«ИҚтисодиёт» кафедраси «Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш» фанидан
Download 99.19 Kb.
|
КУРС ИШИ (3)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Мослашувчан инфляцион таргетлаш
Инфляцияни қаттиқ таргетлаш доирасида Марказий банк ҳар қандай макроиқтисодий шароитда инфляциянинг белгиланган мақсад кўрсаткичларига эришиш юзасидан ўз зиммасига улкан масъулият олади. Ушбу тизим иқтисодий субъектларнинг Марказий банк сиёсатига нисбатан ишончини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Режимнинг камчилиги, пул-кредит сиёсати инструментларининг тез-тез ва сезиларли ўзгариб туриши бўлиб, бу қисқа муддатда иқтисодий ўсиш, иш билан бандлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бошқа параметрларига салбий таъсир кўрсатади.
Мослашувчан инфляцион таргетлаш режими қисқа муддатда мақсаддан четга чиқишга имкон беради ҳамда инфляцияга қарши пул-кредит сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш параметрларига салбий таъсирини юмшатишга имкон беради. Ривожланган мамлакатлардан Канада 1991 йилда таргетлаш сиёсатига ўтишдан аввал инфляция даражаси 5,6 %ни кўрсатган, таргетлаш режимини қўллашнинг натижаси ўлароқ, бугунги кунда бу кўрсаткич 1,6 %га туширилган. Бирлашган қиролликда эса 1992 йилда 4,3 % бўлган бўлса, кейинги йилларда 1,0 %га тушган. Ривожланаётган мамлакатларда, жумладан, Чехияда инфляцион таргетлашни қўллашдан аввал 8,6 % бўлган бўлса, бугунги кунда 2,4 %га тушган. Исроилда дастлаб 9,0 % бўлган бўлса, кейинги йилларда 0,2 %ни ташкил қилган. Польша мазкур режимни 1998 йил қабул қилишидан олдин қадрсизланиш даражаси 7,3 % бўлган, самарали қўллаш натижасида уни 2,6 %га туширишга муваффақ бўлган. Умуман олганда, инфляцион таргетлаш сиёсатини кабул қилган мамлакатларда инфляция даражаси етарлича паст даражада ва барқарор эканлиги маълум бўлди. Мўтадил инфляция иқтисодиётда маълум заҳираларнинг мавжудлиги шароитида иқтисодий ривожланишни рағбатлантириши ҳамда товар ва пул бозори ўртасида баҳонинг белгиланиши ёрдамида мувозанатни сақлаши мумкин. Нархларнинг назорат килиб бўлмайдиган ўсиши эса ҳаттоки, ривожланган мамлакатларда ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Узоқ муддатли иқтисодий сиёсат концепциясига таянган ва мўтадил инфляция даражасини сақлаб колишга (йилига 2-3 %) йўналтирилган инфляцияни таргетлаш сиёсати, сузувчи валюта курси режими билан биргаликда, бир қатор мамлакатларда, хусусан, ривожланган давлатларда, иқтисодий динамикани яхшилашга имкон берди. Ривожланаётган мамлакатларда оралиқ таргетлаш режимини қўллаш ўз ичига валюта курсини тартибга солиш бўйича чора-тадбирларни олган бўлиб, ушбу мамлакатларда тўлиқ таргетлаш режимига ўтишнинг зарур босқичига айланди, чунки уларнинг ривожланиши ташқи омилларга, яъни хорижий капитал оқими динамикасига боғлиқдир. Марказий банкнинг ички валюта бозорига ҳаддан зиёд фаол аралашуви иқтисодий субъектларнинг нотўғри стратегия ишлаб чиқишига олиб келади ва уларнинг нотўғри инвестицион қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай мамлакатлар учун энг мақбул ечим иқтисодий вазият ва мамлакатнинг очиқлик даражасига мос бўлган, аммо валюта интервенцияларининг фақатгина пул-кредит сиёсати ёрдамчи воситаси сифатида қўлланилиши шарти остида валюта сиёсатини амалга ошириш ҳисобланади. Умуман олганда, пул-кредит сиёсатини қўллаш бўйича жаҳон тажрибаси иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсишига қулай шарт-шароитлар яратиш учун нархлар барқарорлигига қаратилишини тасдиқлайди. Шу муносабат билан Марказий банк томонидан амалга оширилиши режалаштирилган пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади инфляция суръатларини босқичма-босқич пасайтиришдир. Мамлакатимизда валюта сиёсатини либераллаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадларнинг белгиланиши инфляцион таргетлашга ўтиш учун таянч шарт-шароитлар яратади. Халқаро тажрибага асосан, инфляцион таргетлаш режимига ўтиш қуйидаги йўналишлар бўйича макроиқтисодий шароитлар мавжудлигини ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини талаб қилади: пул-кредит сиёсатини юритиш, яъни трансмиссион механизм самарадорлигини ошириш; валюта бозори фаолиятини янада либераллаштириш ва такомиллаштириш; пул-кредит сиёсатининг мавжуд инструментларини такомиллаштириш ва янги замонавий бозор инструментларини жорий этиш; банклараро пул бозори фаолиятининг шаффофлигини ошириш ва ривожлантириш; макроиқтисодий прогнозлаш ва таҳлил қилиш салоҳиятини мустаҳкамлаш; пул-кредит сиёсатининг пировард мақсади ва қўлланиладиган инструментлар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида пул-кредит сиёсатининг аниқлиги ва шаффофлигини ошириш; коммуникацион сиёсатни такомиллаштириш; Марказий банкнинг институционал базасини ривожлантириш; молия бозорини, шу жумладан, давлат қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш; макроиқтисодий сиёсатни самарали мувофиқлаштириш; иқтисодиётнинг барча тармоқларида таркибий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш. Умуман олганда, инфляцион таргетлашга ўтиш пул-кредит сиёсатининг барча асосий йўналишларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни талаб қилади. Ушбу концепцияда назарда тутилган тадбирларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши бозор механизмлари ва инструментлари асосида пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш бўйича стратегик вазифалар бажарилиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Download 99.19 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling