Хусусий ташкилотларга ишга қабул қилинган, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни касбга қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатларини компенсация қилиш бўйича
ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик тартиб хусусий ташкилотларнинг «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлардан ишга олинган ходимларини қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатларининг бир қисмини мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга компенсация қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Вақтинчалик тартибга мувофиқ «Ёшлар дафтари» рўйхатида мавжуд бўлган ёки бандлиги таъминлангани сабабли ундан чиқарилган, хусусий корхона ёки ташкилотга ишга қабул қилинганига 6 ойдан ошмаган ёш ходимларни касбга қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий ташкилотга Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.
3. Ушбу Вақтинчалик тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ходим — «Ёшлар дафтари» рўйхатида мавжуд бўлган ёки бандлиги таъминлангани сабабли ундан чиқарилган, хусусий корхона ёки ташкилотга ишга қабул қилинганига 6 ойдан ошмаган ёш фуқаро;
ариза берувчи (иш берувчи) — устав капиталида давлат улуши бўлмаган ходимларини касбга қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг бир қисмини компенсация қилишни сўраб белгиланган тартибда мурожаат қилган хусусий ташкилот;
компенсация — Жамғарма маблағлари ҳисобидан ариза берувчига қопланадиган, ходимни касбга қайта тайёрлаш курсида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бўлган қисми;
касбга қайта тайёрлаш — тегишли йўналиш бўйича зарур билим, малакага ва касбий кўникмага эга бўлиши учун ўқув дастурлари асосида ходимни касбий фаолиятга йўналтиришга қаратилган ўқитиш шакли;
малака сертификати — касбга қайта тайёрлаш курси якунида малака имтиҳонини муваффақиятли топширгандан сўнг ходимга бериладиган белгиланган намунадаги ҳужжат;
таълим ташкилоти — касбга қайта тайёрлаш фаолиятини амалга оширувчи давлат ёки нодавлат таълим муассасаси;
электрон реестр — касбга қайта тайёрлаш дастурларида иштирок этувчи таълим ташкилотлари тўғрисидаги тўлиқ ва аниқ маълумотларни ўзида жамлайдиган электрон ахборот тизими.
Do'stlaringiz bilan baham: |