Қўлтиқ ости ҳароратини ўлчанг (ёки ҳарорат кўтарилганми, пасайганми, пайпаслаб кўринг).
Иситма (қўлтиқ ости чуқурчасидан ўлчанган ҳароратнинг 37,5°С даражадан ёки тўғри ичакдан ўлчанган ҳароратнинг 38ºС даражадан юқори бўлиши) – бола ҳаётининг дастлабки икки ойи ичида одатдан ташқари ҳодисадир. Гўдак болада иситма бўлса, бу – унда жиддий бактериал инфекция борлигини билдириши мумкин. Бунинг устига иситма жиддий бактериал инфекциянинг бирдан-бир, ягона белгиси бўлиши ҳам мумкин. Гўдак боланинг организми инфекция бошланганига тана ҳароратининг (аксиляр ҳарорат) 35,5°С даражадан кўра пасайиши билан жавоб бериши ҳам мумкин.
Агар Сизда термометр бўлмаса, гўдак танасини ёки қўлтиқ ости чуқурчаси соҳасидан пайпаслаб кўриб, унинг қизиб тургани ёки одатдан ташқари совуб кетганини аниқланг.
Киндикни кўздан кечиринг: киндикнинг қизарган ва йиринг чиқаётган жойи борми?
Киндик одатда бир ҳафтадан сўнг тушади ва 15 кунларда битади. Kиндикнинг учи қизарган ёки киндикдан йиринг оқаётган бўлиши киндик инфекциясидан далолат беради. Сепсисни олдини олиш мақсадида киндик инфекцияси ўз вақтида аниқлаш ва даволаш лозим.
ИЗЛАНГ: терида йирингчалар борми?
Бадан терисини бошдан-оёқ кўриб чиқинг. Теридаги йирингчалар – бу қизариб турган доғлар ёки ичида йиринг бўладиган пустулалардир.
ҚАРАБ KЎРИНГ: гўдакнинг ҳаракатларини кузатинг, гўдак ўзи ҳаракат қилаяптими? Ёки унга текканда ҳаракат қилаяптими? Текканга қарамасдан ҳаракатсизми? Таъсир кўрсатганда ҳаракат қилиб, сўнгра тўхтайдими? Гўдак бутунлай ҳаракатсиз қоладими?
Гўдак болалар кўп вақтда аксари ухлаб ётади ва бу касаллик белгиси бўлиб ҳисобланмайди. Соғлом гўдак уйғоқлик вақтида ҳам онаси ва тиббий ходим гаплашаётган пайтда, бирмунча каттароқ боладан фарқ қилиб, одатда, уларга қарамайди.
Kўзини очмай (летаргик ҳолатда) ётган гўдак уйғонмайди, сергакланмайди ва одатдагича фаоллик кўрсатмайди. У карахт бўлиб ётиши ва қўзғатиб кўрилганидан кейин ҳам шундай ётавериши мумкин. Агар гўдакнинг аҳволига баҳо берилаётган вақтда у уйғонмайдиган бўлса, уни уйғотиб кўришни онасидан илтимос қилинг. Онаси гапирганида ёки болани оҳистагина силтаб кўрганида, ё бўлмаса, ўзингиз чапак чалиб кўрганингизда бола уйғонадими - йўқми, қараб кўринг. Уйғонганича ётаверадими-йўқми, кузатиб кўринг.
Беҳуш ётган гўдакни уйғотиб бўлмайди. У баданига бирор нарса текканини ҳам, келаётган товушларни ҳам сезмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |