ИНДРА – зўрлик, зулм маъбуди, Ахриман тарафдори.
ИНЖИЛ – (юнонча, «Евангелие») «Янги Аҳд»даги Марк, Матто, Луқо ва Юҳаннолардан ривоят қилинган китоблар назарда тутилади. Уларда Исо Масиҳнинг ҳаёт йўли ва мўъжизалари баён қилинган.
ИСЛОМ – (арабча, таслим бўлиш, бўйсуниш) ягона Аллоҳга бўйсуниш маъноларини беради.
ҚАВЛИЙ СУННАТ – Расулуллоҳ (а.с.)нинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган сўзлари.
ҚАДИМГИ АҲД – «Библия»нинг қисмларидан бири. «Таврот» (Мусонинг 5 китоби), «Забур» ва бошқа китоблардан иборат, жами 39 китобни ўз ичига олади.
КАЛОМ – сўз, нутқ маъносини билдиради. Мўътазилийлар пайдо бўлгандан кейин ақида илмининг номи «калом» деб атала бошланган.
КАРДИНАЛЛАР КОЛЛЕГИЯСИ – Рим католик черковидаги олий кенгаш. Папа ўрни бўшаб қолганда унинг вазифасини бажариш ва янги Папани сайлаш вазифаларини бажаради.
КАСТА – ҳиндуийликда айни иш билан шуғулланувчи, оталардан мерос қолган ҳақ, вазифа ва одатлар билан қаттиқ боғланган шахслар тоифасидир. Каста инсонлар томонидан сайланмайди ва танланмайди, унинг ичида фақатгина дунёга келиш мумкин. Бу тизим 4 синфдан ташкил топади.
КАУТХУМА (KAUTHUMA) – Сама Веданинг ҳозирги кунгача етиб келган таҳрири. Каутхума тўплами 1810 шеърдан иборат бўлиб, ундан фақатгина 76 таси Ригведада учрамайди, шеърлар, асосан, Ригведанинг VIII ва IX мандаласидан олинган бўлиб, улар тантанали қурбонлик маросимида роҳиблар томонидан ўқилади.
ҚИЁМАТ – (арабча, «тик туриш», «ўриндан туриш») ўликларнинг қайта тирилиши ва ўрнидан туриши.
КИРОМУН КОТИБУН – исломда ҳар бир инсоннинг ҳаёти давомида бажарган ҳар бир амал ва сўзларини ёзиб борадиган фаришталар.
КИРХА (немисча, «черков») – лютеран черковларининг номи.
КОСТЕЛ (полякча, чехча, «черков») – Рим католик черковига қарашли ибодатхоналарга нисбатан ишлатиладиган атама. Ушбу атама православ ёки протестант черковларига нисбатан қўлланилмайди.
КРИШНА – «қора» маъносини англатади, ўзининг табиий келиб чиқишига кўра жуда мураккаб образ. У ҳақда олов, чақмоқ, момақалдироқ, осмон, қуёш билан боғлиқ афсоналар мавжуд. Кришна жанговар, енгилмас қаҳрамон сифатида таърифланади. У урушда ҳам, севгида ҳам енгилмас баҳодир, аммо жуда айёр табиатга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |