Шахсий варақага ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги маълумотларни киритиш шартми?
Ҳа, шарт. Т-2-сон шаклда III. «Тайинланиш ва бошқа ишга ўтказиш» бўлими бор, унда ходимни бошқа лавозимга ўтказишлар ҳақида маълумотлар кўрсатилади. Бу бўлимга ёзувлар тегишли буйруқлар асосида киритилади.
Бундан фарқли ўлароқ, вақтинча бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисида меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритилмайди.
Шахсий варақага тузатишлар қандай қилиб киритилади?
Агар ходимнинг қандайдир маълумотлари (масалан, турмуш қурганлиги муносабати билан фамилияси) ўзгарса, унинг шахсий варақасига янги маълумотларни кадрлар хизмати ходими киритади. Аввал олдинги ёзув устидан тўғри чизиқни шундай тортингки, уни ўқиш мумкин бўлсин. Кейин янги ёзувни киритинг ва шу ёзув ёнига «Тузатилди»сўзини ёзинг. Тузатилган сўз тагига ўз фамилиянгиз ва инициалларингизни ёки идентификация учун керакли бошқа реквизитларни ёзинг, шунингдек ўзгартириш киритилган санани кўрсатиб имзо қўйинг ва ходимни таништиринг.
Ўриндошлик бўйича ишлар ҳақидаги маълумотлар қайси бўлимга киритилади?
Ходимнинг шахсий варақасида ўриндошлик бўйича иш ҳақидаги маълумотлар учун махсус бўлим назарда тутилмаган. Амалиётда бундай маълумотлар III. «Тайинланиш ва бошқа ишга ўтказиш» бўлимига ёки V. «Қўшимча маълумотлар» бўлимига киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |