Фалсафа ва ҳуқуқ 018/2 фалсафа ва ҲУҚУҚ Ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, фалсафий-ҳуқуқий журнал 2018/2 (№12)
Download 1.35 Mb. Pdf ko'rish
|
5e10401c8d8bc
Фалсафа ва ҳуқуқ 2018/2
21 эсласак, шим кийишни фақат эркакларга хос хислат сифатида этноэстетик идрок этиш ҳанузгача сақланиб қолганининг боисини англаймиз. Шарқ халқларида оила аёл билан бирга, аёл образи эса кўп болалик уй, ҳовли билан бирга тасаввур қилинади. Аёл энг аввало эстетик объект сифатида куйланади, ундаги ҳусн-латофат этноэстетик тасаввур орқали баҳоланади. Ўлкамиз халқларида аёлни ҳамон нигоҳидан осудалик, бахтиёрлик тараладиган, оиласидан, турмушидан шод образ сифатида тасвирлаш, этноэстетик идрок этиш анъанаси мавжуддир. Бунда энг аввало аёл ва оила, хўжалик бирлиги ўз ифодасини топади. - Этноэстетик идрок халқ, миллат яшаган, унинг умумий тасаввурларини, дунёқарашини, олам ҳақидаги фикрларини шакллантирган табиат ёки табиий муҳит билан боғлиқдир. Халқнинг, миллатнинг ўзи мазкур табиий муҳитнинг маҳсули экан, уларнинг эстетик идроки ҳам шу муҳитдан ҳосил бўлади. Масалан, шимолда яшаган халқлар, миллатлар ўзининг эпос, эртак, чизмаларида ана шу муҳит тасвиридан келиб чиқади, ҳеч қачон қалин қор босган далаларни, кенгликни жанубда ўсадиган пахта ёки буғдой сурати билан безамайди. Кенгликда эркин яшашга ўрганган халқ, миллат эстетик қадриятларини ҳам табиий муҳитига мувофиқ шакллантиради. “Алпомиш” учун кенг табиий муҳитда эркин от чоптириш, куч синашиш, ёв билан олишиш, этносининг эрки учун курашиш ана шу кенг, эркин муҳитнинг ифодасидир. Қаҳрамоннинг хатти- ҳаракатларини, от чоптириб кенг далалар, қирлар узра учиб юришини тайга, ўрмонлар ичида яшайдиган Сибирь қабилалари тасаввур қилиши ёки ифодалаши қийин. Шунинг учун ҳам Сибирь халқлари эртаклари ва эпосларида қалин ўрмон, унинг атрофидаги кўл, дарё билан боғлиқ тасвирлар етакчилик қилади. - Этноэстетик идрок халқнинг, миллатнинг нафосат, улуғворлик, фожиалилик ёки кулгилилик билан боғлиқ тасаввурлари ифодасидир. Бир халқ, миллатдаги тасаввурлар бошқа халқ, миллатлардаги тасаввурларга айнан бўлавермайди. Масалан, япон халқ ижодида аёлнинг майда қадам ташлаб юриши, гўдакникидек махсус мосламалар орқали шакллантирилган кичик оёқлари гўзаллик белгиси сифатида идрок этилади. Эркин хатти-ҳаракатларга ўрганган халқлар учун бу ҳайратли идрок, ифода бўлиб кўриниши мумкин. Ёки Африкадаги айрим қабилаларда ҳанузгача узун бўйинли аёлга гўзаллик тимсоли сифатида қаралади. Гоҳо бўйин махсус мослама- тақинчоқлар орқали 20-25 см.гача етказилади. Агар тақинчоқлар олинса, бўйин ўзини тутолмай қолиши мумкин. Шундай бўлса-да, бу ўринда гўзаллик ҳақидаги этноэстетик идрок барқарор анъана, одат сифатида яшаб келаётганини кўрамиз. Кўп ҳолларда этноэстетик идрок ахлоқ, дин ва диний тасаввурлар, маърифий қарашлар билан уйғун келади, ҳатто уларни бир-биридан баъзан ажратиш, фарқлаш қийин. Кишиларни сўзлашиши, мулоқоти, кулиши, қўл- оёқ ҳаракатлари, имо-ишораси ҳатто ён-атрофга, кишиларга тикилишида ҳам маълум бир этноэстетик идрок изларини топса бўлади. Масалан, ўзбек халқига хос мулойимлик, ҳатто тавозе билан сўрашиш, саломлашиш ғарб кишиси учун биқиқлик, итоатгўйлик бўлиб кўринади. Ваҳоланки, мулойимлик, камтарлик ўзбек халқининг гўзал ва олижаноб фазилатларидан биридир. Ушбу фазилатларда халқимизнинг эстетик идроки ахлоқ билан уйғунлашиб келади. Унинг бир қўлини кўксига қўйиб, очиқ чеҳра билан саломлашишида этноэстетик қадрият, бошқа халқлар, миллатлар билан иноқ яшаш, ҳамкорлик қилиш ифодаси мужассамдир. Этноэстетик идрокнинг кенг тарқалган ва осон англанадиган кўриниши кийиниш маданиятидир. Кийиниш маданиятида шахснинг этножуғрофий хусусиятлари, ўз халқига оид тасаввурлар, одоб-ахлоқ ҳақидаги қарашлари, касб-кори, ҳатто ички руҳий олами акс этади. Тўғри, глобаллашиш ва интеграция мазкур белгиларни сусайтирмоқда, бугун халқлар, миллатлар кийинишида ўзига хослик камайиб, кийиниш кунора ўзгарадиган мода тарзида намоён бўлмоқда. Аммо, бу кийиниш маданиятида этноэстетик белгилар борлигини рад қилмайди. Этноэстетика ва этноэстетик идрок миллий маданиятнинг таркибий қисмларидир, улар ўртасидаги боғлиқлик бутун билан қисм, умум билан бўлак ўртасидаги диалектик боғлиқлик кабидир. Миллий маданиятнинг трансформацияси, ижтимоий-тарихий жараёнларни ўзида акс эттириши, шубҳасиз, этноэстетик идрокни ҳам ўзгартиради. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling