СЎРАБ КЎРИНГ: Болада сўнгги 3 ой давомида қизамиқ бўлганми?
Қизамиқ боланинг иммун тизимини зарарлайди ва бир неча ҳафта мобайнида бошқа инфекцияларнинг бошланиши эҳтимолини оширади. Иситмалаб турган ва сўнгги 3 ой давомида қизамиқ билан оғриб ўтган болада қизамиқ асоратлари туфайли кўз инфекцияси сингари касаллик бошланиши мумкин.
ҚАРАБ, ПАЙПАСЛАБ КЎРИНГ: Энса мускуллари ригидлиги борми ?
Иситмалаб турган ва энса мускулларида ригидлик бўлган болада менингит бўлиши мумкин. Менингит билан оғриган бола зудлик билан антибактериал воситани инъекция қилиб даволаш ва касалхонага юборишга муҳтож бўлади.
Болани кўздан кечириш пайтида онаси билан гаплашиб туриб, бола атрофга қараган маҳалида бемалол ҳаракатланиб, бошини энгаштира оладими-йўқми, қараб кўринг. Бола бемалол ҳаракатланиб, бошини энгаштира оладиган бўлса, демак, энса мускулларининг ригидлиги йўқ.
Агар ҳеч қандай ҳаракатларни кузата олмасангиз ёки ишончингиз комил бўлмаса, боланинг диққатини унинг киндиги ёки оёқ бармоқларига қаратинг. Масалан, болани пастга қаратиш учун унинг оёқ бармоқлари ёки киндигига фонарча ёруғини тушириб кўришингиз ёки боланинг оёқ бармоқларини ушлаб кўришингиз мумкин. Бола пастга - ўз киндиги ёки оёқ бармоқларига қараганида бошини энгаштира оладими, қараб кўринг.
Агар боланинг ўзича бошини энгаштира олишини барибир кўра олмаган бўлсангиз, уни чалқанча ётқизиб қўйишингиз учун ёрдамлашишни онасидан илтимос қилинг. Боланинг орқаси ва елкаларини бир қўл билан салгина ушлаб туриб, унинг устига энгашинг. Иккинчи қўл билан бошидан ушланг, сўнгра унинг бошини кўкраги томон оҳиста энгаштиринг. Боши бемалол энгашадиган бўлса, энса мускулларида ригидлик йўқ. Боланинг бўйни қаттиқроқ туюлиб, энгаштиришга қаршилик кўрсатадиган бўлса, боланинг энса мускулларида ригидлик бор. Энса мускулларининг ригидлиги бор бола унинг бошини энгаштирмоқчи бўлганингизда энгашмайди.
Иситманинг бошқа сабабларини қидиринг
Болани тўлиқ ечинтиринг ва инфекциянинг локал белгиларини аниқлаш мақсадида яхшилаб қараб чиқинг. Масалан: энса мушакларининг ригидлиги (менингит); оғриқли бўғимлар (септик артрит ёки ревматизм); тезлашган нафас ёки кўкрак қафасининг тортилиши (пневмония); ҳалқумнинг шиллиқ қаватларининг ўзгариши (инфекция); ноғора парданинг қизариши, унинг ҳаракатсизлиги ва қулоқдаги оғриқ (ўрта отит); сариқлик ёки камқонликнинг ташқи белгилари (безгак ёки сепсис); умуртқалар ва тос-сон бўғими томонидан ўзгаришлар (септик артрит); қорин пальпацияси (сийдик йўллари инфекциясида қов усти соҳасидаги оғриқ, буйрак соҳасида оғриқ ва қаттиқлик). Чўзилувчан иситма сабабчиси бўлган баъзи касалликлар (септицемия, сальмонеллез, милиар сил, ОИВ-инфекциси ёки сийдик йўллари инфекцияси) локал белгиларсиз кечиши мумкин. Бундай болани яна текшириб кўриш учун касалхонага юборинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |