Ислом динининг асослари ва асосий манбалари ислом динининг асослари
БАНДАНИНГ АМАЛЛАРИ НЕЧА ХИЛ БЎЛАДИ?
Download 167.64 Kb.
|
ДУОЛАР
- Bu sahifa navigatsiya:
- Фарзи айн
- Суннатул ҳуда
- Суннатуз-завоид
- Бисмиллахир Роҳманир Роҳим”
БАНДАНИНГ АМАЛЛАРИ НЕЧА ХИЛ БЎЛАДИ?Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Саволда зикр қилинган ҳукмлар (атамалар) асосан еттига бўлинади: 1. Фарз 2. Вожиб 3. Суннат 4. Нафл 5. Мубоҳ. 6. Макруҳ 7. Ҳаром Фарз – қатъий далилар билан собит бўлган амаллардир (масалан, исломнинг беш аркони каби). Фарз амаллар кўпайиш ва камайишни қабул қилмайди (масалан намозларнинг ракаатлари каби). Фарзга амал қилиш шарт. Фарзни инкор қилиш куфр, узрсиз тарк қилиш катта гуноҳ ва фосиқликдир. Энг катта савоб фарз амалларга берилади. Фарз иккига бўлинади: фарзи кифоя ва фарзи айн. Фарзи айн – ҳар бир киши ўзи қилиши лозим бўлган фарзлар, масалан, таҳорат, намоз каби. Фарзи кифоя – жамоатдан бир неча киши бажарса бошқалардан соқит бўладиган, агар ҳеч ким қилмаса, ҳамма гуноҳкор бўладиган фарзлар, масалан, жаноза намози, Қуръонни тўлиқ ёд олиш каби. Вожиб – фарз каби бажариш қатъий талаб қилинган, лекин далиллар фарзникидан кучсизроқ бўлган амаллар, масалан, фитр садақаси ва қурбонлик каби. Фарздаги каби қатъий билимни ифодаламагани учун вожибни амалий фарз ҳам дейилади ва уни инкор қилган кишини кофирга чиқарилмайди. Вожибни тарк қилган одам ҳам фосиқ бўлади. Суннат – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али разияллоҳу анҳум)ларнинг тутган йўлларидир. Унинг ҳукми – фарз ёки вожиб бўлмасада бандадан уни бажариш талаб қилинади. Суннат иккига бўлинади: суннатул ҳуда (ҳидоят суннати) ва суннатуз-завоид (қўшимча суннатлар). “Суннатул ҳуда” – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат маъносида, Аллоҳ таолонинг розилиги учун доимий қилган амаллари. Уларнинг баъзилари бошқаларига қараганда кўпроқ таъкидланган бўлади, масалан, намозни жамоат билан ўқиш, азон ва иқомат такбирини айтиш каби. Бу суннатларнинг аксарияти исломнинг шиорлари бўлиб, бажарган савобга эришади, тарк қилган киши охиратда маломат ва итобга қолади ”Суннатуз-завоид” – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийиниш, ўтириш, туриш ва таомланиш каби одатлари (бу ишлар ибодат ва қурбат сифатида қилинмаган). Уларга амал қилган киши савоб олади, тарк қилган киши гуноҳкор бўлмайди. Нафл – қилса савоб, қилмаса гуноҳ бўлмаган амаллардир. Масалан, нафл намозлар каби. Нафл ибодатлар фарз ибодатлардаги нуқсонларни тўлдирувчи ҳисобланади. Баъзи уламолар “нафл” ўрнида мустаҳаб атамасини ҳам қўллашади. Мустаҳаб – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гоҳида қилиб, гоҳида тарк қилган ва салафи солиҳлар хуш кўрган амаллари. Уни “мандуб”, “адаб” ёки “фазилат” деб ҳам атайдилар. Баъзи уламолар уни суннатул ҳуда ва суннатуз-завоиддан паст даражада туради десалар, бошқа уламолар суннатуз-завоид мустаҳаб маъносидаги амалдир, деганлар. Мустаҳаб ҳам савобли амал бўлиб, уни тарк қилишни уламолар асло макруҳ деб билмайдилар. Мубоҳ – қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир. Масалан, ҳалол таомларни ейиш, ҳалол ичимликларни ичиш, ўтириш, туриш, юриш ва зарарсиз сўзларни сўзлаш каби. Макруҳ – қатъий бўлмаган далиллар билан ундан тийилиш талаб қилинган амал. Макруҳ амал иккига: макруҳи таҳримий (ҳаромга яқин) ва макруҳи танзиҳий (ҳалолга яқин)га бўлинади. Макруҳи таҳримий – вожибни тарк қилишдан келиб чиқади. Уни қилмаслик билан савобга, қилиш билан эса гуноҳга эга бўлинади. Масалан, Ҳайит кунлари рўза тутиш каби. Макруҳи танзиҳий – суннатни тарк қилишдан келиб чиқади. Суннат қанчалик такидланган бўлса, уни тарк қилиш шунча ҳаромга яқин бўлиб боради. Баъзи манбаларда “мустакраҳ” атамаси ҳам учрайди, у одобни тарк қилишдан келиб чиқади ва макруҳдан пастроқ даражада туради. Ҳаром – тарк қилиш қатъий талаб қилинган амал. Ҳаромни тарк қилган савоб олади, амалга оширган гуноҳкор бўлади. Масалан, ноҳақ одам ўлдириш, одамзотга ва ҳайвонотга зулм қилиш, ғийбат қилиш каби ишлар. Ҳаром иккига бўлинади: қатъий далиллар билан собит бўлган ҳаром, у фарзнинг муқобилида туради. Яъни, уни тарк қилиш фарз даражасидаги амал. қатъий бўлмаган далиллар билан собит бўлган ҳаром, уни макруҳи таҳримий ҳам дейилади. У вожибнинг муқобилида бўлади. Яъни уни тарк қилиш вожиб даражасидаги амал (“Нурул анвор”, “Қамарул ақмар”, “Кувайт фиқҳ энциклопедияси” ва “Хошиятус Сунбулий” китоблари). Муҳими, мазкур амалларни бажариш ёки тарк қилишда ихлос, Аллоҳ таолонинг розилиги қасд қилиниши лозим. Шунда улар ибодат даражасига кўтарилади, ихлос бўлмаса, ибодатлар ҳам одатларга айланиб қолади. Валлоҳу аълам. “Бисмиллахир Роҳманир Роҳим” – мусулмон одам, нима қилишидан қатъий назар, амали ушбу сўзлар билан бошлайди. Download 167.64 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling