Хажибакиев шухрат хужаёрович
V-БОБ “Яшил энергетика” барқарор
Download 4.29 Mb.
|
ЯШИЛ ИКТИСОДИЁТ ДАРСЛИК
- Bu sahifa navigatsiya:
- VI-БОБ Қишлоқ хўжалигини “яшил иқтисодиёт” асосида барқарор ривожлантириш
- VII-БОБ Экологик сиёсат ва уни амалга оширишнинг иқтисодий механизми
- VIII-БОБ ИҲТТ мамлакатларида “яшил ўсиш”ни таъминлаш моделлари
- IX-БОБ Ривожланаётган мамлакатларда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш тажрибаси
- X-БОБ Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”ни шакллантириш ва ривожлантириш босқичлари
- ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙҲАТИ 252 Кириш
Кириш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини таъминлашда барқарор ривожланишга эришиш воситалари ҳисобланган иқтисодий, ижтимоий ва экологик компонентларни ўзаро мувофиқлаштириш мураккаб вазифа ҳисобланади. Иқтисодий ва ижтимоий компонентлар жамият олдига бир авлод мобайнида адолатга эришиш ва аҳолининг камбағал гуруҳларига мақсадли ёрдам кўрсатиш каби янги вазифаларни қўймоқда. Иқтисодий ва экологик компонентларнинг атроф-муҳитга ташқи таъсири қийматини баҳолашнинг зарурлиги билан боғлиқ янги ғоялар ва ёндошувларнинг шаклланишига олиб келди. Барқарор иқтисодий ривожланишнинг ижтимоий ва экологик компонентлари эса авлодлар ичида ва авлодлар ўртасида тенгликни таъминлаш каби масалаларнинг долзарблигини янада оширмоқда. Мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” асосида барқарор ривожланишни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 4 октябрда тасдиқланган “2019–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси” муҳим дастурий амал ҳисобланади. “Яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг муҳим вазифалари қаторига иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурсларни оқилона истеъмол қилиш киради. Ушбу белгиланган мақсадли индикаторларга технологияларни модернизация қилиш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали эришилади. 2030 йилгача бўлган даврда стратегияни амалга ошириш жараёнида ялпи ички маҳсулот бирлигига иссиқхона газларининг солиштирма чиқиндилари 2010 йил даражасидан ўн фоизга камаяди, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг юз фоизга қадар замонавий, арзон ва ишончли электр таъминотидан фойдаланиш таъминланади. Экологик жиҳатдан яхшиланган моторли ёқилғи ва автомобил ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш кенгайтирилади, электр транспорти ривожланади1. Ушбу дарсликда миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг амалий йўналиши сифатида “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришнинг назарий асосларини очиб бериш, жаҳонда “яшил иқтисодиёт”ни шакллантириш ва “яшил ўсиш”ни таъминлаш борасида тўпланган бой, илғор тажрибани қиёсий таҳлил этиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини чуқур таҳлил қилиш вазифалари белгиланган. Муаллифлар жамоаси ўз олдига “яшил иқтисодиёт”нинг амал қилиш механизми ва ривожланиш қонуниятлари, Ўзбекистон иқтисодиётини “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан боғлиқ масалаларни комплекс, тизимли ёндошув негизида кўриб чиқиш вазифасини қўйган. 1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4477- сон Қарори Дарслик таркиби мантиқан унинг мақсадидан келиб чиққан ҳолда кириш, кириш, ўнта боб ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Дарсликнинг биринчи бобида “яшил иқтисодиёт” фанининг предмети, мақсади ва вазифалари аниқланган. Барқарор ривожланишни таъминлашда “яшил” иқтисодиётнинг ўрнига баҳоланган, “яшил иқтисодиёт” концепциясининг шаклланиши, ривожланиш босқичлари, амал қилиш тамойиллари ҳамда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришнинг амалий йўналишлари таҳлил этилган. Иккинчи бобда иқтисодий ресурсларнинг чекланганлиги шароитида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш зарурияти асосланган. Халқаро ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш тамойиллари ва амалга ошириш дастаклари қиёсий таҳлил этилган. “Яшил иқтисодиёт”нинг ахборот ресурслари ва “яшил иқтисодиёт” учун инсон капиталини ривожлантиришнинг долзарб масалалари тадқиқ қилинган. Дарсликнинг учинчи боби “яшил иқтисодиёт”ни баҳолаш амалиёти ва индикаторларини ишлаб чиқиш услубиятини қиёсий таҳлил этишга бағишланган. “Яшил иқтисодиёт”ни баҳолашда халқаро ташкилотлар ёндашувининг умумий ва фарқли жиҳатлари қиёсий таққосланган. “Яшил иқтисодиёт”ни баҳолашнинг Жаҳон банки, Халваро валюта фонди (ХВФ), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), UNEP, Глобал яшил институти, Dual Citizen халқаро агентлиги каби халқаро ва хусусий ташкилотлар услубияти комплекс ўрганилган ва илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган илмий хулосалар олинган. Тўртинчи боб “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёнини инвестициялаш масалаларини тадқиқ этишга бағишланган. Ушбу бобда “яшил молиялаштириш” тизимининг таркиби ва амал қилиш хусусиятлари таҳлил этилган. “Яшил лойиҳалар”ни инвестициялаш йўналишлари, “яшил облигациялар”нинг жаҳон молия бозорида тутган ўрнини баҳолаш, муқобил энергия манбаларини ўзлаштиришни инвестициялашнинг устувор йўналишларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Бешинчи боб “Яшил энергетика” барқарор иқтисодий ривожланиш омили сифатида”, деб номланган. Ушбу бобда жаҳонда тикланадиган энергия манбаларининг ўрни баҳоланган, энергия истеъмолининг ҳолати, таркиби баҳоланган ва ривожланиш истиқболлари аниқланган. “Яшил энергетика”нинг ривожланишига таъсир қилувчи омиллар тавсифланган ва гуруҳлаштирилган. “Яшил энергетика”ни давлат томонидан қўллаб- қувватлашнинг хориж тажрибаси тадқиқ этилган ва Ўзбекистонда “яшил энергетика”ни ривожлантириш истиқболлари баён этилган. Дарсликнинг олтинчи боби қишлоқ хўжалигини “яшил иқтисодиёт” асосида барқарор ривожлантириш масалаларига бағишланган. Жаҳонда органик қишлоқ хўжалиги тушунчаси, ривожланиш кўрсаткичлари ва органик маҳсулотлар етиштириш усуллари ўрганилган. Органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари таҳлил этилган. Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари баён этилган.. Еттинчи бобда экологик сиёсат ва уни амалга оширишнинг иқтисодий механизмини таҳлил этишга урғу берилган. Экологик муаммоларнинг моҳияти, келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва ҳал этиш йўллари ўрганилган. Экологик сиёсатнинг мазмуни, таркиби, турлари, вазифалари ўрганилган. Экологик сиёсатни амалга оширишнинг иқтисодий механизми ва дастаклари асосланган. Ўзбекистондаги экологик вазият баҳоланган, экологик сиёсатнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишининг устувор йўналишлари аниқланган. Саккизинчи боб саноат жиҳатдан тараққий этган мамлакатларда “яшил ўсиш”ни таъминлаш моделларини қиёсий таҳлил этишга бағишланган. Ривожланган мамлакатларда амалга оширилаётган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш дастурларининг умумий ва фарқли жиҳатлари очиб берилган. “Яшил ўсишни”ни таъминлаш омиллари ва миллий дастурларининг устувор йўналишлари АҚШ, Европа Иттифоқи, Германия, Корея Республикаси мамлакатлари мисолида таҳлил этилган. Дарсликнинг тўққизинчи боби ривожланаётган ва бозор иқтисодиёти шаклланаётган мамлакатларда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда “яшил иқтисодиёт”нинг ўрни баҳоланган. Хитойда “яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг ўзига хос хусусиятлари, МДҲ мамлакатларида “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш (Россия, Қозоғистон ва Белоруссия Республикаси) миллий дастурларини қиёсий таҳлил этган ҳолда уларнинг ҳолати, ривожланиш тенденциялари, муаммолари ҳамда уларни ҳал этишнинг устувор йўналишлари аниқланган. Ўнинчи бобда Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”ни шакллантириш зарурияти, мақсади, тамойиллари ва ривожлантириш босқичлари ўрганилган. Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг моҳияти, вазифалари, устувор йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари очиб бериилган. Миллий иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, тикланадиган энергия манбаларини ўзлаштириш истиқболлари, иқлим ўзгаришлари оқибатларига мослашиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўллари, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш, уйғунлаштириш масалаларига алоҳида урғу берилган. Муаллифлар дарсликда материални аниқ, мантиқан боғланган ҳолда тизимли баён этишга ҳаракат қилишган. Дарслик бобларининг сўнггида назорат саволлари, асосий тушунчалар ва олинган билимларни мустаҳкамлашга қаратилган тестлар келтирилган. Дарсликни тайёрлаш жараёнида БМТнинг Ихтисослашган ташкилотлари, халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар, нуфузли халқаро нодавлат илмий-тадқиқот марказларининг ҳисоботлари, таҳлилий маърузалари, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва экология давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Ўзбекистон Республикаси Энергетикаси вазирликлари материаллари, хориж ва мамлакатимизда нашр этилган илмий монографиялар, илмий журналлардаги мақолалардан унумли фойдаланилди. Ушбу дарслик Ўзбекистон Миллий университети иқтисодиёт факультети “Макроиқтисодиёт” кафедрасининг етакчи профессор- ўқитувчилари и.ф.д., проф. А.В.Вахабов раҳбарлигида тайёрланган. I-IV, VI, VIII-X боблар и.ф.д. проф. А.В. Вахабов, к. ўқ. Ш.Х. Хажибакиев, V-боб и.ф.д., проф. Ш.А. Тошматов, VII-боб и.ф.д., проф. М.Бўтабоевлар томонидан ёзилган. Download 4.29 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling