35-модда. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни ва унинг тартибга солиш мақсадларига эришилишини, шунингдек амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солувчи муносабатларга таъсирининг самарадорлиги ва натижадорлигини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидан иборатдир.
Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади.
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
6-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши, кучга кириши ва амал қилиши
36-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матнини тасдиқлаш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матнини тасдиқлаш:
Ўзбекистон Республикасининг қонунига нисбатан — Ўзбекистон Республикасининг Президенти;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарорига нисбатан — Ўзбекистон Республикасининг Президенти;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорларига нисбатан — норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган раҳбари;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига нисбатан — тегишли ҳоким томонидан имзолаш орқали амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |