Фуқаролик ҳуқуқи функсиялари – мулкий ва шахсий номулкий муносабатларга юридик таъсир этишнинг асосий йўналишлари бўлиб, уларнинг мазмуни ҳуқуқнинг моҳияти ва жамият ҳаётидаги ижтимоий вазифаси билан белгиланади.
Фуқаролик ҳуқуқи методи – бу мулкий ва шахсий номулкий муносабатлар билан боғлиқ ижтимоий соҳада юридик усуллар йиғиндиси, юридик таъсир воситаларини қўллашни ифода этувчи тартиб ва қоидалар йиғиндисидир.
Фуқаролик ҳуқуқида муддат – аниқ белгиланган, ўтишининг бошланиши ва тамом бўлиши муайян ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтирадиган, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш ва муҳофаза қилишга қаратилган пайтлар ва вақт даврлари.
Фуқаролик ҳуқуқининг асосий тамойиллари (принциплари) – бу барча фуқаролик қонунлари мазмунига сингдирилган асосий, бошланғич қоидалардир.
Фуқаролик қонун ҳужжатлари – фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган ФК ва бошқа қонун ҳужжатлари йиғиндиси.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабат – юридик жиҳатдан тенг бўлган шахслар ўртасида бўладиган ва фуқаролик-ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабат элементлари – ушбу ҳуқуқий муносабатнинг субйектлари, мазмуни ва обйектлари.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабат субйектлари – фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчилари - фуқаролар, юридик шахслар ва давлатдир.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатнинг мазмуни – шу муносабатда қатнашувчи шахсларнинг субйектив ҳуқуқлари ва бурчлари.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатнинг обйекти – фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари қаратилган ҳамда субйектив ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланган моддий ва номоддий неъматлар.
Гаров – бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши.
Гаров турлари – закалат, ипотека, ҳуқуқлар гарови.
Ҳаракатлар – фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда қатнашувчи шахс (ёки шахслар)нинг эрки бўйича қилинадиган ҳуқуқ йўл қўйган ва ҳуқуқ йўл қўймаган хатти-ҳаракати (юридик фактлар).
Ҳомийлик – ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шаклидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |