5 БОБ. УМУМИЙ ХАВФ БЕЛГИЛАРИ
БАҲОЛАНГ ВА ТАСНИФЛАНГ схемасида УМУМИЙ ХАВФ БЕЛГИЛАРИ БОРМИ, ТЕКШИРИБ КЎРИНГ деб номланган рамкани топасиз. Шу рамкада келтирилган саволларни беринг ва клиник белгиларни изланг.
Схема 5. Умумий хавф белгиларини баҳолаш.
Болада умумий хавф белгилари бўлса, демак, унинг аҳволи жиддий. Умумий хавф белгилари бор болаларнинг кўпчилигини ЗУДЛИK БИЛАН касалхонага юбориш керак бўлади. Улар антибактериал воситаларни инъекция қилиб, кислород бериб ёки тиббий муассасангизда йўқ бўлиши мумкин бўлган бошқа чораларни кўриб амалга ошириладиган ҳаётий зарур давога муҳтож бўлишлари мумкин. Боланинг аҳволига баҳо беришнинг қолган босқичларини тезлик билан тугатинг.
Умумий хавф белгилари бор-йўқлигини текшираётганингизда:
СЎРАБ KЎИНГ: Бола суюқлик ича оладими ёки эма оладими?
Агар бола эма олмаса, суюқлик ёки кўкрак сутини юта олмаса, демак, болада «суюқлик ича олмайди ёки кўкракни эма олмайди» белгиси бор.
Онадан “болангиз ича оладими?” деб сўраганингизда ушбу саволни у тушунганига ишонч ҳосил қилинг. Агар у болам суюқлик ича олмайди ёки кўкрак эма олмайди, деб айтадиган бўлса, ундан болага қандай бўлмасин бирор суюқлик берилганида қандай ҳодиса содир бўлишини кўрсатиб беришни илтимос қилинг. Масалан, бола суюқликни оғзига олиб, юта оладими? Агар онанинг жавоби тўғрилигига ишончингиз комил бўлмаса, болага тоза сув ёки кўкрак сути бериб кўришни унга таклиф этинг. Бола сув ёки кўкрак сутини юта оладими, қараб кўринг.
Эмадиган болаларда буруннинг битиб қолгани кўкрак эмишини қийинлаштириб қўйиши мумкин. Боланинг бурнини тозалаганингиздан кейин у кўкракни эма оладиган бўлса, демак, бу болада “суюқлик ича олмайди ёки кўкракни эма олмайди” белгиси йўқ.
СЎРАБ КЎРИНГ : Бола ҳар қандай еган овқатдан ёки ичган суюқдан сўнг қайт қиладими?
Еган овқатини ва ичган суюқлигини ўзида олиб қололмай, қайт қиладиган болада «ҳар қандай еган овқати ёки ичган суюқлигини қайт қилади» белгиси бор. Бола ниманики ютадиган бўлса, ҳаммасини дарҳол қусиб ташлайверади. Ҳар қандай еган овқат ёки ичган суюқлигидан кейин қусаверадиган бола овқат, суюқлик ёки ичириладиган дори воситаларини организмида олиб қололмайди. Бола баъзида қусадиган бўлсаю, лекин суюқликнинг бир қисмини ўзида олиб қоладиган бўлса, бундай болада ушбу умумий хавф белгиси йўқ, деб ҳисобланади.
Сиз савол бериб, сўраб кўраётганингизда она тушунадиган сўзларни ишлатинг. Жавоб бериш учун онага вақт беринг. Агар бола ҳар қандай еган овқати ёки ичган суюқлигидан кейин қусиш бор ёки йўқлигини онаси ишонч билан айта олмаса, аниқ жавоб бериш учун унга ёрдамлашинг. Масалан, бола қанчалик тез-тез қусади, деб сўраб кўринг. Бола овқатни ёки суюқликни ютганидан кейин ҳар сафар қусаверадими, деб ҳам сўраб кўринг. Агар онанинг жавоблари тўғрилигига ишончингиз комил бўлмаса, болага суюқлик бериб кўришни унга таклиф қилинг. Бола қайт қиладими-йўқми, текширинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |