Фалсафа жамиятнинг фалсафий таҳлили
Download 87.38 Kb.
|
Жамиятнинг фалсафий тахлили (2)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Эндогенлик
- Маданий мерос
- Маданият функциялари.
Маданият ўзаги – маданиятнинг нисбатан барқарорлигини ва яшовчанлигини кафолатловчи тамойиллар тизими. У асрлар мобайнида шаклланади ва жамият борлиғининг ўзгарувчи шароитларига мослашиш механизмларини таъминлайди.
Эндогенлик маданиятнинг моҳияти, унинг тизимли бирлиги ички тамойилларнинг муштараклиги билан белгиланганини англатади. Ўзига хослик – маданий ривожланишнинг нисбатан мустақиллиги ва эркинлиги билан белгиланадиган бетакрорлик. Маданий мерос – аждодлар томонидан яратилган ва ҳар бир жамиятнинг ижтимоий-маданий жараёнига киритилган қадриятлар мажмуи. Маданият масалалари бўйича Мехикода ўтказилган жаҳон конференциясида (1983 йил) анъана тарихнинг ҳаракатлантирувчи тамойилларидан бири сифатида эътироф этилган. Маданият функциялари. Ижтимоий ҳодиса сифатида маданият кўп сонли функцияларни бажаради. У инсоннинг билиш фаолиятини ўз ичига олади, ижтимоий тажрибани авлодларга қолдириш ва бошқа халқлар маданиятини ўзлаштириш воситаси сифатида информатив функцияни бажаради. Маданиятнинг ривожланиши у бошқа маданиятлар билан алоқа қилишини тақозо этади. Маданият норматив функцияни ҳам бажаради: у муайян цивилизацияда шаклланган меъёрларни амалга жорий этади, шунингдек ўз меъёрлари ва қадриятларини яратиб, уларни инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларига татбиқ этади. Ижтимоий-маданий жараёнда давлат ҳаёти қадриятлари муҳим аҳамият касб этади: идеократик, теократик ёки сиёсий давлат бошқа-бошқа маданий мўлжалларга таянади. Давлат ўз негизини мустаҳкамлайдиган меъёрларнинг устунлигини таъминлайди ва ўзига таҳдид солиши мумкин бўлган меъёрларни сиқиб чиқаради. Ўз навбатида, маданият ҳам ижтимоий тажрибани саралаш, уни рамзий тизимларда мустаҳкамлашни амалга оширади. Маданиятнинг яна бир муҳим функцияси инсонни камол топтириш ҳисобланади: индивид маданиятни ўзлаштириш жараёнида шахсга айланади. Маданият норматив тартибга солинадиган фаолият саналгани боис, у қадриятларни яратиш соҳаси сифатида намоён бўлади. Маданият ҳодисалари ижтимоий ўзгаришларни бошқаради, уларни ижтимоий муҳим мақсадларни амалга оширишга йўналтиради. Маданият қадриятлари мазкур ҳамжамиятда ижтимоий мўлжал бериш ва тартибга солиш функциясини бажаради. Маданият ижтимоий муносабатлар тизимига хизматлар кўрсатади, бу ерда юз берувчи ўзгаришлар ва силжишларни белгилайди ва тайёрлайди, инсон хулқ-атворини тартибга солишни таъминловчи махсус механизмларни яратади. Бу тўғридан-тўғри, бевосита тартибга солиш бўлиши мумкин (ҳуқуқ, ахлоқ, тақиқ). Бу жамиятнинг у ёки бу қадриятлари ва талабларини акс эттирувчи баъзи бир ҳаракатларни бажаришни буюриш орқали амалга ошириладиган билвосита тартибга солиш бўлиши ҳам мумкин. Маданият инсоннинг жамиятдаги ўрнидан, унинг диний мансублиги ёки сиёсий қарашларидан далолат берувчи рамзларнинг кенг тизимини яратади. Баъзан мазкур гуруҳлар ёки қадриятларга бевосита мансублик рамзий хусусият касб этади: индивид диний расм-русумларда маънавий таскин топиш воситасини изламайди, лекин ўзининг диндорлигини намойиш этади; у муайян сиёсий мақсадларга эришишга ҳаракат қилмайди, лекин ўз ниятларини эълон қилади ва ҳ.к. Шунга қарамай расм-русумларни адо этиш амалиёти ҳам, жамият талабларини тўғридан-тўғри бажариш ҳам этноснинг, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг яхлитлигини таъминлайди. Маданият вайронкор жараёнларга қаршилик кўрсатади, чунки у қадриятларни саралаш механизмларига эга. Натижада цивилизациянинг тор тарихий аҳамият касб этувчи ҳодисалари йўқликка чекинади, тарих учун муҳим аҳамиятга эга бўлган маданий ҳодисалар эса умуминсоний маданият хазинасидан ўрин олади. Бунёдкор ҳодисаларни ҳам, вайронкор ҳодисаларни ҳам ўз ичига олувчи цивилизациядан фарқли ўлароқ, маданият ўзининг инсонийлиги, ижобийлиги билан тавсифланади. У инсон фаолияти ижодий асосининг манбаи ҳисобланади. Инсон яратган ҳар қандай предмет маданият ҳодисаси ҳисобланавермайди, худди шунингдек ҳар қандай инсон ҳам маданиятли бўлавермайди. Маданиятсизлик ёки маданият даражасининг пастлиги аҳолининг бир қисми ўз маданиятидан ажралиб қолганини англатади. Саводсизлик, ахлоқсизлик, маданий меъёрларга мувофиқ бўлган хулқ-атвор, мулоқот, меҳнат кўникмалари мавжуд эмаслиги, табиатга нооқилона муносабат ва маданиятсизликнинг бошқа шунга ўхшаш кўринишлари оқилона бўлмаган маданий сиёсат ёки унинг умуман мавжуд эмаслиги натижасидир. Айни вақтда маданиятсизлик онгли сиёсат натижаси бўлиши ҳам мумкин. Маданият инсон фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олади, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий кичик тизимларини бирлаштиради. Аммо маданий жараён чегараси цивилизация, унинг меъёрлари билан белгиланади. Маданият цивилизацияда чуқур илдиз отган бўлиб, у билан бир жон ва бир тан ҳисобланади. Маданият ва цивилизациянинг ўзаро алоқаси шу даражада кучлики, аксарият файласуфлар ва олимлар бу тушунчаларни айний деб ҳисоблайдилар. Бу бежиз эмас: жамиятнинг нормал ҳолатида уларни деярли фарқлаб бўлмайди. Цивилизация ва маданият бирдир: ўз маданиятисиз цивилизация бўлмаганидек, цивилизациясиз маданият ҳам бўлмайди. Маданият ҳам, цивилизация ҳам норматив табиатга эга. Уларнинг ўртасидаги фарқ шундаки, цивилизация маданий жараёнга шарт-шароит яратади, уни тартибга солади. Ўз навбатида, маданият янгилик ижодкори сифатида цивилизациянинг ривожланишига замин ҳозирлайди. Аммо маданият цивилизация билан айний эмас. У цивилизация белгилаган ижтимоий меъёрларни амалда мужассамлаштиришни назарда тутувчи эркин фаолиятдир. Маданият жамият қадриятлари, моддий ва маънавий бойликлари мажмуидир. Цивилизация элементларидан бири сифатида маданият унга мувофиқ бўлади, лекин мустақил ривожланишга қодир элемент сифатида у цивилизация билан зиддиятга киришиши мумкин. Мазкур зиддиятнинг мавжудлиги маданиятнинг ҳам, цивилизациянинг ҳам ривожланиш манбаидир. Уларнинг ўртасида айнийлик назарий жиҳатдан фақат цивилизация маданиятга ўз ҳукмини тўла ўтказиши сифатида мавжуд бўлиши мумкин. Бу ҳаёт фаолиятининг техник-механик, маънавиятсиз шакллари ҳукм суришини, шахснинг ижодий ташаббуси бўғилишини англатган бўлур эди. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларида унинг хулқ-атворини қаттиқ тартибга солиш жамиятни турғунлик салтанатига айлантиради. У ўзгараётган шароитларга мослашиш қобилиятини йўқотади. Шу сабабли маданиятнинг ўлими муқаррар тарзда бутун социумни ҳалокатга элтади. Бу ўз ҳалокатидан кейин бир вақтлар гуллаб-яшнаган маданият харобаларини қолдирган цивилизациялар тарихида кўп карра кузатилган. Аммо маданият ва цивилизация ўртасида туб тафовут мавжудлиги ҳам цивилизациянинг ҳалокатига сабаб бўлади. Шу сабабли цивилизация маданиятни ижтимоий назорат қилиш механизмларига эга бўлади. Цивилизация маданиятнинг ривожланишини белгилаш ва рағбатлантириш йўли билан уни чеклайди, ўз манфаатларига бўйсундиради. Цивилизациянинг яшовчанлиги ва фаоллиги цивилизация механизмларининг маданий шакллар ранг-баранглигини ўз идеаллари ва андозаларига бўйсундириш қобилияти билан белгиланади. Зеро маданият воситалари билан цивилизациянинг ривожланиши, унинг янги шароитларга мослашиши муаммолари ҳал қилинади. Айни вақтда цивилизациянинг мавжудлиги маданият вужудга келган андозалар, меъёрлар ва қоидаларга риоя қилишга ўзини мажбурловчи чеклашлар консерватизмига чек қўйишга қай даражада қодирлиги билан белгиланади. Маданият ўз табиатига кўра қолип ва андозаларга тоқатсиз бўлган ижод соҳасидир. Агар у қатъий норматив чеклашларга барҳам бера олмаса, цивилизация, айтайлик, экологик ҳалокатдан ёки аҳоли сонининг ўсиши ва уни оммавий ҳалокат, очлик ва касалликлардан ҳимоя қилиш қобилияти ўртасида зиддиятларнинг кучайиши натижасида ҳалок бўлиши мумкин. Шу сабабли маданият ва цивилизация ўртасидаги зиддиятлар уларнинг ривожланиш манбаи ҳисобланади, уларнинг айнийлиги эса турғунлик ва ҳалокатни англатади. Цивилизация маданий жараёнга умумий шарт-шароит яратади, у улкан минтақалар ва қитъаларни қамраб оладиган оламшумул ҳодисадир. Маданият цивилизация яратган заминда вужудга келади, индивидуал, бетакрор, этник хусусият касб этади. Ҳар бир социум индивидуал асосининг ифодаси сифатида маданият бир цивилизацияга мансуб халқлар ўртасидаги фарқларни белгилайди. У мазкур халққа хос бўлган, унинг этник-ижтимоий индивидуаллигини ташкил этадиган омиллар: тил, тарихий тақдир, дин, бошқа халқлар билан алоқалар ва ҳоказоларни хулқ-атвор қоидалари, одатлар, маънавий ҳаётда акс эттиради. Айни бир цивилизация кўп сонли маданиятларни яратади. Масалан, Европа цивилизацияси француз, немис, инглиз ва ҳоказо маданиятларни ўз ичига олади. Меъёрлар, қоидалар, тақиқлар ва амр-фармойишлар мажмуи сифатида цивилизация одамлар фаолиятини ўзига бўйсундиради, уни тартибга солади. Маданият – мазкур нормаларга мувофиқ амалга ошириладиган эркин маънавий ва моддий фаолият. Аммо норматив жиҳатдан мақбул бўлган ҳар қандай ҳаракат маданий бўлавермайди. Масалан, тош қурол тенг даражада маданият предмети деб номланиши, айни вақтда яшаб қолиш воситаси ҳам бўлиши мумкин. Эркин юнон деҳқони ерга ишлов бериши маданий фаолият бўлиши мумкин, айни шу иш қул томонидан назоратчининг қамчиси остида бажарилишини эса, гарчи қул эркин одам билан айни бир деҳқончилик амалини бажараётган бўлса-да, маданий деб номлаш мумкин эмас. ХХ аср цивилизацияси ўзидан кейин инсон томонидан муҳандислик ҳисоб-китобларига кўра, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ яратилган чириётган сунъий денгизларни қолдирди. У Орол денгизини қуритди, лекин Каспий денгизида сувни тошириб юборди, натижада маданият объектларини сув босмоқда. Download 87.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling