Диссертация илмий раҳбар: Ш. И. Шокиров Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Тошкент 2022 йил мундарижа
Тадқиқот натижаларининг апробацияси
Download 0.6 Mb.
|
1. Dissertatsiya elektron nusxasi (doc, docx) (7)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Тадқиқот натижаларининг эълон қилиниши.
- Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми
- I БОБ. ЛИНГВИСТИК МАЙДОН НАЗАРИЯСИ ТАРИХИГА НАЗАР Дунё тилшунослигида лингвистик майдон концепциялари
Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Тадқиқот натижалари 8та илмий-назарий ҳамда илмий-амалий конференцияда, шу жумладан, 4 та халқаро ва 4 та республика анжуманида маъруза шаклида баён қилинган ва апробациядан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилиниши. Диссертация мавзуси бўйича 14 та илмий иш чоп этилган, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси тамонидан докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 6 та мақола (3 таси республика журналларида, 3 таси хорижий журналда) нашр этилган. Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, учта боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссертация ҳажми 167 саҳифани ташкил қилади. I БОБ. ЛИНГВИСТИК МАЙДОН НАЗАРИЯСИ ТАРИХИГА НАЗАР Дунё тилшунослигида лингвистик майдон концепциялари Тил - объектив борлиқни, яъни атроф-оламни ўзида акс эттирувчи ҳодисадир. Уни ташкил этучи таркибий қисмлари, яъни конституентлари бир-бири билан ўзаро узвий боғлиқ бўлган мураккаб системани ҳосил қилади ва бу системанинг узвлари, яъни конституентлари ҳам ўзаро узвий боғланган ва бир-бирининг мавжуд бўлишини тақозо этадиган элементлардан ташкил топади. Система – бир тоифага мансуб тил бирликларининг ўзаро мустаҳкам боғланган бутунлигидир. Лексик қатламнинг системалилиги унинг семантик (мантиқий) майдонларга ажратиб таҳлил қилиш имкониятидир. Майдон ўзаро бир-бирини тақозо қиладиган ва ўзаро бир-бири билан система тарзида узвиий боғланган тил элементларининг ҳосиласи (инвентари, мажмуаси, бирикмаси)дан иборатдир. Майдонни ҳосил қилувчи элементлар барчаси учун хос бўлган семантик умумийликка эгадирлар ва улар тилда бир хил вазифа бажарадилар. Майдон тушунчаси тилда таърифланишича, мураккаб механизмдир. Бундай назарий қарашларни биз Ф.де Соссюр илмий ишларида кузатишимиз мумкин. Синтагматик ва ассоциатив муносабатларга тавсиф беришда олим шундай деб ёзади: “Сўзлар учун синтагматик муносабатлар нутқ учун характерлидир. Нутқдаги сўзлар бир-бири билан боғланар экан, улар ўзаро муносабатга киришиб, бир вақтнинг ўзида иккита элементни (белгини) талаффуз қилиш имкониятини истесно қилувчи тилнинг бир хил табиатига асосланади. Ассоциатив (уюшиқ) муносабатлар – бошқа турдаги муносабатлар сўзнинг нутқ жараёнидан ташқари бир хилликка эга бўлган нарсалар хотира билан уйғунлашган бўлиб, улар турли хил муносабатларга эга бўлган гуруҳлардан иборатдир”5. Ф.де Соссюр ассоциатив муносабатлар ҳақида шундай ёзади: тил ҳодисаларини нутқда акс эттирувчи лисоний бирликлар ва хусусиятларни “майдон” деб белгилаш лозим. Аслида, Ф.де Соссюр фикрларига кўра, ассоциатив муносабатлар парадигматик тарзда талқин қилиниши ҳам мумкин. Ташқи томондан қаралганда, парадигматик кетма-кетлик турли хил вариатив шакллар мажмуаси сифатида пайдо бўлади ва мазкур доирада бир неча умумлашган функциялар ифода этилади. Ички тизим орқали парадигматик қаторни кўриб чиқиш масаласига келсак, у ҳолда унинг элементлари нисбати ўзларида ўзгармас белги ҳосил қилади, чунки парадигматик кетма-кетликнинг ҳар бир элементи маълум бир умумийлик ичида ўзига хос бошқа элементларни қайтармайдиган функционал ҳолатга эга бўлиши керак6. “Майдон” сўзини термин сифатида қўллаш амалиёти XIX асрнинг биринчи чорагида пайдо бўлди. Дастлаб “майдон” атамаси физика фанида М.Фарадей, А.Эстерд, А.Ампер, Ш.О.Кулон каби олимларнинг электр зарядлари, уларнинг ўзаро таъсирига бағишланган ишларда намоён бўлди. Шу аснода магнит майдони назарияси дунёга келди. Инглиз олими Майкл Фарадей ушбу терминни биринчилардан бўлиб фанга олиб кирди. У ўз кашфиётида электр зарядлари муайян майдон орқали узатилишини исбот қилиб берган эди. “Майдон” атамаси француз олими Ш.О.Кулон томонидан электр зарядлари орасидаги ўзаро таъсир этиш кучи юзасидан амалга оширган тадқиқотларида қўлланди (стационар майдон, электростатик майдон, ўзгарувчан майдон, магнит майдони, вектор майдони, иссиқлик майдони ва бошқалар). Кейинчалик “майдон” тушунчаси биология, алгебра, ижтимоий фанлар жисмоний маданият, спорт ва қишлоқ хўжалигида ҳам кенг қўлланила бошланган. Масалан: биомайдон, ҳимоя майдони, ўсимликларнинг тарқалиш майдони, рационал сонлар майдони, ғоявий кураш майдони, мафкура майдони, фалсафа майдони, экин майдони, шоли майдони, пахта майдони, кураш майдони, қўл тўпи майдони, футбол майдони кабилар. Тилшунослик фани ҳам бу жараёндан четда қолмади. Тил ҳақидаги фанда майдон билан боғлиқ тушунчалар дастлаб В.фон Хумбольдт изланишларида намоён бўлди. Аниқроғи, бунда Хумбольдтнинг “тилнинг ички формаси” ҳақидаги қарашлари муҳим аҳамият касб этди. В.фон Хумбольдтнинг фикрига кўра, “тилни бир толаси бошқа толалар билан чамбарчарс ҳолда боғланиб кетган улкан матога қиёслаш мумкин. Инсон муомала-муносабатга киришар экан, мана шу улкан матонинг бир қисмидангина фойдалана олади, холос. У ўзи фойдаланаётган бўлакнинг бошқа бўлаклар билан мунтазам алоқадорликда эканлигини нутқ жараёнининг ўзидаёқ сезиб туради”. Демак, тилшуносликда семантик (тушунча) майдони ҳақидаги фикрлар Вильгельм фон Хумбольдтнинг “тилнинг ички формаси” ҳақидаги қарашлари негизида ХХ асрнинг бошларида пайдо бўлди. Ҳозирги замон тилшунослигида майдон назариясининг таркиб топиши ва ривожланиш тарихини тил мутахассислари ғарб тилшунослигининг ютуғи деб талқин қиладилар. Жаҳон ва рус тилшунослигида семантик (тушунча) майдонининг назарий ва амалий асосларининг яратилиши Й.Трир, М.Вейсгербер, В.Порциг, Т.Ипсен, Д.Йоллас, Ф.Доризейф, Х.Касерес, В.Вартбург, М.Моминер, Ю.Н.Караулов, В.В.Морковкин, Е.А.Найда, А.Я.Шайкевич, Е.В.Гулыга, Е.И.Шендельс, Е.В.Бондарко, А.П.Комаров, Г.С.Щур, Н.И.Филичева7 кабилар номлари билан боғлиқ. Тилшунослик фанида семантик майдон назарияси ўтган асрнинг 30-йилларида пайдо бўлди ва кейинги ўн йилликларда бу назария янада ривожланди. Тилшуносларнинг эътибори лексик-фразеологик, ассоциатив, синтактик ва функционал-семантик майдонни ўрганиш борасида жиддий изланишлар олиб боришга қаратилди, натижада сўз туркумларини майдон нуқтаи–назаридан ўрганиш усуллари ишлаб чиқилди.8 “Майдон” тушунчасини Г.Ипсен умумий маънога эга сўзлар тўплами эканлигини аниқлагандан сўнг мазкур атама тилшунослар орасида кенг тарқалди9. Маҳаллий ва хорижий илмий адабиётларда майдон хусусида кўплаб назарий қарашлар мавжуд. Тил лексик қатламини ўрганишда тилшуносликда бир неча хил ёндошувлар кўзга ташланади. Ана шу ёндошувлар тақозосига кўра В.Г. Адмони, И.В. Арнольд, Ю.Н. Караулов, H.H. Кириллова, З.Д. Попова, И.А. Стернин, Ю.П. Солодуб, Г.С. Щур10 каби етакчи мутахассисларнинг ишларида лексик бирликлар семантик майдоннинг бир қисми сифатида қаралади. Ю.Д. Апресян, Н.Д. Арутюнова, Л.Г. Бабенко, Г.И. Берестнев, Л.М. Васильев, A.A. Зализняк, И.М. Кобозева, М.В. Никитин, Л.А. Новиковa, A.A. Уфимцева11 ва бошқаларнинг қарашларича, лексик бирликлар лексеманинг семантик структурасини ташкил қилувчи энг кичик маъно ташувчи элемент сифатида талқин қилинади. Л.Г. Бабенко, Л. М. Васильев, З.Н. Вердиева, P.M. Гайсина12 каби олимларнинг ишларида бу бирликларни лексик-семантик гуруҳларнинг муҳим компоненти сифатида талқин этилган. Г.С.Шур морфосемантик майдон деганда морфем таркиби ва маъно умумийлигига эга сўзлар гуруҳини тушунади. Бундай майдонлар лексика ва морфологияга хос эканлигини таъкидлайди. Морфологиядаги морфосемантик майдон сўзларнинг функционал инвариант гуруҳи бўлиб, у лексикадаги морфосемантик майдондан фарқли ўлароқ нафақат морфем таркиби семантикаси умумийлиги, балки коммуникатив ва структур вазифалари умумийлигига кўра ҳам фарқ қилади13. Г.С.Шур фикрига кўра, морфологиядаги морфосемантик майдонларни система ва майдон сифатида талқин қилиш мумкин. Шарт майлининг келаси замон шакллари морфем состави, маъноси ва функцияси умумийлигига эга бўлиб, уларни герман тилларида тизим ва майдон деб қарайди14. Маълумки, семантик майдон тушунчаси немис олими Г.Ипсеннинг илмий қарашлари эълон қилингандан сўнг кенг эътибор қозона бошлади. Унда “майдон” тушунчаси умумий семантикага эга бўлган сўзларнинг уйғунлашган мажмуаси сифатида талқин қилинган.15 Бироқ, шуни ёдда тутиш лозимки, семантик маъноси жиҳатидан бир-бирига яқин турадиган сўзлар табиатини таҳлил қилишга асосланган “майдоний ёндошув” тушунчаси Й. Трир16 ва Ю. Найдаларнинг таъкидлашича, В. фон Гумбольдт ва Г. Остгофларнинг ғояларига бориб тақалади. Бироқ улар тилнинг лексик қатламини таҳлил қилишда “майдон” атамаси ўрнига “система” атамасини қўллаганлар. Г.С. Щурнинг таъкидлашича, Й. Трирнинг хизмати шундаки, у “майдон” тушунчасини “лексик майдон” ва “тушунча майдон”ларига ажратиб ўрганган ва бу атамаларни илмий истеъмолга киритган.17 Майдон бир хил тоифага мансуб (уюшган) ва турли тоифага мансуб (уюшмаган) элементларни бир нуқтага бириктиради. Майдон камида иккита компонентдан иборат бўлган таркибий қисмлар – микромайдонлардан иборат бўлади. Майдон вертикал (парадигматик) ва горизонтал (синтагматик) тузилмадан иборат бўлиб, вертикал тузилма микромайдонларнинг структурасини ўхшашлик тамойили асосида ифодалайди, горизонтал тузилма эса микромайдонларнинг ўзаро муносабатларини кетма-кетлик, яъни синтагматик тамойил асосида таҳлил қилади. Майдон таркибидан икки хил конституентлар (таркибий қисмлар)ни – марказий ядро ва марказдан узоқлашган периферия қисми (ташкил қилувчи конституентлар)ни ажратиб олиш мумкин. Ядро доминант маънога эга бўлган конституент атрофида мужассам бўлади. Ядрони ташкил қилувчи конституент майдон вазифасини тўла бажаради ва бу ҳол тилнинг майдоний хусусиятлрини намойиш қилишда тез-тез кўзга ташланиб туради. Майдон бажарадиган вазифасини қисман ядро ва қисман периферия бажаради. Ядро билан периферия ўртасидаги чегара чизиғи ўтказиш анча мушкул. Майдоннинг конституентлари бир майдон ядросига тегишли бўлса, периферия қисми бошқа майдон ёки майдонларга тегишли бўлиши ҳам мумкин. Ҳажман тенг бўлган майдонлар бир–бири билан қоришиб бир шакл(маъно)дан иккинчи шакл (маъно)га ўтиши мумкин. Бу ҳол тил тизимини майдоний нуқтаи назардан ташкиллаштиришнинг қонуниятидир.18 Тил назарияси ривожланишининг бугунги босқичида кундалик турмушда қўлланилаётган ҳаракатдаги тилнинг моҳияти, унинг элементлари орқали эришиладиган тил динамикаси, унинг нутқ жараёнида рўёбга чиқадиган кўплаб хусусиятлари ва вазифалари юзага чиқмоқда. Тилшунослар олиб бораётган тадқиқотлар диққат марказида инсон тилдан қай тарзда алоқа воситаси сифатида фойдланишигина эмас, балки ўша тил бирликларида инсон ўзи ва унинг кўп қиррали фаолияти қай тарзда ўз аксини топмоқда, деган масала кўндаланг бўлиб турипти. Тил лексик қатламининг мураккаб тизимдан иборатлиги унинг турли моделларини яратилишига сабаб бўлди. Биз тадқиқотимизда лексик тизимнинг майдон моделини ўрганишни мақсад қилиб қўйганмиз. Унга кўра лексиканинг тагсистемаси унинг лексик-семантик майдонини (ЛСМ) ҳосил қилади. “Қулоқ” лексик-семантик майдонига эга бўлган лексик бирликларни асосий тадқиқот объекти сифатида танланишининг боиси шуки, инсонниг ташқи дунё ҳақидаги билими унинг сезги органлари ва улар асосида олинган информацияни мияда қайта ишлаш жараёни орқали амалга ошади. Қулоқ эса ўша сезги органлари ичида энг муҳим қуроллари сифатида гавдаланади. Тил ҳодисаларнинг майдон структурасини ўрганишда қуйидаги ҳолатларни эътиборда тутиш лозим: Тил элементлари мажмуасини ўрганишда мазмундан шакл томонга қараб семантик функциялари асосида таҳлил қилиш; (эшитмоқ-пайқамоқ), (to hare-to find out); Структура маркази (ядро ёки доминант сўз)даги белгиларнинг тўлақонлилиги ва максимал даражадаги интенсивлиги ва марказдан узоқлашган сари (периферияда) бу белгиларнинг сусайиб бориши; (эшитиш-(эшитиш воситаси)- ортиқ қулоқ-(ном)), (to ear- White ear); Макро ва микро майдонларни ажратиш; (Масалан, “қулоқ” макромайдон (марказий сема) сифатида қабул қилинса, унинг таркибидаги қорачиқ, қовоқ, киприклар, қош ундан ўзига хос микромайдон (периферия семалари) сифатида юзага чиқади): (қулоқ- чандир-юмшоқ-борти); Майдон элементларининг ўзаро таъсир кучи, уларнинг семантик алоқалари, умумий сегментларнинг мавжудлиги, майдон структурасининг динамик ҳолати: (пойламоқ - тушунмоқ) (to Watch- to understsnd); Тушунча майдонининг структураси бир бутунликни таркибий қисмларга ажратиш ва улар ўртасидаги боғлиқлик орқали аниқланади. Функцинал-семантик майдон структураси эса, маънонинг ўзаро муносабатлари орқали аниқланган сегментация ёрдамида ҳарактерланади. Ушбу майдонга мансуб махсус воситаларнинг ҳар бири ўзининг грамматик характердаги, ёки лексик характердаги, ёхуд синтактик характердаги маъносига эга. Майдоннинг муҳим хусусиятларидан бири шуки, юқорида зикр этилганидек, унда ядро (марказий сема) мавжуд бўлиб, қолган бошқа компонент (сема)лар периферияни ташкил қиладилар. В.Г. Адмони ва А.В. Бондарколар “марказ-периферия” оппозицияси хусусиятларини кўрсатиб, уларнинг мезони сифатида қуйидаги омилларни кўрсатдилар: махсус белги (маъно)ларнинг марказда кучайиши ва периферияга чекинган сари уларнинг (сема)ларнинг сусайиб бориши; семик алоқаларнинг марказда максимал даражада иштирок этиши ва периферияга чекинган сари уларнинг сийраклашуви; марказдаги функционал вазифани максимал даражада ифодаланиши ва периферияда бундай вазифанинг камайиши; ушбу тил воситаси ёки воситалар тизимининг энг юқори даражада марказда тўпланиши ва периферия томон силжиш жараёнида умумий семантик функциянинг иккинчи даражали аҳамият касб этиши; ушбу тил элементининг марказда мунтазам тарзда юқори частотада ишлаши ва периферияда бу частотанинг камайиши.19 “Қулоқ” семасига эга бўлган лексемалар мисолида бу ҳолатни қуйидагича тасвирлаш мумкин. Юқорида зикр этилган фикрларга таяниб семантик майдоннинг қуйидаги асосий хусусиятларини қайд этиш мумкин: Семантик майдон ўша тилда сўзловчилар учун интуитив тарзда (ички туйғу асосида) тушунарли бўлган ҳолат бўлиб, унинг учун бу майдон психологик ҳақиқатдек туюлади. Семантик майдон автоном тарзда мавжуд бўлади ва уни тилнинг мустақил тагтизими сифатида ажратиб олиш мумкин. Семантик майдон бирликлари у ёки бу систем семантик муносабатлар билан боғлиқдир. Ҳар бир семантик майдон бошқа семантик майдонлар билан боғлиқ тарзда улар билан уйғунлашиб тил тизимини ҳосил қилади. Ҳозирги кунда “семантик майдон” термини кўпинча тор доирадаги маънога эга бўлган терминлар – “лексик майдон, синонимик қатор, лексик-семантик майдон” каби терминлар билан алмаштириб ишлатилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўша майдонга кирган тил бирлигининг типини, ёки улар орасидаги алоқаларни аниқ тасвирлаб беради. Бошқача айтганда, улар терминологик синоним сифатида қўлланилади. Тадқиқотчи бу борада қуйидаги хулосага келади: сўз бошқа сўз билан алоқада бўлмас экан, у мазмун касб этмайди. Сўз ўзи билан бирга қўлланилаётган сўзлар ёрдамида маънога эга бўлади. Й.Трир тилнинг барча тизимини майдоннинг икки турига бўлади: 1) тушунча майдони 2) лексик майдон20. Мазкур майдонлар таркибий қисмлардан иборат бўлиб, лексик майдоннинг таркибий қисми тушунча майдони компонентларини тўла қамраб олади. Л.В.Васильев фикрига кўра, тушунча ва лексик маънолар ўртасидаги параллелликни тан олиш, Трирни мазмун ва ифода кўламлари ўртасидаги тил, тафаккур ва атроф-муҳитни ўраб турувчи воқелик муносабатларига нисбатан идеалистик ёндашувдан иборат сўзнинг маъносини мустақил бирлик сифатида бутунлай рад этишдек асосий хатога етаклаб келди21. Бизнинг назаримизда, Трир тадқиқотларида қуйидаги камчиликлар кузатилади: тил, тафаккур ва реал воқелик ўртасидаги муносабатлар мавжуд мафкура нуқтаи назаридан талқин қилингани; мантиқий ёндашилгани; майдонни сўзларнинг ёпиқ гуруҳи деб ҳисоблангани; лексемалар ва тушунчалар орасидаги тўла паралелликка йўл қўйилгани; сўзнинг мустақил бирлик эканлигининг рад қилингани (Трир сўз маъноси уни ўраб турган атроф-муҳитга қараб белгиланади деб ҳисоблайди); сўзларнинг кўп маънолилигининг ва уларнинг муайян /конкрет/ алоқаларининг деярли инкор этилгани; масалани фақат айрим сўз туркумлари (асосан, от ва сифат) доирасидагина ўрганилгани, феъллар ва турғун бирикмаларнинг эътиборсиз қолдирилгани. Шундай қилиб, семантик майдон назариясини ўрганиш ва ривожлантиришнинг икки йўли мавжудлиги аниқланди. Баъзи олимлар (Л.Вайсгербер, К.Ройнинг ва бошқалар) тилнинг лексик бирликлари ўртасидаги парадигматик муносабатларни, яъни парадигматик майдонни ўрганган бўлса, бошқалари (В.Порциг) синтагматик муносабатлар ва майдонни ўрганиш билан шуғулландилар. Шу билан бир қаторда улар майдоннинг комплекс ҳолати, яъни сўзлар таснифи билан боғлиқ бўлган парадигматик ва синтагматик муносабатларини ўргандилар. “Майдон” назариясининг янада ривожланишига Г.Миллернинг “Лексик майдон ва тил майдони” асари туртки бўлди. Миллер лексик майдон деганда “тушунча майдони”ни тушунган, тил майдони деганда эса “синтактик майдон”, яъни ўзида муайян бир синтактик маънони бирлаштирган қатор сўз шаклларини назарда тутган22. Замонавий тилшуносликда тил ҳодисасини тасвирлашда майдон нуқтаи назаридан ёндашув кенг қўлланилди. Семасиологиядан келиб чиққан, И.Трир ва В.Порциг23 номлари билан боғланган ушбу ёндашув кенг доирадаги масалалар – лексик гуруҳлар ва парадигмалар, парадигматик майдон (Трир, Гуденаф, Лаунсбери, Косериу), синтактик майдон (Порциг, Вейсгербер, Филичева24), грамматик майдон (Адмони25), грамматик-лексик майдон (Гулига, Шендельс26), функционал-семантик майдон (Бондарко) ва бошқаларда кенг тарқалди. Н.И.Филичева синтактик майдонга қуйидагича таъриф беради: “Объектив борлиқдаги муносабатларни умумий тарзда акс эттирган синтактик маънолари орқали синтактик моделлар тарзида бир майдонга аъзо бўлган бирликлар синтактик майдон деб аталади”27. Синтактик майдонни ажратиш учун, дейди Н.И.Филичева, мазмунан қисқа ёки тўлиқ мос тушган, инвариант семантик хусусиятларга эга бўлган, ифода планида бир-бирларидан фарқ қилувчи тил (синтактик) бирликлари гуруҳининг мавжудлиги муҳим.28 Семантик инвариантлилик функционал яқинликни, яъни маълум синтактик концептда вазифавий ўзаро алоқадорликни талаб этади. Шунингдек, Н.И.Филичева синтактик майдонни уч қисмдан иборат бўлади деб тўғри таъкидлайди, яъни ядро, марказ ва периферия (чет қисм). Марказ (центр) майдоннинг ядросини ташкил этади. Юқоридаги тадқиқотчилар мазмуний майдон атамасини ҳар хил тарзда изоҳлашларига қарамай, уларни семасиологик тадқиқотлар асоси бўлган "тилнинг ички шакли"ни тушунишда тилни ҳар томонлама ва турлича муносабатларда ўрганишлари билан ифода этиш мумкин.29 Тилшуносликда "майдон" тушунчасининг узил-кесил шаклланишига ёрдам берган ҳал қилувчи тадқиқотлардан бири Л.Вайсгербернинг ишлари бўлди. Л.Вайсгербернинг фикрича, тилни руҳий мазмуннинг оддий воситаси сифатида эмас, балки дунёни билишнинг интеллектуал шакли сифатида ўрганиш зарур. Унингча, семасиология маънолар хусусидаги фан бўлмай, тушунчалар ҳақидаги таълимот бўлиши керак30. В.Порциг эса семасиология фанига мазмуний майдоннинг ўзига хос тушунчасини олиб кирди, у майдон назариясини нутқни ўрганиш асосида очиб беришга интилди. Унингча, мазмуний майдон тилдаги маълум сўзлар орасида ўрнатилувчи асосий муносабатлар билан боғланади ҳамда предикатив вазифани бажарувчи феъл, сифат ва отлар орасидаги боғлиқликдан келиб чиқади31. Шундай қилиб, майдон тушунчаси тилшуносларда ушбу соҳага нисбатан катта қизиқиш уйғотди. Тил ҳодисаларини тавсифлаганда, майдон ёндашуви жуда самарали, чунки у тилнинг тизимли хусусиятини очиб беришга ёрдам беради. Лингвистик назарияларни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида ўрганиш объектининг универсал ва ўзига хос хусусий тил хусусиятларига эга бўлган ўзаро тенг бирликларини ажратиш тил тизимининг давомийлигини ташкил этувчи, унинг яхлитлигини таъминловчи энг муҳим асослардан биридир. Лингвистик ҳодисалар орасидаги алоқаларни ташкил этиш ғояси дастлаб немис олимлари – Г.Ипсен, Й.Трир ва В.Порциг32 асарларида лексик материаллар асосида, кейинчалик тил тизимининг тузилиши умумий тамойилига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган. Шунингдек, лексик-семантик майдон – сўзнинг кенг маънода маълум бир тушунчани ифодаловчи лексемалар тўпламидир. Лексик-семантик майдонда системавий белгиларнинг бир қатор хусусиятлари (лексемаларнинг семантик боғлиқлиги, майдонни ўз ўртасида ажратиб турадиган лексемалар, яъни гипоним ва гиперонимлар) генетик-диахроник планда (бир неча маротаба қўлланиладиган мотивацион моделлар мажмуи, сўз қуриш моделларининг такрорланувчанлиги, этимологик уяларнинг такрорланиши, сўзлашув майдонини яратиш билан) тавсифланади. Ҳозиргача лингвистик адабиётларда майдон терминига берилган таъриф ва таснифлар бир хил эмас. XIX асрда лексик (умуман, тил) бирликлар(и) умумийлигига рус тилшунослиги вакиллари томонидан эътибор қаратилди. Майдон тушунчасининг назарий талқини рус тилшунослигида “майдон” назарияси ва майдон терминига доир назарий қарашлар ҳам хилма-хилдир. А.А.Уфимцева, Н.И.Филичева, Ю.Н.Караулов, Г.С.Шур, А.Бондарко33 каби олимлар ишларида майдон назарияси янада ривожлантирилди. Семантик майдон назарияси Л.М.Васильев34 илмий изланишларида ҳам кенг таҳлил қилинган. XIX аср ва XX асрнинг биринчи чораги олимларининг баёнотига таяниб, Л.М.Васильев рус тилшунослиги анъанасида Ф.И.Буслаев, А.А.Потебня, А.А.Шахматов35, А.М.Пешковскийларнинг илмий ишларида майдон термини ўзининг муносиб ўрнини топганлиги ҳақидаги хулосага келади. А.В.Бондарконинг функционал – семантик, Е.В.Гулига, Е.И. Шендельс36ларнинг грамматик – лексик майдонлари моҳиятдан бир – бирларига яқин. Бу фикр М.М. Гухманинг грамматик, А.П.Комарованинг номинация ва реляция майдони, Ж.Б.Бўронов37нинг типологик категориялар концепцияларига ҳам таалуқли деб ўйлаймиз. Е.В.Гулига ва Е.И.Шендельслар грамматик – лексик майдон деганда ўзаро тил қонуниятлари асосида муносабатда бўлган умумий маъноларни ифода этиш ва номлаш учун иҳтисослашган грамматик ва лексик сатҳнинг турли – туман бирликлари йиғиндисини тушунадилар38. Уларнинг фикрича, майдон ўзаро систем муносабатда, бўлган турли сатҳларга оид воситалардан иборат ва улар майдон конституентлари ҳисобланади. Майдон аъзолари у ёки бу даражада умумий маънога эга бўладилар. Майдоннинг умумий маъноси ягона эмас, у камида икки маънога бўлинади ва микромайдонни ташкил этади. Майдон структураси мураккаб бўлиб, у горизонтал ва вертикал йўналишларга эга. Микромайдоннинг семантик қисмлари горизонтал жойлашадилар. Масалан, пайт майдони уч микро майдонлардан иборат, яъни ҳозирги, ўтган ва келаси замонлардан иборат бўлади. Вертикал йўналишда микромайдон конституентлари жойлашади, айни чоғда улар микромайдон конституентлари ҳам ҳисобланадилар. Майдоннинг вертикал қурилиши конституентларнинг сони ва ўзаро жойлашувига боғлиқ бўлади. Аксарият майдонларда Е.В.Гулига, Е.И.Шендельс39 доминанти ажратади. Доминант маънони ифода этиш учун кўпроқ ихтисослашган бўлади, маънони бир хил ифода этади ва мунтазам равишда қўлланади. Майдон қурилишидаги фарқ доминант морфология, синтаксис ёки лексикага мансублигига боғлиқ. Ҳар бир микромайдон ўз доминантига эга бўлиши баробарида майдон доминантга эга бўлмаслиги ҳам мумкин деган фикрни ҳам улар илгари сурадилар. Доминант атрофига майдон ядросини ташкил этувчи, у билан яқин боғланган коституентлар жойлашадилар. Ядродан ташқаридаги конституентлар майдон перифериясини ташкил этадилар. Майдон конституентлари кўп маъноли бўлса, у бир неча майдон конституенти сифатида намоён бўла олади. Бунда у микромайдон доминанти сифатида намоён бўлса, бошқа ҳолларда майдон перифериясидан жой олиши мумкин. Майдонни ташкил этувчи, воситалар мос ёки мос бўлмаслиги мумкин. Мос воситалар бошқаларга кучайтирувчи, аниқлаштирувчи, кучсизлаштирувчи каби таъсир ўтказади ва янги маъно ҳосил қилиши ҳам мумкин. Майдон конститутентлари маъновий томонларини тадқиқ этишда компонент тахлил методидан фойдаланилади. Функционал семантик майдон (категория) концепцияси А.В.Бондаркога тегишли бўлиб, унга кўра функционал – семантик майдон комплекс категория сифатида турли тил воситалари системасини ўз ичига олади ва маълум семантик вазифаларни бажаради. Ушбу категория ҳам ифода ва мазмун планига эга. Ифода плани деганда тилнинг турли сатҳларига мансуб морфологик, синтактик деганда тилнинг турли ўша воситаларнинг конспектдаги комбинацияси тушунилади. Бошқа концепциялардаги каби функционал семантик майдон ядро (марказ) ва периферияга ажратилади. Бир хил ва турли хил тил бирликлари орасида семантик алоқалар мавжуд бўлади. Мазмуний алоқадорлик грамматик ва лексик компонентларини ўзаро таъсир этишига асос бўлади. Олимнинг фикрига кўра, агар функционал семантик майдон компонентлари орасида морфологик категория бўлса, унда у ядро сифатида намоён бўлиши керак. Функционал семантик майдоннинг минимал элементи функционал семантик микромайдони ҳисобланади. У ифода ва маъно планига эга. Функционал – семантик категория ҳақидаги концепция тилларни чоғиштириб тадқиқ этиш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкин. М.М.Гухман майдон тушунчаси маъновий ва дистрибутив боғланган турли сатҳ бирликлари орасидаги функционал узвлари таҳлилидан иборат дейди. Лексик-семантик майдон деганда биз мураккаб лексик микротизимни назарда тутамиз. Бу микротизим ўзига хос майдон структурасига эга бўлиб сўзларни семантик тамойил асосида бирлаштиради. Лексик-семантик майдоннинг характерли хусусиятларидан бири шуки, унда марказий майдон тушунчаси ва унинг марказдан узоқлашган периферик қисми ўрин олади, шунингдек, майдон иерархик тарзда, яъни поғоналашган тартибда жойлашади. Таниқли тил назариётчиларидан бўлмиш Р. Мейернинг таълимотига кўра, семасиологииянинг асосий вазифаси “ҳар бир сўзнинг у ёки бу тизимга мансуб эканини аниқлаш ва бу тизимнинг тизим ҳосил қилувчи ва фарқловчи омилини аниқлашдан иборатдир”40. Тилнинг лексик қатламини тадқиқ қилиш кейинроқ немис тилшуноси Й. Трир асарларида давом эттирилди. У яна бир бошқа немис олими Г. Ипсен41 асарларида биринчи марта қўлланилган “семантик майдон” атамасидан унумли фойдаланди. Унинг таъбирича, семантик майдон умумий бир маънога эга бўлган сўзларнинг умумий ҳосиласидир. Кейнчалик “майдон” тушунчаси О. Духачек, Е. Косериу каби олимлар асарларида анча ривож топди. О.Духачек ўз концепциясида тушунча, семантик ва синтактик майдонларни синтез қилади. У майдонни иккига бўлади: сўзлар майдони ва ғоялар майдони. Сўзлар майдони деганда у майдон ядросини ташкил этувчи сўз атрофида бирлашган сўзларни тушунади. Сўзлар майдонлар аъзолари ўртасидаги муносабатлар турига кўра О.Духачек қуйидагиларни фарқлайди: морфологик майдонлар (омофонлар, паронимлар, суффиксал ва префиксал сўзлар); синтагматик (синтактик) майдонлар (гап таркибида сўзларнинг муносабатига асосланган майдонлар); ассоциатив майдонлар майдон ядроси билан шакл ва маъно ҳамоҳанглигида турли муносабатларга кириша оладиган сўзларни ўз ичига олади. Аслида ассоциатив майдон концепцияси Ш.Баллига мансуб. Унинг фикрига кўра ассоциатив майдон тил эгаси онгида маълум бир сўз билан ассоциация туфайли пайдо бўлувчи сўзлар мажмуидир. Масалан, “eye” сўзи инглиз тилида сўзловчи киши онгида “кўриш органи”, “кўриш қобилияти”, “игнанинг тешиги” каби ўнлаб сўзларни келтириб чиқаради. Ёки бўлмаса, “қарамоқ” сўзи “шох”, “бузоқ”, “гўшт”, “сут” кабиларни инсон онгига чақиради. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, ассоциатив майдон миқёси турли кишиларда турлича бўлиши мумкин. Бунда уларнинг ёши, жинси, интеллектуал салоҳияти, ҳаётий тажрибаси, касби, руҳий ҳолати, қобилияти, қизиқишлари, темпераменти кабилар муҳим рол ўйнайди42. Й. Трирнинг назарияси В. Фон Гумбольдтнинг “тилнинг ички шакли” ҳақидаги таълимоти билан ва Ф. Де Сосюрнинг тилнинг белги экани ҳақидаги таълимотлари билан яқин боғланган. Семантик майдон – лексик жиҳатдан умумий семага эга бўлган ва объектив реалликни акс эттиришда ўзаро уйғунлашадиган турли сўз туркумларининг энг йирик лексик-семантик парадигмасидир. Функционал-семантик майдон – тилнинг турли қатламларига мансуб воситалар (морфологик, синтактик, сўз ясаш воситалари, лексик) шунингдек, лексик –синтактик жиҳатдан уюшган умумий характердаги тизимдир. Сўз маъноси мураккаб тузилишга эга бўлган кўпгина майда компонентлардан ташкил топган тизимга асосланади (қурилади). Лексик бирликнинг бу тизимини ташкил қилувчи минимал бирликни мутахассислар турлича атайдилар. Улар орасида “сема” атамаси ўзининг қисқалиги ва шаклан “семема” атамасига мутаносиблиги билан бизнинг эътиборимизни ўзига тортди. Бизнингча, “сема” тилнинг семантик ярусига тегишли “семема”нинг бошқа бўлакларга ажрамайдиган энг минимал компонентидир43. Семаларнинг мукаммал типологияси Л.М. Васильев ва И.А. Стернин44 асарларида таҳлил этилган. Унга кўра, сема сўз маъносининг энг кичик бирлигидир (маъночасидир). Сўз маъноси унинг ички томони бўлиб уни одатда “сема” деб атайдилар. Семани асосий маънони ифодаловчи архисема ва қўшимча маъно англатувчи дифференцал (бир предметни иккинчисидан фарқлайдиган) семага ажратадилар. И.А.Стернин коммуникация жараёнида актуализация қилинадиган лексик маъно таркибидаги семаларни ажратиб кўрсатади ва уларни денотатив, коннотатив ва функционал-стилистик микрокомпонентларга ажратади. Семантик жиҳатдан яқин бўлган сўзлар қиёсланганда бир хил семалар ажралиб чиқади ва бу семани интеграл сема деб атайдилар. Қиёсланаётган сўзлар маъносини ўзаро фарқлаш учун хизмат қиладиган семаларни дифференциал семалар дейилади45. Лексик бирликларни “семик” анализи ўша сўз ифодалаган маъно ҳажмини тўла ва аниқ тасаввур қилишга ва сўзларнинг маъно структурасини аниқ тасаввур қилишга, шунингдек, сўз ифодалаган турлича маънолар ўртасидаги семантик боғлиқликни аниқлаб олишга хизмат қилади46. Айрим тилшунослар47 ўша сема таркибидан семантик белги ва семантик конкретизаторни ажратадилар. Бунда сема конкретизаторига семанинг семантик белгисини аниқлаб берадиган дифференциал қисми сифатида қарайдилар. Бизнинг ишимизда лексик маънонинг интенсионал (ядро) ва импликационал (периферия) компонентларига таянган ҳолда иш олиб борилади. Бундай назарий тадқиқотларни атрофлича ўрганиб, уларни умумий тарзда тарихийлиги нуқтаи назаридан ва қўйилган муаммолар жиҳатидан маълум гуруҳларга ажратиш мумкин. Бунда, асосан, назариянинг алоҳида тушунчаларини хронологик йўналишда кўриб чиқиб, уларнинг исбот қилиниши, назариянинг қўйилаётган муаммолар жиҳатидан ўрганилиши, шунингдек, майдон назариясини тарихийлик ва муаммолар таҳлили билан биргаликда олиб борилиши нуқтаи назаридан фарқлаш мумкин. Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, семантик майдон қуйидаги асосий хусусиятларга эга эканлиги маълум бўлади. Семантик майдон она тилида гапирувчи киши учун тушунарли бўлиб, психологик ҳақиқат сифатида қабул қилинади. Семантик майдон алоҳида ва мустақилдир ҳамда тилнинг мустақил қуйи тизими сифатида ажратилиши мумкин. Семантик майдон бирликлари у ёки бошқа тизимли семантик муносабатлар билан боғлиқ. Ҳар бир семантик майдон тилнинг бошқа семантик майдонлари билан боғлиқ ва улар билан бирга тил тизимини ташкил қилади. Семантик майдон ҳозирги кунда қисқа /тор/ маънони англатувчи лингвистик атамалар билан тет-тез ўзгартирилмоқда: лексик майдон, синонимик қатор, лексик-семантик майдон ва ҳоказолар. Ушбу атамаларнинг ҳар бири майдонга кирувчи тил бирликларининг турини ёки улар ўртасидаги алоқа воситасини аниқроқ белгилайди. Шунга қарамай, кўплаб илмий ишларда “семантик майдон” ибораси ва бошқа махсус белгилар терминологик синонимлар атамалари сифатида ишлатилади. турлари сирасига “от+сифат”, “феъл+равиш”лар киради48. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, аксарият илмий изланишларда майдон назариясига турлича қаралаётганлигига гувоҳ бўламиз. Майдоннинг турли сатҳларда шаклланиши ҳақидаги Е.В.Гулига, Е.И.Шендельс, шу билан биргаликда А.В.Бондарко ва унинг мактаби вакиллари томонидан билдирилган қимматли фикрларга гувоҳ бўламиз. Е.В.Гулига ва Е.И.Шендельслар майдоннинг қуйидаги белгиларини ажратиб беради: 1) Бир-бири билан тизимли муносабатда боғланган турли сатҳларда лисоний воситалар тўпламининг мавжудлиги. Бу воситалар майдон таркибига кириб, унинг таркибий қисмига айланади. 2) Умумий маънонинг мавжудлиги унинг у ёки бу даражадаги тил элементлари моҳиятига хосдир. 3) Майдонни ҳосил қилувчи элементлар /белгилар/ семантик умумийликка эга ва тилда турлича вазифаларни бажаради. 4) Майдон бир хил бўлмаган, балки мураккаб қурилишга эга бўлган горизонтал ва вертикал кесимлар шаклида ифодаланиши мумкин (горизонтал кесим бўйлаб – Микромайдон формал шакли, вертикал кесим бўйлаб эса микро ва макромайдоннинг семантик қисмлари жойлашади)49. Таъкидлаш лозимки, функционал тадқиқот аспектининг майдони функционал грамматикага асосланган. Россия функционал грамматика мактабининг асосчиси А.В.Бондарко илк бор функционал семантик майдон атамасини илмий муомалага олиб кирди (илмий ишимизнинг кейинги ўринларида функционал семантик майдонни ФСМ деб юритамиз). Унинг таърифи бўйича, ФСМ – бу икки томонлама (мазмун-шакл) бирлик, грамматик (морфологик ва синтактик) воситалар билан шаклланган, семантик ҳудудга тааллуқли бўлган, мазкур тил билан бирга ҳаракатланувчи лексик, лексик-грамматик ва сўз ясовчи элементлардир50. А.В.Бондарко фикрича, ФСМ – нафақат мазмун планига, балки ифода планига ҳам эга бўлган икки томонлама (билатерал) бирлик бўлиши ҳам мумкин51. ФСМни таҳлил қилишда майдон махсус турдаги тизим сифатида ўрганилади, унинг мазмун плани шарҳлаб берилади, ўрганилаётган бирликлар таҳлил қилинади, ФСМнинг ўзаро кесишувчи нуқталари муносабатлари ўрганилади, уларнинг умумий таркиби ва гуруҳлари кўриб чиқилади, ФСМнинг система сифатида аниқ мажмуи тақдим этилади ва семантик вазифалар тизими ўрганиб чиқилади. Майдоннинг ядро ва периферияси қуйидаги белгилар асосида ўрганилади: Мазкур ФСМ учун максимум битта умумий марказга эга бўлган ўзига хос белгиларни тўплаш ва улардаги периферияларга диққатни қаратиш. ФСМ марказида муносабат ва алоқаларни тўплаш ҳамда улардаги периферияларга диққатни қаратиш. ФСМ марказида майдон конституентлари функционал вазифаларини орттириш ва периферия конституентларида эса ушбу вазифаларни камайтириш. ФСМ марказида майдон конституентларининг махсус кенгайтиришларини ташкил этиш ва периферия конституентларида мазкур вазифани қисқартириш52. А.В.Бондарко ФСМ қурилишини ҳисобга олган ҳолда, лингвистик тадқиқот предмети сифатида майдонни иккита аспектга бўлиш лозимлигини қайд этади: конкрет-тил ва универсал-тушунча. ФСМнинг конкрет-тил аспекти – бу функционал-семантик бирлик, айнан мазкур тил тузилиши тил воситаларининг расмий ифодаси ва тил таркиби билан боғлаб ўрганишни тақозо этади. ФСМнинг мазмун плани тил маънолари (грамматик, лексик, сўз ясаш) билан тақдим қилинган. ФСМни қамраб олган бирликлар тизими муайян тил ички қурилишига эга бўлиб, бошқа тил бирликлари, синфлари ва категориялари билан кўп томонлама муносабатда бўлади ва мазкур бирликлар билан алоқага киришади. Уларнинг ФСМ мазмун кўламига киритилган ҳар бир маъносидан мазкур тил тизимининг нафақат универсал, балки универсал бўлмаган ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ маъно белгиларини ҳам акс эттиради53. Юқоридаги тилшунос олимларнинг “майдон” терминига оид назарий фикрларини чуқур таҳлил қилиб, биз майдон тушунчасини ҳосил қилувчи асосий қоидалар қуйидагилардан иборат деб айтишимиз мумкин: Майдонни ҳосил қилувчи элементлар /белгилар/ семантик умумийликка эга ва тилда турлича вазифаларни бажаради. Майдон микромайдон қисмларидан ҳосил бўлиб, унинг миқдори иккитадан кам бўлмаслиги лозим. Майдон таркибида лисоний бирликлар ядро, доминант ва периферияларга ажралади. “Қулоқ” семантикасини аниқ ва соф ҳолда ифодаловчи доминанти унинг конституенти ҳисобланади. Майдон вертикал ва горизонтал чизиқларга эга. Вертикал чизиқ бу микромайдоннинг қурилиши, горизонтал чизиқ эса микромайдонларнинг ўзаро муносабатларини англатади. Ядро ва периферия ўртасидаги муносабатлар чегараланмаган (яъни, майдондаги лисоний бирликлар вазиятга қараб бир-бирига ўтиши ҳам мумкин). Ядро қисми доминантга нисбатан “қулоқ” семантикасини ифода этишда камроқ даражада қўлланилувчи конституент(лари)ни ташкил этади . Майдон конституентлари бир ёки ундан ортиқ семантик майдонларнинг атрофига тегишли бўлиши мумкин. Майдондаги ядро, доминант ва периферия орасида амалга ошириладиган вазифалар тақсимланади, яъни ядро томонидан ўзига хос “қулоқ” моно семантикаси ифодаланса, периферия томонидан аралаш, қоришиқ бўлган полисемантика ифодаланади. Юқоридаги фикрларни тасдиқлаш асосида, биз лексик-семантик майдон юзасидан олиб бориладиган илмий тадқиқотимизда асосан А. Бондарко54 назарияларини ривожлантирамиз. Download 0.6 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling