Ижтимоий фалсафа фанидан маърузалар матни


Маданият ва сивилизатсия фалсафаси


Download 1.04 Mb.
bet27/31
Sana20.02.2023
Hajmi1.04 Mb.
#1215179
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   31
Bog'liq
Ижтимоий фалсафа.кирилл

Маданият ва сивилизатсия фалсафаси


Режа



  1. Маданият – фалсафий мушоҳада предмети сифатида. Сивилизатсия тушунчаси.

  2. Маданиятнинг асосий турлари. Маданиятнинг ижтимоий функсиялари.

  3. Маданият тараққиётининг асосий қонуниятлари.

  4. Маданият ривожида умуминсоний қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти.

Мавзунинг мақсади:


Таълимий мақсад: “Маданият” ва “сивилизатсия” тушунчаларининг моҳияти ва мазмуниогҳиб бериш.
Ривожлантирувчи мақсад: Сивилизатсиянинг тарихий шакллари ва ҳозирги замондаги хусусиятлари. Жаҳон сивилизатсиясида Ўзбекистоннинг тутган ўрни ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашиш.
Тарбиявий мақсад: Маданият ва сивилизатсиянинг асосий тамойиллари, қонуният ва хусуятларини билиш маънавий камолот манбаи эканлигини таъкидлаш.
Таянч иборалар:
Маданият, моддий маданият, маънавий маданият, маданиятнинг функсиялари, сивилизатсия, тарихий ворислик, традисия, новаторлик, менталлик.
Маданият мураккаб ва серқирра тарихий ҳодиса бўлиб, уни археология, этнография, тарих ва сотсиология каби фанлар ўрганади. Бу фанлардан фарқли ўлароқ, фалсафа маданиятнинг алоҳида кўринишларида эмас, балки яхлит, бир бутун ижтимоий ҳодиса сифатида ўрганади. Бу эса фалсафага «Маданиятнинг ўзи нима?» деган саволга жавоб беришга имконият яратади.
Ҳозирги вақтда илмий адабиётларда маданият тушунчасининг 250 дан ортиқ таърифи учрайди. Аввало шуни таъкидлаш жоизки, маданият сўзи арабча «мадина» ва «ият» сўз ясовчи қўшимчасининг қўшилишидан таркиб топган бўлиб, айнан «шаҳарга оид» деган маънони англатади. Лекин бу сўз кейинчалик шаҳарлар илм-фан, маърифат ўчоғи бўлиб келганлиги таъсирида бўлса керак, у маърифатлилик, билимлилик, тарбия кўрганлик маъноларида ишлатила бошланган.
Кўпгина халқларда маданият тушунчаси ўрнида лотин тилидан қабул қилинган cултура атамаси ишлатилади. Култура деганда дастлаб табиат объектларининг инсон меҳнат фаолиятининг натижасида ўзгариши, бошқача айтганда парвариш қилиш, ишлов бериш, деҳқончилик билан шуғулланиш тушунилган.Кейинчалик бу тушунчага кенгроқ мазмун берилиб, у маърифатлилик, билимлилик, тарбия кўрганлик маъноларида ишлатила бошланган.
Бугунги кун илм-фани нуқтаи назаридан маданиятнинг моҳияти унга қадриятлар нуқтаи назаридан ёндашилсагина тўғри тушунилиши мумкин. Маданият инсон фаолияти жараёни, унинг натижасида яратилган моддий ва манавий қадриятлар бўлиб, у шахсни шакллантириш ва камолотида муҳим омил ҳисобланган ижтимоий ҳодисадир.
Бу таърифдан қуйидаги асосий хулосаларга келиш мумкин:

  1. Маданият жамият ҳаётининг бирор соҳаси ёки қисмини эмас, балки унинг умумий, муҳим характеристикасини ифодалайди;

  2. Инсон фаолияти, унинг тафаккури маданият мавжудлигининг асосий шартидир;

  3. Маданият тушунчасининг мазмунида инсон фаолиятининг усули ва натижалари, ҳамда уларнинг инсон шаклланиши ва ривожланишига таъсири ўз аксини топган.

Энди, сивилизатсия деганда нимани тушуниш керак?
Сивилизатсия тушунчаси маданият тушунчаси билан бевосита боғлиқ бўлиб, у лотинча cивилис – фуқароларга, давлатга алоқадор деган маънони англатади.
Ҳозирга қадар илмий адабиётларда бу тушунчанинг ягона таърифи шаклланмаган. Лекин унга бир қанча қарашлар мавжуд:

  1. сивилизатсия муайян халқнинг ёки бутун жаҳон халқлари маданияти тараққиётининг муайян босқичи сифатида қаралади;

  2. у ибтидоий жамоа емирилгандан сўнг, давлатнинг келиб чиқиши билан боғлиқ босқичи сифатида характерланади;

  3. келиб чиқиши ва планетар мансублигига кўра ажратилувчи бирликларни (масалан, ер сивилизатсияси ва ердан ташқаридаги сивилизатсиялар) ифодалаши мумкин;

  4. Фан, техника, хуқуқий муносабатлар, демократик жараёнларривожланишининг юқори даражасини ифодалаш учун қўлланилади;

  5. маданият инсоннинг фақат маънавий ҳаётини акс эттирган тақдирда, сивилизатсия фақат моддий ишлаб чиқариш фаолияти ва унинг натижалари сифатида талқин этилиши мумкин.

Юқоридаги мулоҳазалардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳар қандай сивилизатсия муайян ижтимоий ишлаб чиқариш технологиясига, такрорланмас маданияти, қадриятлари, фалсафий қарашлари, одоб-аҳлоқ нормаларига эга бўлади. Буларнинг баряаси сивилизатсиянинг яхлит бирлик сифатида мавжуд бўлиши учун имконият яратади. Бу сифатий хусусиятларнинг йўқолиши сивилизатсиянинг йўқолишига олиб келади.
Демак, сивилизатсия маданиятнинг муайян тарзда намоён бўлишини, унинг реал мавжуд ҳаётини акс эттиради. Сивилизатсиянинг маданиятсиз, маданиятнинг эса сивилизатсиясиз ундан ташқарида мавжуд бўлиши мумкин эмас. Чунки инсон маълум бир сивилизатсия бағрида ўтмиш авлодлар томониданяратилган барча моддий ва маънавий бойликларни ўзлаштирган ҳолда шаклланиши, камол топиши мумкин.

2.Илмий адабиётларда маданиятни моддий ва маънавий маданиятга бўлиш расм бўлган. Маданиятнинг бундай бўлиниши инсон фаолиятининг икки асосий соҳаси – моддий ва маънавий ишлабчиқариш билан бевосита боғлиқдир.


Моддий маданият инсоннинг моддий фаолиятининг барча соҳаларини ўз ичига олади. Унинг муҳим элементларига ишлаб чиқариш, транспорт, алоқа воситалари, шунингдек, уй-жой, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, истеъмол воситалари киради.
Маънавий маданият эса маънавий ишлаб чиқариш, ижтимоий онг шаклларини яратиш билан боғлиқ бўлган фаолиятнинг барча соҳаларини қамраб олади. Маънавий маданият намоён бўлишининг турли шаклларига: ҳар хил тасаввурлар ва ғоялар, назариялар ва таълимотлар, илмий билимлар ва санъат асарлари, аҳлоқий ва ҳуқуқий нормалар, фалсафий, сиёсий қарашлар, мифология, дин ваш у кабилар киради.
Маданиятнинг бундай бўлинишини мутлақлаштириб бўлмайди. Биринчидан, уларнинг ҳар иккаласи ҳам маданиятдир. Иккинчидан, инсон фаолиятининг маҳсули бўлган кўпгина ҳодисалар ҳам ақлий, ҳам жисмоний меҳнатнинг натижаси сифатида юзага келади. Бошқача айтганда, моддий маданият инсоннинг маълум бир ғоялари, билимлари мақсадларининг намоён бўлишидир. Айни пайтда ҳар қандай маънавий маданият маҳсули ҳам объективлашуви, ўзининг моддий ифодасини (ёзув, расм, ҳайкал, архитектура қурилмалари каби шаклларда) топмоғи лозим. Бундай объективлашув албатта жисмоний ҳаракатни талаб қилади.
Маданиятнинг жамиятда тутган ўрнини билиш учун унинг ижтимоий вазифалари (функсиялари) га алоҳида тўхталиш керак. Маданиятнинг ўзи серқирра бўлганидек, унинг функсиялари ҳам хилма-хилдир.
1. Маданиятнинг бош ва асосий функсияси – яратувчилик билан боғлиқ, негаки, инсон фаолияти давомида нафақат моддий ва маънавий қадриятларни яратади, балки ўз шахсини ҳам шакллантиради, камол топтиради.
2. Маданиятнинг нафақат теварак оламни, балки инсонни ўраб турган ижтимоий воқеликни билишга интилиш натижаси ҳамдир. Шу жиҳатдан олганда маданият – инсон, миллат, жамиятнинг ўзқўзини англаши ҳам демакдир. Чунки маданиятда ижтимоий бирликларнинг эҳтиёжлари ва манфаатлари, ўзига хосликлари, жаҳон тарихида тутган ўрни ўз ифодасини топади.
У ёки бу ҳодиса соф маданият доирасидан чиқиб тарихий тараққиётнинг элементига айланиши учун маълум бир шарт-шароит мавжуд бўлиши керак. Яъни, биринчидан, жамиятнинг умумий билим даражаси юзага келган янги билимни қабул қилишга тайёр бўлиши ва иккинчидан, уни текшириб кўриш, тасдиқлаш ёки инкор этиш имкониятига – асбоблар, воситалар, моддий-молиявий ресурсларга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда у ҳеч қандай тарихий ривожланиш элементига айланмай, маълум бир маданийқмаърифий ҳодиса сифатида қолиб кетиши мумкин. Масалан, Берунийнинг «Ғарбий ярим шарда қуруқлик бор» деган фикрлари билан ана шундай бўлди.
3. Маданиятнинг билиш функсияси билан ахборот (информатив) функсияси узвийбоғлиқдир. Маданиятнинг ахборот функсиясининг мазмуни тўпланган ижтимоий тажриба, билим, малакани ўзатишда кўринади. Бу тажриба, билим маълум бир ривоятлар, ақидалар, илм-фан, адабиёт, санъат асарлари орқали янги авлод томонидан қабул қилиб олинади, ўзлаштирилади. Бундай ўзатиш «вертикал», яъни ўтмиш авлодлардан Янги авлодларга ва «горизонтал», яъни айни бир тарихий даврда, кишилардан кишиларга, бир халқдан иккинчи халққа ўзатиш кўринишида ҳам бўлиши мумкин.
4. Маданиятнинг ахборот функсияси кишилар ўртасида муомала, мулоқот, ўзаро таъсир бўлгандагина юзага чиқади. Шунинг учун маданиятнинг ахборот функсияси унинг алоқа (коммуникатив) функсияси билан узвийбоғлиқдир. Маданият инсон мулоқот соҳасини кенгайишига хизмат қилади. Кишилар ўртасидаги тўғридан-тўғри бевосита мулоқот ўтмиш авлодларига мансуб кишилар, шунингдекбизга таниш ҳам, қариндош ҳам бўлмаган замондошларимиз билан болвосита мулоқот билан тўлдирилади.
5. Маданият кишилар фаолиятини ва улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга ҳам хизмат қилади. Бунда маданиятнинг тартибга солиш (регулятив) функсияси намоён бўлади. У кишиларнинг жамиятдаги шароитларга кўникиши учун хизмат қиладиган турли нормаларда намоён бўлади. Аҳлоқий, эстетик, диний, сиёсий, ҳуқуқий нормалар анна шулар жумласидандир. Ҳар қандай маданият нормаси инсоннинг ички эътиқодига айлангандагина унинг фаолиятини тартибга солувчи омил сифатида намоён бўлади.
6. Маданиятга баҳолаш (аксиологик) функсияси ҳам хос. Ҳар бир янги маданий намунага биз ўзимизда шаклланган маданий қадриятлар нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ижобий ёки салбий, чиройли ёки хунук, адолатли ёки адолатсиз деб баҳо берамиз. Демак, маданиятнинг баҳолаш функсияси туфайли селексия, танланиш содир бўлади, маданиятдаги барқарорлик, ўзига хослик, айни пайтда, давомийлик, ворислик таъминланади.

3.Маданият тараққиётининг асоси унинг вақтда абадийлиги, ўтмишни ҳозирги замон ва келажак билан боғлай олишидир. Шу маънода маданият авлодларни бир-бири билан боғлайдиган асосий воситадир. Шундай қилиб, маданият тараққиётининг қонунларидан бири – тарихий ворисликдир. У бир авлод маданияти ютуқларини, қадриятларини кейинги авлодга қолдиришга, ҳамда шу заилда умуминсоний қадриятлар жамғармасини яратишга хизмат қилади.


Лекин ҳар бир давр кишиси маданий меросга, ўзи яшаётган ижтимоий ҳаётнинг шарт-шароитлари нуқтаи назаридан ёндашиши табиийдир. Шунинг учун ҳар бир тарихий даврда маданиятдаги традисия (анъанавийлик) ва новаторлик (чнги сифатлар) ўртасидаги ўзаро алоқадорлик уч хил шаклда намоён бўлиши мумкин:
1-шакл. Традисия ва новаторликни турли соҳаларда ўзаро алоқадорликда мавжуд бўлиши билан бир қаторда, традисияларнинг устиворлиги;
2-шакл. Традисия ва новаторлик бир-бирига фаол таъсир кўрсатиб, эски ва Янги маданият синтезида маданиятнинг янги модели яратилади;
3-шакл. Ўтмиш маданиятнинг анъанавий нормалари, урф-одатлари, стиллари батамом сиқиб чиқарилади. Бунда ҳозирги замон маданияти ўтмиш маданиятидан тамомила ўзилиб, ўзоқлашиб қолади. Натижада маданиятнинг унумдорлиги камаяди, ҳақиқий маданий қадриятлар деформатсияланади, бўзилади ёки умуман йўқ бўлиб кетади.
Шундай қилиб, маданий мерос деганда биз ўтмиш авлодлар маданиятини ижодий ўзлаштириш ва ривожлантиришни, тарихий ворислик деганда эса улар (маданий мерос ва авлодлар) ўртасидаги алоқадорликни тушунамиз.
Маданият унумли ривожланиши учун ўтмиш мерос билан ҳозирги замон маданияти ўзаро алоқадорликда бўлиши, ҳамда маданий меросдан оқилона фойдаланиш жуда муҳимдир.
Маданиятнинг яна бир муҳим хусусияти – унинг халқларни ўзаро бирлаштира олишидир. Миллат маданиятиқанчалик юксак бўлса, ён атрофдаги бошқа миллатлар, шунингдек келажак авлод маданияти унга шунчалик кўпроқ интилади. Шу билан бирга, бу маданиятнинг ўзи ҳам бошқа маданиятлар билан мулоқотга кучли эҳтиёж сезади. Ва аксинча, маданият қанчалик кам ривожланган бўлса, бошқа маданиятга шунчалик бефарқ бўлади.
Миллий маданиятларнинг ўзаро алоқадорлиги ва мулоқоти улар ривожининг асосидир. Бу эса маданият тараққиётининг яна бир муҳим қонунидир.

4.Ҳар қандай маданият барча даврларда ҳам ўзида умуминсоний қадриятларни акс эттириб келган. Гўзаллик, яхшилик, адолат, эркинлик, меҳр-оқибат, дўстлик, муҳаббат, ватанга, ота-онага ҳурмат каби инсоний фазилатлар ҳар бир миллат, халқ вакили учун, у қайси бир даврда яшамасин қадрли бўлиб келган. Айнан шундай умуминсоний қадриятлар ҳақиқий, юксак маданиятнинг негизини ташкил этади. Бундай маданият қайси бир миллатга хос бўлмасин, у биз учун яқин ва тушунарли бўлади.


Сўнгги пайтларда адабиётларда ва оммавий ахборот воситалари орқали «менталлик» тушунчаси кўп қўлланилмоқда. У нимани англатади?
Бир маданиятга тааллуқли у ёки бу жамият ёки миллат аъзолари учун умумий, фақат уларгагина хос бўлган «руҳий кўникма» мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида кишилар ўзларини ҳамда уларни ўраб турган табиий ва ижтимоий муҳитни фақат уларга хос тарзда хис қиладилар ва англайдилар. Ҳар қандай тарихий манба, маданият ўзида уни яратган одамларнинг менталлик аломатини сақлаб қолади. Чунки, инсон томонидан яратилган барча нарсаларда сўзсиз инсон руҳияти қатнашади. Инсон руҳияти эса у яшаган даврнинг бевосита маҳсулидир. Шунинг учун маданий меъросимизни ёки бошқа миллат маданиятини таҳлил этаётганда, биз ўша миллатнинг, халқнинг, ижодкорнинг менталлигини инобатга олишимиш керак.
Такрорлаш учун саволлар

  1. Маданият нима?

  2. Сивилизатсия нима?

  3. Маданият қандай иккита асосий шаклларга бўлинади?

  4. Маданиятнинг асосий функсиялари нималардан иборат?

  5. Маънавий маданиятга нималар киради?

  6. Моддий маданиятга нималар киради?

  7. Маданият тараққиётининг асосий қанунлари қандай?

  8. Маданий мерос деганда нимани тушунасиз?

  9. Тарихий ворислик деганда нимани тушунасиз?

10. Маданият муваффақиятли ривожланиши учун традисия ва новаторлик ўртасида қандай алоқадорлик мавжуд бўлиши лозим.

Download 1.04 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   31




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling