Йилларда германия. 1-§. Германияда маъмурий-ҳудудий бошқарув тизими


Download 137.93 Kb.
bet6/15
Sana22.10.2023
Hajmi137.93 Kb.
#1716455
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15
Bog'liq
Германия 1945-2023

Оккупация даври.
Урушдаги қақшатқич мағлубият Германияни иқтисодий ва ижтимоий-руҳий жиҳатдан ҳалокат ёқасига олиб келди. Урушда Германиянинг талофати 13,5 миллион кишини ташкил этди. Уруш Германияни аҳолисининг ўндан бир қисмидан маҳрум қилди. Кўпгина шаҳарлар, айниқса, Шарқий ҳудудларда бутунлай вайрон қилинди. Саноат корхоналарининг асосий қисми бомбардимонлар туфайли вайронага айланди. 1946 йилда саноат ишлаб чиқариши урушдан олдинги даврга нисбатан уч баравар қисқарди, қишлоқ хўжалиги ўттиз йил орқага кетди. Иқтисодиётга ишчи куч етишмас эди. Транспорт тузилмаси ва энергия тизими бутунлай ишдан чиққан эди, минтақалараро савдо алоқалар узилди. Ёппасига олиб-сотарлик, “қора бозор” ва дўконларнинг бўм-бўш расталари одатий ҳолга айланди. Урушдаги вайроналар ва аҳоли кўчиши туфайли уй-жой масаласи оғирлашди. 1945 йилда аҳолининг энг зарур нарсалар билан таъминланиш даражаси аҳоли жон бошига ҳисоблаганда қуйидагича эди: бир жуфт оёқ кийими - 12 йилга, костюм-50 йилга, тарелка-5 йилга. Немис халқи очликка гирифтор бўлди. Моддий талофатга молиявий тизимнинг бутунлай ишдан чиққанлиги қўшимча эди. Муомалада бўлган пул миқдори мавжуд бўлган маҳсулотга нисбатан бир неча марта кўп эди, давлат қарзлари 1938 йил охиридаги 27,2 млрд. маркадан 1945 йил майига келиб 377,3 млрд маркага етди. Инфляция урушдан олдинги даврга нисбатан 600%ни ташкил этди. Иш куни 16 соат ва ундан кўп давом этарди, аммо ойлик маош 1940 йил даражасида сақланиб қолган эди. Немис жамиятини қамраб олган психологик эсанкираш ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Одамлар кайфиятини асосан ички тушкунлик ва умидсизлик кайфияти, нафрат ҳамда келажакка ишончсизлик чулғаб олганди. Фуқаролик бошқарув органларини шакллантириш ниҳоятда мураккаблашган эди. Аҳоли катта қисмининг сиёсий фаоллиги жуда паст эди. Илгариги амалдорлар ва сиёсатчиларнинг катта қисми нацистлар билан алоқада бўлганликда айбланиб лавозимларидан четлаштирилди. Франция ва Италиядаги каби янги бошқарув органларини тузиш масаласида келишмовчиликлар мавжуд эди. 1945 йилнинг октябридаёқ АҚШ маъмурияти Потсдам конференцияси қарорлари асосида немис Марказий бошқарувларини яратиш масаласини қўйди. Аммо бу таклифлга Германияни бутунлай бўлиб ташлаш тарафдори бўлган Франция қарши турди. Франция ветосига қаршилик кўрсата олмаган АҚШ 1945 йил ноябрида Иттифоқчилар Назорат Кенгашига икки ёки уч минтақа (зона) учун марказий бошқармалар тузиш тўғрисидаги таклифни киритди. Франция билан дўстона муносабатларни сақлаб қолишга интилаётган ва АҚШ таклифига шубҳа билан қараган СССР АҚШ таклифини Германиянинг тўрт томонлама бошқарилиши тамойилининг бузилиши ва унга барҳам беришга қаратилган қадам деб баҳолади. Тикланиш жараёнини бошқариш тўлиқ оккупацион ҳукуматлар ихтиёрида қолди.
Германиядаги Совет Ҳарбий Маъмуриятининг (ГСҲМ) фаолияти аҳолининг моддий таъминотига салбий таъсир кўрсатди. Хусусан саноат ускуналари, истеъмол моллари, транспорт ва хом ашёни товон ҳисобига олиш ички аҳволни мураккаблаштирди. Германия ҳудудидан 22 минг вагон хўжалик моллари, 73 минг вагон уй-жой қурилиш моллари, 154 вагон матолар, мўйналар ва ҳаттоки 24 вагон мусиқа асбоблари олиб чиқиб кетилди. СССРга 2 миллион бош қорамол олиб кетилди. 3474 та саноат ва хўжалик корхоналари асбоб-ускуналари (демонтаж) қисмларга ажратилди. Фақатгина 1947 йил январидан бошлаб, демонтажни тўхтатиш ва йирик корхоналарда совет ҳиссадорлик жамиятларини яратиш ва уларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни репарация (товон) ҳисобига ундиришга қарор қилинди.
ГСҲМ зобитлари етарли тажрибага эга бўлмаганлиги сабабли қаттиқ бошқарув усулини ва ҳарбийлашган тартибдаги хўжалик тизимини жорий қилди. Германия совет ҳарбий маъмурияти фаолиятида Хавфсизлик хизматининг, шунингдек, Ташвиқот ва Цензура Бошқармасининг ўрни катта бўлди. Шарқий Германияда Ички Ишлар Халқ Комиссариати (НКВД) ҳам фаоллик кўрсатди. Ғарбий оккупацион минтақалардан фарқли ўлароқ, Шарқий Германияда тезда немис бошқарув органлари ташкил қилинди. Аммо уларнинг фаолияти тўла Совет маъмурияти томонидан назорат қилинарди.
1945 йил охиридан бошлаб совет зонасида иқтисодий ислоҳот ўтказиш бўйича фаол қадамлар ташланди. Ҳарбий ёки нацист жиноятчи деб тан олинган шахсларга тегишли саноат корхоналарини мусодара қилиш иши тезлаштирилди. Германиядаги Совет Ҳарбий Маъмурияти мусодара қилинган корхоналар тақдирини белгилаш мақсадида референдум ўтказди, натижада бу корхоналар халқ мулки деб эълон қилинди. Шундай қилиб, Шарқий Германия саноатининг 60% и давлат сектори ихтиёрига ўтди. Бу сектор фаолияти режалаштириш тамойиллари асосида ва заводлардаги кенгашлар ва касаба уюшмаларига ўз-ўзини бошқариш бўйича кенг ҳуқуқлар бериш билан амалга ошириларди.
1945-1946 йилларда аграр ислоҳот ҳам ўтказилди. Юнкерлар ва черковдан мусодара қилиб олинган 3,3 млн. гектар ер, улардаги хўжалик иншоотлари, чорва ва 6 мингта тракторлар билан биргаликда 560 мингта ерсиз ва кам ерли деҳқонларга бўлиб берилди. Бу Шарқий зонадаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 33 %ини ташкил этарди. Уларда деҳқонларнинг ўзаро ёрдам жамоа бирлашмалари тузила бошланди, 1949 йилда эса ислоҳот давомида деҳқонларга берилган ҳамма ерлар “халқ мулки” деб эълон қилинди ва бу жамоа хўжаликлари тузиш учун асос бўлди.
Ғарбий минтақалардаги иқтисодий ўзгаришлар бошидан бошқача тус олди. Вайроналарнинг Шарқий ҳудудларга нисбатан камлигига қарамасдан аҳоли аҳволи бу ерда ёмонроқ эди. Урушнинг охирги ойлариданоқ Германия жанубига қочоқлар тўплана бошлаган эди. Совет зонасидан шунингдек Чехословакия, Венгрия ва Польшадан келган қочоқлар ҳам шу ерга тўпланаётган эди. Агар 1945 йилда Шарқий Германияда аҳоли 17 млн.дан иборат бўлган бўлса, улар ғарбий ерларда 44 млн.ни ташкил этарди. Кейинчалик бу фарқ янада катталашди.
Немис аҳолисининг оғир аҳволиАҚШ, Англия ва Франция давлатларини ғарбий зоналардан маҳсулотлар ва саноат асбоб-ускуналарини товон ҳисобига ундиришдан воз кечишга ҳамда немис ишчиларига ойлик маоши тўланишини йўлга қўйишга мажбур этди. Ғарбий зоналардан фақат илмий лабораториялар ва техника марказларидаги махсус қурилмалар олиб кетиладиган бўлди. Умуман, уруш оқибатида Ғарбий Германиянинг иқтисодий салоҳиятининг қисқариши урушдан олдинги даврнинг 20%ини, саноат корхоналарини қисмларга ажратиш (демонтаж) оқибатида эса 12%ини (Шарқий Германияда бу кўрсаткич 45 ва 25%) ташкил этди.
Ғарбий минтақалардаги оккупацион ҳукуматлар дастлаб амалга ошириладиган иқтисодий тадбирларнинг аниқ режасига эга эмас эдилар. Шунинг учун улар ишни учала минтақада фашист ҳарбийлари ва нацист-жиноятчиларнинг мулкларини мусодара қилишдан бошлади. Аммо у ёки бу минтақа доирасида бирор-бир марказлашган бошқарув тузилмаларини шакллантириш ва миллийлаштириш бўйича тайёрланган лойиҳалар йўқ эди. Бундан ташқари энг яхши таъминланган АҚШнинг солдат ва офицерлари учун “қора бозор”нинг сақланиб қолиши ҳам фойдали эди.
Оккупацион ҳукуматларнинг барқарорликни шакллантириш бўйича турлича қарашларга эга эканликлари 1946 йил майида Ташқи ишлар Вазирлари Кенгаши (ТИВК)нинг Парижда бўлиб ўтган сессиясида маълум бўлди. Унда на Германия билан тузиладиган сулҳ шартномасининг умумий тамойиллари ва на иқтисодий ўзгаришларнинг ягона режалари ишлаб чиқилди. Мамлакатни бўлиб юбориш аломатлари кўрина бошлади.Бунга зоналар аро олиб сотарлик авж олганлиги ҳам баҳона бўлди. Доимий ойлик маош олиб ишлайдиган ғарбий зоналар совет зонасидан арзонроқ маҳсулотларни ва озиқ-овқатни олиб кетишга уринарди. Натижада тўрттала томон маъмурияти розилиги билан 1946 йил 30 июнида Совет ва ғарбий зоналар(ҳудуд) ўртасидаги чегарада одамлар ва маҳсулотлар оқими устидан қаттиқ назорат ўрнатилди.
1946 йил ёзидан бошлаб Германиядаги аҳвол кескинлаша бошлади. Июль ойида АҚШ давлат департаменти маъмурий бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида АҚШ ва Буюк Британия оккупацион зоналарини бирлаштириш тўғрисидаги истагини билдирди. “Иқтисодий бирлашган ҳудуд” (Бизония) тузиш тўғрисида 1946 йил декабрида битим имзоланди. Бирлашган оккупацион минтақалар доирасида иқтисодий инфратузилмани, истеъмолчи бозорини, барқарорлашган меҳнат бозорини тиклашга қаратилган ва тартибга солинган сиёсат амалга оширила бошланди. Бу жараёнда аллақачон немис бошқарув органлари, жумладан Л.Эрхард раҳбарлик қилаётган иқтисодий Кенгаш муҳим роль ўйнади. Бу чораларнинг ҳаммаси Совет давлатининг розилигисиз амалга оширилди.
Германиянинг Шарқий ва Ғарбий ерлардаги сиёсий ўзгаришлар жараёни ҳам кескин фарқлана бошлади. Аввалига бу жараён Потсдам келишувлари доирасида рўй бериб, нацистлар партияси, Германия қуролли кучлари, офицерлар корпуси, ярим ҳарбий ташкилотлар тарқатиб юборилди. Сиёсий фаолиятга аралашиш ва фуқаролик лавозимларига эгалик қилиш ҳуқуқи фақат сиёсий ва маънавий сифатларига кўра Германияда демократияни ривожлантиришга ёрдам бера олувчи шахсларга берилди. Фуқаролик, ирқий, миллий тенглик тамойиллари асосида суд тизими қайта ташкил қилинди. 1945 йил ноябри - 1946 йил октябрида Нюрнбергда халқаро трибунал суди фаолият кўрсатди. Унинг давомида нацист ва ҳарбий жиноятчилар жавобгарликка тортилди. Денацификация (фашизмни йўқ қилиш) бўйича маҳаллий немис комиссиялари (шпрухкеммер) ташкил қилинди. Улар иттифоқчиларнинг трибуналлари билан ҳамкорликда айбланувчиларнинг айбдорлик даражасини аниқларди. Шунга биноан жиноий ишлар бешта тоифага бўлинди: (“асосий жиноятчилар”, “жазо юкланганлар”, “жазо билан камроқ юкланганлар”, “ҳамтовоқлар” ва “тегинмаганлар”). Жиноий жавобгарлик фақат биринчи тоифа учун белгиланди, шунинг учун айбланувчиларнинг 95%и оқланди ва қисман ҳуқуқлардан маҳрум қилинди.
Денацификация ва демократлаштириш жараёни янгиланган немис сиёсий элитасининг шаклланиши билан биргаликда рўй берди. Ғарбий ва Шарқий минтақаларда партия қурилиши ўзига хос хусусиятларга эга бўлди. Совет маъмурияти 1945 йилда Шарқий Германия ерларида 4 та партияга фаолият кўрсатишга рухсат берди: Германия коммунистик партияси (ГКП), Германия социал-демократик партияси (ГСДП), Христиан-демократик союз (ХДС), Германия либерал-демократик партияси (ГЛДП). 1948 йилда Германияда Совет Ҳарбий Маъмурияти ёрдами билан миллий-демократик партия (МДП) ва Демократик деҳқонлар партияси (ДДП) тузилди. Бу партиялар сўл блокнинг ижтимоий-сиёсий базасини тўлдиришлари керак эди. Германия Совет Ҳарбий Маъмурияти ёрдами билан коммунистлар янги полиция, суд ва прократура органлари тузиш учун янги кадрлар танлаш имтиёзига эга бўлди. Коммунистлар таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ижодкор зиёлилар фаолиятини назорат қилишда ҳал қилувчи роль ўйнади ва аграр ислоҳотлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Компартия раҳбариятида Германияда социализм қуришни ёқловчи Вальтер Ульбрихт раҳбарлигидаги кучли сўл-радикал қанот мавжуд эди. Компартия раҳбари Вильгельм Пик позицияси юмшоқроқ бўлиб, 1945-1946 йилларда у партия фаолиятини умум немис давлати доирасида парламентар демократик республика яратишга йўналтиришни ёқлади.
Германия Социал Демократик Партиясидаги сўл-радикал ва мўътадил оқимлар ўртасидаги кураш янада кескинроқ эди. Улардан бири О.Гротеваль раҳбарлик қилаётган Берлин Марказий Қўмитаси бўлса, иккинчиси Буюк Британия зонаси мададига суянувчи К.Шумахер бошлиқ Гоннавер бюроси эди. Германия Социал Демократик Партияси раҳбарияти коммунистлар билан қўшилиш ва ягона Германия сўл партиясини тузиш тарафдори эди. Шу сабаб 1946 йил апрелида иккала партиянинг бирлаштирувчи съезди бўлди. Янги партия Германия бирлашган социалистик партияси (ГБСП) деб номланди. Унинг дастурида долзарб иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш: “эксплуатация ва зулмга, қашшоқлик ва ишсизликка барҳам бериш ҳамда империализм таҳдидан холос бўлган социализм қуриш ўз ифодасини топган эди. ГБСПнинг тенг ҳуқуқли раҳбарлари В.Пик ва О.Гротевальлар бўлдилар. Ягона бирлашган партиянинг дастурини қўллаб-қувватламаган аъзолари янги партия сафидан четлаштирилди.
К.Шумахер гуруҳи бирлаштирувчи съезд натижаларини тан олмади. Ўнг социал-демократлар 1946 йил майида Гоннавердаги съездда Германия Социал Демократик Партиясини қайта тиклади. Шумахер коммунистлар ва уларга қўшилган социал демократларга нисбатан қаттиқ позицияни эгаллади ва улардан бирини “совет партияси”, иккинчисини “немис миллий манфаатлари сотқинлари” деб атади. Шарқий ерларда фаолият кўрсатишдан воз кечган ГСДП, Одер-Нейсе дарёлари бўйлаб ўтган чегарани қайта кўриб чиқишни ва ҳамма босиб олинган зоналарда товон тўловларини бас қилишни талаб қилди. Шумахер айирмачиликнинг ашаддий душмани эди ва ягона, мустақил немис давлати тарафдори эди. Шу билан бирга урушдан кейинги шароитда Совет ҳарбий-сиёсий таъсиридан қутулиш учун ҳаттоки мамлакатнинг парчаланишига ҳам тайёр эди. Шумахер нацистлар лагерида 10 йилни ўтказган муросасиз антифашист сифатида жуда машҳур эди.
ГБСП нинг тузилиши ва бир вақтнинг ўзида Германияда социал-демократик партиянинг парчаланиши Германиянинг ғарбига ҳам таъсир қилмай қолмади. Ғарбдаги оккупацион ҳукуматлар ГБСП байроғи, остида ягона коммунистик ва социал-демократик ташкилотлар тузишни тақиқлаб қўйди. Натижада 1948 йил апрелида Ғарбий Германия коммунистик ташкилотлари конференцияси Макс Рейман бошчилигида ўз раҳбариятини сайлади ва ГКПнинг ГБСПдан ажралиб чиқиши 1949 йилнинг 3 январида юз берди.
Германиянинг урушдан кейинги сиёсий ҳаётида христиан-демократлар ҳам муҳим ўринга эга бўлди. Германия кўп асрлик христиан сиёсий ҳаракати анъаналарига эга эди. Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг нафақат Германия, балки Италия, Австрия, Франция, Голландия, Бельгияда ҳам христиан-демократик ҳаракатнинг бирлашуви рўй берди. Христиан демократияси мафкуравий синтез асосида ривожланди: давлат қурилиши тўғрисидаги либерал-демократик қарашлар ижтимоий католицизм, “тараққиётнинг учинчи йўли” мафкураси билан қоришиб кетган эди. Ижтимоий католицизмнинг корпоратив ғояларидан воз кечган христиан демократияси жамиятга ягона ўзаро боғланган организм деб қараш, инсонни Худо томонидан яратилганлигини тан олиш, инсоннинг ўз виждони ва Худо олдида жавобгарлиги ғояларига асосланар эди. Германия учун христиан-демократиянинг уйғониши, ниҳоятда муҳим эди. Христиан демократияси, вайронага айланган, ўз ўтмишидан ҳафсаласи пир бўлган ва келажакка умидсизлик билан қараётган мамлакатда юзага келган маънавий бўшлиқни тўлдира олди, миллий ғоя ҳаққонийлигини сақлаб қолди. Христиан Демократларнинг умумгерман ташкилоти (ХДС) 1945 йил июнида Берлинда тузилди. Унинг раҳбари Андрос Гермес тезда совет маъумрияти тазйиқи остида ўз лавозимини тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнини касаба уюшмалари раҳбари Яков Кайзер эгаллади. ХДС совет зонасида иқтисодий ислоҳатларни амалга ошириш масалаларида сўл партияларнинг фаол рақибига айланди. ГБСП ташкил топгандан сўнг христиан демократлар янада радикал позицияни эгаллашди. 1947 йил октябрида Берлинда бўлиб ўтган ХДСнинг 2-съездида Яков Кайзер партияни догматик маркасизм ва унинг тоталитар (мустабид) сиёсатига қарши курашга чақирди. Кайзер жосусликда айбланди. Таъқиблар остида Кайзер ва унинг бир қатор ҳамкасблари Ғарбий Германияга кетишга мажбур бўлди. Шундан кейин Шарқий Германия Христиан Демократик Союзга О.Нушке бошчилик қилди.
Ғарбий Германия Христиан Демократияси раҳбари 1933 йилда нацистлар томонидан ўз вазифасидан озод этилган ва урушдан кейин сайланган собиқ Кельн шаҳри мэри Конрад Аденауэр бўлди. Аденауэр 1945 йил 2 сентябрида Кельндаги съездда ташкил этилган ғарбий зоналар ХДСига раҳбарликка сайланди. АҚШ ҳукумати ёрдами билан у обрўли жамоат арбоблари ва йирик сиёсий гуруҳ вакилларидан ўз партияси ядросини шакллантира бошлади. У партия қурилишининг “фаоллар” моделидан воз кечди. ХДС дастурида сайловчиларнинг кенг қатлами қўллаб-қувватлашига эришиш ва шу асосда янги демократик давлатчиликнинг ижтимоий асосини шакллантириш илгари сурилган эди. ХДС “барча христианлар” ва “барча қатламлар” бирлашмаси, яъни барча ижтимоий гуруҳлар ҳамда иккала христиан конфессиясининг манфаатларини ҳимоя қилувчи партия деб қараларди. Шу билан бирга Аденауэр ХДСнинг антикоммунистик йўналишини таъкидлаб, ҳам нацистик, ҳам марксистик мафкуравий экстремизмни қаттиқ қоралади.
Ғарбий зоналардаги оккупацион ҳукуматлар томонидан ХДСнинг қўллаб-қувватланиши, иттифоқчилар ўзаро муносабатларида 1946 йил охиридан бошлаб узоқлашиш пайдо бўлганлигини кўрсатарди. Германия парчаланиши тобора яққол намоён бўла борди. Аденауэр Ғарбий Германия давлатини тузиш ғоясини очиқчасига қўллаб-қувватловчи немис сиёсатчиларидан бири эди. Аденауэр пруссча анъаналарни кўрарга кўзи йўқ эди. Ғарб цивилизацияси доирасида Германия буюклигини тиклашни орзу қиларди. Бундай сиёсатни амалга оширишда 1946 йилда Католик христиан партия (кейинчалик конфессиялараро) сифатида Баварияда ташкил топган Христиан Социал Союз (ХСС) ХДС нинг ишончли иттифоқчисига айланди. ХСС раҳбари Франц-Йозеф Штраус ХДСнинг умумий тамойилларини ва Аденауэрнинг сиёсий дастурини ёқлаган ҳолда ўз фаолиятида мустақилликни сақлаб қолишга интилар эди. Ғарбий Германиянинг қолган ерларида христиан демократик ҳаракатнинг бирлашиши 1947 йилда рўй берди.
Либерал йўналишдаги сиёсий партиялар урушдан кейинги даврда Германияда сўллар ва христиан-демократлар каби мустаҳкам партияга айлана олмади. Либерал-демократик партия шарқий зонада 1945 йилдаёқ ташкил қилинган бўлсада, аммо Совет маъмуриятининг қаттиқ тазйиқи остида бутун Германияга ўз таъсирини кўрсата олмади. Бунинг акси ўлароқ 1946 йилнинг бошидан Ғарбий зоналарда либералларнинг мустақил сиёсий ҳаракати шаклланди ва 1948 йилнинг декабрида Эркин демократик партия (ЭДП) ташкил топди. Унинг раҳбари Теодор Хейс эди.
1946 йилда бўлиб ўтган земел ҳукуматлари (ландтаглар)га бўлган сайловлар Германиядаги етакчи сиёсий кучларнинг аҳволи танг эканлигини намойиш этди.Ҳаттоки совет зонасида ҳам сайловлар демократик муҳитда ўтказилди. Натижада ГБСП ландтаглар ва земеллар бошқарувида (ГЛДП) ва ХДСлар биргаликда эгаллаган мандатлар сонига тенг мандатга эга бўлди. Ғарбий зоналарда христиан-демократлар 6 та, социал-демократлар 5 та земел бошқарувига эга бўлишди. Аммо тез орада Шарқий ва Ғарбий Германия сиёсий бошқарувида ўзига хослик намоён бўла бошлади. Бунга оккупацион ҳукуматларнинг тўғридан-тўғри аралашувидан ташқари немис жамиятининг ўзига хос минтақавий хусусиятлари ҳам таъсир кўрсатди.
Шимолий ва Шарқий Германия бир неча ўн йиллар давомида ишчилар ҳаракатининг марказига айланганлиги ва коммунистларнинг таъсири энг кучли бўлган ҳудуд бўлганлиги билан ажралиб турарди. Айнан шу минтақа немис тупроғида социалистик тузумнинг қарор топиши учун муҳим таянч бўлди. Ғарбий ва Жанубий Германия тарихан айирмачилик ҳаракатлари ва католицизм ҳукмронлик қилган минтақа эди. Рейн ва Бавария немислари ўзига хос этнопсихологик хусусиятларга эга эдики, бу хусусиятлар уларни немис миллатининг этник асосидан ажратиб турарди. Шунингдек, мухожирлар ва қочоқларнинг оммавий оқими ҳам немис жамияти ва сиёсий таркибининг қутбланишига таъсир кўрсатди. Коммунистик таҳдидга кўникишни хоҳламайдиган кўпгина немислар Ғарбий ерларга қочиб кетишди. Канцлагерлар ва мухожирликдан қайтган коммунистлар ва сўл социалистлар, албатта мамлакат шарқида тўпланган эди.


Download 137.93 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling