Б. Ж. Эшов, А. А. Одилов Ўзбекистон тариxи


Download 6.3 Mb.
Pdf ko'rish
bet124/196
Sana23.09.2023
Hajmi6.3 Mb.
#1686319
1   ...   120   121   122   123   124   125   126   127   ...   196
Bog'liq
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ. 1-ЖИЛД

 
 
9-мавзу. Амир Темур ва Темурийлар даврида ўзбек давлатчилиги. 
Ижтимоий-сиѐсий, иқтисодий ва маданий ҳаѐт. 
 
Режа: 
1. Амир Темурнинг марказлашган давлат тузиш учун кураши 
ва ҳарбий юришлари. 
2. «Темур тузуклари»- муҳим тарихий манба. 
3. Темурийлар давлатидаги ижтимоий-сиѐсий вазият. 
4. ХV асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросон. 
Темурийлар салтанатининг инқирозга юз тутиши. 
5. Темурийлар ҳукмронлиги даврида илм-фан ва маданий ҳаѐт. 


331 


332 
1.Амир Темурнинг марказлашган давлат тузиш учун кураши ва 
ҳарбий юришлари 
 
Соҳибқирон Амир Темур 
(1336-1405) 
«… Буюк бобокалонларимизнинг маънавий 
олами 
хусусида 
фикр 
юритганда, 
Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида 
тўхташимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму 
шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи 
бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат 
барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан 
ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, 
илму фан, маданият, бунѐдкорлик, дин ва 
маънавият ривожига йўл очди». 
Ислом Каримов. 
Мустақиллик йилларида тарих фанида юз берган муҳим ижобий 
ўзгаришлардан бири – халқимизнинг миллий каҳрамони, мустабид совет 
ҳукмронлиги даврида номинг ноҳақ қораланган Амир Темур пок номини 
оқланиши бўлди. Республикамиз Президенти И.Каримовнинг ташаббуси 
билан соҳибқироннинг миллат ва давлат равнақидаги буюк хизматлари 
эътироф этилган ҳолда унинг 660 йиллиги 1996 йили халқаро миқѐсда кенг 
нишонланди. Соҳибқирон шахсига бўлган муносабат давлат сиѐсати 
даражасига кўтарилди. Мустақиллик йилларида Амир Темур шахси, унинг 
давлати, ички ва ташқи сиѐсат, Темурийлар ҳукмронлиги хусусида кўплаб 
аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, республикамизда 1996 
йил – ―Амир Темур йили‖ деб эълон қилинди, ―Амир Темур халқаро 
жамғармаси‖ ташкил этилди, Темурийлар тарихи давлат музейи очилди, 
―Амир Темур‖ ордени таъсис этилди, ЮНЕСКО ташаббуси билан 1996 йил 
апрелда Парижда халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди, Амир Темур ва 
Темурийлар даврига оид кўплаб тарихий манбалар таржима қилинди ва 
ҳоказо. Шубҳасиз, тарихий ҳақиқатни қарор топтириш ишига тарихчи 
олимлар ҳам ўз муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. А.Ўринбоев,
Б.Аҳмедов, Д.Юсупова, У.Уватов, А.Муҳаммаджонов, А.Аҳмедов, О.Бўриев 
ва бошқа кўплаб олимлар томонидан тарихий манбалар таржима қилинди, 
эътиборга молик тадқиқотлар амалга оширилди: А.Зиѐ, Ҳ.Бобоев, С.Хидиров, 
Ш.Ўлжаева, Д.Обиджонова, Х.Файзиев, Б.Усмонов, О.Раҳматуллаева каби 
кўплаб тадқиқотчилар эса ўз изланишларида мавзу билан боғлиқ кўплаб 
тарихий ва ҳуқуқий жиҳатларни очиб беришга муваффақ бўлдилар.
Амир Темур ва Темурийлар тарихи нафақат республикамизда, балки 
жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан ҳам катта қизиқиш билан ўрганиб 
келинмоқда. Амир Темур ҳақида К.Марлоу 1588 йили тарихий пьеса, машҳур 
немис бастакори Г.Гендель 1724 йили опера, америкалик адиб Э.По 1827 
йили шеърий поэма яратган. ХХ аср тарихшунослигида Р.Гроссе, Л.Керэн, 
Е.Росе, Х.Хукхем, Ф.Манц, Г.Гломбек, А.Дерага, К.Еноки, Е.Манау, 
М.Россати ва бошқаларнинг тадқиқот ишлари катта шуҳрат қозонган.


333 
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 2000 йилга келиб Европа халқлари 
тилларида Амир Темур ва Темурийлар ҳақида чоп этилган асарлар сони 500 
тани ташкил этган. 2006 йили Амир Темурнинг халқаро миқѐсда 
нишонланган 670 йиллик таваллуд ѐши арафасида таниқли француз олими 
Л.Керен Парижда француз тилида ―Самарқандга, Амир Темур даврига 
саѐҳат‖ номли тадқиқотни амалга оширди. 
Буюк давлат арбоби ва маҳоратли саркарда Амир Темур 1336 йил 9 
апрелда (ҳижрий 736, шаъбон ойининг 25 кунида) Кешга қарашли Хўжа 
Илғор (ҳозирги Яккабоғ тумани) қишлоғида барлос бекларидан бири Амир 
Тарағай ибн Барқал оиласида дунѐга келди. Темурнинг онаси Такинахотун 
Кешнинг обрўли бекаларидан бири бўлган.
Темурнинг болалиги ва ўспиринлик йиллари Кешда ўтди. Ибн 
Арабшоҳ, Рюи Гонзалес де Клавихо ва бошқа тарихчилар 1360 йилга қадар 
унинг ҳаѐтини айрим маълумотлар билан изоҳлашган. ХIV асрнинг 50-60 
йилларига келиб Чиғатой улуси ҳудудларида ўзаро парокандалик ва 
ўзбошимчалик ҳукм сурар эди. Чиғатой хони Темуршоҳ зўрға икки йилга 
яқин (1358-1359) ҳукмронлик қилди. Шундан сўнг ўзларини анчадан бери 
мустақил тутаѐтган бекликлар расман шу даражага даъвогар бўлиб чиқа 
бошладилар. Кешда Ҳожи Барлос ўзини мустақил деб эълон қилгач, сўнг 
Хўжандда Боязид Жалойир, Балхда Ўлжой Буғо сулдус, Шибирғонда 
Муҳаммадхўжа Апверди найман, Хутталон ва Арҳанг саройда амир 
Кайхусрав ва Ўлжой Апверди, Тотканд ва Сарипулда Хизр Ясавурий ҳамда 
Қўҳистонда амир Сотилмишлар ўзларини мустақил деб эълон қилдилар. 
Айирмачилик ҳаракати кучайиб, ҳокимият, бойлик йўлида беклар ўзаро 
курашлар домига тортилди. Бу урушлар шундоқ ҳам аҳволи ночор бўлган 
аҳоли бошига кўп кулфатлар солди.
1360-1361 йилларда Мўғулистон ҳукмдори ҳоқон Тўғлуқ Темур 
Мовароуннаҳрнинг ички ҳаѐтига раҳна сола бошлайди. Унинг босқинчилик 
тадбирлари Мовароуннаҳр ҳукмдорларига маълум бўлганидан кейин, улар 
саросимага тушиб қолганлар. Шулар қаторига Кеш амири Ҳожи Барлосни 
ҳам киритиш мумкин. Тўғлуқ Темур Хўжандни ишғол этиш ниятида 
Сирдарѐдан ўтганидан сўнг, Мовароуннаҳр амирлари ва Ҳожи Барлос 
қўрқувдан ўз жонларини халос этиш учун Амударѐдан ўтиб Хуросонга кетиб 
қолдилар. Темур ўз ҳудудини мўғул босқинчиларидан ҳимоя қилиш 
мақсадида Тўғлуқ Темур хизматига ўтди. Темур унга Кеш ва унинг 
атрофидаги ерларни бошқаришни топширди. 
1360-1370 йилларда Мовароуннаҳр сиѐсий ҳаѐтида Амир Темур билан 
бир қаторда таъсир ўтказган шахслардан яна бири Амир Қозоғоннинг 
набираси Амир Ҳусайн эди. Балх ва унинг атрофидаги ер-мулклар унинг 
тасарруфида эди. 1361 йилда Темур Амир Ҳусайн билан яқинлашиб иккала 
ҳоким бирлашган ҳолда, мўғул хонларига қаршилик кўрсатиш имконига эга 
бўлдилар. Вақти келиб, Мовароуннаҳрни бошқаришни Туғлуқ Темур ўз ўғли 
Илѐсхўжага топширди. Мустақил бўлишга ҳаракат қилиб юрган Темур янги 
ҳукмдорга итоат этмади. Бунинг оқибатида янги зиддият юзага чиқди. Амир 
Хусайн билан Амир Темурнинг бир-бирлари билан яқинлашган ва яхши 


334 
муносабатда бўлган даврлар 1361-1365 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда 
Темур маълум қийинчиликларни ҳам бошидан кечиради. 
Темур ҳаѐтида рўй берган ва бир умрга унга тан жароҳатини муҳрлаган 
воқеа 1362 йилда Сейистонда бўлиб ўтган. Амир Темур жанг вақтида ўнг 
қўлини тирсагидан ва ўнг оѐғидан камон ўқи тегишидан қаттиқ 
жароҳатланди. Бунинг оқибатида у бир умр оқсоқланиб юради. Шу боис 
ундан даҳшатга тушган душманлари Амир Темурни ҳасад билан 
―Темурланг‖ деб аташган. 
Туғлуқ Темур ўлимидан сўнг, 1363 йилда Мовароуннаҳр тупроғидан 
ҳайдалган мўғул хони Илѐсхўжа янгидан катта лашкар билан аввалги 
мулкларини эгаллаб олиш мақсадида Мовароуннаҳр томон ҳаракат қила 
бошлайди. Мўғул хони айниқса ўзининг рақибларига нисбатан қаҳрли 
кайфиятда эканлиги ҳам маълум эди. 1363-1364 йилларда Темур ва Ҳусайн 
мўғулларни уч маротаба мағлубиятга учратдилар. Темур ва Амир Ҳусайн 
бўлғуси қақшатқич тўқнашувга имкон борича ҳарбий кучларни йиғдилар. 
Тарихда ―Лой жанги‖ номи билан кирган мазкур жанг Чиноз билан Тошкент 
ўртасида 1365 йилнинг 22 май куни бўлган. Темур ва Амир Ҳусайн Чирчиқ 
дарѐси бўйидаги бу жангда мағлубиятга учраганлар. Мазкур мағлубият 
сабабларидан бири Амир Ҳусайннинг суст ва лаѐқатсизлик билан ҳаракат 
қилиши бўлди.
Қайта уриниш беҳуда эканлигини англаб этган Амир Темур жанг 
майдонини тарк этиб, қолган-қутган аскарлари билан Самарқанд томон 
қайтиб кетган. Темур сўнгра Кеш томонга йўл олди. Юқорида таъкидлаб 
ўтилганидек, бу пайтда Мовароуннаҳрнинг бош амири Ҳусайн эди. Бирор 
қарорга келиш эса унинг иродасига боғлиқ бўлган. Шу сабабли Темур ҳам 
унинг кўрсатмаси билан, кўп ҳолларда Ҳусайннинг розилиги билан иш 
тутишга мажбур эди. Самарқанд шаҳри, қолаверса, бутун Мовароуннаҳр ўз 
ҳолига 
ташлаб 
қўйилди. 
Мўғул 
хони 
чангалидан 
қутулиш 
самарқандликларнинг ўзига боғлиқ эди. Бу шароитда Самарқанд 
мудофаасини сарбадорлар ўз қўлларига олдилар. 
Сарбадорлар мўғуллар зулмидан озод бўлиш йўлида ўзларини қурбон 
қилишга тайѐр эдилар.
1
Сарбадорлар ҳаракати XIV асрнинг 30-йилларида 
Эронда ижтимоий-сиѐсий ҳаракат сифатида пайдо бўлиб, 50-60-йилларда 
Мовароуннаҳрга ҳам ѐйилди. Ҳаракат қатнашчиларининг асосий мақсади 
мўғул истилочилари ва зулм ўтказувчи маҳаллий қатламларга қарши кураш 
эди. 
Хуросондаги сингари Самарқандда ҳам бу ҳаракат қатнашчиларнинг 
ижтимоий таркиби айнан бир хил бўлган. Ҳунармандлар, дўкондорлар айрим 
мадраса мударрислари ва талабалар мазкур ҳаракатга фаол қўшилдилар. 
Илѐсхўжа тўғридан-тўғри Самарқандга томон йўл олди. Шаҳар жомеъ 
масжидига йиғилган аҳоли олдида сарбадорларнинг бўлажак раҳбарларидан 
бири бўлган, мадраса мударриси Мавлонозода сўз олиб, шаҳарнинг ҳар бир 
1
Сарбадор – форсча «бошини дорга тиккан», деган маънони англатади. 


335 
аъзосидан катта миқдорда солиқ ва тўлов йиғиб, уни ўз билганича сарф этиб 
юрган ҳукмдорнинг шаҳарни ўз ҳолига ташлаб қўйганлигини уқтириб ўтади. 
Мудофаа раҳбарлигига Мавлонозода қаторига Хўрдак Бухорий ва Абу 
Бакр Калавий ҳам қўшилдилар. Мудофаа ташкил этилганлигидан хабарсиз 
мўғуллар ҳукмдорсиз шаҳарни ҳимоясиз деб ўйлашарди. Уларнинг асосий 
қўшинлари шаҳарга кираверишдаги бош кўчадан ҳужум қиладилар. Хавф-
хатардан шубҳаси бўлмаган босқинчилар Мавлонозода камончилари билан 
пистирмада турган жойга яқинлашганларида тўсатдан камон ўқларига дуч 
келдилар. Шаҳар мудофаачилари мўғулларга уч тарафдан ҳужум қилдилар. 
Биринчи ҳамладаѐқ шаҳарни эгаллаймиз деб ўйлаб, бостириб кирган 
мўғуллар катта талофат кўриб, орқага чекинишга мажбур бўлдилар. 
Самарқандликларнинг ишлаб чиққан ҳарбий режаси пухта чиқди ва ўз 
самарасини берди. Бир неча ҳужум самарасиз тугагач, мўғуллар шаҳар 
атрофини қуршаб олиб, узоқ вақт қамал қилиш режасини ўйлаб чиқдилар. 
Лекин, лашкар сафида юқумли касаллик тарқалди. Буни от вабоси (ўлати) 
деб аташади. Ўлат оқибатида Илѐсхўжа қўшинларига мансуб отларнинг катта 
қисми қирилиб кетди. Илѐсхўжа катта йўқотишлар билан дастлаб 
Самарқандни, кейин эса Мовароуннаҳрни ташлаб кетишга мажбур бўлди. 
Шу пайтда Кешда бўлган Темур бу хабарни Амударѐ бўйларида бўлган 
Амир Ҳусайнга етказди. 1366 йилнинг баҳорида улар Самарқандга этиб 
келадилар ва сарбадорлар раҳбарларини ўз ҳузурларига чорладилар. 
Учрашув Самарқанддаги Конигул деган жойда бўлди. Бу ерда 
сарбадорларнинг раҳбарлари билан келишмовчилик юз беради ва улар қатл 
этиладилар. Темурнинг илтимоси билан фақат Мавлонозода омон 
қолдирилиб, Хуросонга жўнатилади. Сарбадорлар ҳаракати бостирилгандан 
сўнг, Амир Ҳусайн ва Темур ўртасидаги муносабатлар кескинлашади. Бунга 
Амир Ҳусайннинг сарбадорларга нисбатан адолатсизлиги ҳам бир қадар 
сабаб бўлган эди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Амир Ҳусайн танлаган йўл 
парокандалик ва бош-бошдоқлик сари етаклар, Темур эса буни яхши англаб 
етган эди. Амир Ҳусайннинг очкўз ва маккор сиѐсати кўпчилик ҳарбийлар, 
қабила бошлиқларининг норозилигига сабаб бўлди. Ҳусайн кўплаб 
амирлардан катта ўлжа, пул талаб қила бошлади, сиқувлар амалга оширила 
бошланди. Темур ўз сафдошларига тўловларда ѐрдам берди, уларнинг 
қарзларини тўлашда, тарихчи Шарофиддин Али Яздийнинг ѐзишича, ҳатто 
ўз хотинини тақинчоқларини ҳам аямаган. Темурнинг саховати ва 
олижаноблиги кўплаб амирларнинг унга бўлган ҳурматини оширди. Аксинча 
Амир Ҳусайннинг обрў-эътибори тобора пасая бошлади.
1366-1370 йиллар оралиғида Амир Темур ўз эътиборини ички ишларга 
қаратди. Амир Ҳусайн турли фитна-фасодлар йўлига ўтиб, Темурга қарши 
зимдан кураш бошлади. Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасидаги зиддиятлар 
1370 йилда Ҳусайннинг ўлдирилиши ва Амир Темурнинг тахтга ўтириши 
билан якунланди. Мовароуннаҳрнинг амалдаги хони Чингизхон авлодига 
мансуб бўлган Суюрғотмиш (1370-1388) қўлига ўтди. Давлат бошқарув 
тизими эса Мовароуннаҳр амири номини олган Амир Темир қўлида қолди 


336 
ҳамда у Кеш шаҳридан Самарқандга кўчиб, уни ўз давлатининг пойтахтига 
айлантирди. Мазкур даврга келиб Амир Темур доно ва иродали ҳукмдор, 
узоқни кўзловчи давлат арбоби эканлиги яққол намоѐн бўла бошлади. 
Ҳарбий бўлинмалар бошлиқлари этиб амирлардан Жоку, Ҳожи Сайфиддин, 
Аббос, Искандар, Аълам Шайх, Алайка қавчин, Ардашер қавчин, Қори иноқ 
ва бошқалар тайин этилди. 1370 йилда Шибирғон ҳокими Зинда Чашмдан 
бошқа барча амир ва қабила бошлиқлари Темур ҳокимиятини тан олган эди. 
Зинда Чашм айирмачилик йўлини давом эттириб, Балх ва Термез 
атрофларидаги ерларни ҳам талон-тарож қила бошлади. Зинда Чашм саъй-
ҳаракатларига қарши Амир Темур Жоку барлос бошчилигидаги қўшинни 
жўнатди. Зинда Чашм маҳв этилиб, Самарқандга жўнатилди. Амир Темур 
унга олийҳиммат муносабатда бўлиб, авф этди.
Мураккаб ва зиддиятли даврда Амир Темур Мовароуннаҳрдаги 
бирлаштириш сиѐсатини бошлаган эди. У Амударѐ ва Сирдарѐ оралиғида 
турган ерларни ўзига бўйсундириб, итоат эттирди. Фарғона, Шош 
вилоятларини ўз тасарруфига киритиш унга қийин бўлмади. Сирдарѐнинг 
қуйи оқимидаги Олтин Ўрдага қарашли ерларни эгаллашда у бу ерлардаги 
ички сулолавий урушлардан фойдаланди. 
Амир Темур Хоразмни ҳам қайтадан Мовароуннаҳрга киритишга 
интилди. 1372 йилда Ҳусайн Сўфи Амир Темурга бож тўламасдан, бунинг 
устига Соҳибқирон томонидан юборилган элчига шундай жавоб берди: ―Мен 
мамлакатни қилич билан фатҳ этганман, шунинг учун ҳам уни фақат қилич 
билан олиш мумкин‖. 
Ўша йили Амир Темур Хоразмга қўшин тортиб келади. Урганчга 
бориш учун Қиѐт шаҳри орқали ўтиш керак эди, бу шаҳар бир оз қаршилик 
кўрсатгандан кейин Темур қўшини томонидан ишғол қилинади. Қиѐтнинг 
қўлдан кетиши Ҳусайн Сўфига кучли таъсир кўрсатди. У Амир Темур билан 
ярашишга, уни талабларини бажаришга рози бўлади. Лекин, айрим ҳокимлар 
Амир Темурнинг тезда баланд мартабага эришишини кўролмай, Ҳусайнни 
унга қарши гиж-гижлай бошладилар. Ҳусайн уларнинг ѐрдамига ишониб, 
Амир Темурга қарши чиқади, аммо у томонидан тор-мор этилади. Шундан 
сўнг Ҳусайн Урганч қалъасига беркинади ва тезда вафот этади. Унинг ўрнига 
акаси Юсуф Сўфи (1372) ҳокимиятга келади ва Амир Темур билан яраш 
шартномаси тузади. Лекин, у яраш шартларини хиѐнаткорона бузиб, Амир 
Темур қайтиб кетганидан кейин Қиѐт шаҳрини босиб олади ва унга қарши 
очиқдан-очиқ душманлик ҳаракатларига ўтади. Шундан сўнг Амир Темур 
Хоразмга иккинчи маротаба юриш қилишга мажбур бўлади. (1373-1374 йй.). 
Аммо бу ҳарбий тўқнашувгача бормайди, чунки Юсуф Амир Темурга тавба 
қилиб яраш шартларини сўзсиз бажаришга ваъда беради. Бу иккинчи юриш 
натижасида Жанубий Хоразм Амир Темур давлати таркибига киради. 
1374 йилдан кейин Амир Темур Хоразмга уч маротаба юриш қилди. 
Бунинг сабаби Олтин Ўрда хони Тўхтамишнинг Хоразмга даъвоси туфайли 
эди. 
1387-1388 йилларда Тўхтамиш, Амир Темурнинг Мовароуннаҳрда 
йўқлигидан фойдаланиб, Хоразмга ҳужум қилди. Хоразм ҳокими бўлган 


337 
Сулаймон Сўфини Амир Темурга қарши қўзғолон кўтаришга ундади. 
Сулаймон Сўфи бунга рози бўлди. Бу воқеалар Амир Темурни 1388 йили 
Хоразмга яна юришга мажбур этди. Темур Урганчни ишғол қилди ва 
суфийлар сулоласини тугатди. 
Шу вақтдан буѐн Хоразм Амир Темур давлати таркибига, кейин эса 
Темурийлар давлати таркибига кирган. Шундай қилиб, Еттисувдаги ва 
Сирдарѐ этакларидаги ерлардан ташқари, Туркистон ерларининг ҳаммаси 
Амир Темур қўлига ўтди. 
Амир Темурнинг ҳарбий юришлари тарихда ―уч йиллик‖ (1386-1388) 
―беш йиллик‖ (1392-1396) ―етти йиллик‖ (1399-1405) урушлар деб ном олган. 
Темур 1381 йилда Ҳиротга юриш қилади. Бу даврда Ҳиротни курдлар 
сулоласи бошқарар эди. Уларнинг ҳукмдори Ғиѐсиддин Пир Али Темурга 
қаттиқ қаршилик кўрсатмади. Лекин, 1383 йилда Ҳиротда қўзғолон 
кўтарилди. Қўзғолон бостирилди ва курдлар сулоласи қулаши билан 
сарбадорларнинг сўнгги ҳокими бўлган Али Муайѐд ихтиѐрий суратда ўз 
ерлари ва ҳокимиятини Темурга топширди. XIV асрнинг 80-йиллари 
ўртасига келиб бутун Хуросон Амир Темур ихтиѐрига ўтди. ―Уч йиллик‖ 
уруш даврида Амир Темур Озарбайжон, Табриз, Мозандарон, Ғилонни 
бўйсундиради. Шундан кейин у Кавказга юриш бошлаб, Тифлис, Арзирум ва 
Ван қалъасини эгаллади. 
Амир Темур Жўчи улуси таркибига бир вақтлар кирган Оқ Ўрда ва 
Олтин Ўрда ҳамда Мўғулистон ҳокимлари билан бир неча йиллар давомида 
кураш олиб боришига тўғри келди. Мазкур курашдан кўзланган асосий 
мақсад аввало, мамлакат шимолий қисмларини кўгманчи тўдалар ҳужумидан 
муҳофаза этиш, Жўчи улуси таркибига кирган ерларни заифлаштирган ҳолда 
ўз салтанати таъсир доирасига олиш бўлган. Амир Темур Мўғулистонга 
қарши кураши ўн тўққиз йил (1371-1390) давом этиб, бу курашда у аввал 
Анқо тўра, сўнгра Қамариддин сингари хонларни мағлуб этди. Шу тариқа 
мўғул хонларнинг Сирдарѐ бўйлари, Фарғона водийсига солган хавф-
хатарларига чек қўйилди. Жўчи улусидаги парокандалик даврида Оқ Ўрда 
хони Манғишлоқ ҳокими Тўйхўжа ўғлонни ўлдирди. Тўйхўжанинг ўғли 
Тўхтамиш ўз ҳаѐти хавфсизлигини ўйлаб, Самарқандга, Амир Темур 
ҳузурига қочиб келди. Амир Темур унга мурувват кўрсатиб, давлат 
манфаатларини ўйлаган ҳолда ҳокимиятни олиш йўлида ѐрдам берди.
Тўхтамиш ўз рақибларидан уч маротаба мағлубиятга учрасада, ҳар гал 
Амир Темур уни оѐққа турғизишга ѐрдам берди. Оқ Ўрда хони Урусхон 
Темурга қарши жанг қилишга ботина олмади. Урусхон вафотидан сўнг Амир 
Темур Тўхтамишга 1376 йили тахтни узил-кесил эгаллашига ѐрдам берди. 
Шимолда Тўхтамишнинг тахтга чиқиши Амир Темур салтанати хавфу-
хатардан сақланишга ѐрдам бериши, қолаверса ишончли иттифоқчи юзага 
келишидан соҳибқироннинг ўзи ҳам шубасиз, манфаатдор эди. Лекин, 
Тўхтамишхон берилган ѐрдам, кўрсатилган мурувватни тезда унутди. Иккала 
ўрдани бирлаштириб олгач, талончилик ва жабр зулмни кучайтирди. Рим, 
Волга бўйи, Шимолий Кавказ халқлари унинг зулмидан қаттиқ азият чека 


338 
бошладилар. Тўхтамишхон 1385 йил Темурга қарашли Озарбайжонни 
эгаллашга ҳаракат қилди.
1388 йил январида Амир Темурнинг қайтишини кутган душман орқага 
қайта бошлади. Амир Темур амирлари Ҳусайн, Шайх Али Баҳодир ва 
бошқаларга душманни даф қилишни топширди. Улар Сирдарѐ бўйидаги 
Сарисув деган жойда душманни қувиб етиб унга катта талофат етказдилар. 
Тўхтамиш 1388 йил охирида Амир Темурга қарши қайта ҳужум бошлади. 
Амир Темур эса урушга тайѐрланиш учун Сагорон (Каттақўрғон)да 
қароргоҳини тикиб, қўшинларини жанговар ҳолатга келтирди. Амир Темур 
душманнинг орқа тарафидан ҳужум қилиш учун Қўнғи ўғлон, Темур Қутлуғ 
ўғлон, Шайх Али Баҳодир қўмондонлигидаги қўшинларни юборади. Ҳужум 
муваффақиятли бўлди. Душман тор-мор этилиб, Тўхтамиш зўрға қочиб 
қутулди. 
1393-1394 йили Амир Темур Шеки (Озарбайжоннинг шимолий 
қисми)да турган пайтда Тўхтамиш Кавказорти вилоятларига ҳужум қилди. 
Амир Темур Шекидан чиқиб Қура дарѐси бўйлаб юрди. Олтин ўрдаликлар 
Амир Темур қўшинлари келаѐтганини эшитиб, чекинишга мажбур бўлдилар. 
1395 йил апрелида Терек дарѐси бўйида Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасида 
уруш ҳаракатлари яна бошланиб кетди. Жангнинг асосий қисми ўнг қанотда 
бўлди. Амир Темур заҳира қўшин билан жангга кирди ва душманни 
чекинишга мажбур қилди. Тўхтамиш учинчи жангдан кейин ҳокимиятдан 
ажралди. 
Тўхтамиш қўшинининг Терек дарѐси бўйида тор-мор этилиши ва 1395 
йилда Сарой Берканинг хароба қилиниши Олтин Ўрдага жуда кучли зарба 
бўлди. Шундан кейин у ўзини ўнглай олмади. Олтин Ўрдага берилган 
қақшатқич зарба Русни мўғул босқинчиларидан озод бўлишига ижобий 
таъсир этди.
Амир Темурнинг бир мамлакатга қилган юришлари унинг бошқа 
мамлакатларга қилган юришлари билан кетма-кет борганлигини уруш 
воқеалари кўрсатиб туради. Амир Темур Озарбайжонга бир неча маротаба 
ҳужум қилиб борди ва 1387 йилда уни бўйсундиришга муяссар бўлди. 
Арманистон ва Грузияни Амир Темур 1392 йилда бўйсундиради. Темурнинг 
узоқ Ҳиндистонга юриши 1399 йилда тамомланди. 
1400 йилда Амир Темур қўшинлари турк султони Боязид Йилдирим ва 
Миср султони Фараж билан кураш олиб бордилар. 1402 йили 20 июлда Амир 
Темур Анқара ѐнида Боязид билан иккинчи марта тўқнашди ва уни тор-мор 
этди. Усмонийлар мағлубияти Европа халқлари учун ижобий аҳамиятга эга 
бўлди. Турклар Европага ўз ҳужумларини 50 йил орқага сурдилар.
Амир Темур ўз қўшинлари билан 1404 йилнинг охирида Хитойга қараб 
йўлга чиқади. Ўша йили қиш Ўрта Осиѐ тарихида энг қаҳратон қишларидан 
бири бўлган. Сирдарѐнинг суви 1 метрга музлаган, аскарлардан кўпини 
қулоқ-бурунлари, қўл-оѐқларини совуқ олган эди. Амир Темурнинг ўзи ҳам 
кўп ўтмай шамоллаб қолади. 1405 йил январ ойининг ўрталарида Ўтрорда 
тўхташга қарор қилишади ва бу ерда 18 феврал куни буюк жаҳонгир 
Соҳибқирон Амир Темур вафот этди. 


339 
Амир Темур 35 йил давомида ҳарбий юришлар қилди. Бу юришлар 
натижасида у буюк салтанат барпо қилишга эришди. Унинг таркибига 
Мовароуннаҳр, Хоразм, Каспий атрофидаги вилоятлар, ҳозирги Афғонистон, 
Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Жанубий Россия, Кавказ ва Ғарбий 
Осиѐнинг бир қатор мамлакатлари жами 27 та ўлка киради. Амир Темурнинг 
муваффақиятига аввало унинг нодир ҳарбий истеъдоди сабаб бўлди. Амир 
Темур қўшинида қатъий тартиб ва интизом ўрнатилган эди. Ҳар бир жанг 
режасини ва барча қисмлар учун йўл-йўриқларни ўзи ишлаб чиқарди. Унинг 
ҳарбий истеъдоди Анқара яқинида Султон Боязидга қарши жангда айниқса 
ѐрқин намоѐн бўлди. Армиянинг юраги ва қўмондонлик ўзагини барлос 
уруғи вакиллари ташкил этарди. Шу давр воқеаларининг шоҳиди 
бўлганларнинг гувоҳлик беришича барлослар ҳарбий ишга ниҳоятда 
чидамли, ѐйдан ўқ узишга жуда уста, ўз ҳукмдорларига содиқ ва сабр-
тоқатли бўлганлар.
Амир Темур ички ва ташқи савдо тараққиѐтига катта аҳамият берди. 
Унинг саъй-ҳаракати боис Буюк ипак йўли тармоғи Мовароуннаҳрга қайтди, 
савдо йўллари хавфсизлигига, Шарқ ва Ғарб савдо муносабатларига катта 
эътибор билан қаралди. Соҳибқироннинг Франция қироли Карл VI га ѐзган 
хатидаги қуйидаги мулоҳазалар эътиборга сазовордир: ―Сиз ўз 
савдогарларингизни менинг салтанатимга юборинг, биз уларни илиқ қарши 
олиб, иззат-икром кўрсатамиз. Биз ҳам ўз савдогарларимизни сизнинг 
юртингизга йўллаймиз. Сиз ҳам уларга ҳурмат кўрсатинг, уларга ортиқча 
тазйиқлар қилинишига йўл қўйманг. Сизга бундан бўлак талабим йўқ. Зеро 
дунѐ савдо аҳли ила обод бўлажак!‖ Шубҳасиз, буюк Темурнинг юқоридаги 
мулоҳазалари 
ХХI 
асрдаги 
янгича 
тартибдаги 
савдо-иқтисодий 
муносабатларда муҳим ўрин эгаллайди.
Низомиддин Шомий ўзининг «Зафарнома» асарида шундай деб ѐзган 
эди: «... Унинг адолатию сиѐсати ўрнатилган кунларда Мовароуннаҳрнинг 
энг чекка жойларидангина эмас, балки Хўтан чегарасидан Деҳли ва Канбойит 
атрофларигача, Бобул Авбобдан то Миср ва Рум ҳудудигача бўлган ерлардан 
савдогарлар у ѐқда турсин, болалару бева хотинлар ҳам ипакли матолар, 
олтин-кумуш ва энг зарур тижорат молларини келтирардилар ва олиб 
кетардилар. Ҳеч бир кимса уларнинг бир донига ҳам кўз олайтира олмайди ва 
бир дирҳамига ҳам зиѐн етказмайди. Бу чексиз неъмат ва поѐнсиз 
марҳаматлар Амир Соҳибқироннинг сиѐсати ва адолати натижасидандур». 
1404 йили Темур салтанатида бўлган Руи Гонсалес де Клавихо ҳам савдо-
сотиқ муносабатларининг юқори даражада тараққий этганлигини, савдо 
аҳлига кўрсатилаѐтган мурувват, хавфсизлик чоралари, Мовароуннаҳр 
бозорларининг серҳашамлигини алоҳида қайд этган эди.
Амир Темур ХIV асрдаѐқ ―Куч - адолатда‖ шиорини давлат сиѐсати 
мавқеи даражасига олиб чиқди. Умри давомида соҳибқирон бу шиорни ўзига 
дастурул – амал қилиб олди. Темур давлатидаги бу аҳлоқий-маънавий мезон 
ҳамма даврлар учун эътиборли бўлиб, ҳозирги кунга қадар инсоният ҳаѐтида 
долзарб аҳамият касб этиб келмоқда. Амир Темур ҳарбий санъат, солиқ 


340 
сиѐсати, раиятга муносабатда, ўз давлат бошқаруви тизимида, қўл 
остидагиларга муносабатда ҳам ушбу тамойилга қатъий амал қилди.
Амир Темур ўз ҳукмронлиги даврида мутаассиблик, айирмачилик, 
мазҳабчилик кўринишларига йўл бермади. Осойишталик, тинчлик-
хотиржамлик, хавфсизлик борасида аҳамиятга молик ишларни амалга 
оширди. Бу хусусда соҳибқирон, ―... салтанатимнинг у четидан бу четигача 
бирор болакай бошида бир лаган тилла кўтариб ўтадиган бўлса, бир донасига 
ҳам зарар етмайдиган тартиб-интизом ўрнатдим‖, дея қайд қилган эди. Амир 
Темур қурилиш, ободончилик ишларига улкан эътибор билан қаради. 


341 

Download 6.3 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   120   121   122   123   124   125   126   127   ...   196




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling