4 БОБ. 2 ОЙДАН 5 ЁШГАЧА БЎЛГАН БОЛАЛАРНИ ОЛИБ БОРИШ
Схема 4. 2 ойдан 5 ёшгача бўлган бемор болаларни олиб бориш схемаси.
Она ва унинг бемор боласини қабул қилганингизда Сиз:
Она билан дўстона муносабатда бўлиб саломлашинг ва унинг ўзи билан боласига ўтиришни таклиф этинг.
Бола танасининг оғирлиги ва ҳарорати ўлчаниб, ёзиб олинганини текшириб кўринг. Агар бундай қилинмаган бўлса, болани тарозида тортиб кўриб, тана ҳароратини ўлчашни кейинроқ, ундаги асосий симптомларни баҳолаб, таснифлайдиган вақтингизда бажарасиз. Мазкур босқичда болани ечинтирманг ва безовта қилманг.
Бола бемор бўлгани учун уни онаси (ёки оиланинг бошқа бир аъзоси, масалан, отаси, бувиси, опаси ёки акаси) амбулаторияга олиб келади. Бироқ оналар болаларини кўпинча эҳтиётдан текшириб кўриш, эмлатиш ёки жароҳатига даво қилиш учун олиб келишади. Бола бемор бўлгани учун онаси уни амбулаторияга олиб келган маҳалда Сизнинг қилишингиз керак бўлган қадамларингиз БАҲОЛАНГ ВА ТАСНИФЛАНГ схемасида босқичма-босқич тасвирлаб ўтилган.
Бемор бола амбулатор-поликлиника муассасасига олиб келинганида тиббиёт ходими одатда унинг нима сабабдан олиб келинганини аниқлаб олади. Тиббиёт ходими болани тарозида тортиб, танасининг ҳароратини ўлчайди ва олинган маълумотларни беморнинг амбулатор картасига, ёзув шаклига ё бўлмаса, кичикроқ бир қоғоз варақасига ёзиб қўяди. Сўнгра она ва бола текширувдан ўтиш учун тиббий ходимининг олдига киради.
БАҲОЛАНГ ва ТАСНИФЛАНГ схемасида бола ҳолатини баҳолаш, касаллигини таснифлаш ва давони танлаш умулаштирилган. Схеманинг чап тарафида БАҲОЛАНГ устинида анамнез йиғиш ва физикал текширув ўтказиш келтирилган. Ушбу устундаги кўрсатмалар ОНАДАН БОЛАНИНГ МУАММОЛАРИНИ СЎРАНГ деб бошланган.
Боланинг муаммолари тўғрисида онасидан суриштириб кўринг.
Боланинг муаммолари тўғрисида онасининг айтганларини ёзиб олинг.
Боланинг муаммолари тўғрисида онасидан суриштириб кўриш кераклигининг муҳим сабабларидан бири она билан ўртада яхши мулоқот ўрнатишдир. Мулоқот яхши бўлса, онани хотиржам қилиш ва ўзи ҳамда боласи яхши тиббий хизматдан баҳраманд бўлишига ишонтириш осон бўлади. Беморни кўздан кечириш давомида боланинг касаллигига кейинроқ даво қилар экансиз, Сиз касал болага уй шароитида парвариш қилишни онасига ўргатишингиз ва унга шу тўғрида маслаҳат беришингиз керак бўлади. Шундай қилиб, болани кўздан кечиришнинг бошиданоқ онаси билан яхши мулоқот ўрнатиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |