгил шартлар билан ёки бепул фойдаланиш ҳуқуқи; 3) чегарадан мол чиқариш ёки мол киритишда бож тўловларини камайтириш. Патентланган Л.- рўйхатга олиниб, гувоҳнома берилган кашфиётдан фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш. М
МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ -вилоят, шаҳар ва туманнинг кирим-чиқим (даромад ва харажат) молиявий ҳужжати. МАКЛЕР - воситачи, даллол. Биржаларда олди-сотди келишувлар воситачиси. МАРКАЗИЙ БАНК - пул, облигация эмиссияси (чиқарилиши) билан, шунингдек мамлакатнинг бутун банк тизимини бошқариш, назорат қилиш билан шуғулланади. Шунинг учун у «банклар банки» деб ном олган. МАРКЕТИНГ - (инглизча market-бозор) ҳолатини ўрганиш, уни олдиндан баҳолаш орқали товарларни ишлаб чиқариш ва сотишни ташкил этиш ҳамда шу йўл орқали товарларни ишлаб чиқариш ва сотишни ташкил этиш, энг юқори фойда олишни таъминлаш. Махсус М. Дастурлари орқали амалга оширилиб, харидорларни ва рақобатчиларни ўрганиш асосида товарлар сифатини яхшилаш, нархини ўзгартириш, рекламани жойлаштириш, харидорларни қониқтирадиган товар ва хизматларни етказиб бериш каби чора-тадбирлар қўлланилади. МЕНЕЖМЕНТ - (инлизча management) у ёки бу фаолият турини ташкил этиш ва раҳбарлик қилишни, иқтисодий, молияни ва бошқа инсон ҳаётидаги ишбилармонлик соҳасини ташкил қилиш ва бошқаришни билдиради. МЕНЕЖЕР - ёлланма профессионал бошқарувчи; актив фаолият билан шуғулланувчи одам. МЕҲНАТ - бу инсоннинг бирор бир мақсадга қаратилган онгли фаолият бўлиб, у орқали инсон ўзининг эҳтиёжларини қондириш учун табиат инъомларини ўзгартиради. Инсон меҳнати икки ёқлама характерга эга: а) КОНКРЕТ МЕҲНАТ- товарнинг истеъмол қийматини яратадиган, бирон бир аниқ кўринишга эга бўлган меҳнат тури тушунилади.б) АБСТРАКТ МЕҲНАТ- товар қийматини яратади. «Абстракт» (сўзи ўзбек тилида «мавҳум» деган маънони билдиради). Меҳнат аниқ шаклидан қатъий назар умуман сарфланган иш кучидир, жами ижтимоий меҳнат сарфидан иборат бўлади. МЕҲНАТ БИРЖАСИ - ишчи, хизматчи ва иш берувчи ўртасидаги ишчи кучини сотиш ва сотиб олиш бўйича келишувни амалга оширишда мунтазам воситачи вазифасини ўтайдиган, ишсизлар ҳисобини юритадиган, уларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш кабилар билан шуғулланувчи давлат муассасаси. МИКРОИҚТИСОДИЁТ - корхона, фирмалар, яъни иқтисодиётни бирламчи, бошланғич бўғини ҳақидаги иқтисодиётдир. У чекланганлик, танлаш ва муқобил қиймат сингари тушунчалар билан, шунингдек ишлаб чиқариш ва истеъмоллар билан шуғулланади. МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ - бу барча ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқлари ва соҳаларини, функционал иқтисодиётни, кўплаб инфратузилмаларни ўз ичига қамраб олган яхлит иқтисодиётдир. МИЛЛИЙ БОЙЛИК - инсоният жамияти тараққиёти томонидан яратилган ҳамда авлодлар томонидан жамғарилган моддий ва маънавий бойликлар, табиий ресурслардан иборат. МИЛЛИЙ БОЗОР - муайян мамлакатнинг миллий чегараси доирасидаги олди-сотди муносабатлари. МБ ҳар қандай бозор каби турли моддий, маънавий ва интеллектуал товарларни айирбошлаш объектига айланади, ҳамда унда шу мамлакат товарлари билан биргаликда импорт қилинган товарлар ҳам қатнашади. МИЛЛИЙ ВАЛЮТА - муайян мамлакатнинг пул бирлиги. МИЛЛИЙ ДАРОМАД - муайян мамлакатда бир йилда моддий ишлаб чиқариш соҳалари томонидан янгитдан ҳосил қилинган қиймат ёки бошқача қилиб айтганда, ялпи ижтимоий маҳсулотнинг ишлаб чиқариш жараёнида сарф қилинган ишлаб чиқариш воситалари қиймати чегириб ташланганидан сўнг қолган қисми. МД моддий неъматлар ишлаб чиқариладиган шароитларда жонли меҳнат воситасида яратилиб, ҳам қиймат- пул, ҳам моддий- буюм шаклига эга бўлади. МИЛЛИЙ ҲИСОБЛАР ТИЗИМИ - ялпи миллий маҳсулот, ички миллий маҳсулот ва миллий даромадни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, фойдаланишни қиймат шаклида ифодалайдиган ўзаро боғлиқ ҳисоблаш тизимидир. МОЛИЯ - пул фондларининг шаклланиши, тақсимланиши ва фойдаланишини тартибга солиш билан вужудга келадиган муносабатлардир. МОЛИЯ ТИЗИМИ - турли даражадаги молиявий муассасалар бўлиб, молиявий муносабатларга хизмат қилади. МОЛИЯВИЙ ЛИЗИНГ - ижарага олинган асосий фондларнинг (машина, қурилма, асбоблар) тўла қийматини ҳамда ижарага берувчининг фойдасини тўлаш ҳақидаги келишув. МОНОПОЛИЯ - 1) яккаҳокимлик; 2) ишлаб чиқаришни марказлаштириш оқибатида юзага келадиган катта бирлашма (картель, синдикат, трест, концерн, консорциум конглометрат ва шу кабилар). Ушбу бирлашма ўз ичига ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатишни, маҳсулот сотишнинг кўп қисмини мужассамлаштиради, шу соҳада ўзини ҳукмрон мавқеини ўрнатади. МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ - давлат томонидан тармоқ бозорида рақобат муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашувчи тартиб-қоидаларини жорий этилиши. МУЛК - турли-туман объектларнинг муайян субъектга тааллуқли эканлигини англатади. МУЛКЧИЛИК - кишилар ўртасида ишлаб чиқариш воситалари ва меҳнат натижаларини ўзлаштириш бўйича пайдо бўлган ва тарихан аниқ бир шаклда намоён бўлувчи иқтисодий муносабатлар. М.- нинг асосий бўғини ишлаб чиқариш воситаларига бўлган мулкчилик. У учта иқтисодий унсур яъни эгалик қилиш, фойдаланиш (ишлатиш) ва тасарруф этишни мужассамлаштиради. • Эгалик қилиш - мулкка расмий ва ҳуқуқий эгалик қилишдир. • Фойдаланиш (ишлатиш) - мулк бўлган бойликни иқтисодий фаолиятда қўллаб, хўжалик жараёнига киритиб, ундан натижа олиш. • Тасарруф этиш- мулк бўлган бойлик тақдирини мустақил ҳал этиш. МУЛКЧИЛИК ШАКЛЛАРИ - бу давлат, жамоа, хусусий ва аралаш мулклардир. Н
НАФАҚА - ижтимоий мададга муҳтож барча кишиларнинг моддий таъминоти. НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАР - бу фойда олишни ва уни иштирокчилар ўртасида тақсимлашни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган муассасалардан иборат. М: жамоатчилик ёки диний ташкилотлар, хайрия фондлари ва ҳоказо.Одатда ихтиёрийлик асосида, ягона мақсад билан маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш мақсадида ташкил этилади.
П
ПАТЕНТ - (лат. patens-гувоҳнома, ёрлиқ)- 1) хусусий тарзда тадбиркорликнинг бирор бир тури билан шуғулланишга рухсат берувчи гувоҳнома, тегишли ҳужжатлар асосида молия органлари томонидан берилади; 2) илмий кашфиёт ва ихтирога муаллифликни тасдиқловчи гувоҳнома. П. давлат томонидан патентлаштирилади.
ПУЛ - (фр.protectionnisme, лат.protection-ҳимоя) ҳамма товарлар ва хизматлар айирбошланадиган, умумий эквивалент бўлган махсус товар, бозор иқтисодиётининг асосий воситаси. ПУЛ ТИЗИМИ - товар муомиласининг ривожланишининг натижаси бўлиб, давлатлар томонидан қонунчилик асосида мамлакатда пул муомаласини ташкил этиш. ПУЛ МУОМАЛАСИ - нақд пул бўлиб, товарлар айланиши ва нотоварлар ҳаракати, тўлов ва ҳисоблар учун хизмат қилади. Айнан бир жараёнинг доимо бир хилда такрорланишидир. ПЕНСИЯ - фуқаролар кексалик ёшига етганда ёки меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган тақдирда, оладиган пул таъминоти. ПРИВАТИЗАЦИЯ - қ. хусусийлаштириш. ПРОТЕКЦИОНИЗМ - миллий иқтисодиётни бошқа давлатлар билан бўладиган рақобатдан божхона тўсиқларини жорий қилиш, мамлакатга чет эл товарлари, хизмат турлари ва капиталларини кириб келишини чеклаш йўли билан ҳимоя қилиш ва сақлашга йўналтирилган. Р
РЕГИОНАЛ БОЗОР - маълум ҳудуд доирасида товарларни олди-сотти қилиш муносабатлари. Р.Б. бир мамлакат доирасидаги регионлар ўртасида ёки бир неча чегарадош мамлакатлар ўртасидаги меҳнат тақсимотининг, бинобарин, ишлаб чиқаришни ихтисослашувининг махсулидир. РЕКЛАМА - (фр.reclame)-товар ёки кўрсатиладиган хизмат тўғрисидаги холис ахборот, уларни кўпроқ сотиш мақсадида харидорларга уларнинг хоссалари, афзалликлари ва сотиб олиш шартларини етказиш. Р. махсус фирмалар орқали амалга оширилади ва юқори даромад манбаи ҳисобланади. РЕНТАБЕЛЛИК- (нем.rentabel-фойдали, даромадли)-фойда олиш даражаси. Р. маълум давр мобайнида олинган фойда миқдорининг шу даврда сарфланган асосий ишлаб чиқариш фондлари ва оборот воситалари қиймати йиғиндисига ёки маҳсулотнинг ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари- таннархга нисбати сифатида фоизларда ҳисобланади. РЕСТРИКЦИЯ - ишлаб чиқарувчи томонидан маҳсулотнинг нархларини ошириш, кўп фойда олиш мақсадида ишлаб чиқаришни, олди-сотдини, экспортни чеклаш. С
САВДО УЙИ - савдо корхонасининг махсус тури, ихтисослашган ёки сертармоқ бўлади. Ихтисослашган СУ айрим товарлар билан, масалан, уст кийим, оёқ кийими, газлама ва ҳоказолар билан универсал (сертармоқ) СУ ҳар хил товарлар билан савдо қилади. САЛЬДО - (итал.saldo-ҳисоб.қолдиқ)- қолдиқ, маълум бир муддатда кирим ва чиқим орасида вужудга келган фарқ; бухгалтерияда- дебет ва кредит, умумий актив ва пассив ўртасидаги тафовут, фарқ; халқаро савдода- экспорт ҳамда импорт ўртасидаги фарқ. САНАЦИЯ - давлат ёки йирик банк ёрдамида катта корхона ва фирмалар синишининг олдини олиш чора-тадбирлари. СЛИП - биржа фаолиятида акцияга қўшиб жўнатиладиган ҳужжат (сертификат). Ушбу ҳужжатда акцияга тегишли тор доирадаги баъзи маълумотлар (циркуляцияга рухсат олинган, акция конкурент томонга тегишли эмас ва бошқалар) келтирилган бўлади.
СОЛИҚЛАР - давлатнинг корхоналар, ташкилотлар ва аҳолидан ундирадиган пул маблағлари, миллий даромадни иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт вазифаларига мувофиқ тақсимлаш ва қайта тақсимлашни таъминловчи молия механизмининг муҳим воситаларидан бири, давлат томонидан тартибга солинади. СОФ ФОЙДА - корхона молиявий фаолияти натижасида кўрилган даромаддан маҳсулот таннархи ва солиқлар ҳисобланганидан сўнг корхона ихтиёрида қолдирилган фойда. СОФ МИЛЛИЙ МАҲСУЛОТ - (СММ) -ялпи миллий маҳсулотдан амортизация ажратмалари суммасини чегириб ташлангандан қолган қиймат суммаси. СПОНСОР - (ингл.sponsor)-биронта тадбир ёки фаолиятни амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатувчи пулдор, обрў-эътиборли шахс, фирма, корпорация, ташкилот ва бошқалар. СУПЕРМАРКЕТ - харидорнинг ўз-ўзига хизмат қилишига асосланган кенг тармоқли магазин. С. товарларнинг ҳамма турлари билан, жумладан, импорт товарлар билан савдо қилади, харидорларга бепул маслаҳатлар беради, товарларни буюртма асосида харидор манзилига етказиб беради, бошқа товарларни сотиб олишга кўмаклашади ва бошқа шунга ўхшаш хизматларни кўрсатади. СУЗИБ ЮРУВЧИ ИНФЛЯЦИЯ - бунда нархлар тез ўса бошлайди, йилига 10 фоиз атрофида ўсиши кузатилади. СТАГФЛЯЦИЯ - (лат.stagno-«ҳаракатни сўндираман» ва inflatio-«шишмоқ», «пуфланган») - иқтисодий танглик билан инфляциянинг биргаликда юз беришидир. СТАГНАЦИЯ - иқтисодиётни турғунлик ҳолига тушиб қолишидир. Т
ТАДБИРКОРЛИК - амалда қабул қилинган қонунлар доирасида корхона, фирма ташкил қилиш, фойда олиш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқариш (ёки хизмат кўрсатиш) билан шуғулланувчи фаолият. Тадбиркорлик фаолияти бир ёки бир неча хусусий ва ҳуқуқий шахслар мулкларини ёки қарзга олган мулк, тўлов воситаларини ишга солиш орқали амалга оширилади. Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятининг соҳиблари: 1) республика фуқаролари; 2) бир гуруҳ фуқаролар (меҳнат жамоалари ва бошқалар); 3) чет эллик фуқаролар ёки хусусий шахслар; 4) республика фуқароси бўлмаган шахслар (ўз ваколатлари доирасида); 5) қўшма мулк эгалари. ТАДБИРКОР - иқтисодий ресурсларини бир-бирига қўшилишини таъминлайдиган ташкилотчи, янгиликка интилувчи, ташаббускор, иқтисодий ва бошқа хавфдан, жавобгарликдан қўрқмайдиган кишилар. Бундай хислатлар тадбиркорлик қобилияти деб юритилади. ТАЛАБ - маълум вақтда нархларнинг маълум даражасида сотиб олиш мумкин бўлган товарлар хизматлар миқдоридир.Талаб пул билан таъминланган эҳтиёждир. ТАЛАБ ҚОНУНИ - маҳсулот нархи билан сотиб олинаётган товар миқдори ўртасида бўладиган тескари ёки қарама - қарши боғлиқликнинг мавжудлигидир. ТАКЛИФ - ишлаб чиқарувчилар маълум вақт ичида ишлаб чиқаришга қодир бўлган нархнинг ҳар бир даражасида бозорга сотишга чиқарадиган маҳсулотлар миқдоридир. ТАКЛИФ ҚОНУНИ - нарх билан сотишга чиқарилаётган товарлар ўртасидаги бевосита яъни тўғридан-тўғри боғлиқликдир. ТАКЛИФ ЭГИЛУВЧАНЛИГИ - нарх ўзгаришига нисбатан таклифнинг ортиб бориши. ТАРИФ СЕТКАСИ - иш тоифалари нисбатига қараб иш ҳақи тўлаш. ТАРИФ СТАВКАСИ - тегишли иш тоифасига эга бўлган ишчининг меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаб беради.
У
УСТАМА - 1) пул ҳисобида маош устига қўшиб бериладиган қўшимча; 2) қўшимча равишда, такроран, яна; 3) маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ бўлмаган, фақат уни тарқатиш билан боғлиқ бўлган, қўшимча равишда сарфланадиган (меҳнат, харажат ва шу кабилар). УСЛУБИЯТ - иқтисодий жараёнларни илмий билишнинг тамойиллари, қонун-қоидалари, ҳодисалари тизимидир. УКЛАД- иқтисодий фаолият юритишнинг муайян шакли бўлиб, мулкчиликнинг бирор бир шаклига асосланади, ўзига хос иқтисодий муносабатлар, қонун-қоидалар амал қиладиган хўжалик типидир. М: майда товар хўжалиги. УЧЁТ - ҳисоблашиш, руйхатга олиш йўли билан нарсаларнинг борлигини аниқлаш ; ҳисоб-китоб. Ф
ФЕРМЕР - қишлоқ хўжалик корхонасининг эгаси. Мустақил иш юритувчи -тадбиркор. ФИРМА - инглизча (firm , firm’s Ftrade name) сўзларидан олинган бўлиб, тижорат мақсадларини кўзловчи корхона, компания ва бошқа хўжалик ташкилоти деган маънони англатади. ФОЙДА - 1) бирор кимса ёки нарса учун бўладиган наф, манфаат; 2) даромаднинг харажатга нисбатан фарқидан ташкил топган сумма, маблағ , даромад; 3) қарзга берилган пулдан фойдаланилганлиги учун қарздордан қарз берувчи (кредитор) оладиган қўшимча пул, ҳақ. ФОНД - давлат, корхона, фирмаларнинг бирор-бир мақсад учун мўлжалланган пул воситалари ёки моддий бойлиги, маблағлари. ФОНД БИРЖАСИ - қимматбаҳо қоғозлар билан савдо-сотиқ қилиш мақсадида тузилган, доимо фаолият кўрсатиб турувчи биржа. Ф.Б. нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат : вақтинча бўш маблағларга қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиб, уларни муомалага киритиш, қимматбаҳо қоғозларнинг бозор нархини аниқлаш; турли тармоқлар, корхоналар ўртасидаги капиталнинг айланишини таъминлаш ва бошқалар. ФРАНЧАЙЗА - фойдаланиш учун тайёр корхона, фирма ёки машҳур фирма маҳсулотининг савдо маркасидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилувчи бизнес юритиш усули. ФЬЮЧЕРС ОПЕРАЦИЯЛАРИ - биржаларда амалга ошириладиган савдо-сотиқ операциялари. Бу операциялар шартнома тузилганидан сўнг ишлаб чиқариладиган ёки етиштириб бериладиган маҳсулотлар бўйича амалга оширилади. Одатда, ушбу шартнома тузилгандан сўнг буюртмачи бажарувчига аванс тариқасида маълум суммани ўтказиб беради. Х
ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАҚСИМОТИ - алоҳида мамлакатларнинг товар ва хизматлар маълум турларини ишлаб чиқаришга ихтисослашувидир. ХОЛДИНГ - (ингл.holding- эга)-ўзга фирма, корхонанинг назорат пакетини ўзида ушлаб турувчи бош компания. Х. қўл остидаги компанияларни ривожлантириб, даромадни кўпайтириш билан биргаликда ўзи ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан акционерлик жамияти, масъулияти чекланган жамият ёки хусусий корхона сифатида ҳаракат қилади. ХУСУСИЙ - 1) бирор шахснинг ёлғиз ўзига қарашли, тегишли бўлган мулки, шахсий; 2) айрим шахслар томонидан якка тартибда амалга ошириладиган; 3) муайян бир нарса ёки мавзуга бағишланган. ХУСУСИЙЛАШТИРИШ - фуқароларнинг ва давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг давлат мулки объектларини ёки давлат акционерлик жамиятларининг акцияларини давлатдан сотиб олишдир. ХУСУСИЙ МУЛК - бирор шахс, оила, корхона, фирма, ташкилот мулки- ер, уй-жой, бино, иншоотлар ва ишлаб чиқариш воситалари, пул, қимматбаҳо қоғозлар. ХМ ишлаб чиқариш ёки ўз қобилиятини ишга солишдаги тадбиркорлик, ўз хўжалигини юритиш, даромадни турли қимматбаҳо қоғозларга жойлаштириш натижасида, меросга қолган мулк ва бошқа қонун йўл қўядиган соҳалар асосида юзага келади ва кўпайиб боради. ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК - хусусий ташаббус орқали ўз маблағларини ишга тушириш асосида ташкил этиладиган тадбиркорлик. ХУСУСИЙ ФИРМАЛАР - айрим шахсларга ва айрим оилаларга қарашли бўлиб, якка хусусий мулк ҳисобланади. Ц
Ч
Download 89.66 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling