Диссертация илмий раҳбар: И. Ж. Юлдашев, филология фанлари доктори, профессор Тошкент 2022 Мундарижа


Download 1.24 Mb.
bet42/49
Sana16.03.2023
Hajmi1.24 Mb.
#1272846
TuriДиссертация
1   ...   38   39   40   41   42   43   44   45   ...   49
Bog'liq
Севара Худойбердиева Диссертация 30 10

Сермуаммо гўдак – шитоб билан ривожланиб бораётган бозорда арзимас ҳиссага эга бўлган товар. Бундай маҳсулотнинг истиқболи бор, яхши, аммо самарадорлиги етарлича бўлмаслиги мумкин.
Чароғон юлдуз – бозорда салмоқли ҳиссани эгаллаган, юксак даражада ўсиш суръатига эга бўлган маҳсулот.
Серсут сигир – бозорда салмоқли улушга эга бўлган, аммо паст даражада ўсаётган маҳсулот. Эҳтимол бундай маҳсулот – маҳсулотлар порфолиясидаги “сермуаммо гўдак” ва “чароғон юлдуз” гуруҳини молиявий таъминлаб туриш учун асосий маблағлар манбаи бўлиб хизмат қилади.
Қопағон ит – бозорда салмоқсиз улушни эгаллаган, паст даражадаги ўсиш суръатига эга бўлган маҳсулот. Бундай маҳсулотнинг самарадорлиги шубҳали. Ҳарҳолда, бу портфолиядан чиқиб кетишга номзоддир.

3.3. Маркетинг терминлари ўртасидаги градуономик муносабатлар


Лексик-семантик сатҳда кенг ифода топган градуономик муносабатлар терминлар системасида ҳам тез-тез воқеаланади. Градуономия – лексемаларнинг маъно гуруҳлари аъзоларида у ёки бу белгининг даражаланиши. Бундай даражаланиш оппозициянинг (зидланишнинг) бир тури деб қаралади ва шу қатордаги бош сўзга нисбатан белгиланади. Градуономия ҳодисасини ўз вақтида Алишер Навоий ҳам пайқаган ва уни туркий (ўзбек) тилининг бойлик кўрсатгичларидан бири сифатида изоҳлаган эди. У ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида “йиғламоқ” маъноли сўзлар гуруҳини айни шу даражаланиш аспектида талқин қилади: йиғламсинмоқ-инграмоқ–синграмоқ–ўкурмоқ–ҳой-ҳой-йиғламоқ каби. Демак Алишер Навоийни ушбу ҳодисанинг илк тадқиқотчиси деса бўлади171.
Градуонимия ҳодисаси жаҳон тилшунослигида Ж. Локк, Э. Сепир, Д. Болинжер, Ю.Д. Апресян, Ю.С. Степанов, Л.Н. Толстой, И.В. Червенкова, Т.Н. Григоренко172, ўзбек тилшунослигида эса С. Ғиёсов, Э. Бегматов, Ҳ. Неъматов, Р. Расулов, М. Файзуллаев, Р. Сафарова, М. Нарзиева, Ж.Джумабоева173 ва бошқалар томонидан атрофлича тадқиқ этилган.
Мавзунинг ёритилиши бўйича 1996 йили Ш.Орифжонованинг “Ўзбек тилида луғавий градуонимия” мавзусидаги номзодлик ишини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Муаллиф градуонимия ҳодисасини сўзлараро маъновий муносабатларнинг алоҳида кўриниши сифатида талқин қилган ва кичик – ўрта – катта; илиқ – иссиқ – қайноқ; ниҳол – кўчат – дарахт; гулоби – пушти – қирмизи – қизғиш – қизил – ол; дарча – эшик – дарвоза каби фаол лексик бирликлар мисолида мазкур ҳодисанинг тилимизда тутган ўрнини очиб беришга ҳаракат қилган. Маркетинг терминологияси учун ҳам даражаланиш ҳодисаси ёт эмас.
Нарх – арзон, ўрта, қиммат.
Бозор – раста, ёйма, дўкон, маркет, супермаркет, гипермаркет, савдо мажмуаси.
Сотиш – доналаб, чакана, кўтара, улгуржи.
Ишлаб чиқарувчи – корхона, фирма, компания, корпорация.
Купюра – қоғоз пул, банкнот, қимматли қоғозларни ифодалайдиган қоғоз, облигация, қимматли қоғоз.
Маҳсулотни (товарни) етказиб бериш – пиёда, автомобиль, сув ва трубопровод, темир йўл, ҳаво йўли.
Реклама – варақ, брошюра, буклет, календар, каталог, график, транспорт воситаси, аудио ва видео материал.
Маркетинг–менежмент – тадбиркорлик, сиёсатни шакллантириш, сиёсатни ижро этиш.
Маркетолог – маркетинг муаммолари тадқиқотчиси, маркетинг соҳасида олий маълумотга эга мутахассис, маркетинг муаммолари билан профессионал асосда шуғулланувчи мутахассис.

3.4. Маркетинг терминлари ўртасидаги синонимик ва антонимик муносабатлар


Ўзбек терминологияси тилнинг лексик қатлами сингари очиқ тизим ҳисобланиб, унда юқорида кузатилган парадигмалар қатори синонимик ва антонимик муносабатлар ҳам воқеаланади.
Тилшуносликда “бир умумий маънога эга бўлган (денотатив маъноси бир хил)”174, “талаффузи ва ёзилиши ҳар хил, бирлаштирувчи маъноси бир хил (умумий бўлган), қўшимча маъно нозиклиги, эмоционал бўёғи, қўлланиши каби бир қатор хусусиятлари билан ўзаро фарқланадиган сўзлар”175, “тил бирликлари”176 ёки лексемаларнинг бир хил маъно англатишига кўра гуруҳланиши”га177 синонимлар (юнонча synonymos – бир хил номли) дейилиши таъкидланган.
Синонимлар бошқа тиллардаги каби ўзбек терминологияси тизимида ҳам фаол қўлланувчи лексик бирликлар саналади. Ўзбек терминологиясининг барча шаклланиш ва ривожланиш босқичларида мавжуд бўлган термин-синонимларнинг салмоқли улушини мутлоқ синонимлар ташкил қилади. Сатғучи–сарт “савдогар, тожир–тожира”, маблағ–бюджет, ҳисобчи–бухгалтер ва ҳ.к.
База – 1) таққослаш учун асос сифатида фойдаланиладиган аниқ вақтга оид бўлган реал кўрсатгичлар. 2) маҳсулотларни қабул қилиб олиш, сақлаш омборда қайта ишлаш ва улгуржи харидорларга бериб юбориш бўйича корхона.
Бизнес – 1) хўжалик обеъкти фаолият соҳаси ва унинг иқтисодий манфаатларини кафолатловчи жараён. 2) битимлар, савдо операциялари.
Бизнесмен – 1) бизнес билан шуғулланувчи шахс; 2) тадбиркор;
3) коммерсант; 4) корчалон.
Битим – 1) фуқоро ва юридик шахсларнинг фуқрорлик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, 2) бир тарафлама, икки тарафлама ва кўп тарафлама бўлиши. Битим-шартнома-аҳднома-келишув.
Диллер – 1) улгуржи (кўтарасига) олган маҳсулотини чаканалаб сотаётган тадбиркор. 2) ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг маҳсулоти ёки хизматини айнан ўша ташкилотнинг номидан сотишни ташкил қилувчи юридик шахс.
Жамғарма – пул – маблағ.
Маҳсулот – товар – мол.
Даромад – фойда – тушум.
Ким ошди савдоси – аукцион.
Онгдаги низо – онг зиддиятлари.
Органик тафаккур – маслакдош тафаккур.
Ортиқча таклиф – таклиф ортиқчалиги.
Паст сифатли товарлар – сифати паст товарлар.
Реклама агентлиги ходими – маъмур – экаунт менежер.
Савдо бўйича директор – тижорат директори – савдо менежери.
Самарадорликни ошириш – рационализация.
Саноат минтақаси – саноат зонаси.
Синама маркетинг – тест маркетинг.
Реклама одам – сэндвич-мен.
Тижоратчи бўлмаган ташкилот – нотижорат ташкилот.
Тоифапараст маркетинг – касталаштирилган маркетинг.
Фойдадорлик – самарадорлик.
Фойда камайиши – фойда қочиши.
Хизмат кўрсатиш индустрияси – сервис индустрияси.
Бонкротлик – иқтисодий ночорлик.
Хўжалик товарлари – хўжалик моллари.
Экспозиция – аудитория кўлами.
Ҳавода реклама – ҳаво маконида реклама.
Ҳукумронлик қилиш – устунликка эришиш.
Сир эмаски, икки сўз ёки термин лексик маъносининг ўзаро қарама-қарши қоидага эга бўлиши экстралингвистик ҳодиса ҳисобланмиш антонимияни юзага чиқаради.
Бир семантик майдонда мавжуд бўлган антоним жуфтликлар ўзбек терминологияси тизимида азалдан фаол қўлланган. Қадимги туркий тил ва эски туркий тил лексик бойлигида асығ “фойда, кирим” / йас “зиён, чиқим”; альмчь “қаз, кредит берувчи” / бэримчи “қарздор, кредит олувчи”; алым,“крим, фойда” / бэрим “қарз, чиқим”178 сингари истилоҳлар қўлланган.
Мисоллардан кўринадики, маркетинг соҳасида ишлатилаётган терминлар лекисикага хос хусусиятларни тўлалигича намоён қилади. Ўзаро яқин тушунчалар бирлашиб, синонимик қаторларни ҳосил қилади. Маъно оттенкаларида умумий ўхшашлик, яқинлик кузатиладиган маркетинг лтерминлари синонимик қонуниятлар асосида қўлланилиш доирасини кенгайтиради.
Сўз ёки терминлар орасидаги антонимликни аниқлашда улар ўртасидаги умумий белгиларни излаш муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги пайтларда ана шундай умумий белгилардан бири сифатида антоним жуфтликларни воқеалантиришда икки сўз ёхуд термин орасидаги оралиқ тушунчанинг мавжудлигига эътибор қаратилмоқда. Қайд этилган фикрни қуйидаги ашёвий мисоллар ҳам далиллайди: оғир танк/ўртача танк/енгил танк.
Арзон товарлар бозори – қиммат товарлар бозори.
Очиқ аукцион – ёпиқ аукцион.
Сифатсиз маҳсулот – сифатли маҳсулот.
Фойда – зарар.
Ички савдо – ташқи савдо.
Иқтисодий ўсиш – иқтисодий пастлаш.
кўчар мулк– кўчмас мулк.
янги товар –эски товар .
Мақсадли истеъмолчи – мақсадсиз истеъмолчи.
Тижорат маркетинг – нотижорат маркетинг.
Сотувчи – олувчи –харидор.
Хуллас ўзаро яқин тушунчалар бирлашиб, синонимик қаторларни, қарама-қарши тушунчалар бирлашганда зид маъноларни ҳосил қилади. Маъно оттенкаларида умумий ўхшашлик, яқинлик кузатиладиган маркетинг терминлари лексик қонуниятлар асосида қўлланилиш доирасини шакиллантиради.

3.5. Ўзбек маркетинг терминларининг структур таҳлили


Маркетинг терминлар системасининг бойишида фанларнинг бир-бирига таъсири масаласига алоҳида аҳамият берилади. Иқтисодиёт, математика, информатика, психология сингари фанларга оид терминлар давр ўтиши билан маркетингда маъно касб эта бошлади. “Фанлар системасида турли фанлар ўзаро муносабатда, алоқада экан, бу алоқа ҳеч қачон бир томонлама бўлмайди. Маълум бир фан бошқа бир фанга таъсир қилар экан, айни пайтда, у акс таъсирга ҳам учрайди. Тилшуносликнинг табиий фанлар билан муносабатида ҳам шуни кузатиш мумкин. Тилшунослик табиий фанлар ютуқларидан баҳраманд бўлиши билан бирга, ўз навбатида, тилшунослик ҳам бу фанларга маълум таъсирини кўрсатади. Айниқса, бу турли фанлар атамаларини меъёрлаштириш, атамалар луғатини тузиш, тамойилларини белгилашда ёрқин намоён бўлади”179.
Ҳ. Дадабоев томонидан ўз вақтида эски туркий тил ва эски ўзбек адабий тилида қўлланишда бўлган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий терминларнинг қиёсий-статистик таҳлили амалга оширилган эди. Таҳлилларда XI–XIV аср туркий обидалар тилида қайд этилган 700 та ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий терминлардан 645 таси ўзбек адабиёти классиклари асарлари тилида деярли фонетик ва семантик ўзгаришларсиз қўлланишда давом этгани кўрсатилган эди180. Эски туркий тил ҳамда эски ўзбек адабий тилига хос ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий терминларнинг салмоқли миқдори ҳозирги қариндош туркий тилларнинг терминологик лексикасига мутаносиб тушади.
Туркий лексик (терминологик) материалларнинг умумийлиги ҳақида аниқ-равшан тасаввурга эга бўлиш мақсадида қилинган ушбу ишда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий терминлардан 503 таси ажратиб олинган ва улар баъзи қариндош туркий тилларнинг мувофиқ лексик (терминологик) бирликлари билан қиёсланганини кўриш мумкин. Таққослаш натижасида XI–XIV аср ёзма манбалари тилида ишлатилган 503 терминдан 348 таси уйғур тилида, 230 таси қозоқ тилида, 244 таси қирғиз тилида, 370 таси турк тилида, 390 таси ўзбек тилида қўлланишда қолаётгани ҳақида маълумот берилган.
3.6. Ўзбек маркетинг терминларини тартибга солиш масаласи
Глобаллашув ва Интернет даври жаҳон мамлакатларининг шиддат билан тараққий этишига замин яратди. Оқибатда барча соҳалар, хусусан, технологик жараёнлар жадаллик билан ривожланмоқда. Шу маънода, юртимизда ҳам кенг кўламли ўсиш-ўзгариш, янгиланиш жараёнлари кузатилмоқда. Жаҳон билан бўйлашиш, тенг келиш ва ҳеч бир жабҳада кам бўлмаслик бугунги куннинг асасий мақсади бўлиб турибди.
Ахборот технологияларининг такомиллашиши кўплаб соҳаларнинг мислсиз ривожланишига сабаб бўлмоқда. Демоқчимизки, бугунги кунда деярли барча соҳалар янги технологиялар асосида фаолият юритмоқда. Шу жумладан илм-фан ва техника ҳам. Давлатлараро ижтимоий, иқтисодий, сиёсий алоқалар, фанлараро миграциялар ўзбек тили ривожланишига сезиларли таъсир қилмоқда. Мамлакат турмуш тарзида юз бераётган ҳар бир янгилик, соҳа тегишли сўз бойликда ўз нинкосини топмоқда яъни ўзлашмаларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Ўзбек тилида ўрнашаётган ва жуда тез истеъмолга қабул қилинаётган терминларнинг тараққиётига қанчалар таъсир қиляпти? Умуман, бугунги кунда шунча янгиланишлар, ўзлаштиришлар ва қабул қилишлар таъсирида ўзбек тили лексик таркиби тараққий этяптими?.. Бу каби саволлар нафақат биз балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам ўртага хақли равишда ҳам қўйилмоқда. Шубҳасиз, ўта муҳим, ўзга мамлакатлардан кам бўлмаслик, ортда қолмаслик ва асосийси тараққий этган давлатлар қаторида бўлиш.
Ўзбек тили кундан-кунга бойиб бормоқда. Лекин бу бойиш асло она тилимизнинг йўқолиб кетиши эвазига бўлмаслиги керак. Демак, ривожланиш билан бир қаторда, тил хавфсизлигини ҳам таъминлаш керак. Ўзбек тилининг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш, ўзлашган янги термин ва атамаларни қабул қилишда шошмаслик, муайян термин билан ифодаланаётган нарса-буюм ёки ҳодиса-жараёнга миллий руҳиятдан келиб чиқиб назар солиш ва уни қўлланишга олиб кириш долзарбдир. Зотан, ҳар бир элат ёки миллат олам манзарасига ўз руҳиятидан келиб чиқиб ном беради. Сабаби инсонда кўриш аъзоси– кўз мавжуд бўлгани билан, борлиқни ва ундаги нарса-буюм воқеа ходисаларни номлаш турлича юз беради. Демак, инсон борлиқда, ер сайёрасида бор, мавжуд. Ҳар бир миллатнинг дини, пул бирлиги, рамзлари ва она тили бор. Она тилини асраш, ҳар бир янги нарса-буюм ва ҳодиса –жараёнга ўзликни асраб, она тили бойликларидан келиб чиқиб ном бериш, аташдир. Зеро, ўзбек тили йўқликдан пайдо бўлган эмас. Ўзбек адабий тили тарихига назар соладиган бўлсак, тамаддун тан олган буюклар, улар яратган нодир дурдоналар тилимизнинг нечоғлик бой ва чуқур тарихий илдизга эга эканлигини исботлайди.
Илм фан техникадаги ҳар қандай ривожланиш, тараққиёт янги терминларнинг юзага чиқиши ёки ойдинлашишидан дарак беради. Маълумки маркетинг бугунги кунда жуда тез тараққий этаётган соҳалардан бири ҳисобланади.
Маркетингнинг ўзи деярли барча соҳанинг таркибий қисмига айланди. Маркетинг бу – жараён, нарса ёки буюмнинг номи эмас. Мисол учун: банк – аниқ бир ташкилотнинг номи бўлиб, ҳисобланадиган фаолият турлари мажмуасини амалга оширадиган юридик шахс. Маркетингда эса савдо бозорини ташкил қилишда ижодкорлик, стратегия, реклама, тармоқ интернет, мотивация, сезгирлик, ғоя ва яна шу каби кўплаб жараёнлар керак бўлади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, маркетинг соҳасидаги терминларнинг деярли 90 фоизи жараён номларидир. Маркетинг тушунчаси тижорат фаолиятининг ўзига хос ҳодисаси тарзида XX аср бошларида АҚШ да илк бор қўлланилган. Ишлаб чиқариш ва капиталнинг юксак даражада тўпланиши, иқтисодиёт тармоқларида монополиялар ҳукмронлиги халқаро бозорда кескин рақобатни вужудга келтирди, бу эса пировардида маҳсулотни сотиш муаммосини объектив тарзда биринчи ўрингга чиқарди181. Демак, маркетинг бу – маҳсулотни тўғридан тўғри сотиш эмас, балки бошқа тадбирли усуллар билан сотишни амалга ошириш экан.
“Маrket” – бозор бўлса “-ing” қўшимчаси “tо bе” фели билан келса давомийликни билдиради, “ing” нинг ўзи келса отлашган феъл бўлиб, харакат номини билдиради. Айнан шу қўшимчани ўз ҳолича таржима қиладиган бўлсак бу “-ла” билан берилади, “-ма” қўшимчаси эса ўзбек тилида феълдан от ясайди, яъни шу феъл билан амалга оширишни англатади. Бозор-ла-ма маркетинг терминини тўлиқ алмаштира олиши мумкин. Бозор аслида форсча сўз бўлсада, унга ўзбекча -ла, -ма қўшимчалари қўшилиб бозорлама сўзини ташкил этади. Бозор–ла, яъни -ла қўшимчаси ўзбек тилида отларга қўшилиб феъл ясаганда, ясашга асос қисмидан англашилган нарса-буюм билан боғлиқ маъноларни билдиради: ўғит-ла, мой-ла. Яна бир ҳолатда ясашга асос қисмдан англашилган мазмунни юзага келтириш маъносини беради: уруғ-ла, бола-ла182. Биз айнан бозор-ла шаклини оламиз, “бозорни ўрган” маъносида, -ма “бозорни ташкил эт” маъноларида қўлланилади. Юқоридаги илмий қарашларга таяниб, бозорлама дейиш маркетинг терминини тўлиқ алмаштириши мумкин.
Турк тили изоҳли луғатида инглизча маркетинг терминининг муқобили сифатида pazarlama келтирилган истеъмолдан муҳим ўрин олган. Лекин маркетинг термини пайдо бўлмасдан олдин ҳам Кичик Осиё турклари тили “pazar” истилоҳи ишлатилган. Кейинчалик маркетинг ифодалайдиган маънони улар турк тилида қадимдан истеъмолда бўлган рағач ўзлашмасига қўшимчаларни қўшиш йўли билан pazarlama терминини шакллантирган. Жаҳондаги кўп тиллар мамлакатлар маркетингни айнан қабул қилган. Сир эмаски, байналмилал терминлар борки, уларни айнан ўзлаштиришдан ўзга чора йўқ. Маркетинг термини ҳам шундай терминлар қаторига киради. Аммо ушбу терминнинг юқорида таъкидланган ўзбекча муқобили борлиги шу муқобилни қўллаш мумкин, деб ўйлаймиз. 2019 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги арафасида Ўзбекеистон Республикаси президенти ташаббуси билан Атамалар комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу қўмитада амалга ошириладиган ишлар, энг аввало, ўзбек тилини ривожлантириш, соф ўзбекча сўзларнинг йўқолиб кетиши олдини олиш, яъни бу ерда ўзбек тилининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган дейиш мумкин. Ўзбек тилига ўзлашаётган чет сўзларнинг, энг аввало, ўзбек тилида муқобилини топишга эришиш, айни муқобили топилмаган тақдирда сўз ясаш орқали, аффиксация, композиция, калькалаш ва ҳ.к. “ўзбекчалаштириш” муҳим сиёсий маънавий, маърифий аҳамият касб этади.
Бугунги кунда market ёзувини ҳар қадамда учратамиз. Дўконлар пештоқига маркет деб ёзиш урфга айланган. Тўғри, бу ҳодисалар тилимидга кечаётган жараёнларнинг намойиши. Ўтган аср охирларида маркет ўрнида дўкон термини кенг қўллангани айни хақиқат. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида “кичик дўконча” маъносини берувчи “kebit”183истилоҳи қўлланган. Бугун биз инглиз тилидан ўзлашган minimarket, supermarket, gipermarket терминларини фаол қўллаяпмиз. Минимаркет “кичик бозор”, супермаркет “аъло даражадаги бозор”, гипермаркет эса “улкан бозор” маъноларида тушунилади ва қўлланилади.
2020 йилнинг Ўзбекистонда “Илм маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб номланиши, шу асосда давлат дастурлари ижросига қаратилган амалий ҳаракатлар республикада иқтисодиёт ва таълим-тарбиянинг жаҳон андозаларига мос равишда ривожлантириш ва янгидан янги инновацияларни қўллаш имконини берди.
Инсоният маориф, таълим-тарбияни, илмни замон талабига мос тадбирли стратегиялар ахборот технологиялари асосида амалга оширишга ўрганди ва ўрганмоқда.
Савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркор инсонлар бир-бири билан ижобий маънода рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда, ўз навбатида четдан импорт маҳсулотлар республикага олиб кирилмоқда. Бугунги кунда маҳсулот ва товарларнинг энг сифатлисига нисбатан бренд маҳсулот термини қўлланмоқда. Бренд маҳсулот, бренд товар, бренд мол каби бирикма терминлар оммалашди. Аслида эса инглиз тилидан олинган, соддалаштирилган ва тор маънода талқин қилинган бренд термини муайян маҳсулотнинг номи, унинг ижодкори ва эгаси томонидан берилган индивидуал тавсиф ва визуал идентификациясини англатади. Демак, бу таърифга мувофиқ (маҳсулотнинг фақатгина энг яхшисига эмас), ҳар қандай ишлаб чиқарилаётган маҳсулот “бренд” ҳисобланар экан. Чунки ҳар қандай маҳсулотнинг ишлаб чиқрувчи тамонидан белгиланган белгиси, номи бор. Туркий тиллар тарихида айнан шу маънода “тамға” истилоҳи қўлланган. Тамға – “ажратиш, кимга тегишли эканлигини қўрсатиш учун қўлланиладиган белги”. Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони ифодалаган бу от асли “боғла”, “ёпиштир” маъносини англатган тақ– феълидан –ма қўшимчаси билан ясалган; кейинчалик “м” ундоши таъсирида “қ” ундоши “ғ” ундошига алмашган, сўнгра “ғ”, “м” ундошлари ўрин алмашган, охири а унлилари -а унлиларига алмашган: тақ–+ма= тақма –тағма–тамға. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам бу термин айнан tamya (тамға) шаклида қайд этилган. Ajaq berdi tamya at ustam kedim. Ayog’ (махсус идиш), тамға, ўт-улов, либос берди. Tamyaci истилоҳи бугун қўлланаётган брендерга маъно жихатдан мос келади. Koni bolsa qilqi bоlur tamyaci. Қилиғи тўғри келса тамғачи бўлади; шаклларда келган. Тамғачи атамси биринчи маънода тамғани ўзида сақлаб юрувчи, уни сақловчи маъносида келади, иккинчи маънода бирорта белги ёки бирорта тамға қўйувчи инсон сифатида изоҳланади. Илк бор бу термин Кул Тегин битик тошида, кейинчалик эски туркий тил ва эски ўзбек адабий тилида ишлатилган. Вл.Гордлевскийнинг таъкидлашича, Салжуқийлар султони саройида тамға босувчи шахс давлатнинг сиёсий ҳаётида муҳим ўрнига эга бўлган184. Маълумки, қадимги туркий тил битиклари, хусусан “Секиз юкм(ш)ак” матнида yarliy истилохи қўлланган бўлиб “ваколат хужжати, бирор нарса ҳақида маълумот берувчи ҳужжат” маъносини англатади185. Бу лексема қадимги туркий тилдаги “хабар” маъносини англатган йар отидан -лығ қўшимчаси билан ёзилган. Кейинроқ “ғ” ундоши “қ” ундошига алмашган186. Йарлығ – йарлиқ. Бренд–тамға–ёрлиқ. Тамға ҳам ёрлиқ ҳам туркий қатламга оид ҳисоблангани учун brend термини ўрнига тамға дан кўра ёрлиқ терминини қабул қилиш стилистик ва экспрессивлик жиҳатидан brend га мос келади деб ўйлаймиз. Сўзлашув услубида ёрлиқ маҳсулот, ёки маҳсулот сертификатланган бирикма термини ўрнида “маҳсулот ёрлиққа эга” терминини ишлатишни тавсия этамиз. Зеро, ёрлиқ хужжат маъносида ҳам тушинилса; маҳсулотнинг хужжати; маҳсулот истеъмол учун ҳамма талабларга жавоб бериши ва маҳсулотнинг рўйхатдан ўтганлигини англатади. Бу холат бугунги кундаги биз ишлатаётган brend термини ўрнида ёрлиқ терминини қўллаш мумкинлигини исботлайди.
Ҳозирда маркетингда жуда кўп қўлланилаётган терминлардан бири сash-back (kesh-bek) ўзлашмаси ҳисобланади ва инглизча “пулни қайтариш” маъносини билдиради . Кеш-бек – инглиз тилидан тўғридан-тўғри таржима қиладиган бўлсак “пулни қайтариш” деган маънони билдиради. Тушунарлироқ қилиб айтганда, Кешбек сервис онлайн харид учун тўланган маблағдан маълум бир қисмини шахсий кабинетингизга қайтариб беради, яъни бу пул кўринишидаги қўшимча чегирма. Айрим маҳсулотларни харидорларга таклиф этадиган рағбатлантириш шаклини билдиради, шу орқали улар сотиб олганларидан кейин пулни маълум фоизини қайтариб олишади. Ўзлашманинг вазифасидан келиб чиқиб, қайтармоқ феълидан ясалган “қайтарилган” маъносини англатувчи қайтариқ терминини ишлатиш ўринли.
Қайт – маълум нуқтага бориб, кейин ўзи ҳаракат бошлаган нуқтага йўнал. Бу сўз эски ўзбек тилида қадимги туркий тилдаги “орқа томонга ўгрил” маъносини англатган қай- феълидан кучайтириш маъносини ифодаловчи -(ы)т қўшимчаси ҳосил қилинган қайыт – кейинчалик “ы” унлиси талаффуз қилинмай қўйган. “А” унлиси юмшоқ “а” унлисига алмашган қай–+ыт= қайыт–>қайт187. Кеш-бек (қайтариқ) бу рекламанинг бир тури бўлиб, ҳаридорни қизиқтириш ва маҳсулотни юргизишга йўналтирилган. Бундай қайтариқдан сотувчига нима фойда, дейишимиз мумкин. Қайтариқ қилинган суммани, сотувчи ортиғи билан маҳсулотни нархлаган бўлади. Маълум даражада харидорга қайтариладиган пулни аллақачон маҳсулот нархига қўшиб бахолаган бўлади. Харидор пулнинг маълум қисмини қайтариб олгани унда маҳсулотга қизиқиш уйғотади. Бу жараён ўз-ўзидан одамлар орасида рекламага айланади. Ўзбекистонда фаолият юритаётган ишлаб чиқарувчи ва ишбилармонлар ўз маҳсулотларини ўтказишда шу йўлдан фойдаланмоқчи бўлишса кеш-бек терминидан кўра қайтариқ терминини осонроқ тушунадилар. Қулай тамони қайтариқ дейилишининг ўзи жараён мазмунини англатиб турибди.

Download 1.24 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   38   39   40   41   42   43   44   45   ...   49




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling