Ҳазм қилиш тизими. Ҳазм аъзоларининг тараққиёти. Ҳазм аъзоларининг тузилиши хусусиятлари. Нафас аъзоларининг функционал анатомияси соат
Download 1.48 Mb. Pdf ko'rish
|
2.-azm-ilish-tizimi.-azm-azolarining-tara-iyoti.-azm-azolarining-tuzilishi-hususiyatlari.-Nafas-azolarining-funktsional-anatomiyasi.-2-soat.
2.9. Жигар
Жигар (hepar) қорин бўшлиғининг юқори қисмида жойлашиб, тепа юзаси (facies diaphragmatica) диафрагмага га тегиб туради. Жигарнинг кўп қисми ўнг қовурға ости соҳасида жойлашган. Жигарнинг диафрагмага қараган юзасида ўроқсимон бойлам – lig. falciforme бўлиб, у жигарни тенг бўлмаган ўнг – lobus hepatis dexter (катта) ва кичик чап – lobus hepatis sinister бўлакларга бўлиб туради. Жигар организмдаги ҳазм безларининг каттаси бўлиб, оғирлиги 1500 г гача боради. Нормал ҳолатдаги жигарнинг пастки қирғоғи – margo inferior қовурға равоғидан ташқарига чиқмайди. Жигарнинг пастки юзаси – facies inferior (visceralis) бир оз орқага қараган бўлиб, унда параллел жойлашган чап ва ўнг сагиттал чуқур эгат (fossa sagittalis dextra ва fossa sagittalis sinistra) ҳамда улар ўртасида кўндаланг жойлашган (porta hepatis) эгатлар бор. Бу эгатлар жигарнинг пастки юзасини ўнг, чап, квадратсимон – lobus quadratus ва думсимон lobus caudatus бўлакларга ажратади. Ўнг сагиттал эгатнинг олдинги қисмида ўт пуфаги эгати – fossa vesicae fellea, орқа қисмида эса пастки кавак вена эгати – sulcus venae cavae inferior жойлашган. Чап сагиттал эгатнинг олд қисмида жигарнинг думалоқ бойлами (киндик венаси қолдиғи) – lig. teres hepatis, орқа қисмида эса вена бойлами (эмбрион давридаги вена томирининг қолдиғи) – lig. venosum жойлашган. Кўндаланг эгат жигар дарвозаси – porta hepatis ҳисобланиб, ундан жигарнинг дарвоза венаси – v. portaе, жигар артерияси – а. hepatica propria, ўт йўли – ductus choledochus, лимфа томирлари ва нервлар ўтади. Жигарнинг пастки юзаси меъдага (impressio gastrica), йўғон ичакнинг ўнг бурилиш қисми кўндаланг чамбар ичакка, ўнг буйрак усти безига (impressio colicа) ва intestinum duodenum га (impressio duodenalis) тегиб туради. Ўткир қирра – margo inferior жигарнинг пастки юзасини юқори юзадан ажратиб туради. Жигарнинг орқа юзасида қизилўнгач изи (impressio oesophagea) учрайди. Жигарнинг юқори чегараси диафрагма гумбазининг пастки юзасига, яъни IV қовурға равоғига тўғри келади, сўнг чап томонда юқорига кўтарилиб, VII–VIII қовурғаларнинг тоғайлари бириккан жойга етади. Жигарнинг орқа томонидан бошқа ҳамма қисми (mesoperitoneal) қорин парда билан ўралган бўлади. Қорин парда жигардан қўшни аъзоларга бойламлар ҳосил қилиб ўтади. Жумладан қорин парданинг жигардан ўн икки бармоқ ичакка ўтишида жигар-ўн икки бармоқ ичак бойлами – lig. hepatoduodenale, жигар билан меъда ўртасида жигар-меъда бойламлари – lig. hepatogastricum ҳосил бўлади. Жигар билан диафрагма ўртасида тож бойлам – lig. coronarium hepatis ва унинг икки учида чап ва ўнг учбурчакли бойламлар lig. triangulare dextrum et sinistrum жигарни кўтариб туради. Жигарни ўраган фиброз парда (қорин парда остидаги парда) – tunica fibrosa қон томирлар билан бирга жигарнинг ичкарисига киради ва уни жуда кўп бўлакчаларга – lobuli hepatis га ажратади. Бу бўлакчалар 1–2 мм ли олти бурчакли призмага ўхшайди. Бўлакчалар оралиғида дарвоза венасининг энг майда шохчалари, артерия шохчалари, нерв толалари ва майда лимфа найчалари жойлашган. Бўлакчалар оралиғидаги артерия ва веналар (а. et v. interlobularis) капиллярларга ўтиб, бўлакчалар ичкарисига киради. Бўлакчалар ичида моддалар алмашинуви давомида веноз қон марказий веналар (v. centralis)дан йиғувчи веналарга ўтади. Булар ҳам аста-секин йириклашиб, жигар венаси (v. hepatica)ни ҳосил қилади. Бу вена пастки кавак вена (v. cava inferior)га қуйилади. Жигар ҳужайралари орасида жойлашган ўт найчаларидан (ductuli biliferi) бўлакчалараро ўт найчалари – ductus interlobularis ҳосил бўлади. Булар ўзаро қўшилиб, жигарнинг ўнг ва чап бўлак ўт найчаси – ductus hepaticus dexter et sinister ни ҳосил қилади. Ўнг ва чап бўлак ўт найчалари эса жигардан чиққандан сўнг бир-бири билан қўшилиб, жигарнинг умумий ўт йўли – ductus hepaticus communis ни ҳосил қилади. Жигарнинг умумий ўт йўли эса ўт пуфаги найчаси – ductus cysticus билан қўшилиб, ўн икки бармоқ ичакнинг пастки йўналувчи қисмига қуйиладиган умумий ўт йўлини – ductus choledochus ҳосил қилади. Жигар организмда муҳим вазифани бажаради: 1) организмдаги заҳарли моддаларни зарарсизлантиради; 2) ўт ишлаб чиқаради; 3) эмбрионал даврда қон элементларини ишлайди. Download 1.48 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling